Давлат рамзлари
  • Ўзбек
  • English
  • Русский
  • Ўзбек
  • English
  • Русский

Юртимизда рўй бераётган қум ва туз бўронлари ёхуд ноқонуний кесилган дарахтлар учун қандай мажбуриятлар юклатилган?

Ўрмонларнинг қандай аҳамият касб этишини англаш ва англатиш учун сўнгги пайтда Ўзбекистон ҳудудида тез-тез рўй бераётган қум ва туз бўронларини эслаш кифоя.

Ҳар сонияда дунё бўйлаб 23 гектар майдонлар чўлланиб боряпти. Бу ҳолат давом этаверса, 2050 йилга бориб, ер юзининг 95 фоизи чўлланиши ва бу 3 миллиарддан зиёд одамни озиқ-овқат муаммосига дучор қилиши мумкин.

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ташкил этилганидан буён беш йилга яқин вақт ўтди, бу соҳада қандай ижобий ўзгаришлар рўй берди? Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раиси ўринбосари Ш.Усмонов билан суҳбатимиз шу ҳақда кечди.

– Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси томонидан сўнгги йилларда соҳани ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2 миллион 55 минг гектар ер майдонда ўрмон барпо этилди, ҳозирги кунда ўрмон фонди ерларининг умумий майдони 12 миллион гектарни ташкил этмоқда.

Дарҳақиқат, Орол денгизининг суви қуриши оқибатида экологик муҳит ва табиий мувозанат бузилиб, иқлим салбий томонга ўзгариб бормоқда. Ушбу ҳудудлардан қум, туз ва чангларнинг ҳавога кўтарилиши ва атроф-муҳитга ёғилиши натижасида Оролбўйи минтақаси ҳудудида яшовчи аҳолига, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига жиддий зарар етказилмоқда. Қишлоқ хўжалиги экинлари, боғ ва токзорлар экилган ерларда иккиламчи шўрланишлар кучайиб, ҳосилдорликка салбий таъсир қилмоқда.

Бугунга келиб, Оролбўйи ҳудудларининг 1,2 миллион гектар қуриган тубида иҳота дарахтзорлари барпо этишга эришилди. Шунингдек, Оролбўйи ҳудудларида жами кейинги беш йиллик 1 миллион гектар, шундан жорий йилда 200 минг гектар ҳажмда чўл ўсимликларидан «яшил қопламалар» ҳимоя ўрмонзорлари барпо этиш режалаштирилган. Бугунги кунгача, 700 тонна чўл ўсимликларининг уруғларини жамғарилди, 18 минг гектар майдонда «яшил қопламалар» барпо этилди. Айни пайтда уруғ жамғариш ва экиш ишлари давом эттирилмоқда.

– Ўрмонларнинг аҳамияти нимада?

– Сўнгги йилларда ўрмонларнинг йўқолиб кетиши билан боғлиқ тенденциялар нафақат экологлар орасида, балки бутун халқаро ҳамжамиятларда ташвиш уйғотди. Иқтисодиётнинг ресурс базасини кенгайтириш, доривор ўсимликлар плантацияларини ташкил этиш, аҳоли бандлигини таъминлашда ўрмонларнинг аҳамияти катта. Мамлакатимизда ушбу соҳага эътибор янада кучайтирилди. Ўрмон фонди ерлари 12 миллион гектарга етказилди.

Мамлакатда яшилликни сақлаб қолиш мақсадида ҳар бир кесилган дарахт ва бута учун компенсация тарзида қимматлилиги жиҳатидан кесиладиган дарахт ва буталардан кам бўлмаган 10 туп йирик ўлчамли (5 ёш ва 2 метрдан кам бўлмаган) кўчат экиш ва уларни икки йил давомида парвариш қилиш тартиби белгиланди. Ноқонуний кесилган дарахт ва буталар учун эса уч йил давомида парваришлаш шарти билан 100 туп кўчат экиш мажбурияти киритилди. 

Давлат экология қўмитаси атроф-муҳитга етказилган зарарни қоплаш тартибини қайта кўриб чиқиб, табиатни тиклашга қаратилган компенсация механизмларини кенг жорий этди. 

Сўнгги йилларда доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш, уларнинг плантацияларини ташкил этиш, қайта ишлаш орқали қўшимча қиймат занжирини яратиш зарурати пайдо бўлмоқда.  

Ўзбекистонда доривор ўсимликларнинг 700 дан ортиқ тури мавжуд бўлиб, шулардан табиий шароитда ўсадиган ва маданийлаштирилган 120 га яқин ўсимлик турларигина илмий ва халқ табобатида қўлланилади. Ўрмон фонди ерларида ушбу ўсимликлар маданий ҳолда етиштирилади ҳамда хом-ашёси тайёрланади. 

Таҳлилларга кўра, ҳатто жаҳон амалиётида ҳам бу борадаги натижалар юқори эмас. Ер юзида аниқланган 10-12 мингдан ортиқ турдаги доривор гиёҳларнинг мингдан зиёдининг кимёвий, фармакологик, ис хоссалари текширилган, холос. Ваҳоланки, дунё бўйича фармацевтика саноатида ишлаб чиқарилаётган дори воситаларининг 50 фоиздан ортиғи шифобахш ўсимликлар хомашёсидан тайёрланмоқда.

Бугунга келиб соҳа олимлари томонидан яратилган маҳаллий шароитга мос бўлган пистанинг янги – 13 та навлари давлат реестрига киритилди ва 8 та давлат ўрмон хўжаликларида оналик боғлари ташкил этилди.

Германия, Италия, Греция ва Туркия каби давлатлардан олиб келинган 76 турдаги ёғочбоп дурагай терак навларидан истиқболли турлари танлаб олиниб, республиканинг бир қатор ҳудудларида етиштириш жорий этилди. 

Хорижий давлатлардан тез ўсувчи теракнинг янги 6 тури ва павловниянинг 2 та дурагайлари олиб келиниб, «ин-витро» лабораториясида етиштириш йўлга қўйилди.

– Давлатимиз раҳбарининг «Ўзбeкистон Рeспубликасида ўрмон хўжалиги тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш доирасида қандай ишлар амалга оширилди?

– Республика бўйича ўрмон хўжаликларида ўтган 2021 йилда жами 3 минг 991 гектар ер майдонда доривор ва озуқабоп ўсимликлар плантацияларини барпо этиш режалаштирилган бўлиб, йил якунига келиб 5001 гектар ер майдонда плантациялар барпо этилган.

Доривор ўсимликлар хомашёсини тайёрлаш режаси 6 минг 947 тонна бўлиб, йил якунига келиб 7000,8 тонна тайёрланган. Алоҳида қайд этишим лозимки, 2030 йилга келиб ўрмон фонди ерлари майдонини 14 миллион гектарга (шундан ўрмон билан қопланган ер майдонини 6 миллион гектарга), уруғ тайёрлаш ҳажмини йилига 840 тоннага, асалари оилалари сонини 300 минг тага, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмини йилига 32 минг тоннага ҳамда доривор ўсимликлар етиштириш ҳажмини 11,6 минг тоннага етказиш режалаштирилган.

Шунингдек, жорий йил 1 январдан бошлаб ўрмон фонди ерларини жисмоний ва юридик шахсларга ижарага бериш Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг буюртмасига асосан электрон онлайн-аукцион орқали амалга оширилиши белгилаб қўйилган. 

– Сўнгги йилларда рeспубликамиз ҳудудларида ҳам тeз-тeз кучли шамол ва қумли бўронлар кузатилмоқда. қўмита томонидан чўлланишга қарши қандай ишлар амалга оширилмоқда?

– Аслида ўрмонларнинг қандай аҳамият касб этишини англаш ва англатиш учун сўнгги пайтда Ўзбекистон ҳудудида тез-тез рўй бераётган қум ва туз бўронларини эслаш етарли. Маълумки, 2021 йилнинг 4-7 ноябрь кунлари Тошкентда кучли қум-чанг бўронлари содир бўлган эди. Уларнинг асосий сабаби – ерларнинг деградацияга учрагани ва «Яшил қоплама»ларнинг камайиб кетганлигидир. Бу каби ҳодисалар кўпинча қурғоқчил ҳудудларда — чўл ва ярим чўл ҳудудларда содир бўлади. Яшил ўрмонлар, дарахтзорлар ташкил этилиши Оролнинг қуриши оқибатида минтақамизда юзага келган оғир экологик муаммоларни юмшатишда, атроф-муҳит мусаффолигини сақлаш муҳим.

Одамлар ҳаёти учун кислород ишлаб чиқарилиши ортади. Мазкур муаммоларнинг олдини олиш мақсадида «Ўзбекистонда чанг ва қум бўронларига қарши курашиш ва уларнинг салбий таъсирини камайтириш бўйича миллий ҳаракатлар режаси» ишлаб чиқилиб, 2022 йил 11 январда Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланди.

Муҳайё ТОШҚОРАЕВА суҳбатлашди.

Биз зўравонликка қаршимиз!

Биз зўравонликка қаршимиз!

Аёл ожиза, бироқ кучли, аёл заифа, аммо иродали! Унинг иродаси олдида лозим бўлса буюклар бош эгади. Азалдан эркаклар...