Ширинмия доривор ўсимлик сифатида жуда қадим замонлардан маълум. Хитой халқ табобатида бу ўсимлик эрамиздан 3000 йил аввал турли хил ҳасталикларни даволашда қўлланилган. Шунингдек, ширинмия ўсимлигининг шифобахш хусусиятлари борасида ҳинд ва тибет табобатида ҳам маълумотлар учрайди. Ўрта асрларнинг машҳур олим ва табиби буюк бобокалонимиз Абу Али ибн Сино ўзининг даволаш амалиётида ширинмия ер остки қисмларидан жуда кенг миқиёсда фойдаланган. Жумладан ошқозон ичак яраларини, ўпка ва нафас йўллари касалликларини даволашда шунингдек, пешоб ҳайдовчи доривор восита сифатида ишлатилган.
Замонавий табобатда ушбу ўсимликнинг ўрни беқиёс ҳисобланади. Фармацевтика саноати корхоналарида қайта ишланиб, турли хил дори воситалари ишлаб чиқарилмоқда. Шу билан бирга кўпгина доривор йиғмаларнинг асосий таркибий қисмларидан биридир. Мамлакатимиз мустақилликка эришгандан сўнг доривор ўсимликлар дехқончилигига алоҳида эътибор берилди. Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 7-декабрда ширинмия ўсимлиги хом-ашёсига бўлган ички ва ташқи бозор талабларини қондириш мақсадида “Ўзбекистон Республикасида ширинмия хом ашёсини етиштиришни кўпайтириш, чора тадбирлари тўғрисидаги ” 453-сонли махсус қарори қабул қилинди. Ушбу қарор ижросини таъминлаш мақадида “Шифобахш” ИИЧМ қошида ташкил этилган доривор ўсимликларга ихтисослашган ўрмон хўжаликларида ширинмия ўсимлиги ўстирилмоқда.
Ширинмия (Glycyrrhiza glabra-L.)–дуккакдошлар (Fabaceae) оиласига мансуб кўп йиллик ўт ўсимлик. Феофраст ўз асарларида бу ўсимликни солодковий корень,скифская трава, понтийская трава номи билан атаган. Мазкур ўсимликни рус тилида –солодка голая, ўзбек тилида-ширинмия, чучукмия, қизилмия, Қорақалпоғистон автоном республикасида эса бўян деб аташади. Ширинмиянинг тарқалиш ареали жуда кенг бўлиб, сибиқ иттифоқнинг Европа қисмида, Қрим, Кавказ, Сибир, Кичик Осиё, Эрон, Афғонистон, Шимолий Африкада тарқалган.
Республикамиз ҳудудида ширинмия типик тўқай ўсимлиги ҳисобланиб, асосан Сирдарё ва Амударёнинг қуйи қисмларида учрайди. Ширинмия поликарп ўт ўсимлик, поялари яхши ривожланган бўлиб, цилиндрсимон тузилишга эга. Поя ёғочланган бўлиб баландлиги 150-160см, баъзан унинг баландлиги тўқай шароитларда 200см ва ундан ҳам ортади. Шўрланган тупроқ шароитида бу кўрсаткичлар 50-70см атрофида қайд этилади. Барглари мураккаб тузилишга эга. 4-8 жуфт баргчалардан иборат бўлиб, пояларда кетма-кет жойлашган. Барг узунлиги 11-18см, баргчалари тухумсимон,эллипссимон, атрофлари бутун, тукланган, узунлиги- 5см, кенглиги-2,5см ни ташкил этади. Гуллари оқ бинафша рангли, чангчилари йирик, оғир.
Кучли нектар ажратучи бўлганлиги сабабли асалари ва бошқа ҳашоротларни ўзига жалб қилади. Ширинмиянинг ер устки қисми ҳайвонлар учун тўйимли озуқа сифатида фойдаланилади. Поя таркибида 11-18% протеин,10-15% оқсиллар,3.3-9.1% ёғ ва бошқа фойдали бирикмалар мавжуд. Ер остки қисми пўстлоғи жигар рангли илдиз ва идлиз поялардан иборат бўлиб, узунлиги 180-200см атрофида қайд этилади. Илдиз ва илдизпояларида глицирризин кислотасининг миқдори-3-24%, глюкоза-8%, сахароза-11%, крахмал-34%, клетчатка-24% ни ташкил қилади. Сувда экстракцияга учрайдигин моддаларнинг миқдори- 43% га етади.
Республикамиздан ширинмия хом-ашёси АҚШ, Буюк Британия, Германия, Япония, Корея каби ривожланган мамлакатларга экспорт қилинади. Таъкидлаш жоизки, бу ўсимлик тупроқ шароитига талабчан эмас. Ер остки сувлари яқин, қайта шўрланган қишлоқ хўжалиги айланмасидан чиқиб қолган майдонларда етиштириб юқори иқтисодий самарадорликка эришиш билан бир қаторда ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш хусусияти билан шубҳасиз, аҳамиятлидир.
Ширинмия ўсимлиги асосан уч хил усул билан, уруғидан, илдизпояларидан ва кўчат етиштириш орқали кўпайтирилади. Биринчи усул- уруғ сепиш билан амалга оширилади. Бунинг учун агротехникаси тўғри йўлга қўйилган, кузда яхшилаб шудгорланган, бегона ўтдан тозаланган, молаланган, чизелланган, текисланган майдонларни танланиши талаб этилади. Тайёрланган майдонларга оралиғи 70 см қилиниб эгатлар олинади ва уруғлар 1-3см чуқурликда экилади.
Уруғ экишни куз ва эрта баҳор ойларида механизация ёрдамида амалга ошириш мумкин. Гектар ҳисобида 4-5кг уруғ экилади. Уруғ экилгандан сўнг, майдон суғорилади ва майса ҳосил бўлгунга қадар тупроқ юза қатлами нам ҳолатда сақланиб туриши талаб этилади. Тупроқ ҳарорати 100С дан ошиши билан майсаларнинг униб чиқиши кузатилади. Майсалар асосан 20-25см га етиши билан қатор ораларига ишлов берилади. Вегетация давомида ўсимлик майдони 8-10 маротаба суғорилади. Ҳар 2-3 маротаба суғоришдан сўнг культивация ўтказилади ва қатор оралиғига кетмон билан ишлов берилади ҳамда парваришланади. Аммо, шўр ерларда (1,5-2,0%) уруғ унувланлигининг анчагини пастлигини инобатга олинса, ширинмия уруғини кўкартириб саноат аҳамиятига эга бўлган экин майдонларини барпо этиб бўлмайди.
Иккинчи усул- илдизпоялардан кўпайтирилади. Бу усулда ўсимлик хом-ашёси яъни, илдизпоялари майдонлардан ковлаб олинади. Ўткир тиғли мосламалар ёрдамида 10-15см узунликда илдизпоя қаламчалари қирқиб тайёрланади. Гектар ҳисобига 2000-3000кг илдизпояларни сарфланиши тавсия этилади. Олдиндан тайёрланган ва агротехникаси тўғри йўлга қўйилган майдонларга оралиғи 90см қилиб эгатлар олинади ва 5-8см чуқурликда илдизпоялар механизация ёрдамида экилади. Бу жараён ҳам куз ва эрта баҳор ойларида амалга оширилади. Тупроқ намлигини эътиборга олган ҳолда илдизпоя экилган майдони тез-тез суғориб, тупроқда намликни сақлаб туриш самарали натижа баради.
Экилган майдонларда ўсимлик ҳолатига қараб агротехник чора- тадбирлар амалга оширилади ва 1-йили 6-8 марта (вегетация давомида) суғорилади ҳамда парвариш қилинади. Ўсимлик вегетациясининг 2- йилидан бошлаб суғориш меъёри тупроқ шароитига қараб камайтириб борилади. Саноат аҳамиятига эга бўлган катта экин майдонларини барпо этишда асосан шу усул самарали натижа беради. Бироқ, бу усул билан кўпайтирилганда, 1га майдонга 2000-3000кг қимматли хом- ашё сарфланади.
Учинчи усул- бунда аввал бўз тупроқда уруғни экиб, улардан кўчат етиштириш, сўнгра уни шўр тупроқли ерларга кўчириб ўтказиш орқали амалга оширилади. Жумладан бир вегетация даврини ўтаган кўчатлар шўр тупроқларга кўчириб ўтказилганда, уларнинг ўсиб ривожланиши ва сақланиши 70-80% ташкил қилади. Вегетациянинг 4-5-йилидан бошлаб хом-ашё етилади. Саноат аҳамиятига эга булган хом-ашё илдиз ва илдизпоялардан иборат бўлиб, пўстлоғи жигар рангли, ички қисми тўқ сариқ рангли ўзига хос ҳид ва ўта ширин таъмга эгадир. Гектаридан 8-10т давлат стандарт талабларига мос келадиган ер остки қисми ва ҳўл ҳолатда 20-25т тўйимли озуқабоб ем-хашак маҳсулотларини етиштириш мумкин. Ўсимликнинг ер остки қисми асосан 0-50см чуқурликдан қазиб олинади, тупроқлардан тозаланиб қуритилади.
Махсус мехнизмлар ёрдамида зичлаб боғланади ва устига ёрлиқ ёпиштирилиб хом-ашё қуруқ омборхоналарда сақланади. Сақланиш муддати 3 йил. Шундай қилиб, қимматли хом-ашё ўсимлиги ҳисобланмиш ширинмия экин майдонларини барпо этишда илдизпоя ва кўчат усулларини қўллаш мақсадга мувофиқдир.
Э.Ахмедов