2021 йил 30 ноябрь куни “Facebook” ижтимоий тармоғи facebook.com/groups/xalqnazorati/posts/1126641921407435/нинг “Халқ назорати” гуруҳида Сурхондарё вилоятининг Денов тумани Пожур МФЙда яшовчи фуқаролар Сариосиё тумани Ҳисор ихтисослаштирилган давлат ўрмон хўжалигидаги “Булунғурсой” ўрмон участкасида камида 3 миллион туп бодом ва писта дарахти борлиги, бироқ ҳозиргача қанча миқдорда писта ва бодом маҳсулоти давлатга топширилганлиги билан ҳеч кимнинг иши йўқлиги, шунингдек, кўпгина дарахтлар кесиб юборилаётганидан шикоят қилинган.
Мазкур мурожаат Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси Сурхондарё вилоят ўрмон хўжалиги бошқармаси ходимлари томонидан ўрганиб чиқилди.
Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида жойлашган Ҳисор ихтисослашган давлат ўрмон хўжалиги “Ҳисор” ўрмон бўлими ва “Сариосиё” ўрмон бўлимларидан иборат. “Ҳисор” ўрмон бўлимидаги “Булунғурсой” ўрмон участкасида табиий ўсиб чиққан ва маданий экилган писта ва аччиқ бодом дарахтлари қолган участкаларга нисбатан кўп. Ушбу дарахтлар ҳосилга кирган, лекин бир неча йиллардан буён об-ҳавонинг ноқулай келиши сабабли ҳосил бермайди. 2020-2021 йилларда писта ҳосили олишнинг имкони бўлмаганлиги сабабли ижара шартномалари тузилмаган.
Шунингдек, Ҳисор ихтисослаштирилган давлат ўрмон хўжалиги ва Сурхондарё вилояти экология инспекторлари томонидан “Булунғирсой” ўрмон участкасидаги дарахтларни кесган фуқаро аниқланиб, жаримага тортилди. Келтирилган зарар ундирилиб, тегишли чоралар кўрилган.