Давлат рамзлари

Уруғ ва кўчатчиликни ривожлантириш асосида ўрмонларни кенгайтириш масалалари

Ўрмон хўжаликларининг асосий вазифаси жойларда мавжуд ўрмонларни қўриқлаш, ҳимоя қилиш, иқлим шароитдан келиб чиққан ҳолда тоғ, чўл, водий ҳудудларида шамол, тупроқ эрозиясига қарши ҳимоя ўрмонзорларини барпо қилиш ва унга оид тадбирларни амалга ошириш, шунингдек мавжуд ўрмонларни сақлаб қолган ҳолда келажак авлодга етказиш, қисқача қилиб айтганда – экологик вазиятни яхшилаш ва унинг салбий оқибатларини олдини олиш, табиатни асраб-авайлаш бугунги кунда муҳим вазифаси бўлиб ҳисобланади.

Ҳозирги кунда ўрмон фондининг умумий ер майдони 12 млн гектарни ташкил этади, шундан 85,6 фоизи чўл ҳудудларини қолган 14,4 фоизи тоғ, водий ва тўқай ҳудудларини ташкил этади.

Чўл ҳудудларида саксовулзорлар, черкез, қандим тоғ ва тоғолди ҳудудларида арчазорлар, пистазорлар, водий ва тўқай ҳудудларида терак, қайроғоч, шумтол каби тез ўсувчи ва мевали дарахт турлари ўсади. Бизга маълумки, Ўзбекистонда тоғ ҳудудлари асосан Тошкент, Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё ҳамда қисман водий вилоятларида жойлашган. Чўл ҳудудларининг асосий қисми Орол бўйи минтақаси ҳисобланган ва Қизилқум чўлидаги Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятларида жойлашган.

Ўрмон уруғчилиги – бу ўрмон хўжалиги соҳаси, яъни ўрмон барпо қилишнинг асоси ҳисобланади. Охирги йилларда ўрмон уруғчилигини ва селекция ишларини ривожлантиришга, шунингдек меъёрий ҳужжатларни такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис қонунчилик палатаси билан, шунингдек тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда республикада уруғчилик соҳасида амалдаги қонун ва қонуности ҳужжатларни қайта кўриб чиқилиб, “Уруғчилик тўғрисида”ги 2019 йил 16 февралдаги ЎРҚ-521-сон Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинишида фаол иштирок этилди. Мазкур қонуннинг 12-моддасида Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг уруғчилик соҳасидаги ваколатлари белгилаб берилди.

Шунингдек, “Асосий ўрмон ҳосил қилувчи дарахт ва буталар уруғларининг пишиши, уларни териш, экишга тайёрлаш, экиш меъёри ва муддатлари” ишлаб чиқилиб, тасдиқланган. Ҳозирда шу асосда ишлар ташкил қилинмоқда.

Ўрмон барпо қилиш, ниҳолхона ва кўчатхоналар ташкил этиш ҳамда кўкаламзорлаштириш тадбирлари учун дарахт ва буталарнинг уруғларини тайёрлаш асосий тадбирлардан биридир. Бугунги кунда 70 дан ортиқ дарахт, буталарнинг турларидан уруғлар тайёрланиб келинмоқда Дарахт ва буталар уруғларини тайёрлашда кўкаламзорлаштириш мақсадларида экиладиган манзарали япроқбаргли ва игнабаргли дарахт ва буталарнинг уруғларини жамғаришга алохида эътибор қаратилди.

Ҳар бир дарахт уруғларини пишиб етилиш муддатлари ишлаб чиқилган ва шу муддатларда уруғлар тайёрланади. Шу мақсадда ўрмон хўжаликлари томонидан 2021 йил баҳорги мавсумда жами 1975 тоннадан ортиқ дарахт ва буталарнинг уруғлари тайёрланди. Ушбу уруғларнинг асосий қисмини чўл ўсимликларининг уруғлари ташкил этади. Жумладан, чўл ҳудудларида “яшил қоплама”лар барпо қилиш тадбирлари учун 1100,4 тонна саксовул, 97,1 тонна қандим, 707,2 тонна қорабуроқ, 55,5 тонна черкез, 12,7 тонна яйлов ва чўл ўсимликларининиг ҳамда 2 тоннадан ортиқ тут, қайроғоч ва бошқа уруғлар тайёрланди, шунингдек мевали дарахтлар ва бошқа уруғлар тайёрланмоқда. Уруғлар то йил якунига қадар босқичма-босқич муддатларида етилади ва жамғариб борилади.

Ушбу уруғлар ниҳолхоналарга экилиб, ниҳоллар етиштирилади. Ноёб турдаги уруғларни ўстириш бўйича Хитой, Туркия ва Жанубий Корея каби чет давлатлар билан ҳамкорлик қилинмоқда, тажрибалар алмашиниб, ўрмон хўжаликларида жорий этилмоқда. Бунинг натижаси сифатида айтишим мумкинки, ўрмон хўжаликларида интенсив усулда ниҳолхоналар ташкил этилмоқда.

Интенсив ниҳолхона – эни 1.2 метр узунлиги 5 метр бўлган лезиметрларда уруғларни экиб, ниҳолларни етиштиридир. Лезиметрлар ҳар хил ҳажмларда бўлиши мумкин. Буни афзаллиги – ниҳолларни назорат қилиш-парваришлаш осон бўлади, ерни тежайди, иқтисодий самарадорлиги юқори ҳамда тезкор ва соғлом ниҳолларни етиштириш имкониятини беради.

Шунингдек, соҳа олимлари томонидан ин-витро усулида кўчат етиштириш ишлари бошланган. Бундан ташқари, келажакда ноёб турдаги дарахтларнинг уруғини олиш ва кўчатларини кўпайтириш мақсадида “доимий уруғчилик плантациялар”ини ташкил этиш режалаштирилган.

Мамлакатимизда ҳам иқлим-шароитга мос ҳар хил турдаги манзарали, мевали дарахт ва буталар кўчатларини етиштириш тизими яратилди.

Ўтган йилларда 2017 йилгача 35-40 турдаги ҳар хил турдаги дарахт ва буталар турлари етиштирилган бўлса, ҳозирги кунда юқорида қайд этилганидек 75 турдан ортди, жумладан игнабарглилар 10 тур, тез ўсувчи ва япроқбарглилар 26 тур, мевалилар 15 тур, ёнғоқмевалилар 4 тур, чўл ўсимликлари 7 тур, ҳар хил турдаги манзарали буталар 13 тур. Бундан ташқари, 10 дан ортиқ дарахт ва буталар турлари (павловния, клон терак навлари, магнолия, пекан, пираканта, қорабуроқ, чўл яйлов ўсимликлари ва ҳокозо) интродукция қилиниб, Ўзбекистон шароитида ўстирилмоқда. Бу борада соҳа олимларининг меҳнати катта.

Амалга оширилган ишлар натижасида жорий йил бугунги кунга қадар ўрмон хўжаликлари томонидан ҳар хил турдаги дарахт ва буталар турларининг уруғи, ёш ниҳоллари ва қаламчалардан жами 604,0 гектар майдонда ниҳолхона ва кўчатхоналар ташкил этилди, ушбу тадбирлар иқлим шароитдан келиб чиққан ҳолда жорий йил куз-қиш мавсумларида давом эттирилади. Ўрмон хўжаликлари томонидан бугунги кун ҳолатига мавжуд ва янгидан ташкил этилган ниҳолхона ва кўчатхоналарда 85,2 млн дона млн дона дарахт ва буталарнинг ниҳол ва кўчатлари етиштирилди. Ушбу етиштирилган кўчатларнинг 70 фоизи тез ўсувчи ва чўл ўсимликларининг, 10 фоизи игнабарглилар ва қолган 20 фоизи ҳар хил тудаги манзарали буталар ва мевали дарахтларнинг ниҳол ва кўчатларини ташкил этади. Шу билан бирга, ўрмон хўжаликлари томонидан иҳота дарахтзорлари ва кўкаламзорлаштириш мақсадларида 2017 йилда ўртача 2.5 – 3 млн дона тут кўчатлари етиштирилган бўлса ушбу кўрсатгич жорий йилда 15 млн донага етказилади. Шунингдек, ўрмон хўжаликлари томонидан 20 млн дона тез ўсувчи дарахтлар қаламчалари тайёрланади.

Маълумот учун айтиб ўтишим мумкин: Ниҳолхона-дарахт ва буталар уруғларини экиб ниҳол ўстириладиган маълум бир ҳудуд. Ниҳол ўстириш учун дарахт ва буталар уруғларини пишиб етилган муддатда кечиктирмасдан жамғариш, экишдан олди стратификацияга (экишга тайёрлаш) қўйиш ва ўз вақтида экиш керак. Кўчатхонада эса – ёш ниҳолларни парваришлаш учун вегетация даври бошланмасдан бошқа ерга кўчирилади ёки қаламчалар эрта баҳорда олиб экилади. Шу тарзда кўчатлар босқичма-босқич етиштирилади. Охирги йилларда 2-3 метрли баланд бўйли кўчатларга талаб ортиб бормоқда.

Кўчат етиштиришнинг ҳам ўзига яраша машаққати бор. Биргина қрим қарағайи кўчатини оладиган бўлсак ўртача 5-6 йилда

1.5-2 метрли кўчат бўлади. Унгача уруғидан ниҳолини етиштириб, кейин кўчтхонага (парваришлаш бўлимига) ўтказилади. Кўчатлар доимий парваришни талаб қилади, ўз вақтида суғориш, маҳаллий ўғит билан озиқлантириш, зараркунанда ва касалликларга қарши кураш ҳамда шакл бериш ишларини олиб бориш зарур. Бир сўз билан айтганда, ниҳол ва кўчатни етиштириш учун уруғ жамғариш ёки қаламча тайёрлаш ташқари агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш лозим. Бу борада, яъни ниҳол ва кўчатларни етиштириш ҳамда уларнинг агротехникаси бўйича олимлар томонидан тавсия ва қўлланмалар ишлаб чиқилган.

Охирги йилларда биз кўчат етиштиришнинг – сифат босқичига ҳамда ёпиқ илдизли тизимга ўтаяпмиз.

Шунингдек, кўчат етиштиришда барча турдаги кўчатлар билан биргаликда оққайин, липа, павловния, багрянник, садақайроғоч, чинор, павловния, қизил терак, ҳинд сирени, пираканта каби манзарали дарахт ва буталарнинг кўчатларини етиштиришга алохида эътибор қаратилди. Ниҳол ва кўчатлар асосан ўрмончилик тадбирлари учун, шунингдек талабдан келиб чиққан ҳолда кўчат экиш мавсумларида талабгорларга (автомобил ва темир йўллар атрофида, ижтимоий соҳа объектларига, давлат дастурлари доирасида кўзда тутилган маҳаллаларда, мурувват уйларига) етказиб берилади.

“Ўрмон тўғрисида”ги 2018 йил 16 апрелда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 29-моддасига асосан “Ўзбекистон Республикаси ўрмон фонди ер майдонларида ўрмонларни қайта тиклаш тартиби” ишлаб чиқилиб тасдиқланди.

Ҳар йили ўрмон фонди ерларида ўрмон барпо қилиш ва қайта тиклаш тадбирлари тасдиқланган қарор ва дастурлар доирасида аниқ топшириқлардан келиб чиқиб режалаштирилади ҳамда амалга оширилади.

Жорий йилнинг баҳор мавсумида ўрмон фондининг тоғ ва тоғолди ҳудудларида жами 6,7 гектар, шундан 5,0 минг гектар писта, 1,3 минг гектар бодом, 0,4 минг гектар ёнғоқ плантациялари ташкил этилди.

Ўрмон хўжаликлари томонидан водий ва тўқай ҳудудларида жами 1000 гектар, шундан 650 гектар терак, 200 гектар павловния, 150 гектар қайроғоч, шумтол каби дарахтларнинг плантациялари барпо этилди.

Чўл ҳудудларида ўрмон барпо қилиш тўғрисида гап кетганда, албатта Орол денгизининг суви қуриган тубидаги мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими тўғрисида гапиришимиз лозим.

Дунё статистикасига қарайдиган бўлсак, Атроф-муҳит, жумладан сув-ҳаво ифлосланиши, чанг-тўзонларни атмосферага кўтарилиши – урушлар, зўравонликлар, касалликлар, очарчилик ёки табиий офатлардан кўра кўпроқ одамларнинг умрига зомин бўлади. Америкалик мутахассисларнинг фикрича, ифлосланишдан ўлим сони – чекиш сабаб юз берадиган ўлим миқдоридан бир ярим баробарга; ОИТС, сил ва безгакдан уч мартага; урушлар ҳамда зўравонликлардан 15 бараварга юқори.

Дунёнинг 184 давлатидан бўлган 15 мингдан ортиқ олимлар инсониятга асосий таҳдидлар ҳақида сўз юритилган ҳужжатни имзолашди ва атроф-муҳит масаласида «Инсониятга иккинчи огоҳлантириш» BioScience журналида эълон қилинган(«Инсониятга биринчи огоҳлантириш»1992 йилда эълон қилинган эди).

Ана шу ҳужжатда Орол денгизининг суви қуриши натижасида ҳосил бўлган муаммо – энг асосий компонент қилиб кўрсатилди.

Энг муҳими-барчага маълум – жорий йилнинг 18 май куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессияси ялпи мажлисида Муҳтарам Президентимизнинг таклифларига биноан Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисидаги махсус резолюция бир овоздан қабул қилинди.

Дунёнинг турли минтақаларидаги 60 га яқин давлатлар мазкур резолюцияга ҳаммуаллиф сифатида иштирок этди. Унда Бош ассамблея Оролбўйи минтақасидаги экологик, ижтимоий, иқтисодий ва демографик вазиятни яхшилашга қаратилган минтақавий тадбирлар ва ташаббусларни қўллаб-қувватлашини эълон қилди.

Бу ҳақиқатдан ҳам оламшумул воқеа бўлди, биринчи марта бундай муҳим хужжат қабул қилинди.

Давлатимиз Раҳбари Дунё Эътиборини – Орол муаммосига қаратиб бердилар, энди биз бугунгача бажарилган иш билан эмас – бундан кейинги босқичда бажариладиган ишларга асосий эътиборни қаратишимиз шарт.

Бу ҳужжат бизга нима беради?

Экологик инновация ва технологиялар, яъни муҳим компонентлардан бири бўлган ўсимлик ва ҳайвонот оламини қайта тиклаш, сақлаб қолиш, табиий ресурсларни сақлаш, ижтимоий жиҳатдан ҳудуддаги аҳоли ҳаёт сифатини ва яшаш тарзини яхшилаш, энг муҳими халқ манфаатларини ва яшаш тарзини яхшилашга йўналтирилган илмий-тадқиқот лойиҳалариниини кучайтириш ҳамда келажак авлодга табиатни шу ҳолида етказиш, чўл ўсимликларидан “яшил қопламалар” барпо этишни изчил давом эттириш каби муҳим ва шарафли вазифаларни юклайди.

Шунингдек, жорий йил май ойида БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Халқаро биологик хилма хиллик куни муносабати билан табиат билан уйғун муносабатларни тиклашга чақирди.

“Биз табиатга уруш эълон қилдик. Биз биологик хилма хилликни сақлаш борасида бирорта вазифани бажара олмадик”, деб айтган Гутерриш ўз мурожаатида. Унинг таъкидлашича, кўз ўнгимизда бутун бошли экотизимлар, набобат олами йўқ бўлиб бормоқда, чўл ҳудудлари эса тобора кенгаймоқда, ҳар йил 10 млн гектар ўрмон йўқотилмоқда, океанлар пластик чиқиндига тўлиб-тошмоқда ва инсоният атроф-муҳитга чиқараётган карбонат ангидридни тобора кўпроқ ютиши оқибатида оксидланмоқда. Шу билан бирга, табиатни муҳофаза қилишга уни йўқ қилаётган соҳаларга қараганда камроқ пул сарфланмоқда.

Ўзбекистонда чўл ҳудудларида ўрмон-мелиоратив тадбирларни амалга ошириш борасида тажрибалар етарли, албатта бу – бир неча ўн йиллар давомида соҳа олимларининг меҳнати албатта.

Охирги йилларда тажрибалар алмашиш мақсадида юзлаб халқаро ташкилотлар вакиллари ва давлатлар делегациялари бажарилган ишларни ва уларнинг натижаларини кўриш ва кузатиш учун келдилар, ушбу табиат учун қилинган хайрли ишларга илиқ муносабат билдирдилар.

Белгиланган топшириқларга асосан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 15 февралдаги 132-сонли, 2019 йил 24 февралдаги 1031-сонли қарорлари қабул қилинди. Ушбу қабул қилинган қарорлар доирасида Орол денгизининг суви қуриган ҳудудларида 2018-2020 йилларда жами 1,2 млн. гектар “яшил қопламалар” барпо этиш ишлари амалга оширилди.

Маълумот учун: Ушбу ўрмон-мелиоратив тадбирлар бажариш учун жами 4,3 минг тонна чўл ўсимликларининг уруғлари жамғарилди, 1,3 минг гектар майдонда ерларни экишга тайёрлаш (баразда) ишлари бажарилди, 1000 та техника ва механизмлар, 6 дона самалёт ва 2 дона дельтаплан жалб этилди. Ҳар йили экиш мавсумларида ўртача 2000 нафардан механизаторлар, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Фавқулотда вазиятлар вазирлиги ва бошқа ташкилотлар ходимлари ҳамда аҳоли иштирок этди.

Жорий йилда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 25 ноябрдаги 745-сон қарорига асосан Орол денгизининг қуриган туби ва Оролбўйи ҳудудларида жами 589,2 минг гектар, шундан Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманида 458,4 минг гектар, Бухоро вилоятида 79,3 минг гектар, Навоий вилоятида 43 минг гектар ва Хоразм вилоятида 8,5 минг гектар, ва майдонда чўл ўсимликларидан “яшил қопламалар” барпо этиш ва тўлиқтириш бўйича ўрмон-мелиоратив тадбирлар бажарилди.

Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 8 майдаги 238-сонли фармойиши бўйича Бухоро, Нукус, Урганч ва Хива шаҳарлари атрофида “яшил белбоғ” – ҳимоя дарахтзорларини барпо этиш ҳажми жами 30 км масофага етказилди.

Суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерларида ихота дарахзорларини барпо этиш 2018 йилдан бошланган бўлиб, 2021 йилда 2428 гектар майдонда ихота дарахтзорлари барпо этилди. Ушбу ҳудудларга асосан тут кўчатлари экилди.

Бундан ташқари, ўрмон фонди ерларида ўрмонларни муҳофаза қилиш ва қўриқлаш – ўрмон хўжаликларининг асосий вазифаларидан биридир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 11 майдаги ПҚ-2966-сонли қарорига асосан ўрмон хўжаликларида биолабораториялар ташкил этилди.Ушбу биолабораторияларда олтинкўз, трихограмма, бракон каби энтомофаглар (фойдали ҳашоратлар) етиштирилиб, ўрмонзор ва кўчатхоналарга қўйиб юборилмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасида  «Ўзбекистон тоғ ва водий ҳудудларида ўрмонларни барқарор бошқариш» лойиҳасига бағишланган тадбир бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасида «Ўзбекистон тоғ ва водий ҳудудларида ўрмонларни барқарор бошқариш» лойиҳасига бағишланган тадбир бўлиб ўтди

Бугун Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасида «Ўзбекистон тоғ ва водий ҳудудларида ўрмонларни...

МУНОСАБАТ

МУНОСАБАТ

Бекабод давлат ўрман хўжалиги шахси номаълум Дилрабо исмли фуқаронинг 2021 йил август куни Ekolog.uz телеграм канали...