«Урунғоч» кўлига кириш нега пулли бўлган?
Ижтимоий тармоқларда ўзини Жавоҳир деб атаган журналистнинг Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Ариповга мурожаати эълон қилинди. Унда журналист “Урунғоч” кўли яқинидаги постда форма кийган ходимлар Бош вазир номини сотиб, “роса пул қилишаётгани”ни таъкидлайди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 8 октябрдаги “Угом-Чотқол давлат миллий табиат боғининг айрим табиий ҳудудлари ва объектларидан фойдаланишни тартибга солиш тўғрисида”ги 853-сон қарорига мувофиқ, Угом-Чотқол давлат миллий табиат боғининг Бурчмулло давлат ўрмон хўжалиги ҳудудида жойлашган майдони 43 га бўлган “Урунғоч” кўли ва унга туташ ҳудудларни давлат гидрологик табиат ёдгорлиги деб эълон қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси “Урунғоч” табиий кўли ва унга туташ ҳудудларни ўзгартиришсиз сақлаш, тоғ экотизими, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини қайта тиклаш ва такрор кўпайтириш, экологик туризмни ташкил этиш, илмий ва экологик-маърифий ишларни амалга ошириш, аҳолининг экологик таълим ва тарбиясига кўмаклашиш вазифаларини бажариш учун масъул этиб тайинланган.
Шунингдек, қўмитага Тошкент вилояти ҳокимлиги ва Давлат экология қўмитаси билан биргаликда давлат экологик назоратини амалга ошириш мақсадида, Бурчмулло давлат ўрмон хўжалиги ҳудудида экологик пост ўрнатилиш вазифаси юклатилган. Ҳозирги кунда Бурчмулло давлат ўрмон хўжалигининг ходимлари постда фаолият кўрсатмоқдалар.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 30 сентябрдаги “Ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 278-сон қарори билан ўрмон фонди ер майдонларидан фойдаланганлик учун тўловлар миқдорини ва уларни ундиришни тартибга солиш тўғрисидаги низом тасдиқланган бўлиб, ушбу низомга асосан давлат ўрмон фонди ер участкаларидан маданий-маърифий, тарбиявий, соғломлаштириш, рекреацион ва эстетик мақсадларда фойдаланиш, ҳар бир киши учун 1 суткага юридик ва жисмоний шахслар учун базавий ҳисоблаш миқдорига нисбатан 0,05 коэффициент белгиланган, яъни 245 000 *0,05= 12 минг 250 сўмни ташкил этади. Бурчмулло давлат ўрмон хўжалиги ҳисобига туширилган бу маблағлар, “Урунғоч” табиий кўли атрофи хавфсизлигини ва тозалигини сақлаш ҳамда ободонлаштириш ишларига сарфланади.
Шу ўринда журналист ва блогерлардан, фуқароларимиздан вазиятни тўлиқ ўрганмай, ҳукумат қарорлари билан танишмай туриб, фуқаролар орасида нотўғри маълумот тарқатмасликларини сўрардик. Зеро, “Урунғоч” давлат гидрологик табиат ёдгорлиги постидаги кўргазмали воситасида ҳам юқоридаги меъёрий-ҳуқуқий асослари ёзиб қўйилган. Шунингдек, қарор матнлари www.lex.uz сайтида ҳам берилган.