Давлат рамзлари

Шартномавий муносабатларни тубдан такомиллаштирилади

“Шартномавий муносабатларни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони (ПФ–6313-сон, 14.09.2021 й.).

Фармонга кўра, 2021 йил 1 декабрдан қуйидагилар бекор қилинади:

банкларга етказилган маҳсулот учун тўловларни учинчи шахслар ҳисобидан қабул қилишга қўйилган тақиқ;

давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган хўжалик юритувчи субъектларнинг маҳсулотларни етказиб бериш тўғрисида тузиладиган шартномаларида тўловни олдиндан белгилашга доир талаб;

қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик маҳсулотлари етиштирувчилари ва тайёрлов ташкилотлари ўртасида тузиладиган шартномаларда мажбурий равишда авансни белгилашга доир талаб.

Таъкидлансинки, ушбу банднинг учинчи ва тўртинчи хатбошиларида назарда тутилган олдиндан тўлов ва аванс шартнома тарафларининг келишувига мувофиқ белгиланади.

Жисмоний шахсларга қарз шартномаларини нотариал тасдиқлаш орқали чет эл валютасида ўзаро қарз бериш ва қайтариб олишга рухсат берилди.

2022 йил 1 январдан:

➖ суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда мол-мулкни реализация қилиш бўйича электрон онлайн аукционда сотувга қўйилган мол-мулк уни сотишдан тушган пул маблағлари ҳисобидан аукцион ғолибига қарзларсиз ва тақиқлардан ечилган ҳолда топширилади. Бунда, мол-мулкни сотишдан тушган пул маблағлари етарли бўлмаганда қарздорликни тўлаш мажбурияти унинг собиқ эгаси – қарздор зиммасида қолади.

Аукцион ғолиби томонидан мулкни қабул қилиб олмасликнинг қуйидаги ҳолларида закалат пули аукцион ғолиби мурожаат қилган кундан бошлаб уч иш куни ичида қайтариб берилиши шарт:

аукционда сотилган мол-мулк аукцион объектининг кўрсатилган техник тавсифларига мос келмаса;

мол-мулк аукционда сотилгунга қадар учинчи шахсларнинг эгалигига ўтиб кетган бўлса ва бу ҳолат аукцион якунланганидан сўнг аниқланса;

➖ шартноманинг тарафи иккинчи тарафдан шартнома бўйича мажбуриятларни тўла ёки қисман бажаришини қабул қилган ёхуд шартноманинг амал қилишини бошқача тарзда тасдиқлаганда, ушбу шартномани кейинчалик ҳақиқий эмас деб топишни талаб қилишга, агар бундай талаб ҳалоллик принципига зид бўлса, ҳақли эмас;

➖ хўжалик юритувчи субъектлар томонидан давлат харидлари билан боғлиқ тузиладиган шартномаларда мажбурий равишда коррупцияга қарши қўшимча шартлар белгиланади.

Шартноманинг тарафи ва у томонидан жалб қилинган шахслар (ёрдамчи пудратчи ташкилотлар, агентлар ва тарафлар назорати остидаги бошқа шахслар) томонидан коррупцияга қарши қўшимча шартларга риоя этилмаганда, иккинчи тараф шартномани бир тарафлама тўхтатиб туришга, бекор қилишга ҳамда зарарни қоплаб беришни талаб қилишга ҳақли бўлади;

➖ юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан солиқ ва божхона тўловлари бўйича қарздорлик тўланмаганда, солиқ ёки божхона органлари банкка тўловчининг ҳисобварақларидаги қарздорлик суммасига тенг миқдордаги пул маблағларини музлатиб қўйиш ва уларни ўттиз календарь кунидан сўнг ундириш тўғрисидаги фармойишни бу ҳақда тўловчини хабардор қилган ҳолда юборади.

Хабарнома олинган пайтдан бошлаб ўттиз календарь кун ичида тўловчи томонидан ушбу фармойиш устидан судга шикоят қилинган тақдирда, мижознинг ҳисобварағидан пул маблағларини чиқариш ёки чиқармаслик суднинг қарорига мувофиқ амалга оширилади;

➖ коммунал соҳа, энергия билан таъминлаш, алоқа хизмати, йўловчи ва юкларни ташиш ва бошқа шу каби катта ижтимоий аҳамиятга эга бўлган соҳаларда табиий монополия субъектлари томонидан ишлаб чиқилган оммавий шартномалар монополияга қарши курашиш органи билан келишилганидан сўнг истеъмолчилар билан тузилади.

Намунавий шартномаларни қонуности ҳужжатлар билан тасдиқлаш амалиёти бекор қилинди, қонун билан тўғридан-тўғри тарафлар учун мажбурий бўлган намунавий шартномалар тасдиқланиши назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Электрон тижоратда электрон савдо майдончалари орқали маҳсулотлар олди-сотдиси амалга оширилаётганда ва бошқа соҳаларда битимлар тузишда эскроу тизимини жорий этилади.

Фермер хўжаликлари ва тайёрлов ташкилотларига контрактация шартномаларини ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда электрон шаклда тузиш ва рўйхатдан ўтказиш тавсия этилди.

2022/2023 ўқув йилидан ОТМда ўқитиш бўйича шартномалар электрон шаклда тузилади.

Фармонга кўра шунингдек:

хўжалик юритувчи субъектлар томонидан шартномалар тузишда қўллаш учун тавсиявий характерга эга бўлган коррупцияга қарши қўшимча шартлар ишлаб чиқилади;

шартномалар намуналари “yurxizmat.uz” махсус ахборот порталига жойлаштирилади.

Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасида  «Ўзбекистон тоғ ва водий ҳудудларида ўрмонларни барқарор бошқариш» лойиҳасига бағишланган тадбир бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасида «Ўзбекистон тоғ ва водий ҳудудларида ўрмонларни барқарор бошқариш» лойиҳасига бағишланган тадбир бўлиб ўтди

Бугун Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасида «Ўзбекистон тоғ ва водий ҳудудларида ўрмонларни...

МУНОСАБАТ

МУНОСАБАТ

Бекабод давлат ўрман хўжалиги шахси номаълум Дилрабо исмли фуқаронинг 2021 йил август куни Ekolog.uz телеграм канали...

МУНОСАБАТ

МУНОСАБАТ

“@YOL-YOLAKAY” Telegram-каналида 18 август куни Сурхондарё вилоятининг, Бойсун тумани, Мачай қишлоғида яшовчи...