Давлат рамзлари
  • Ўзбек
  • English
  • Русский
  • Ўзбек
  • English
  • Русский

Кўкаламзорлаштириш учун ер майдонларини танлаш, кўчатларни экиш ва парваришлаш

Ер майдони танлаш
Кўкаламзорлаштириш учун аввал ўша жойнинг рельефи, табиий-иқлим ва тупроқ шароитлари ўрганилади. Сўнгра навбат билан қуйидаги ишлар бажарилади: майдон қурилиш қолдиқларидан тозаланади, қуриган дарахт шох-шаббалари, тўнкалари олиб ташланади, майдон текисланади. Кўкаламзорлаштирадиган майдонда дарахтзорлар бўлса тартибга келтирилади, яъни касалланган дарахтлар ва буталар кесилади. Агар касалланган дарахтлар таналарида коваклар бўлса улар пломбаланади, зарур бўлса шакл берилади. Йиғилган органик қолдиқлар бўлса чиқариб ташланади. Касал дарахтларни кесишда уларнинг илдиз тизими ҳам ковлаб олинади. Тўнкаларни ёки ахлатларни майдонга кўмиш мумкин эмас, чунки кейинчалик бу ерларда чуқурчалар пайдо бўлиши мумкин.

      Экиладиган майдонни текислаш жараёнида оғир лойли тупроқ ва майда қурилиш чиқиндиларини текислаш ишларида қўллаш мумкин. Бунда улар табиий тупроқ билан 50/50 нисбатда аралаштирилади. Чуқурларни текислашда дарахтлар учун зарарли бўлган фабрика ва заводларнинг заҳарли чиқиндиларини қўллаш мумкин эмас. Зарур бўлса чуқурларни енгил, ўрта, оғир қумоқли тупроқлардан олиб келиб тўлдириш талаб этилади. Чунки бундай тупроқлар анча маданийлашган ҳисобланиб, ўзида зарур озиқ элементларини сақлаши билан бирга сув, ҳаво режимини ҳам яхши ушлаб туради.

      Режалаштирилган барча ишлар тугагандан кейин тупроқ чопиқ қилинади. Лойиҳадаги ишларни амалга ошириш учун участканинг ишчи чизмасига мос равишда пўлат лентали ўлчов асбобидан фойдаланилади.

 Тупроқни экишга тайёрлаш
      Дарахтлар ва буталар ўсиб ривожланишининг дастлабки даврида кучли скелет илдиз тармоғини шакллантиради ва улар бир мунча чуқурроққа ўсиб боради. Ривожланишнинг кейинги даврида улар ўзларининг ён илдизларини шакллантирадилар. Ёши улғайиши давомида илдизлар тупроқ қатламларига тарқалиб, йириклашиб боради. Тупроққа чуқур ишлов берилганда илдизларнинг чуқур қатламларга ўсиб боришига яхши шароит яратилади. Шунинг учун кўчат экишдан олдин тупроққа чуқур  (60  см) ишлов бериш тавсия этилади. Ишлов беришдан олдин дала кўп йиллик бегона ўтлар, тошлар, илдиз қолдиқлари ва бошқалардан тозаланади. Дарахт кўчатлари махсус тайёрланган чуқурчаларга экилади. Чуқурчанинг эни 90-100 см, чуқурлиги 70 см бўлиши керак, бу кўчат илдизларининг бир текис жойлашишини таъминлайди. Асфальтланган йўлкалар четига экиладиган кўчатларнинг атрофи 1,5-2,0 м айлана шаклда очиқ бўлиши шарт.
Тупроқ кучли зичланган бўлса, чуқурларнинг туби ва деворчаларини 15-20 см юмшатиш зарур. Штамбини атрофи илдизлар зарарланмаслиги учун  тупроқни 5-7 см чуқурликкача юмшатилади.
     Боғ барпо этиш амалиётида стандарт кўчатни экиш учун чуқурларнинг катталиги қуйидагича катталикларда бўлади:

а) 8-10 ёшли дарахтлар учун диаметр 1 м, чуқурлик 0,80 м;

б) 3-5 ёшли якка буталар учун диаметр 0,70 м, чуқурлик 0,70 м;

в) Гуруҳ-гуруҳ қилиб экилганда умумий котлован чуқурлиги дарахтлар учун 0,80 м, буталар учун 0,70 м;

г) Бир ва икки қаторли бутали яшил деворлар учун траншеянинг катталигиги 0,6×0,6 м. Ҳар кейинги қаторга траншеянинг эни 0,1 м га ортади, чуқурлиги ўзгармайди. Қаторлар оралиғи 0,2 м, ўсимликлар оралиғи (қаторнинг ичида)  бир қатор қилиб экилганда  0,25-0,40 м, икки қаторлида 0,40-0,50 м, уч қаторли ва бошқаларда 0,50-0,80 м ни ташкил этиши керак. Кўчатлар шахмат тартибида экилиш керак;

д) Буталарга шакл бермасдан полоса қилиб экилганда: бир қаторли полоса учун 0,7×0,7 м қилиб экилиб, ҳар бир кейинги қаторга эни бўйича 0,5 м қўшилади,  чуқурлиги  ўзгармайди,  қаторлар    ораси 0,5 м, қаторлар ичидаги масофа бир қаторли экилганда 1,0 м, икки қаторлида 1,2 м, уч қаторлида ва бошқаларда 1,5 м ни ташкил этади.

      Каттароқ дарахтлар ва буталарни экишда чуқурларнинг ҳажми  кўчатларнинг катталиги ва маҳаллий тупроқ шароитларига боғлиқ бўлади.  Чуқур ишлов берилган тупроқларда экиш учун тайёрланган чуқурчалар унча теран бўлмаслиги мумкин, аммо экиш даврида илдизларнинг қийшайиб ёки сиқилиб қолмаслиги учун улар чуқурларга бемалол жойлашиши керак. Кузда экиш учун чуқурлар экишдан 15 кун олдин тайёрлаб қўйилади, кейин олдиндан тайёрланган унумдор тупроқ аралашмаси билан кўмилади. Баҳорда экиш ишларини олиб боришда одатда чуқурлар кузда тайёрлаб қўйилади ва баҳоргача очиқ қолдирилади. Чуқурларни экишдан бир неча кун олдин тайёрлаб қўйиш тупроқнинг чўкишини ҳисобга олган ҳолда, ҳамда тупроқда ҳаво алмашишини яхшилаш мақсадида амалга оширилади. Намлик ортиқча ушланиб қолмаслиги учун 15-20 см чуқурликди шағал ёки мавйдаланган тош билан дренаж қилинади. Кўчатларни баҳорда экишга тўғри келиб қолса, чуқурлар экишдан камида беш кун олдин тайёрланиши керак.

      Чуқурларни ва траншеяларни қазишда тупроқнинг юқори унумдор қисмини бир томонда йиғилади ва кейинчалик кўчатларнинг тагини  кўмишда ишлатилади. Ортиб қолган унумдор бўлмаган тупроқ майдонни текислашда ишлатилади. Озиқ элементлари кам бўлган тупроқларга кўчатлар экишда чириндили тупроқ аралашмасидан қўшиб кўмиш тавсия этилади. Кўчатларнинг таги тупроқ билан тўлдирилганда, кейинчалик унинг чўкиши ҳисобга олиниши керак бўлади, шунинг учун кўмилган тупроқ табиий ер сатҳидан 10 см юқори ҳолда зичланиши  зарур.  

      Ёш дарахтзорларни ўғитлашда ўғитни чуқурроқ қатламларга бериш яхши самара беради. Бундан ташқари экишда чуқурларга чириган гўнг ёки биогумус аралаштириб кўмиш ҳам мумкин. Биогумус қўллаганда оғир тупроқларни юмшатади, тупроқни озиқ элементларга бойитиб, нам сақлаш хусусиятини яхшилайди. Қумли ва қумоқли тупроқларда чуқурнинг тагига лойли тупроқлардан солиш мақсадга мувофиқ, чунки бундай тупроқлар намни ўзидан чуқур қатламларга ўтказворади. Лойли тупроқ солинганда намлик кўпроқ вақт сақланади. Лойли тупроқлар учун эса, аксинча қумли ва қумоқли тупроқлар аралаштирилади.

Кўчатларга талаблар
Экиладиган кўчатлар сифатли ва стандартга мос бўлиши шарт: штамби ва шох-шаббаси керакли катталикда, шакли ва ривожланиши нормал ҳолда бўлиши талаб этилади. Қийшиқ, синган, шилинган бўлмаслиги, илдиз тармоғи қалин, зич, бир текисда бўлиши зарур. Кўчатнинг сифати ижобий натижанинг гаровидир. Кўча ва хиёбонларга экиладиган кўчатлар алоҳида сифатли бўлиши шарт. Гуруҳ ва якка ҳолда экиш учун йирикроқ кўчатлар илдиз тупроғи билан экилади. Йирик ўлчамли япроқ баргли кўчатларнинг бўйи 3,5-4,0 м (5-6 ёшли), нина баргли дарахт кўчатларининг бўйи 2,0-2,5 м (4-5 ёшли) га етган экиш тавсия этилади.

Кўкаламзорлаштириш ишлари тасдиқланган лойиҳа бўйича олиб борилади, у ўз ичига майдонни текислашни (яшил дарахтзорларни жойлаштириш, йўллар ва майдончалар, иншоотлар, ускуналар ва бошқалар), кўчат экиш режасини, экиш жойларини, дарахт, бута, яшил деворлар, гуллар ва бошқалар ҳамда уларнинг ассортиментларини ўз ичига олади.

      Кўчат экишда шуни ҳисобга олиш керакки, маълум бир майдон бирлигига экиладиган дарахтлар ва буталар сони, уларнинг орасидаги нисбати, экиш характери, объектнинг иқлим шароитига қараб ўзгариши мумкин. Катта боғлар, паркларда дарахтларнинг сони буталарникига нисбатан ортади. Дарахтларнинг сони 1 гектар майдонга 350-500 та ва ундан кўпроқ, буталарнинки эса 2-3 минг дона бўлиши мумкин. Қалин экиш (1 гектар майдонга 1000-2000 та) катта шакллантирувчи аҳамиятга эга бўлсада, дастлабки йиллари юқори сифатли парваришни ва яганалашни талаб этади. Шунинг учун қалин экиш тавсия этилмайди.

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 
республика ҳудудларида дарахт бута кўчатларини
экиш бўйича тавсияларидан.