Белоруссия республиканинг Минск шаҳрида жойлашган Белорус давлат техника университетида 1 ойлик қисқа муддатли стажировка давомида Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институтининг ёш олимлари Ўрмон хўжалиги факултетида бўлишди. Факултет фаолияти билан декан биология фанлари номзоди, доцент Ярмолович Василий Aлександрович яқиндан батафсил таништирди.
Бугунги кунда ўрмон хўжалиги факултети таркибида олтита кафедра мавжуд: ўрмон хўжалиги; ўрмон экинлари ва тупроқшунослик; ўрмон тузиш; ўрмонни муҳофаза қилиш ва ёғочшунослик; ландшафт дизайни ва боғ-парк қурилиши; туризм, табиатдан фойдаланиш ва овчилик. Факултетда олий таълимнинг биринчи босқичида “Ўрмон хўжалиги”, “Боғдорчилик ва истироҳат боғлари қурилиши”, “Туризм ва табиатдан фойдаланиш” каби учта йўналиш бўйича жами 700 нафардан ортиқ талаба таҳсил олмоқда. Таълим бериш жараёни 78 нафар профессор-ўқитувчилар томонидан олиб борилади, уларнинг 85 фоизи илмий даража ва унвонларга эга. Улардан 4 нафари фан доктори, профессор, 62 нафари фан номзоди, доцентлардир


