Бугун Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасида «Ўзбекистон тоғ ва водий ҳудудларида ўрмонларни барқарор бошқариш» лойиҳасига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.Тадбирни Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раиси ўринбосари Ш. Усмонов очиб берди.Юртимизнинг турли хил ўрмон экотизимларини ифодаловчи 4 та ҳудуд – Сирдарё, Деҳқонобод, Китоб ва Поп давлат ўрмон хўжаликларида амалга оширилмоқда – дея сўзида давом этди Ш.Усмонов, – ушбу ҳудудларда ўрмонларни барқарор бошқариш, ўрмон ҳудудларининг ахборот тизимлари ва электрон хариталарини яратиш, маҳаллий аҳолини ўрмон хўжалигини бошқариш жараёнларига кенг жалб қилиш ишлари олиб борилмоқда.

Тадбир давомида Поп, Деҳқонобод ва Китоб ўрмон хўжаликлари раҳбарларига махсус автомашиналар калити топширилди. Ушбу лойиҳа ФАО томонидан Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси билан ҳамкорликда ҳамда Глобал экологик жамғармаси (ГЕФ) кўмагида амалга оширилмоқда.

«Лойиҳа доирасида Поп, Китоб ва Деҳқонобод туманларининг тоғли ҳудудларида ўрмон плантацияларини инвентаризация қилиш ва йўлдош навигация тизимлари ёрдамида электрон хариталар яратиш режалаштирилган. Доимий реал вақтда янгиланиш тизимига эга бўлган электрон хариталар режалаштирилган тадбирларига дарҳол ўзгартиришлар киритиш, бюджет маблағларини сезиларли даражада тежаш ва ўрмон майдонларини юқори сифатли мониторингини ўтказиш имконини беради.Бу вазифаларни бажараётганда, мураккаб йўлаклардан бориш керак бўлган тоғли ҳудудларда транспорт муаммосини ҳал қилиш учун махсус автомашиналар сотиб олинди, – дейди ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари ўринбосари Шерзод Умаров.

Тадбир давомида сўзга чиқганлар келгусида ушбу лойиҳа доирасида амалга ошириладиган режалар тўғрисида ўртоқлашди.