Мустақиллик – ҳар бир халқнинг азалий ва муқаддас байрами. Шунинг учун бу байрам барча озод, эркин, тенглар ичида тенг бўлиб, жаҳон ҳамжамиятида ўз қонуний ўрнига эга бўлган халқлар томонидан энг улуғ миллий байрам сифатида нишонланади. Айни шу кунларда эришилган ютуқлар сарҳисоб қилиниб, келажак сари дадил одимлар белгиланади, давлатимизнинг олий мукофотлари топширилади. Миллий ўзлигимизни қай даражада англаганимизга яна бир бор назар ташланади. Республикамизнинг барча ҳудудларида истиқлол айёми кўтаринки кайфиятда кенг миқёсда нишонланади.
Ана шу санани нишонлаш мақсадида жорий йилнинг 19-24 август кунлари Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг Жиззах ҳамда Сирдарё вилояти бошқармалари ва уларнинг таркибидаги ўрмон хўжаликларидаги ишчи-ходимлар учун Давлат мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” ғоясини ўзида мужассам этган “Мустақиллик – катта имкониятлар, катта масъулият”, “Мустақиллик – ютуқларимиз асоси”, “Мен нечун севаман Ўзбекистонни” мавзуларида турли давра суҳбатлари, учрашувлар, тарғибот тадбирлари ташкил этилди. Унда Қўмитанинг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича масъул ходими Малика Абдухакимова бошчилигида “Маърифат” тарғиботчилар жамиятининг аъзолари – Элмурод Насруллаев (Жиззах давлат педагогика университети доценти, филология фанлари доктори), Зулфия Неъматова (Сирдарё вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари), Наргиза Холмуродова (Республика Маънавият ва маърифат марказининг Сирдарё вилояти бўлими бош мутахассиси)лар иштирок этишди.
Бўлиб ўтган тарғибот тадбирларида истиқлол берган неъматлар, имкониятлар, Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятида тутган муҳим ўрни, амалга оширилган ислоҳотлар, олдинда турган улкан вазифалар ҳақида фикр юритилди. Янги Ўзбекистонни барпо этишда янгича дунёқараш, янгича ишлашнинг ўзига хос томонларига эътибор қаратилди. Тадбирда иштирок этаётган ўрмон хўжалиги соҳаси вакилларининг фикр-мулоҳазалари, таассуротлари, таклифлари тингланди.




