Давлат рамзлари
  • Ўзбек
  • English
  • Русский
  • Ўзбек
  • English
  • Русский

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида республика ҳудудларида дарахт-бута кўчатларини экиш бўйича тавсиялар

Мазкур тавсиянома Ўрмон хўжалиги Давлат қўмитаси ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги илмий–тадқиқот институти профессорлари    А.Х.Ҳамзаев, С.К.Кожахметов ҳамда катта илмий ходимлар Б.Эшонқулов, Н.Мухсимов, Б.Мамутов ва Х.Юлдашевлар томонидан узоқ йиллар давомида ўтказилган тадқиқотлар ҳамда кузатувлар натижалари асосида тайёрланган.

Мазкур тавсиянома Республикамиздаги шаҳар, туман ва аҳоли яшаш пунктларини кўкаламзорлаштиришга маъсул мутахассислар учун мўлжалланган бўлиб, унда вилоятлар тупроқ-иқлим шароитларининг қисқача тавсифи, кўкаламзорлаштиришда ишлатиладиган манзарали дарахт ҳамда бута кўчатларини ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитига  мос равишда экишга тавсия этиладиган турлари ҳақида маълумотлар баён этилган.

  Жорий йилнинг 2-ноябрь куни давлатимиз раҳбари томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш, мазкур лойиҳа доирасида йилига 200 млн. туп дарахт ва бута кўчатларини экиш белгиланган эди. Бундай кенг кўламли ташаббуснинг амалга оширилиши натижасида шаҳарларимиздаги яшил майдонлар ҳудуди ҳозирги 8 фоиздан 30 фоизга оширилади.

Президентимизнинг мазкур ташаббусидан сўнг, вилоятлар марказлари,  шаҳар ва аҳоли яшаш жойлари, ижтимоий соҳа обьектлари ва саноат корхоналари атрофларини кўкаламзорлаштиришга жуда катта эътибор берилмоқда.

Ушбу умуммиллий лойиҳа бўйича эълон қилинган “долзарб 40 кун”лик доирасида республика ҳудудларида 200 млн. дона дарахт ва буталар кўчатларини экиш режалаштирилиб, шундан 2021 йил кузида 75 млн. дона ва 2022 йил баҳор мавсумида 125 млн. дона кўчатлар экилиши белгилаб олинди.

Жумладан: фермер хўжаликлари ва агрокластерлар экин ер майдонлари четларига – 56 млн дона; ишлаб чиқариш корхоналар ва хизмат кўрсатиш соҳалари ҳудудларида – 41,5 млн дона; туман (шаҳар)лардаги ҚФЙ, МФЙ ҳудудлари (кўп қаватли уйлар атрофи)да – 40,3 млн дона; туман (шаҳар)лардаги ободонлаштириш бошқармалари тасарруфидаги ҳудудларда – 39 млн дона; ижтимоий соҳа (мактаб, касалхона, ўқув юртлари) объектлари ва ташкилотлар ҳудудларида 15,6 млн дона; автомобиль йўллари ёқасида ташкил этиладиган ихота дарахтзорлари – 7,4 млн дона кўчатлар экилади.

Экилиши белгиланган кўчатларни етказиб бериш бўйича аниқ ҳисоб-китоблар қилиниб, кўчатчилик фермер ва деҳқон хўжаликлари томонидан 75,8 млн дона (38%), кўчатчилик бўйича тадбиркорлик субъектлари томонидан 90 млн дона (45%) ва давлат ўрмон хўжаликлари томонидан 34,2 млн дона (17%) етказиб берилиши белгилаб қўйилган.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасида 2021 йил куз ва 2022 йил баҳор мавсумларида экиладиган дарахт кўчатлар тўғрисидаги маълумотлар “kuchat2021.uz” – ягона электрон базаси шакллантирилиб, аниқ ҳисоб-китоб тизими йўлга қўйилган.

Кўкаламзорлаштиришда ишлатиладиган дарахт-буталар нафақат шаҳар ва аҳоли яшаш жойларининг кўркамлигини таъминлайди, балки кишиларга эстетик завқ бағишлайди, кўча шовқинни ютади, асабларни тинчлантиради ва энг муҳими атмосферани мусаффолигини таъминлайди.

 Шу сабабли ҳам кўкаламзорлаштириш мақсадида фойдаланиладиган манзарали дарахт-бута турларини тўғри танлаш ва уларнинг ассортиментларини вилоятларнинг тупроқ-иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда тавсия этиш муҳим аҳамиятга эга.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 октябрдаги “2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-5863-сон Фармони ҳамда  Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 18 февралдаги  “Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарнинг қимматбаҳо навларини сақлашга доир қўшимча чора тадбирлар тўғрисида”ги 93-сонли қарорининг 10-банди ижросини таъминлаш, шунингдек давлат ўрмон фондига кирмайдиган ерларда дарахтлар ва буталардан фойдаланиш тартибини янада такомиллаштириш, республикамизнинг иқлим ва тупроқ шароитларидан келиб чиққан ҳолда давлат ўрмон фондига кирмайдиган ҳудудлардаги аҳоли турар жойларида манзарали дарахт ва буталарни экиш, парвариш қилиш, буташ, кесиш масалаларини қамраб олган ҳолда ушбу тавсиянома ишлаб чиқилди. Бу эса кўчат етиштирувчи корхона ва хусусий ташкилотлар олдига кўкаламзорлаштиришни сифатини ошириш учун сифатли ва таннархи арзон, маҳаллий шароитларга мослашувчан, кўркам, хушманзара гуллайдиган, эстетик завқ берадиган стандарт талабларга жавоб берадиган манзарали дарахтлар кўчатларини кўпайтиришни таъминлайди.

Ҳар йили жойларда миллионлаб бута ва дарахт турлари экилмоқда. Экилган кўчат ва ниҳолларнинг кўпгина қисми турларнинг нотўғри танланганлик, экиш ва парваришлашнинг белгиланган агротехнологик тадбирларини амалда етарлича қўлланмаслиги оқибатида нобуд бўлмоқда. Шу сабабли ҳам ҳар бир ҳудудга мос келадиган манзарали дарахт-бута турларини тўғри танлаш, мақбул муддатларда ва усулларда экиш, парваришлаш жуда катта амалий аҳамият касб этади.

Мазкур тавсиянома Республикамиздаги шаҳар, туман ва аҳоли яшаш пунктларини кўкаламзорлаштиришга маъсул мутахассислар учун мўлжалланган бўлиб, унда кўкаламзорлаштириш, ободонлаштиришда ишлатиладиган манзарали дарахт ҳамда бута кўчатларининг ҳудудлар бўйича тавсия этилган турлари, уларнинг қисқача тавсифи келтирилган.