«Ўзбекистонда тоғ ва водий ўрмонларини барқарор бошқариш» лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳамда БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) томонидан Глобал Экологик Фонд (GEF) молиявий кўмагида амалга оширилмоқда.
– Лойиҳани муваффақиятли амалга ошириш, кўзланган самарага эришиш учун зарур бўлган барча йўл-йўриқ ва кўрсатмалар берилди, – дейди лойиҳанинг техник координатори Олимжон Қаҳҳоров. – Лойиҳани амалга ошириш учун республикамизнинг турли ҳудудларида жойлашган тўртта ўрмон хўжалиги тажриба-намойиш майдони сифатида танлаб олинди. Асосий мақсадимиз – тажриба майдони сифатида танлаб олинган Поп, Сирдарё, Деҳқонобод ва Китоб ўрмон хўжаликлари томонидан лойиҳа режасидаги чора-тадбирларнинг қандай амалга оширилганини сарҳисоб қилиш, камчиликларни аниқлаш ҳамда ўрмон хўжаликлари ходимлари ва мутахассисларига барча ҳамкорларимиз иштирокида бундан буён лойиҳани амалга ошириш юзасидан зарур тавсиялар ва амалий кўмак беришдан иборат.
2018 йилдан 2022 йилгача бўлган даврга мўлжалланган мазкур лойиҳа доирасида Ўзбекистонда ўрмонларни барқарор бошқаришга қаратилган кўплаб ишлар амалга оширилди. Жумладан, БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO)нинг халқаро ва миллий экспертлари иштирокида “Ўзбекистон Республикасида ўрмон хўжалиги тизимини 2030 йилгача ривожлантириш Концепцияси” ишлаб чиқилди. Мазкур концепция Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 октябрдаги Қарори билан тасдиқланди. Концепция, ўз навбатида, Ўзбекистонда ўрмон хўжалиги тизимининг ташкилий ва ҳуқуқий жиҳатдан тараққий этишига, ўрмонларни барқарор бошқаришни янада яхшилашга муносиб ҳисса қўшмоқда.
Концепцияни амалга оширишда:
-норматив-ҳуқуқий базани тизимлаштириш ва такомиллаштириш –халқаро нормаларни имплементация қилиш, ўрмон қонунчилигини кодификациялаш, ўрмонларнинг иқтисодий салоҳиятини ҳисоблаш, уларни ижарага ажратишда баҳолаш механизмларини жорий этиш;
-ўрмон фонди ер майдонларининг ўрмон билан қопланган қисмидан оқилона фойдаланиш, ўрмонларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини баҳолаш;
-ўрмон фонди ерларини ижарага бериш, улардан самарали ва оқилона фойдаланишда давлат-хусусий шерикликнинг қоидалари ва тартиб-таомиллари шаффофлигини таъминлаш;
-ўрмонларнинг ҳолатини мониторинг қилиш тизимини такомиллаштириш, ахборот ресурслари фондини шакллантириш; -республика ҳудудининг тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиқиб, ўрмон барпо этиш, ўрмон фондини ҳар томонлама кенгайтириш, уларни муҳофаза қилишга доир тадбирларни амалга оширишда инновацион технологияларни жорий этиш;
– экотуризмни ривожлантириш учун экотуристик маршрутлар ва зарур инфратузилма объектларини ташкил этиш;
-ўрмон фонди ерларида шўрланишга ва сувсизликка чидамли ўсимликларни етиштиришда илмий-тадқиқотлар натижаларини кенг жорий этиш;
-халқаро ҳамжамиятнинг ўрмончилик соҳасини ривожлантириш ва чўлланишга қарши курашиш бўйича тадбирларида иштирок этиш, хусусан, ўрмончилик соҳасидаги нуфузли халқаро ташкилотлар — Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO), Глобал экологик жамғарма (GEF) ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликни янада фаоллаштириш сингари ёндашувлар назарда тутилган.
Бугунги кунда Ўзбекистонда ўрмонларнинг деградацияга учраши кузатилмоқда, шунингдек, ўрмон майдонларининг табиий кўпайиши, ўрмонларни қайта тиклаш ва ўрмон барпо этиш борасидаги режаларга тўсқинлик қилувчи умумий таҳдидлар хавф солмоқда. Ўрмонлар ва уларнинг атрофида чорва молларини боқиш авж олмоқда, иссиқлик таъминотидаги муаммолар туфайли ўрмонларни кесиш, дарахт ва буталардан ўтин сифатида фойдаланиш, ноёғоч ўрмон маҳсулотлари тайёрлашда тартибсизлик, нооқилона ёндашув, зараркунандалар ва касалликлар, ўрмон ёнғинлари, иқлим ўзгариши билан боғлиқ ҳолатлар ўрмонларимизга зиён келтирмоқда.
Санаб ўтилган муаммоларни бартараф этиш, уларга чек қўйиш учун ўрмонларни барқарор бошқариш ва улардан оқилона фойдаланиш масалаларини ҳал этиш зарур.
– «Ўзбекистонда тоғ ва водий ўрмонларини барқарор бошқариш» лойиҳасининг қиймати 3 млн АҚШ долларидан ортиқ бўлиб, лойиҳа доирасида Ўрмон хўжалиги қўмитаси билан ҳамкорликда кўплаб ишлар амалга оширилмоқда, – дейди БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбарининг ўринбосари Шерзод Умаров. – Ўрмонни инвентаризация қилишда замонавий инновацион технологиялардан фойдаланиш, GIS лабораториялари ташкил этиш, шунингдек, ўрмон хўжалиги ҳудудларида ўрмонзорлар барпо этиш, яъни ўрмон майдонларини кенгайтириш, ўрмон хўжалигини керакли техника билан таъминлаш, иссиқхоналар ташкил қилиш, сув таъминоти тизимини яхшилаш кўзда тутилган. Бундан ташқари, лойиҳа доирасида ўрмон хўжалиги соҳасида гендер тенглик масаласини ўрганиш ва ёритиб бериш масалаларига алоҳида урғу берилмоқда. Ўрмон хўжалиги атрофида яшаётган аҳоли билан ишлаш, уларнинг ўрмонга бўлган муносабати, экологик билимларини юксалтириш масаласи диққат-эътиборимиз марказида турибди. Аёлларни иш билан банд қилиш, хусусан, улар учун ўрмон хўжалиги тасарруфида касаначилик корхоналарини ташкил қилиш, иш ўринлари яратиш асосий мақсадларимиздан саналади.
Лойиҳа мақсадларини амалга ошириш учун танлаб олинган тажриба майдонлари, яъни лойиҳа доирасида амалга ошириладиган чора-тадбирлар намойиши учун танланган туманлар, асосан, мамлакатимизнинг тоғли ўрмон ҳудудлари ва водий зоналарида жойлашган.
Наманган вилоятининг Поп тумани ҳудудида жойлашган ўрмон хўжалиги майдонлари Зарафшон арчаси билан қопланган табиий тоғ ўрмонларини ўз ичига олади. Улар яйлов ҳудудлари, доривор ҳамда зиравор (хушбўй ифорли) ўсимликлар плантациялари, пистазор ўрмонлар билан уйғунлашиб кетган. Бундан ташқари, туманнинг суғориладиган ерларида бир қанча қишлоқ хўжалиги экинлари етиштирилади, ёғочбоп дарахт турлари ҳам парваришланади.
Сирдарё ўрмон хўжалиги эса иҳота ўрмонзорлари ҳамда ёғочбоп дарахт турлари етиштириладиган парваришхоналарга эга.
Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида жойлашган Деҳқонобод ўрмон хўжалиги ҳам Зарафшон арчаси кенг тарқалган тоғли табиий ўрмонлардан иборат бўлиб, улар бир томондан яйловларга туташган. Шунингдек, бу ерда баланд тоғ ҳудудларида бодомзор ва пистазор ўрмонлар мавжуд.
Вилоятнинг Китоб туманида жойлашган Китоб ўрмон хўжалиги ҳудуди ҳам Зарафшон арчаси табиий равишда ўсадиган тоғ ўрмонларидан иборат бўлиб, бу ерда ёғочбоп дарахтлар парваришхонаси, тоғ ёнбағирларида пистазор плантациялар мавжуд. Бу плантациялар сув йиғими учун қулай терассали дарахтзор тизимидан фойдаланилган ҳолда барпо этилган, бу усул, ўз навбатида, эрозияга қарши курашишда ҳам самарали ҳисобланади.
– Лойиҳа доирасида айни шу намойиш участкаларида ўрмон хўжалиги ходимларининг илмий, амалий салоҳиятини ошириш бўйича бир нечта семинар-тренинглар ўтказилди, – дейди Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси Халқаро алоқалар ва экотуризмни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Абдувоҳид Заҳадуллаев. – Шу жумладан, БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) экспертлари иштирокида яйловларни ривожлантириш бўйича семинарлар ўтказилиб, намойиш участкалари ҳолатини дастлабки таҳлил қилиш бўйича дала кузатувлари олиб борилди. Бундан ташқари, лойиҳа доирасида FAOнинг халқаро ҳамда маҳаллий экспертлари томонидан ишлаб чиқилган Гендер стратегияси ва Гендер ҳаракат режаси муҳокамаси бўйича тегишли вазирлик ва идораларнинг
70 дан ортиқ мутахассислари иштирокида онлайн-конференция ўтказилди.
Яна шуни алоҳида қайд этиш жоизки, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳамда БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) томонидан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда республикамизнинг доривор ўсимликлар саноатини ривожлантириш билан шуғулланувчи юздан ортиқ олимлари иштирокида «Доривор ва зиравор ўсимликларни ҳимоя қилиш, ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва экспорт салоҳиятини оширишнинг долзарб масалалари» мавзусида илмий-амалий конференция ташкил этилди. Лойиҳа фаолиятининг барқарорлигини таъминлаш мақсадида Деҳқонобод
ва Поп ўрмон хўжаликларида 20 тонналик сув сақлаш иншоотлари барпо қилинди, ўрмон кўчатхоналарини сув билан таъминлаш, келгусида
яна 2 минг гектар янги ўрмонзор барпо қилиш мақсадида 5 км ли суғориш тизими ўрнатилди.
– “Ўрмонлойиҳа” давлат унитар корхонаси негизида энг замонавий ускуналар билан жиҳозланган GIS лабораторияси ҳамда Маълумотлар маркази ташкил этилди, – дея маълумот берди Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси Халқаро алоқалар ва экотуризмни ривожлантириш бошқармаси бош мутахассиси Фурқат Чарангаев, – бу тизим сунъий йўлдош орқали узатиладиган ахборотлар ва фотосуратлар орқали ўрмон майдонларини назорат қилиш, мониторингини юритиш, ўрмон хўжаликларининг электрон хариталарини яратишда бир қатор қулайликларни яратади.
Шунингдек, Ўрмон қўмитаси томонидан Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда 2019 – 2025 йилларда давлат ўрмон фонди ерларида экотуризмни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Унга кўра, бутун республика бўйича рекреацион зоналарни аниқлаш ва рекреацион ҳудудларга ажратиш бўйича маҳаллий ҳокимият идораларига тақдимномалар киритилди. Экотуризм бўйича қўйилган яна энг муҳим қадамларимиздан бири – ташриф буюрувчиларни рекреацион зоналарга киритишни ташкиллаштирилган ҳолатда олиб бориш масаласидир. Гарчи бу ишлар лойиҳа доирасида бўлмаса-да, ўрмон фонди ерларини муҳофаза этишга муайян даражада ҳисса қўшади, ташриф буюрувчиларга ўрмон табиатига зиён етказмаслик бўйича тегишли кўрсатмалар, йўл-йўриқлар беришда муҳим аҳамият касб этади.
– Ўтган 2020 йилда бутун дунё мамлакатлари қатори мамлакатимизда ҳам пандемия ҳолати давом этди. Бироқ, шунга қарамай, лойиҳа доирасидаги ишлар давом эттирилди, – дея маълумот берди Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси матбуот котибининг ўринбосари Дилрабо Бобоева. – Масалан, мамлакатимизнинг тоғли ва водий вилоятларида дарахт ва буталар экиш бўйича кенг кўламли акциялар ўтказилди. Ўрмон хўжаликлари ходимлари саъй-ҳаракатлари билан 120 гектар майдонда ҳимоя ўрмон тизимлари, яъни иҳота ўрмонзорлари, 10 гектардан ортиқ майдонда ёғочбоп дарахтлар плантациялари, 428 гектар ерда эса турли ўрмон дарахларини ўз ичига олган янги ўрмонзорлар барпо қилинди. Бундан ташқари, ҳудудларни кўкаламзорлаштириш мақсадларида 20 мингга яқин манзарали кўчатлар экилди. Жойларда маҳаллий аҳолига ўз хонадонларида экиш учун
50 минг дона мевали ва манзарали дарахт кўчатлари тарқатилди. Яна шуни алоҳида қайд этиш зарурки, – дея таъкидлади Д. Бобоева, – лойиҳа доирасида ўрмон хўжаликлари ишчи-ходимлари учун зарур қўлланма ва йўриқномалар, техник тавсиялар жамланган тарқатма материаллар, брошюралар ишлаб чиқиш ва тайёрлаш устида ишламоқдамиз. Бу уларнинг фаолиятларида муҳим дастуруламал вазифасини бажаради.
Нодира АБДУЛЛАЕВА,
“Экология хабарномаси – Экологический вестник” журнали
Бош муҳаррири