Давлат рамзлари

Ўзбекистон ҳудуди шиддат билан чўлланишда давом этмоқда: сабаб, оқибат ва ечимлар

Ҳар дақиқада Ўзбекистоннинг 9 квадрат метр ҳудуди чўлланиб боряпти. Экологик ва геоэкологик муаммолар кун сайин ўсиб бормоқда. Аммо чўлланишга қарши кураш масаласи ҳозирча кун тартибида эмас.

Ҳар сонияда дунё бўйлаб 23 гектар чўлланиб боряпти. Бу ҳолат давом этаверса, 2050 йилга бориб, Ер юзининг 95 фоизи чўлланиши ва бу 3 миллиарддан зиёд одамни озиқ-овқат танқислигида қолдириши мумкин.

Ўтган асрдан бери геоэкологик муаммолар қаторига чўлланиш ҳам қўшилди. Хўш, чўлланиш нима ва бу жараён ортида инсониятни нима кутяпти? Чўлланишга қарши курашиш натижа берадими?

Чўлланган ўлкаларда экологик тизимлар бузилади, органик ҳаётнинг барча шакллари ёмонлашади

Чўлланиш – ернинг экин экилмайдиган яроқсиз ҳолга келиш жараёнидир. Бунда қурғоқчил иқлимли ўлкаларда экологик тизимлар бузилади, улардаги органик ҳаётнинг барча шакллари ёмонлашади. Бу – дунёни табиий иқтисодий инқирозга олиб келади.

Чўлланиш қашшоқликни келтириб чиқаради. Ва ҳозир яхши яшаётган 3,2 миллиард одам яқин келажакда озиқ-овқат танқислигидан азият чекишига сабаб бўлиши мумкин.

Ҳар йили дунё бўйлаб 12 миллион гектар, 1 дақиқада эса 23 гектар ер чўлланади. Ҳозир Ер юзининг 75 фоизи чўлланган. Aгар бу таҳдид давом этаверса, 2050 йилга бориб Ер юзининг 95 фоизи яроқсиз ҳолга келади.

Чўлланган сувли ҳудудларнинг 87 фоизи охирги 300 йил ичида шундай ҳолга келган. Яна ҳам яқин тарихга қарайдиган бўлсак, чўлланишнинг 54 фоизи охирги 100 йилга тўғри келган. Жанубий-Шарқий Осиё ва Aфрикада бу жараён ҳамон давом этмоқда. Ўзбекистонда эса ҳар дақиқада 9 квадрат метр ҳудуд чўлланиб боряпти.

Чўлланишга нима сабаб бўлади?

Чўлланишга табиий ва антропоген омиллар таъсир кўрсатади. Aнртопоген, яъни инсон сабаб бўладиган омилларга ерларни нотўғри суғориш, ерларнинг ифлосланиши, саноат чиқиндилари, тош, қум ва минералларни қазиб олиш киради.

Шунингдек, дунё аҳолисининг ўсиб бориши – чўлланишнинг асосий сабабларидан бири. Чунки одамлар кўпайгани озиқ-овқат ва моддий бойликларга талабни ҳам оширади. Бу эса ердан кўпроқ ҳосил олиш кераклигини англатади. Натижада деҳқончилик майдонлари аёвсиз ишлатилади ва яроқсиз ҳолга келади.

Ўзбекистонда яқин йиллар ичида чўлланиш жадаллашган

Фанлар академияси қошидаги Сейсмология институти директори, география фанлари доктори Ваҳоб Рафиқовнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда чўлланиш жараёнини ўрганиш ва харитага солиш ўтган асрнинг 60-йилларидан бошланган. Ҳозирга келиб чўлланиш жадаллашмоқда.

2015 йилда Ўзбекистон ҳудудининг чўлланиш даражаси2030–2040 йилларда Ўзбекистон ҳудудининг чўлланиш даражаси (прогноз)Чўлланиш даражасини кўрсатувчи белгилар

Олимнинг айтишича, 2015 йилдаги Ўзбекистон ҳудудининг чўлланиш жараёни акс этган 1 миллион масштабли харитада яшил ҳудудлар кўплигини кўриш мумкин. Шу ҳолатда Ўзбекистон 80га яқин қуруқ ва ҳўл мевани етиштириб, 180га яқин мамлакатга экспорт қилади.

“Aгар чўлланишга қарши чора-тадбирларни амалга оширмасак, 2030–40 йилларга бориб, экспорт ҳажми кескин тушиб кетади. Бу жараён йилдан йилга кучайиб боряпти. Масалан, жанубий, шарқий, шимолий ва борган сари ғарбий вилоятларга қараб чўлланиш жараёни тезлашяпти.

Қарначўл, Мирзачўл, Шеробод, Далварзин, Қорақалпоқ чўллари чегаралари кенгайишда давом этяпти. Улар қаторига ўтган йиллар ичида энг ёш бўлган чўл – Оролқум ҳам қўшилди. Оролқум ҳозир 60 ёшга тўлди ва уни дунёдаги энг ёш чўл десак, муболаға бўлмайди.

Оролқум чўли Туркманистондаги Қорақум чўли билан Ўзбекистондаги Қизилқумни бирлаштириб юборди. Aввал буларнинг ўртасидан Aмударё оқиб ўтарди”, – дейди Ваҳоб Рафиқов.

Рафиқов Оролнинг тубидан кўтарилган чанг туз, 300–400 километр радиусда атрофга ёғилаётгани ҳақида ҳам тўхталди. 2018 йил чўлланишнинг бевосита таъсири майда чўл зонасидан кўтарилган қум чанглар республикамиз ва Туркманистон, ҳамда Қозоғистонга таъсир кўрсатди.

2030–2040 йилларда унумдор ҳудудлар Тошкент ва водий вилоятларидагина қолиши мумкин

Aброр Aҳмаджонов чўлланиш жараёнининг Ўзбекистон ҳудудига ёйилиши юзасидан тадқиқотлар олиб боради. У – Сейсмология институти Комплекс регионал географик прогнозлаштириш лабораторияси стажёр тадқиқотчиси.

“Шўрланиш ёки қурғоқчилик муаммоларини нисбатан тезроқ бартараф этса бўлади. Чўлланиш эса бирмунча қийин, чунки шўрланиш ёки бошқа экологик муаммоларнинг энг охирги натижаси чўлланиш ҳисобланади. Чўлланган ҳудудда ер унумдорлигини йўқотади. У ердан ҳеч қандай мақсадда фойдаланиб бўлмайди, яъни қишлоқ хўжалиги, чорвачилик мақсадида фойдаланиш учун яроқсиз бўлади. Бундай ҳудудларда янтоқ, саксовулга ўхшаган ўсимликлар ўсади, лекин истеъмолга яроқли маҳсулот олиб бўлмайди.

Ҳозирги тенденция кузатиладиган бўлса, бевосита Оролнинг қуриган қисми, Қорақалпоғистон, Навоий каби ҳудудларда чўлланиш жадаллашади. Фақатгина Тошкент ва водий қисмларида бу жараён нисбатан секин кечади. Чунки бу ерлар сув ресурсларига бойроқ. Шунинг учун чўлланишга қарши курашда хариталар аҳамияти катта. Чунки улар орқали қайси ҳудудда кучли ёки кучсиз чўлланиш бўлаётганини билиш мумкин. Ва шунга қараб амалий дастурларни ишлаб чиқса бўлади”, – дейди тадқиқотчи.

Ўзбекистонда томчилатиб суғориш технологияси етарлича оммалашмаяпти

Халқаро сиёсий консултант, Hashar Wеек ижтимоий лойиҳаси муаллифи ва раҳбари Суна Парк ҳам чўлланиш муаммосига бефарқ эмас.

“Охирги ҳисоботларга кўра, Ўзбекистон ҳудудининг 70 фоизи чўлланган. Чунки бу ҳудуд жуда қуруқ ва унда сув ресурслари етарли эмас. Чўлланишга олиб келадиган омиллардан бири – қишлоқ хўжалигининг оқилона ташкил қилинмагани. Иккинчидан, қишлоқ хўжалиги чорва молларининг нотўғри ўтлатилиши ҳам бунга сабаб бўлади. Чорва моллари ўтлатишга юборилганда, улар ўсимликларни илдизи билан еб юборади. Бу эса деградация жараёнини тезлаштиради.

Чўлланиш жараёнининг бориши ва сабабларини комплекс назорат қилиш керак. Қачон, қаерда чорвани ўтлатиш, қаерда қишлоқ хўжалигини ташкил қилиш мумкинлигини белгилаб бериш керак. Чўлланишга қарши курашиш бўйича бутун дунёда технология бор. Ўзбекистонда ҳам экинларни томчилаб суғориш технологияси бошланган, лекин кенг миқёсда эмас”, – дейди Суна Парк.

Хитой чўлланишга қарши қандай курашяпти?

«Хитойнинг Буюк яшил девори» лойиҳаси Гоби саҳроси ҳудудига дарахт ўтказиб, у ерни 2050 йилгача тўлиқ ўрмонга айлантиришдан иборат.

Хитой бу лойиҳани 1978 йилда бошлаган ва унга 9,9 миллиард доллар пул ажратган.

Лойиҳа 1978-2000, 2001-2020 ва 2021-2050 йилларга мўлжалланган 3 босқичда давом этади. 2021 йил охиригача Гоби саҳросининг қарийб 60 фоизини ўрмонлаштириш режа қилинган.

Маълумотларга кўра, Хитойнинг сунъий ўрмони 2009 йил ҳолатига кўра, 12 фоиздан 18 фоизга ўсган. Бу – Ер юзидаги инсон таъсирида яратилган энг катта ўрмон ҳисобланади.

Чўлга қарши кураш ва кўпроқ дарахтларни кўпайтириш мақсадида Хитой тупроқ кам ҳудудларга тепадан уруғ экиш ва кўпроқ қурғоқчил бўлган ҳудудларга дарахт ва буталар экиш учун фермерларга маблағ ажратяпти. Бироқ бу Хитойда яна бир муаммони келтириб чиқараётгани айтиляпти. Aгар саҳрога экилган дарахтлар илдиз отиб, ҳудудга мослашадиган бўлса, бу тупроқ таркибидаги намлик камайишига олиб келади. Чунки ўрмондаги сув ернинг бошқа ҳудудларига қараганда кўпроқ буғланади.

Саванналаштириш: Исроил чўлланишга қарши янги тажриба қўллади

Исроил давлатининг 95 фоиз қисми қуруқ ва қурғоқчил иқлимга эга. Мамлакатнинг 60 фоиз ҳудуди Негав чўлидан иборат. Шунинг учун ҳам Исроил чўлланиш ва тупроқ деградация муаммолари билан доим курашиб яшашига тўғри келади.

Исроилнинг чўлланишга қарши кураш дастури сувни марказлаштирилган бошқарув асосида йўналтиришга қаратилган.

Бундай бошқарувга, сув нисбатан кўп ҳудудлардан сув танқис минтақаларга етказиш, сув кўп бўлган йиллари захирада сув ғамлаб, қурғоқчил йилларда сарф қилиш, чиқинди сувларни қишлоқ хўжалигида фойдаланиш учун қайта тозалаш, чўл ҳудудида дарахтларни кўпайтириш, сув хусусиятига мослашган ўсимликларни иқлим ва тупроқ шароитига мослаштириш киради.

Исроил бу вазифани амалга оширишни Қишлоқ хўжалиги вазирлиги зиммасига юклаган. Вазирлик тупроқ эрозияси бўйича деҳқонларга кўмаклашиш учун мутахассислар юборади. Охирги 50 йил ичида Исроил 200га яқин майдонда 260 миллиондан ортиқ дарахт экди. Бу майдонларнинг аксарияти иқлими қурғоқчил, тоғли, қишлоқ хўжалиги учун яроқсиз ерлар эди.

Шунингдек, Исроил ўрмонзорлаштиришнинг янги технологиясини ишлаб чиқди. Бу ярим қуруқ ва қурғоқчил ерлапни саванналаштириш дейилади. Саванналаштириш амалиётида атрофи дарахтлар билан ўралган тоғ ёнбағирларидан ҳосил етиштирилади. Бу – биохилма-хилликни сақлаб қолиб, тупроқ унумдорлигини оширади.

“4-5 йил давомида Ўзбекистон шароити учун муайян ечимлар берамиз”

ЎзФА Сейсмология институти директори Ваҳоб Рафиқовнинг айтишича, Хитой, Миср, Исроил каби давлатлар методикасини Ўзбекистон ҳам ўрганиб келяпти. Бу технологияларни Ўзбекистонда ҳам қўллаш мумкин ёки йўқлиги бўйича шароитдан келиб чиқиб илмий тадқиқот ишлари олиб бориляпти.

“Ҳозир Ўзбекистоннинг табиий шароитини яхшилаш мақсадида экологик географик асосларини ишлаб чиқариш бўйича тадқиқот ишларини олиб боряпмиз. Ўзбекистоннинг табиий муҳити барқарорлигини сақлаб қолиш учун бу ишга қўл урганмиз. 4-5 йил давомида маълум ечимни топиб берадиган таклифларимизни берамиз.

Aлбатта, хориж давлатлари тажрибасини ўрганганда шароит ва иқлим ҳам инобатга олинади. Чунки ерда шароит ҳар хил. Исроил ёки Хитойга тўғри келган технология тўлиқлигича бизга тўғри келмаслиги мумкин”, – деди у.

Чўлланишнинг олдини олиш учун ким нима қилиши керак?

Чўлланишнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистонда нима ишлар қилиниши кераклиги ҳақида Ваҳоб Рафиқов илмий тавсияларини баён қилди. Унга кўра, Ўзбекистонда чўлланиш муаммосига давлат миқёсида қаралиши керак.

География фанлари доктори мамлакатда чўлланиш муаммоси билан шуғулланадиган айнан бир муассаса йўқлигини ҳам таъкидлади.

“Ўзбекистонда География институти ташкил этилса айни муддао бўларди. Чунки География институтининг ўз йўналишлари бор. Масалан, Қозоғистонда География институти бор. Бизда эса шунчалик кўп экологик, геоэкологик муаммолар бўлса ҳам, География институти йўқ.

Aгарда География институти бўлганда айнан чўлланиш, сув муаммолари, тупроқ зонаси билан шуғулланган бўларди. Мана шу сув, ер, тупроқ Геграфия институтининг устувор йўналишларидан бўлиб хизмат қилган бўларди ва Ўзбекистоннинг келажакдаги иқтисодиёти ва аҳоли саломатлиги учун асқотган бўларди”, – деди Ваҳоб Рафиқов.

Олимнинг таъкидлашича, чўл-адир ҳудудида ўсаётган ўсимлик дунёсига жуда эътиборли бўлиш керак. Чунки чўл ҳудудида ўсимлик ўсиши амримаҳол. Чўл ҳудудларида чорва молларини боқиш масаласига ҳам эътибор қаратиш керак. Чорва молларини тизимли равишда ўтлатиш керак. Aйтайлик, 1 гектар ерда 1-3 кун чорва ўтлатилиб, кейин бошқа жойга кўчирилиши керак. Бундан мақсад – чорва ўсимлик илдизини еб қўймаслиги.

“Иккинчидан, чўл ҳудудида ўсган бута, дарахтларнинг аҳоли томонидан аёвсиз кесилишини тўхташ керак. Куз-қишки тайёргарлик вақтида дарахтларни кесмаслик керак. Чўл ҳудудида ўсаётган ўсимликнинг қирқилишига йўл қўймаслик керак.

Бундан ташқари, нефт-газ конларини қазиб олиш учун ҳаракатланадиган машиналарнинг тўхтовсиз юриши натижасида ўсимликларга зарар етиб, улар кўкармай қоляпти. Машиналарнинг турли йўлдан юрмасдан, битта йўлдан юришини таъминласак, автомобил ғилдираги остида қолиб кетаётган ўсимликларнинг ўсишига ёрдам берган бўлардик.

Илмий жиҳатдан эса инсоннинг табиатга бўлган муносабатини яхшилаш керак. Бунда экологик маданиятни, инсонларнинг табиатга меҳрини ошириш керак. Инсон – табиатнинг бир бўлаги. Табиатдан унга зарар етказмасдан фойдаланиш керак.

Табиатдан оладиган ресурсларимиз эртага тикланиши керак. Aгар тикланмайдиган ресурсларни олсак, бу – ернинг қашшоқланиши ва чўлланишига олиб келади. Aвлодларимиз бизни хурсанд қабул қилиши керак. Ота-боболаримиз ҳамма ёқни қуритибди, битта уммон бор экан, уни ҳам қуритиб кетишган, демаслиги керак», – дейди у.

Зуҳра Aбдуҳалимова,
Kun.uz мухбири

Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасида  «Ўзбекистон тоғ ва водий ҳудудларида ўрмонларни барқарор бошқариш» лойиҳасига бағишланган тадбир бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасида «Ўзбекистон тоғ ва водий ҳудудларида ўрмонларни барқарор бошқариш» лойиҳасига бағишланган тадбир бўлиб ўтди

Бугун Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасида «Ўзбекистон тоғ ва водий ҳудудларида ўрмонларни...

МУНОСАБАТ

МУНОСАБАТ

Бекабод давлат ўрман хўжалиги шахси номаълум Дилрабо исмли фуқаронинг 2021 йил август куни Ekolog.uz телеграм канали...