Жорий йилнинг 21 апрель санасида Иқтисодиёт, саноат ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Латвия Ҳукуматлараро комиссиясининг Саккизинчи йиғилиши бўлиб ўтган эди. Латвия Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Каспарс Герхардс ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаев раислигида онлайн форматда ўтказилган мазкур йиғилишда томонлар ҳар икки давлат ўртасидаги турли соҳалардаги ҳамкорлик муносабатларини муҳокама қилган эдилар.
Мулоқот чоғида Савдо-иқтисодий, туризм, таълим, транспорт-логистика, ахборот-коммуникация технологиялари ва инновациялар, стандартлаштириш ҳамда фитосанитария соҳалари қатори, қишлоқ хўжалиги, ўрмон хўжалиги ҳамда чорвачилик йўналишидаги ҳамкорлик ва инвестиция масалаларига ҳам алоҳида урғу берилган эди. Шунга кўра, томонлар Ўзбекистон ва Латвия ўртасида ўрмончилик соҳасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида “Йўл харитаси” ишлаб чиқиш ва шу асосда ҳамкорликнинг асосий жиҳатларини ҳал қилиш ва мувофиқлаштиришга келишиб олган эдилар.
Айни пайтда «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» юқори даражадаги халқаро конференциясида иштирок этиш учун Ўзбекистонга ташриф буюрган Латвия Қишлоқ хўжалиги вазири жаноб Герхардс Каспарс бошчилигидаги Латвия делегацияси 15 июль куни Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасида қабул қилинди.
Мулоқотни Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раисининг ўринбосари Шерзод Усмонов бошқарди.
– Биламизки, Латвия ва Ўзбекистон ўртасида 1992 йилдаёқ дипломатик муносабатлар йўлга қўйилган. Ўтган йиллар давомида мамлакатларимиз ўртасидаги мулоқот ва ўзаро ҳамкорлик, дўстона муносабатлар анъанаси давом этаётгани ва такомиллашиб бораётганидан хурсандмиз, – деди Шерзод Усмонов меҳмонларни олқишлар экан. Сизларни Ўрмон хўжалиги қўмитасида – серқуёш Тошкентимизда қаршилаётганимиздан мамнунмиз ва Ўзбекистонга хуш келибсиз, деймиз. Делегация раҳбари жаноб Герхардс Каспарс ҳам, ўз навбатида, илиқ ва самимий қабул учун қўмита раҳбариятига ташаккур билдирди ҳамда ўрмон хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик борасида қўйилаётган қадамлар келгусида катта самаралар беришига ишонч билдирди.
– Иқтисодиёт, саноат ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Латвия Ҳукуматлараро комиссияси йиғилишида муҳокама этилган қишлоқ хўжалигига оид масалалар юзасидан ҳозиргина Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигида ҳам учрашув бўлди, – деди жаноб Герхардс Каспарс ҳамда худди шундай дўстона ва самимий руҳдаги учрашув ўрмончилар билан давом этаётганидан ниҳоятда мамнун эканлигини билдирди.
– Латвия Европа қитъасидаги ўрмонларга бой мамлакатлардан бири сифатида эътироф этилади. Айни пайтда мамлакат ҳудудининг 65 фоизи ўрмон билан қопланган, – дея маълумот берди Латвия Қишлоқ хўжалиги вазири, – Ўрмонларнинг ярми давлат тасарруфида бўлса, қолган ярми хусусий мулк ҳисобланади.
Ўрмон соҳасидаги ислоҳотлар Латвияда 1998 йилда бошланган. Ўша йилнинг апрель ойида мамлакат парламенти Латвия Республикасининг Ўрмонга оид сиёсатини тасдиқлади. Унга қадар бу борадаги муҳокамалар икки йил мобайнида давом этди. Унда Давлат Ўрмон хизмати, соҳада фаолият юритувчи хусусий компаниялар, илмий доиралар ҳамда хусусий ўрмон эгалари ассоциацияси вакиллари иштирок этган ҳамда мазкур ҳужжат барча иштирокчи томонларнинг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган. Латвия ўрмон сиёсатининг асосий тамойили, албатта, барча томонларнинг манфаатлари эмас! Энг асосий мақсад, мамлакатдаги ўрмонларни барқарор бошқаришдан иборат. Бу шуни англатадики, Латвия ўрмон хўжалигида шундай бошқарув сиёсати юритилиши керакки, ўрмонларнинг экологик, иқтисодий ҳамда ижтимоий вазифаси бугун ҳам, келажакда ҳам ўзини оқлаши лозим, яъни ўрмон хўжалиги иқтисодий жиҳатдан самарали бўлиши, атроф-муҳит муҳофазаси талабларига жавоб бериши ҳамда ижтимоий жиҳатдан фойда келтириши даркор.
Латвияда мамлакат иқтисодий кўрсаткичларининг асосий қисми ўрмон саноати ривожига боғлиқ. Мамлакат умумий даромадининг учдан бир қисми ўрмон хўжалиги ҳиссасига тўғри келишини ҳисобга оладиган бўлсак, ўрмон бошқаруви бўйича алоҳида сиёсат ишлаб чиқиш зарурати қанчалик муҳим эканлигини англаш қийин эмас.
Латвияда Ўрмон хўжалиги соҳаси Латвия Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тасарруфидаги Давлат Ўрмон Хизмати томонидан бошқарилади. Мазкур ташкилот Латвия ҳудудидаги барча ўрмонларда ягона ўрмон сиёсатини олиб бориш, қонун ҳужжатларига риоя қилинишини назорат қилиш ҳамда ўрмон хўжалигини узоқ муддатли қўллаб-қувватлаш дастурларини амалга ошириш учун масъул ташкилот ҳисобланади.
– Латвия ўрмон барпо этиш бўйича икки юз йиллик тарихий тажрибага эга. Мамлакатда мавжуд ўрмонларнинг 3 фоизигина тарихий ўрмон ҳудудлари эканлигини ҳисобга олсак, ўрмонларнинг қолган қисми экиб ўстирилган, – дейди жаноб Герхардс Каспарс. – Латвия Европа қитъасининг шимолида жойлашган. Мамлакат иқлими, ҳаво намлигининг юқорилиги ўрмонларнинг яхши ўсишига муносиб шарт-шароит яратади. Ўрмон хўжалигида, асосан, қарағай кўчатлари экиб етиштирилади. Ўрмон саноати маҳсулотларини етиштириш ва сотиш бўйича ҳам мамлакатимиз етакчи ўринларни эгаллаб келмоқда.
Манбаларга мурожаат қилар эканмиз, замонавий Латвия ҳудудида ўрмонларнинг аниқ майдони билан боғлиқ дастлабки маълумотлар XVIII асрга тегишли эканлигини аниқладик. XVIII асрда Россия империяси тасарруф этган Болтиқбўйи ҳудудларида жойлашган Лифляндия губернияси (тарихий номи) маъмурияти томонидан олиб борилган назорат ҳужжатларига кўра, ўша даврда 14 минг гектар ўрмон ҳудудлари бўлган экан ҳамда бу ҳудудда ўрмон хўжалиги, уни бошқариш, назорат қилишнинг ўзига хос тарихий анъаналари ўша даврдаёқ шаклланган. Тез орада бу ерларда, яъни яна бир ўрмон хўжалиги барпо этилган. Бу ҳудудлар ҳозирда Латвиянинг Валкск ўлкаси Вийциемс шаҳарчаси (латишча – Vijciems) ҳудудларига тўғри келади. Демак, ўрмончилик, ўрмонларни муҳофаза этиш анъаналари ҳозирги Латвия ҳудудида чуқур тарихий илдизларга эга.
Латвия Ўрмон хизматининг 2018 йилги ҳисоботида келтирилишича, ўрмонлар 1923 йилда Латвиянинг қуруқликдаги ҳудудидан 23 фоизини эгаллаган бўлса, 2018 йилга келиб, фойдаланилмайдиган ҳудудларда ўрмонларнинг табиий равишда кенгайиши ҳамда мақсадли экилган ўрмонлар ҳисобига бу кўрсаткич икки баравардан ошиб кетган.
– Ҳозирда Латвиянинг тижорат мақсадларида фойдаланиладиган ўрмонлари “Латвия давлат ўрмонлари” акциядорлик жамияти томонидан бошқарилади. Ўрмонларни парваришлаш, уларни қайта тиклаш, ўрмонларни кенгайтириш, манзарали дарахтларнинг кўчатлари ва уруғларини етиштириш ҳамда сотиш жамият зиммасидаги асосий вазифалар ҳисобланади, – дея маълумот бериб ўтди Латвия қишлоқ хўжалиги вазири жаноб Герхардс Каспарс. – Биз имзоланадиган “Йўл харитаси” доирасида келгусида ўрмон хўжаликларимизда етиштириладиган турли ўрмон дарахтларининг кўчатларини, шу жумладан, қарағай кўчатларини Ўзбекистонга етказиб бериш, мамлакатингиз ўрмонларида қарағайзорлар ва бошқа игнабаргли дарахтлар майдонини кенгайтириш бўйича ҳам таклифларимизни тақдим этамиз. Мамлакатимизда ўрмончилик соҳасидаги илмий-тадқиқот йўналишларида ҳам катта тажриба тўпланган. Шу боис соҳага кадрлар тайёрлаш борасида ҳам ҳамкорликка тайёрмиз. Бугунги кунда Латвия университетларида бир ярим минг нафарга яқин ўзбек ёшлари таҳсил олмоқда. Ўзбекистонлик ёшларга айнан ўрмон хўжалиги йўналишида Европа таълим стандартлари асосида Латвияда таҳсил олиш имкониятларини янада кенгайтириш ниятидамиз.
Латвия Қишлоқ хўжалиги вазири жаноб Герхардс Каспарс Латвия Республикасининг йирик давлат ва жамоат арбоби сифатида бир неча йиллардан бери ҳукуматда етакчи лавозимларни эгаллаб, иқтисодиёт, транспорт, қишлоқ хўжалиги соҳаларини бошқариб келмоқда. 2014 – 2019 йилларда у Латвия Атроф-муҳит муҳофазаси ва минтақавий ривожланиш вазирлигини бошқарган ҳамда айни шу лавозимда Ўзбекистонга ташриф буюрган. Жаноб вазирнинг атроф-муҳит муҳофазаси борасидаги катта тажрибасини ҳисобга олган ҳолда, у кишига ўрмонларни муҳофаза этиш, биохилма-хилликни сақлаш, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар борасида ҳам бир нечта саволлар билан мурожаат қилдик.
– Албатта, Латвия Республикасида ўрмонларга фақат моддий манфаат келтирувчи ҳудудлар сифатида қаралмайди, ўрмон, энг аввало – табиат неъмати, ўрмон бу – биохилма-хиллик, ўрмон – ҳар қандай мамлакатнинг умуммиллий бойлиги! Бизда ҳам шундай! Шу боис ўрмонлар муҳофазаси устувор вазифаларимиздан бири ҳисобланади. Чунки муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларимиз – қўриқхоналар, миллий боғларнинг аксарияти ўрмонлардан иборат. Шундай ноёб табиий ўрмон ҳудудларимиз борки, уларга қаттиқ қўриқланадиган табиий ҳудудлар мақоми берилган, у ерларга киришга қатъий чекловлар ўрнатилган. Латвияда қўриқланадиган ер усти (яъни қуруқликдаги) ҳудудларнинг умумий майдони 11 726 км2 бўлиб, бу мамлакат ҳудудининг 18,8 фоизини ташкил этади. Бундан ташқари, 4 631 км2 қўриқланадиган денгиз ҳудудлари (16, 04 фоиз) мавжуд. Муҳофаза этиладиган ҳудудлар жами – 1118 та. 4 та табиат қўриқхонаси, 4 та миллий боғ, 261 та қўриқхона, 325 та табиат ёдгорлиги, 6 та Рамсар конвенциясига кирган сув-ботқоқ ҳудудлари ҳамда 9 та ландшафт ҳудудлари мавжуд. Латвияда 27 000 дан ортиқ ўсимлик ва ҳайвонот турлари рўйхатга олинган. Уларнинг 3,3 фоизи муҳофаза остига олинган турлар ҳисобланади.
Айни пайтда Латвияда табиий ҳудудлар ва турларнинг янги ҳисоби юритилмоқда. Янги ҳисоб-китоблардан келиб чиқиб, бу борада амалга ошириш зарур бўлган чора-тадбирлар белгиланади, яъни муайян ҳудудларда табиатга зиён келтираётганлиги аниқланган хўжалик фаолияти турларига қўшимча чекловлар ўрнатилиши ҳамда бунинг учун компенсация тўловлари жорий қилиниши мумкин. Жараён ҳали тугаллангани йўқ. Шу боис бу борада хулосалар беришга ҳали эрта”, – дея таъкидлади жаноб Герхардс Каспарс.
Учрашув давомида Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва Латвия қишлоқ хўжалиги вазирлиги ўртасида ўрмончилик соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш ва келгусида янада ривожлантириш билан боғлиқ фаолият соҳаларини қамраб олган “Йўл харитаси” имзоланди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, мазкур “Йўл харитаси” лойиҳаси мамлакатимизнинг Латвиядаги элчихонаси ҳамда Латвия Республикасининг Тошкентдаги элчихоналари иштирокида ишлаб чиқилди.
“Йўл харитаси”га икки давлат ўртасида ўрмончилик ва экотуризм соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш, соҳа мутахассисларидан иборат делегациялар алмашинувини ташкил этиш ҳамда икки давлат ўртасида ўрмончилик соҳасида ўзаро ҳамкорлик меморандумини ишлаб чиқиш вазифалари киритилган.
Учрашувда Латвия томонидан маслаҳатчи сифатида жаноб Эгилс Хелманис, Латвия қишлоқ хўжалиги ташкилотлари ҳамкорлиги кенгаши бошқаруви аъзоси жаноб Гунтис Гутманис ҳамда Латвиянинг мамлакатимиздаги элчихонаси учинчи котиби Кинтия Клейна хонимлар ҳам иштирок этишди.




Нодира АБДУЛЛАЕВА,
“Экология хабарномаси – Экологический вестник” журнали
Бош муҳаррири