Бирлашган Миллатлар ташкилоти томонидан 2009 йил 22 апрелда қабул қилинган Халқаро Она Замин кунини байрам сифатида эълон қилиш тўғрисидаги резолюцияда таъкидланишича, заминимиз ва унинг барча экотизимлари бизнинг бошпанамиз – уйимиз, демакки, ҳозирги ва келажак авлодларнинг иқтисодий, ижтимоий ва экологик эҳтиёжлари орасидаги ўзаро адолатли мувозанатни таъминлаш учун Ер сайёраси ва унинг бағридаги табиат билан уйғунликни сақлаб қолиш зарур. Инсоният ҳаёти, келажаги – Она Замин ҳаёти билан чамбарчас боғлиқ. Заминимиздаги экологик барқарорлик – биз инсонларнинг тақдиримизни, келажагимизни белгилайди. Хўш, Она сайёрамизни сақлаб қолиш учун нима қилишимиз керак? Инсоният олдида бу борада қандай вазифалар турибди?
Дунё экологларининг фикрига кўра, айнан иқлим ўзгариши ва атроф-муҳит деградациясининг бошқа кўринишлари Она Заминимиз табиий тизимларини издан чиқарди, бу эса турли даҳшатли юқумли касалликлар тарқалишига, дунё иқтисодиётининг таназзулига сабаб бўлди. Айнан шунинг учун ҳам табиат муҳофазаси учун курашувчи жаҳондаги энг йирик Earth Day Network ижтимоий ҳаракати фаолларининг ташаббуси билан «Она заминимизни қайта тиклаймиз!» ғояси илгари сурилди ва тўғридан-тўғри COVID-19 пандемияси оқибатларини бартараф этишга қаратилди. Ҳаракат фаолларининг фикрига кўра, COVID-19 пандемиясини келтириб чиқарган илк манба айнан ёввойи табиатда қайд этилди, айнан инсоннинг табиатга нисбатан нотўғри муносабати, табиат билан ўзаро ноўрин мулоқоти туфайли глобал даражада тарқалиб, миллионлаб одамларнинг ўлимига сабаб бўлди, жаҳон иқтисодиётини ривожланишдан тўхтатди.
Шу боис бу йил дунё бўйлаб “Restore Our Earth”, яъни «Она заминимизни қайта тиклаймиз!» шиори остида кўплаб экологик тадбирлар ўтказилди.
Она сайёрамиз табиатини муҳофаза этиш, биохилма-хилликни асрашга муносиб ҳисса қўшиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси томонидан ҳам кўплаб тадбирлар амалга оширилмоқда.
– Ўрмонзор майдонларнинг кенгайиши ва ўрмон хўжаликларининг ривожланиши мамлакатимизда экологик барқарор вазиятни қарор топтиришга, иқлим ўзгариши билан боғлиқ нохуш оқибатларни юмшатишга хизмат қилади, – дейди Ўрмонларни қўриқлаш ва муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Ғанишер Хўжаев. – Шу боисдан ҳам баҳор мавсуми келиб, кунлар исий бошлагач, биз ўрмончилар учун масъулиятли палла бошланади. Ўрмонлар майдонини кенгайтириш мақсадида кўчат экиш бошланади. Кўчат экишнинг ўзи билангина ўрмон яратиб бўлмайди албатта! Экилган кўчатлар парвариши, табиий ва маданий ўрмонларни муҳофаза қилиш билан боғлиқ юмушлар ҳам борки, бу чора-тадбирлар ўрмончиликда ўта муҳим саналади. Айниқса, ёз ойларида аҳоли соя-салқин тоғ ва ўрмон ҳудудларига, табиат қўйнига келиб дам олишга интилади. Ўз навбатида, бу даврда ташриф буюрувчилар билан ишлаш, уларга ўрмон ҳудудларида амал қилиш зарур бўлган тартиб-қоидаларни тушунтириш, назорат ишлари ҳам кучайтирилади. Афсуски, бу иллатларга қарши қанчалик кураш олиб бормайлик, ўрмон зонасида очиқ оловдан фойдаланиш, тамаки маҳсулотлари чекиш, шоху новдаларни синдириш, кесиш, теварак-атрофга чиқиндилар ташлаб кетиш ҳолатлари учраб туради. Шундай нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ўрмон қўриқчилари томонидан ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимлари билан ҳамкорликда мунтазам равишда тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилади.
Чиндан ҳам ўрмоннинг энг хавфли душмани – ёнғин! Буни ҳар бир ўрмончи жуда яхши ҳис қилади. Статистик маълумотларга кўра, содир бўлаётган ҳар ўнта ўрмон ёнғинининг тўққизтасига инсон омили сабаб бўлар экан. Шу боис соҳа ходимлари баҳор-ёз ойларида “Ўрмон ёнғин хавфсизлиги ойлиги” эълон қилишади ҳамда асосий диққат-эътиборни ёнғинларнинг олдини олишга қаратишади.
– Кўпинча ўрмон хўжалиги ҳудудларига туташган қўшни фермер хўжаликларида шолизорларга, ғалладан бўшаган майдонларга ўт қўйиб юборишади, – дея тушунтиради Ғанишер Хўжаев, – албатта, катта майдонлардаги ёнғинларни назорат қилиш жуда мушкул, агар чоралар кўрилмаса, улар ўрмонга ўтиб катта-катта ўрмон ҳудудларининг нобуд бўлишига олиб келади. Шунинг учун ҳам ёнғинга қарши маъданлашган “полоса”лар, ёнғинни чегараловчи йўллар барпо этилади. Шунингдек, ўрмонни зараркунандалар ҳужумидан ёки ёппасига касалланишдан ҳимоялаш чораларини кўрамиз. Кимёвий усуллардан фойдаланиш ўрмонга зарар етказиши мумкин, шу боис ўрмон дарахтларининг касалланиши ёки зараркунандалардан азият чекишига қарши биологик воситалар ёрдамида курашамиз. Мамлакатимизда шу мақсадларга хизмат қилувчи 64 та биолаборатория фаолият олиб бормоқда.
Яна ўрмон бағрида қолдирилган чиқиндилар муаммоси ҳам ўрмончиларни жуда қаттиқ ранжитади. Бу чиқиндилардан Она заминимиз, табиатимиз қанча зиён-заҳмат кўрар экан!
– Қанча гапирмайлик, қанча уқтирмайлик, одамзотнинг ақл кўзи очилмас экан-да! – дейди Ғанишер Хўжаев куйинчаклик билан, ҳозиргина қолдириб кетилган пластик чиқиндиларга ишора қилиб, – Барака топгур, хўп, табиат қўйнида дам олишга чиқибсан… Нега энди унинг бағрини чиқиндиларга тўлдирасан? Раҳматинг, жавобинг шуми?
Тоғ бағрига дам олишга чиқсак, табиат манзараларидан баҳраманд бўламиз, бир муддат ниқобларни ечиб, ўрмон ҳавосидан тўйиб-тўйиб нафас оламиз! Таъбимиз равшан тортиб, сўқмоқ бўйлаб ортга қайтаётганимизда, яна ёқимсиз манзараларга дуч келиб, кайфиятимиз бузилади. Пластик идишлар, ишлатилган тиббиёт ниқоблари… Чиндан, қачон инсон бўламиз ўзи?
– Ўрмон – инсонларнинг соғлом ва фаровон яшаши учун чексиз имконият ахир, ҳар бир фуқаро буни юрак-юрагидан ҳис қилиши лозим, – дейди Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг Матбуот хизмати раҳбари Отабек Ашуров. –Ўрмондаги игнабаргли дарахтларнинг, майса-гиёҳларнинг атмосфера ҳавосини тозалашдаги аҳамиятини жуда яхши биламиз. Тоза ҳаво, энг аввало, инсон саломатлиги учун зарур, ўпкамизни кислородга тўйинтиришимиз учун зарур. Ахир COVID –19 пандемияси авж олган ва ҳали ҳам хатар мавжуд бўлиб турган бир пайтда буни англамаслик мумкин эмас. Гувоҳи бўлганларимиз воқеалар, йўқотишлар бизга нафас олиш, тоза ҳаводан баҳраманд бўлиш қанчалик бахт эканлиги борасида бир умрлик сабоқ, дарс бериши лозим. Аммо барибир бу ўзгармас ҳақиқатларни англамайдиган фуқароларимиз бор, афсус!
– Бундан ташқари, ўрмонлар аҳолини муносиб иш ўринлари билан таъминлайди, – дея қўшимча қилади қўмита матбуот котибининг ўринбосари Дилрабо Бобоева. – Оилаларнинг иқтисодий фаровонлигига хизмат қилади. Ўрмонзорлар атрофида сув ва тупроқ экотизимлари барқарор сақланади. Бу, ўз навбатида, иқлим ўзгариши билан боғлиқ салбий оқибатларни юмшатади, бартараф этади. Ўрмонлар бор жойда экотуризм ҳам ривожланади.
Паркент туманининг тоғли ўрмон ҳудудларида Тошкент вилояти Ўрмон хўжалиги бошқармаси тасарруфидаги Чотқол тоғ ўрмон мелиорацияси тажриба станцияси жойлашган.
– Станцияда, айни пайтда эрозияга учраган ерларни ўзлаштириш, лалми ерларда интенсив боғлар ташкил этиш, сел оқимларига қарши маданий ўрмонзорлар барпо этишнинг инновацион технологияларини ишлаб чиқиш, тоғ шароитига мос бўлган ўрмон ўсимликларининг янги навларини яратиш бўйича илмий изланишлар олиб борилмоқда, – дейди Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти илмий котиби, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди Бахромжон Мамутов. – Ҳозирга қадар ўрмон амалиёти учун 10 дан ортиқ янги инновацион технологиялар жорий этилди. Энг истиқболли илмий ишланмаларимиздан бири – Ғарбий Тянь-Шань тоғ тизмасининг қурғоқчил ерларида ёпиқ илдиз тизимли кўчатлар ёрдамида маданий ўрмонзорлар барпо этишнинг инновацион технологияси ҳисобланади. Ушбу технологияларни қўллаш орқали республикамизнинг сув танқис бўлган тоғ қияликларида ўрмон кўчатларининг кўкарувчанлигини 75–85 фоизгача оширишга муваффақ бўлдик. Ўрмон барпо этишга кетадиган сарф-харажатлар эса 2,0–2,5 баробаргача қисқартирилди. Шунингдек, пасттекисликларда Қрим қарағайи, эман дарахтлари, ёнғоқ мевали кўчатлардан иборат ўрмонларни барпо этиш, янги ва истиқболли навлар яратиш бўйича кенг кўламли ишлар бажарилди, коллекцион уруғчилик майдонлари ташкил этилди.
– Ўрмон хўжалиги соҳаси олимлари ва ёш тадқиқотчилар томонидан ҳозиргача ёнғоқ мевали ўсимлик ҳисобланган хандон пистанинг 13 та янги нави яратилди ва ихтиро учун патент олинди, – дейди Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти таянч докторанти Мунира Иномова. – Айни пайтда ўзим ҳам “Ёпиқ илдиз тизимида пайвандланган хандон писта кўчатларини жадал етиштириш” бўйича илмий иш олиб бормоқдаман ва бу борадаги ишларимиз илк самараларини бермоқда.
Она замин бағридаги тупроқ ва сув ресурсларидан унумли фойдаланиш, уларни оқилона бошқариш, ўрмонларни қайта тиклаш, биологик турларни асраш орқалигина биз сайёрамиз экотизимини тиклашга эриша оламиз. Албатта, бу ҳаракатларимиз денгиздан бир томчи холос. Аммо Ер курраси аҳолисининг сони 7 млрд 700 мингдан ортиқ эканлигини ҳисобга олсак, ҳар биримиз биттадан кўчат эккан тақдиримизда ҳам, қанча ўрмон, қанча боғ майдонлари барпо этилиши мумкинлиги кундай равшан бўлади. Шундай экан, дарахт экинг, боғ яратинг, ўрмон барпо этинг! Бу билан не заҳматларни кўрган Она заминимизни қайта тиклашга кичик бир ҳисса қўшган бўласиз!
Нодира АБДУЛЛАЕВА,
“Экология хабарномаси – Экологический вестник” журнали
Бош муҳаррири