Қурама тоғлари Тяншан тоғ системасининг ғарбидаги тоғ тизмаси ҳисобланади. Ўртача баландлиги 2500 – 3000 м. оралиғида. Энг баланд жойи эса 3769 метрни ташкил этади.
Поп ихтисослаштирилган ўрмон хўжалигининг Оқтов бўлимига қарашли бетактор гўзалликни ўзида акс эттирувчи мазкур жойларда фақат 3 та фаслни кузатиш мумкин. Яъни ёз фасли бўлмайди. Йилнинг аксарият қисмида эса қор билан қопланиши туфайли маҳаллий аҳоли томонидан «Оқтов» номи билан юритилади.
Тоғдаги кўплаб булоқ, ирмоқ ва кўллар атрофга ўзгача тароват бахш этади. Бу ерларда аҳоли 5 ой давомида асосан ўрмон хўжаликларига қарашли ерлардаги яйловарда чорвачилик билан шуғулланади. Қолган мавсумда ёғингарчилик туфайли Оқтовда юришнинг имкони қолмайди.
Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ташаббуси билан бу ерда кўпкари мусобақаси ташкил этилди. Йўлнинг олис ва ноқулайлигига қарамасдан, улоқда қатнашиш учун кўплаб чавандозлар, отбозлар ҳамда кўпкари ихлосмандлари бир жойга жам бўлишди.
Ўйин бошланишидан аввал дастлаб ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар вакиллари маҳаллий аҳоли билан суҳбат қурди. Чўпонларга қийинчилик туғдираётган муаммолар тингланди. Шунингдек, бу ердаги энг долзарб масала йўл билан боғлиқ экан. Ёғингарчилик мавсумидан сўнг йўллар беркилиб қолади. Ҳар мавсумда йўлларни қайта очишга тўғри келади. Бу эса вақт ва маблағ талаб қилади. Чўпонлар эса қисқа муддат ичида чорвасини яйловларда боқиши лозим. Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси томонидан мазкур масалада аҳолига ёрдам кўрсатиладиган бўлди. Яъни йўлларни тозалаш учун Поп ихтисослаштирилган ўрмон хўжалигига алоҳида техника ажратилишини мутасаддилар айтиб ўтди.
Ўзбек йигити болалигидан билагига куч, бошига ақл йиғади. Халқимизда от минишга, кўпкари томоша қилишга қизиқмаган йигит бўлмаса керак.
Кўпкари – Ўрта Осиё халқлари тамаддунида катта аҳамиятга эга мардонавор ўйин, – дейди тарихчилар. Қадимдан сайиллар, ҳосил ва Наврўз байрамларида умумхалқ ўйинлари қаторида кўпкари ўйналган.
Кўпкари оддий кўнгилочар ўйин эмас, у эрни эр қиладиган, мардлик, жасурлик, эпчиллик ва довюракликни шакллантирадиган жиддий машғулот. Бу ердаги асосий масала совринга қўйилган қимматбаҳо нарса эмас, аксинча, эрнинг ори, номдор чавандознинг абжирлиги, юрагида ўти, билагида кучи бор йигитларнинг ғалаба қозониши, мардга доим омад ёр бўлишидадир.
Кўпкарининг ўзига хос сеҳри шу қадар қудратлики, унинг дарагини эшитган чавандозлар юзлаб чақирим йўлни ортда қолдириб бўлса-да, тезроқ ўйин бўлиб ўтадиган манзилга етиб боришга ҳаракат қилишади. Удумга биноан чавандозлар атай таклиф этилмайди, улоққа уларнинг ўзлари келади ва кўпкари олдидан эл қатори яхшилаб меҳмон қилинади. Бу халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган қадимий одат.
Оқтовга келган чавандозлар ўйин бошланиши олдидан яхшилаб тайёргарлик кўришади. Чавандоз ва от ўзаро ҳамоҳанг ҳаракатланиши ғалабага олиб борувчи муҳим омиллардан бири. Бунда эса бир бирини тушуниш, майдонга тушиш олдидан тулпор билан ўзаро алоқани мустаҳкам йўлга қўйиш ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Чавандозлар майдонга улоқ ташланишини кутиб, жам бўлишди. Кўпкарида бу лаҳза энг ҳаяжонли дақиқалардан бири. Улоқ ташланиши билан майдон юзлаб отлар дупурига тўлади. Ниҳоят, баковул томонидан майдонга улоқ ташланади. Улоқни майдонга ташлаган баковул бутун кўпкари давомида ўйинга ҳакамлик қилади. Бериладиган совринлар фақат унинг руҳсати билан эгасига топширилади. Улоқдаги ҳалоллик ва ғирромликни ёлғиз у ажрим қилиш ҳуқуқига эга. Бироқ ҳакамлик иши ҳамиша оқсоқоллар кузатуви остида. Полвонлар улоқни ердан олиб белгиланган манзилни айланиб яна уни олган жойига қайтариши лозим. Бу жараёнда ҳавфли вазиятлар жуда кўп бўлади. Сабаби, кўпкарига келган полвонларнинг аксарияти кўп йиллик тажрибага эга. Вазифа бажарилиши билан ўйин якунланади ва қўйилган соврин эгасига топширилади.
Таъбир жойиз бўлса улоқ ўйинининг меҳри полвонларни майдон сари етаклайди. Унда эр йигит ори учун курашади.
Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси томонидан кейинги кўпкари ўйинларига алоҳид тайёргарлик кўрган ҳолда, бунданда яхшироқ ўтказиш режалаштирилган.
Азизбек Қодиров