ЎзА кузатуви: Ўзбекистон амалдорлари ҳафта давомида қандай ишлар билан шуғулланди?
Мутахаcсислар фикрича, ўрмонларнинг қандай аҳамият касб этишини англаш учун сўнгги пайтда Ўзбекистон ҳудудида тез-тез рўй бераётган қум ва туз бўронларини эслаш кифоя!
Мамлакатимизнинг давлат ўрмон фонди ерлари 11 144, 5 минг гектар бўлиб, шундан 3251,3 минг гектар қисми ўрмонзорларни ташкил этади.
Давлат ўрмон фонди ерлари тўрт тоифага мансуб, улар чўл ҳудуди, тоғ ҳудуди, водий ҳудуди ва тўқай ҳудуди ўрмонзорлари ҳисобланади. Ўрмон билан қопланган ҳудудлар мамлакат умумий ер майдонининг 7,2 фоизини ташкил этади. Демакки, энг катта қисми чўл ҳудудларидан иборат.

Асосий қисми чўл ҳудудидан ташкил топган ва асосан қурғоқчиликка мойил бўлган юртимизда мавжуд ўрмонларни сақлаб қолиш, янги ўрмонзор майдонларни барпо этиш ҳисобига уларни кенгайтириш бугуннинг долзарб масаласидир.
Хўш, соҳа мутасаддилари бугун нима билан банд?
«ЎзА кузатуви» лойиҳаси доирасида биз Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раиси Низомиддин Бакировнинг ўтган ҳафтада амалга оширган иш фаолиятига эътибор қаратдик.
Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси матбуот хизмати томонидан бизга тақдим этилган маълумотларга кўра, Низомиддин Бакировнинг ўтган ҳафтадаги асосий иш фаолияти Нукус шаҳрида кечган.

Маълумки, жорий йил 23 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи доирасида Орол денгизининг қуриган тубини бориб кўрди.
Шавкат Мирзиёев 2018 йилда Мўйноққа ташрифи чоғида олимлар билан маслаҳатлашиб, у ерда шўрга чидамли ўсимликлар экиш вазифасини белгилаган эди. Ташриф давомида экологлар ва ўрмон хўжалиги мутахассислари билан суҳбат бўлиб ўтган.
Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раиси Низомиддин Бакировнинг таъкидлашича, 2002 йилда ҳам мазкур ҳудудларда сув бўлган.
Мутахассис фикрига кўра, битта саксовул 1 тоннагача қумни ушлаб қолади. Оролнинг қуриган жойидаги қумлар оддий қум эмас, балки улар таркибида заҳарли моддалар ҳам кўп. Агар уларни шамол кўтарса, аҳоли саломатлигига катта зиён етказади.
Мўйноқликлар саксовул уруғини териб, давлатга сотиш билан шуғулланяпти ва бир мавсумда 40-50 миллион сўмгача оилавий даромад қилишмоқда. Кейинги босқичда бу жойларда яшил яйловлар ташкил қилиб, аҳолига чорвачилик учун шароит яратиш режалаштирилмоқда.
Шунингдек, ташриф давомида Оролбўйининг флора ва фаунасини яхшилаш бўйича 5 йиллик миллий дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Мулоқот чоғида Шавкат Мирзиёев Орол денгизининг қуриган тубида ўрмонзорлар барпо этишдаги қаҳрамонона меҳнати ва юксак натижалари учун Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ходимларига миннатдорлик билдирди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, 2018 йилдан буён Оролқумда 1 миллион 524 минг гектар ўрмонзор яратилган.
Низомиддин Бакировнинг сўзларига кўра, Орол денгизининг қуриган туби ва Оролбўйи ҳудудларида жами кейинги беш йиллик 1 миллион гектар, шундан 2022 йилда 200 минг гектар ҳажмда чўл ўсимликларидан «яшил қопламалар» ҳимоя ўрмонзорлари барпо этиш режалаштирилган. Бугунги кунгача, 700 тонна чўл ўсимликларининг уруғларини жамғарилган. 18 минг гектар майдонда «яшил қопламалар» барпо этилган.
Республика бўйлаб «яшил йиллик» тадбирини ўтказишга кенг миқёсда тайёргарлик кўрилмоқда. Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти томонидан ҳар бир ҳудудга мос равишда кўкаламзорлаштириш учун тавсия этиладиган дарахт-бута турлари ҳамда экиш агротехникаси бўйича тавсияномалар ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилмоқда.
Муҳайё Тошқораева.