Давлат рамзлари
  • Ўзбек
  • English
  • Русский
  • Ўзбек
  • English
  • Русский

Ўрмонларни қўриқлаш ва муҳофаза қилиш

Ҳозирги вақтда жаҳон фан техника тараққиёти жадал ривожланиши муносабати билан табиий захиралардан хўжалик мақсадларида тобора кўпроқ фойдаланилмоқда. Бунинг устига, дунё аҳолиси йилдан-йилга ўсиб бориб, кўпроқ миқдорда озиқ-овқат, ёқилғи, кийим-кечак ва бошқа нарсаларни ишлаб чиқариш талаб қилинмоқда. Бу эса ўрмонлар эгаллаб турган майдонларнинг жадал суръатларда қисқаришига, чўл-саҳроларнинг бостириб келишига, тупроқнинг бузилишига, атмосферанинг жойлашган азон тўсиғи камайиб кетишига, ер ҳавосининг ўртача ҳарорати ортиб боришига ва бошқа ҳолатларга сабаб бўлмоқда.

Яшиллик олами – тириклик рамзи, тоза ҳаво, тиниқ сув, гўзал муҳит деган сўз. Афсуски кейинги юз йил мобайнида ўсимликлар, айниқса, ўрмонлар майдони кескин қисқариб кетмоқда. Агар бу салбий ҳолатнинг зудлик билан олди олинмаса, яқин йилларда инсоният бошига катта фалокатлар ёғилиши мумкин.

Ўрмон – бу яшиллик олами. У минг йиллар оша одамзоднинг хизматида бўлган. Дарахтзорлар ер қатламининг каттагина қисмини эгаллаган ҳолда ердаги жамики тирик жон учун улкан кислород ишлаб чиқариш фабрикаси ҳисобланади. Бундан ташқари, дарахтзорлардан аҳолининг саломатлигини, маданий ва эстетик талабларини қондиришда фойдаланилади.

         Инсоният ҳаёти минг йиллар оша ўсимлик ва ҳайвонат олами билан бевосита боғлиқ бўлиб келган. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, ер, сув, табиат ва ундаги ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини инсон ҳаётидан ажратиб тасаввур этиш мумкин эмас.  Яратганнинг бизга меҳр-муруввати шунчалар беқиёски, артофимизни ўраб турган бутун борлиқ тириклик манбаигина бўлиб қолмай, бизга гўзаллик, яшаш ва ҳузурланиш завқини ҳам беради. Биргина ўсимликлар дунёсининг умримизга умр қўшаётганлиги табиат ва жамият ҳаётининг бир-бири билан узвий боғлиқлигидан далолатдир. Ана шу боғлиқликларни сақлаб қолиш ва абадийлигини таъминлаш йўлида инсоният қўлидан келгунича яхши, эзгу ишларни амалга оширмоғи керак. Республикамиз атроф-муҳит экологик мувозанатини яхшилашда сунъий ўрмонларни кўпайтириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари замон талабига жавоб демакдир. Тоғдаги жарликларнинг пайдо бўлиш хавфини олдини олишда, сув танқислиги муаммосини ечишда, селга қарши курашда, қумларнинг кўчишини тўхтатишда, дашт  яйловларининг ҳосилдорлигини оширишда, суғориладиган ерларда қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини кўпайтиришда сунъий барпо этилган ўрмонлар, дарахтзорларнинг аҳамияти жуда катта ва аҳамиятлидир. 

Иқлим шароитлари ўзига хослиги билан бошқа минтақалардаги ўрмонлардан ажралиб турувчи ўрмонларимиз, айниқса, тоғлик ҳудудлардаги арчазорлар ва ёнғоқзорлар, мевали дарахтзорлар, қумлик майдонлардаги саксовулзорлар, дарё бўйларидаги  тўқайзорлар нафақат инсонга моддий неъмат берувчи, балки уни турли табиий офатлардан муҳофаза этиш воситаси ҳамдир. Масалан, тупроқ кўчиши ва тошқин  юз беришидан, қуёш радиациясидан сақланишда, ҳимояланишда муҳим омилдир.

Республика ўрмончилари томонидан ўрмонзорлар барпо этиш билан биргаликда уларни қўриқлаш ва муҳофаза этиш катта аҳамиятга эга. Ўрмонлар ёнғинлардан, зараркунанда ва касалликлардан, ноқонуний дарахт кесишдан ва бошқа ўрмон тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилишларидан муҳофаза қилиб борилади. Юридик ва жисмоний шахслар томонидан дарахтларни кесиш ва ёғоч сотиш қоидалари бажарилиши, шунингдек пичан ўриш, мол боқиш ва ўрмондан фойдаланишнинг бошқа турлари қоидаларига риоя этилишини назорат қилинади. Ўрмон зараркунандалари ва касаллилари ўчоғини ўз вақтида аниқлаб, уларнинг ривожланишини прогнозлаштириб ва уларга қарши биологик, механик ва химиявий кураш ишлари олиб борилади.

Одамзот табиатни қанчалик севмасин, уни эъзозлаб асрамасин, баъзан ўзидан ҳам фавқулодда озор чекади. Масалан, курраи заминимизнинг турли минтақаларида ўрмонларга чақмоқ сабабли яшин тушиши ёки иқлимнинг ниҳоятда қурғоқчилиги туфайли ўрмонларда ўрмон ёнғини келиб чиқаётганлиги кузатилмоқда. Баъзан одамларнинг эътиборсизлиги ҳамда эҳтиётсизлиги оқибатида минглаб гектар ўрмонзорларда, яйловзорларда ёнғин чиқиб, улардаги мавжуд ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг йўқ бўлиб кетишига сабаб бўлмоқда. Ўрмон ёнғини келиб чиқиши табиатга ва инсониятга жуда катта зарар келтириш барчамизга маълум. Бунда фақат ўрмоннинг гўзаллигига доғ тушибгина қолмасдан, балки ундан ажралиб чиқадиган кислород миқдорининг кескин камайишига, тупроқ таркибининг бузилишига, фойдали ҳашорат ва микроорганизмларнинг йўқолиб кетишига олиб келади. Олимларнинг таъкидлашига қараганда дунё бўйича ҳар йили ўрмонлар ёнғини оқибатида 2 миллион тоннадан ортиқ органик модда йўқ бўлиб кетиши аниқланган.

Статистика маълумотларига кўра 99 фоиз ҳолатларда бевосита инсоният туфайли, қолган 1 фоиз ҳолатда табиий офатлар сабабли ўрмонларда ўрмон ёнғинининг келиб чиқиши қайд қилинган.

Қорақалпоғистон Республикаси ўрмон фонди ерларида 17 минг гектар майдонда ўрмон билан қопланган туранғил тўқайзорлари мавжуд. Ушбу тўқайзорлар Амударёнинг икки қирғоғини қамраб олган. Улар сувни ортиқча парланишдан, қирғоқларнинг емирилишдан сақлайди. Шунингдек, турли ёввойи ҳайвонлар – тулки, бўри, тўнғиз, қуёнлар ва бошқаларнинг, тустовуқ, каклик, бедана, тўрғай, лайлак ва бошқа қушларнинг кўпайишида муҳим аҳамиятга эга бўлган маконлардан биридир. Ана шу тўқайзорларда ёнғин чиқиши олдини олиш юзасидан ҳар йили бош бошқарма тизимидаги хўжаликларда зарурий чора –тадбирлар  амалга оширилади.

Ёввойи ҳайвонлар ва қушларнинг юзлаб турлари республикамизнинг чўл, тоғ, ва тоғ олди ҳудудларида, айниқса Амударё бўйларидаги тўқайзорларда яшаб кўпаяди. Уларнинг тинч, хавф-хатардан йироқ яшаб, кўпайишларида тўқайзор ўрмонларнинг аҳамияти катта. Шу сабабли ўрмон ёнғинлари олдини олиш юзасидан  ҳар йили турли тадбирлар ўтказиб келинади. Кўп йиллик кузатишлар ва олинган маълумотлар таҳлилларига қараганда, энг кўп ёнғин содир бўлиши хавфи дарё бўйларидаги тўқайзорлар ҳисобланиб, бу ерларда эҳтиёт чоралари кўрилмаса, аҳолининг, жумладан дам олиш ва овга чиққан кишиларга нисбатан ҳушёрлик кучайтирилмаса, ўрмончиларимизнинг юз йиллаб қилган меҳнатлари маҳсули- Ватанимизнинг бебаҳо бойликлари макони ёниб кулга айланиши ҳеч гап эмас.

Ўрмонга ўт кетса ҳўл қуруқ баравар ёнади- деб бежиз айтишмаган. Афсуски, бу нақлни кўпчилик ўрмонларга сайру саёҳат қилиш иштиёқмандлари, овчилик ишқибозлари унутиб қўйишади. Улар ёққан гулхан ёки сигарета қолидиғи арзимаган вақт ичида катта алангага айланиб, дарахтларга, тўқайзорларга қирон келтиришини хаёлларига ҳам келтиришмайди.

Ўрмонлардаги дарахтларнинг касалликларга чалиниб, қуриб қолмаслиги ёки ўз ўзидан ёниб кетмаслиги учун хар йили бахор ва кеч куз ойларида уларни бутаб турилади. Касалликка чалинганларини олиб ташланиб, ўрнига янгилари экиб ва парваришланади.

Ўрмонларимизни ёнғинданлардан асраш бугунги куннинг энг долзарб муаммоли масалаларидан бирига айланган. Ана шу масалаларни ҳал этиш мақсадларида кўпгина ўрмон хўжаликлари ва қўриқхоналаримизда кўнгилли ўт ўчириш дружиналари, навбатчилик гуруҳлари ташкил этилган. Улар ёнғин ўчиришга зарур мосламалар, асбоб ва ускуналар билан таъминланган, ўрмон ҳудудлари ёки уларга яқин жойларда сув ҳовузлари ташкил этилган, хўжалик ва қўриқхоналар, миллий боғ ҳудудлари сув узатиш насосларига, тракторлар ва автомашиналарга эга. Бундан ташқари Ёнғин хафсизлиги қоидалари тарғиботига оид турли плакатлар ва кўргазмали шиорлар, панномалардан фойдаланилади.

Ўрмонларни қўриқлаш ва муҳофаза қилиш борасидаги 2021 йил давомида ўрмон касалликлари ва зараркунандаларига қарши кураш ишлари 100 минг гектардан ортиқ майдонда, шу жумладан 90 минг гектар майдонда биологик кураш ишлари амалга оширилди. 254 км узунликдаги ёнғинга қарши йўллар, 42 км узунликдаги химоя линиялари, 454 км минераллашган поласалар қурилиб, 1765 км узунликдаги йўллар таъмирланди.

Ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимлари билан хўжаликлар ўрмончилари-қўриқчиларининг ҳамкорлиги умумий мақсад йўлидаги вазифани адо этишда қўл келмоқда

Ўрмон хўжаликлари ёнғинларни олдини олиш мақсадида қуйидаги ишларни бажаришга мажбурдирлар:

Ўрмонда ёнғинга қарши оралиқ жойлар, йўллар, ёнғинга қарши маъданлаштирилган ҳимоя полосалари, зовурлар, сув ҳавзаларини қуришга, ўрмонларни ёғоч қолдиқларидан ва бошқа тез ёнадиган материаллардан тозалашга ва ўрмонларнинг ёнғин хавфсизлигини оширишга йўналтирилган бошқа ўрмон хўжалиги тадбирларини ўтказишга;

Аҳоли, ўқувчилар, ўрмонда ишлар олиб борувчи ёки объектларга эга бўлган корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар ходимлари ўртасида олов билан эҳтиёт бўлиб муомала қилиш ва ўрмонлардаги ёнғинларни ўчириш қоидалари бўйича тушунтириш ишларини олиб боришга;

Кенг фойдаланиладиган ўрмон йўллари бўйлаб ўрмонда олов билан эҳтиёт бўлиб муомала қилиш зарурлиги ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик ҳақида огоҳлантирувчи эълонлар ва плакатларни ўрнатишга;

Ўрмон йўллари бўйлаб дам олиш ва чекиш учун умумий фойдаланиладиган жойларни жиҳозлашга;

Ўрмон хўжаликлари ҳудудларида пайдо бўладиган ёнғинларни ўз вақтида аниқлаш ва тугатишни таъминлаш чора-тадбирларини кўришга мажбурдирлар.

Ҳали олдинда қилинадиган амалга ошириладиган лозим бўлган вазифалар кўп. Халқимизга бебаҳо табиий неъматлар етказиб берувчи ўрмончиларимиз ўсимликлар ва ҳайвонот дунёсини ёнғин офатларидан асраш юзасидан жуда кўп ишларни амалга оширишлари керак. Хўжаликлар маҳаллий аҳоли билан ҳамкорликда жойларда ёнғин хавсизлиги таъминлашлари, мактаб ўқувчилари ва ишчи- хизматчиларининг бу борадаги иштирокини кенг йўлга қўйишлари лозим. Ўрмонларимиз бойликлар макони. Шундай экан, уларни келажак авлодга етказиш муқаддас бурчимиз бўлиб қолсин.       

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси Ўрмонни қўриқлаш ва муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Хўжаев Ғанишер