Давлат рамзлари
  • Ўзбек
  • English
  • Русский
  • Ўзбек
  • English
  • Русский

Ўрмонлар фақат дарахт эмасдир: соғликдир, бахтдир, ҳузурдир… ҳаётдир!

17 июнь – “Бутунжаҳон чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш куни” сифатида нишонланади. Сана муносабати билан Ўрмон хўжалиги илмий тадқиқот институтида Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги Давлат қўмитаси ҳамда БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг Ўзбекистондаги Ваколатхонаси томонидан анжуман ташкил этилди.

БМТ Бош Ассамблеяси 1994 йилда Бутунжаҳон Чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш кунини нишонлаш ташаббуси билан чиқди. Айнан шу куни “Қаттиқ қурғоқчиликни бошидан кечираётган ва чўлга айланиб бораётган мамлакатларда, айниқса, Африкада чўлланишга қарши кураш тўғрисида”ги БМТ Конвенцияси қабул қилинди. Мазкур ҳужжат БМТ га аъзо барча давлатлар томонидан имзоланди.

– Жаҳон банки маълумотларига кўра, Марказий Осиё минтақаси иқлим ўзгариши оқибатлари таъсирида энг кўп талофат кўриши мумкин бўлган заиф минтақалардан бири ҳисобланади. Ҳаво ҳароратининг ўртача кўрсаткичлари ортиб бориши, музликларнинг эриши, сув ресурсларининг камайиши – қурғоқчилик ва ёки сув тошқинлари кўринишидаги табиий офатларнинг тез-тез юз бериб туришига шароит яратар экан. Бу ўз навбатида, минтақа  мамлакатларига жуда катта иқтисодий зарар келтириши турган гап, – дея қайд этди Ўрмон хўжалиги илмий тадқиқот институти директори, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раисининг ўринбосари Абдушукур Ҳамзаев.

Иқлимшунос олимлар томонидан тақдим этилган аниқ маълумотлар эса бундан-да ташвишлидир. XX асрнинг ўрталаридан бошлаб минтақанинг жанубий қисмида ўртача ҳарорат 0,5 ºC, шимолида 1,6 ºC га кўтарилди. минтақанинг асосий сув манбалари – Сирдарё ва Амударё шаклланадиган Помир ва Тянь-Шань музликларининг учдан бир қисми эриб битди. Буларнинг барчаси сув захираларининг аста-секин камайиши ва қурғоқчиликнинг авж олишига сабаб бўлади.

Шуни қайд этиш жоизки, энг нозик минтақада жойлашган Ўзбекистон айнан шундай аянчли оқибатларга қарши курашиш учун ҳам Марказий Осиё минтақасида биринчилар қаторида Конвенцияга аъзо бўлди, ушбу Конвенция Ўзбекистон ҳукумати томонидан 1995 йил 31 августда ратификация қилинди ҳамда 1996 йилдан кучга кирди.  

Хўш, Ўзбекистонда чўлланишнинг олдини олиш, ўрмонларни қайта тиклаш ва иҳота ўрмонлари барпо этиш бўйича қандай чора-тадбирлар амалга оширилмоқда? Ўзбекистон чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш бўйича халқаро ҳамжамият олдидаги мажбуриятларини қай тарзда бажармоқда? Анжуманда иштирок этган вазирлик ва идоралар, халқаро ва нодавлат ташкилотлар, шунингдек, илмий тадқиқот муассасалари вакиллари Ўзбекистонда чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш масалалари бўйича ўз тақдимотларини намойиш этишди ва юқоридаги саволларга имкон қадар жавоб беришди.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда 70% ёки 31,4 млн гектар ер қурғоқчил майдонлардан иборат бўлиб, уларга, асосан, табиий шўрланган, кўчма бархан қумлари тарқалган, қумликлар ҳамда иссиқ гармсел шамоллари таъсиридаги ҳудудлар киради. Орол денгизининг қуриши, денгизда сув сатҳининг кескин камайиши натижасида Ўзбекистонда яна қўшимча 3 млн гектардан ортиқ майдонда чўл зонаси пайдо бўлди. Натижада, ушбу минтақада экологик муҳит ёмонлашиб, чўлланиш жараёнлари янада кучайди ва бу кўплаб ижтимоий муаммоларни юзага келтирди.

Чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида 2019 йил 22 февралда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Ўзбекистон Республикасида чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш бўйича ишлар самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” Қарор қабул қилинди.

Ушбу қарор билан бир қанча мутасадди ташкилотлар зиммасига муҳим вазифалар топширилди. Хусусан, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси  Республикада чўлланишнинг олдини олиш, ўрмонларни қайта тиклаш ва иҳота ўрмонларини кўпайтириш, чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш бўйича халқаро мажбуриятларни бажариш, чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш масалалари бўйича халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан ўзаро самарали ҳамкорликни таъминлаш, мамлакатимизда чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш бўйича дастур ва лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этадиган вазирлик, идора ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ишларини мувофиқлаштириш, халқаро конвенциялар талабларини бажариш доирасида Ўзбекистон Республикасининг миллий ваколатли органи вазифаларини амалга оширишга масъул давлат органи сифатида белгилаб қўйилди.

Шунга кўра, чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш билан боғлиқ ишларни тизимли ташкил этиш мақсадида Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси томонидан 2019–2023 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Ҳозирда барча чора-тадбирлар Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2019 йил 26 апрелда тасдиқланган мазкур ҳужжат асосида ташкил этилмоқда.

Жумладан, Орол денгизининг қуриган тубида 2019 йилда 501 минг гектарда, 2020 йил баҳорида 703 минг гектар майдонда кўчма қумларни мустаҳкамлаш мақсадида ўрмон барпо этиш тадбирлари амалга оширилди. Ушбу тадбирларни бажаришга 850 дан ортиқ техника ва механизмлар, 4 та АН-2 русумли самолёт, 2 та дельтаплан, 2500 дан ортиқ ишчи ва хизматчилар жалб этилди.  

Бухоро вилоятининг Қизилқум чўлларига туташ ҳудудларидаги суғориладиган водий ерларини ҳамда инфратузилмаларни қум босишидан сақлаш мақсадида 200 минг гектардан ортиқ майдонда саксовулзорлар барпо этиш бўйича ишлар бошланган.

“Йўл харитаси” бўйича Навоий вилоятининг Нурота тоғ олди ерларидаги очиқ бўш майдонларда 10 минг гектар майдонда писта плантациялари ташкил этиш белгиланган бўлиб, бугунгача пистазорлар майдони 2 минг гектарга етказилди.

Ўрмон фонди ерларидан ташқари, суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерларининг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, сув хўжалиги объектларини қум босишидан ҳимоялаш мақсадида иҳота дарахтзорлари барпо қилиш ишлари Давлат дастурига киритилди.

Қўмита тасарруфидаги Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти олимлари Орол денгизининг қуриган тубида “яшил қопламалар”, яъни ўрмонлар барпо этиш орқали минтақанинг экологик ҳолатини яхшилаш, қуриган Орол тубидан кўтарилаётган туз ва чанг бўронларига қарши курашиш чораларини ишлаб чиқдилар. Бу борада соҳанинг забардаст, етук вакили, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, академик Зиновий Богданович Новицкийнинг илмий асосланган технологияси қўл келди. Технология асосида 2018–2021 йилларда Оролбўйи ҳудудида жами 1,6 млн гектар майдонда чўл ҳудудига мослашган ўсимликлардан иборат яшил майдонлар яратилди.

Шунингдек, Навоий, Андижон, Сурхондарё ҳамда Қашқадарё вилоятлари ҳудудларидаги ўрмон хўжаликлари томонидан фойдаланилмаётган бўш ерларни ўзлаштириш ва чўлланишга қарши курашиш мақсадида жами 4900 гектар майдонда писта плантациялари барпо этилди.

Шунингдек, институтда амалга оширилган инновация лойиҳаси доирасида Тошкент вилояти “Саксонота” ўрмон хўжалигига қарашли Чотқол ўрмон бўлимида пистанинг истиқболли 19 шакли жорий этилди ва бу турнинг коллекцион плантациялари ташкил қилинди.

Ўрмон хўжалигининг бўш ётган ва суғориладиган ерларида теракчиликни ривожлантириш мақсадида Германиянинг Барқарор ривожланиш бўйича Эберсвальд университетидан теракнинг 86 та дурагай навлари олиб келиниб, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятлари ва Тошкент вилоятининг “Дархон” илмий-тажриба хўжалигида оналик плантациялари яратилди.

Чўл ҳудудларини ўрмонлаштиришда кўчатларни жадал етиштириб беришни йўлга қуйиш мақсадида, Навоий вилоятидаги “Чўл ҳудудларида ўрмончиликни  ривожлантириш маркази”да Кореянинг “KOICA” ташкилоти билан ҳамкорликда чўл ҳудудларига мос бўлган дарахт-бута кўчатларини етиштиришга ихтисослаштирилган замонавий иссиқхона ташкил этилди.

Орол денгизи қуриган тубида барпо этилаётган чўл иҳота ўсимликларининг яшовчанлигини ошириш, уларнинг жадал ўсишини таъминлаш ва қурғоқчиликка бардошли бўлган бошқа чўл ўсимликларини етиштиришни йўлга қуйиш мақсадида, Испаниянинг «WES» (Western Export Solutions) ҳамда “IMIDA” қишлоқ хўжалиги илмий-тадқиқот институти олимлари билан ҳамкорликда Орол денгизининг қуриган тубида янгидан барпо этилаётган чўл ўсимликларига биологик микроўғитларнинг таъсири ўрганилмоқда.

Олимларимиз томонидан амалий лойиҳа доирасида Орол денгизининг кўчма қумларида чўл ўсимликлари кўчатларини автоматик усулда экишга мўлжалланган янги агрегат ихтиро қилинди. Натижада, кўчатларни экишда иш унумдорлиги соатига 4000 донагача, яъни анъанавий усулларга нисбатан 1,2–1,5 баробарга ошди.

– Тез орада Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Ботаника институти билан ҳамкорликда Геоахборот (ГИС) технологиялари асосида Оролбўйи минтақасининг ўрмон ўсимликлари ва тупроқлари ҳолатининг 3D хариталари ва электрон маълумотлари базасини яратиш бўйича илмий-тадқиқот ишларини бошлаймиз, – дейди Ўрмон хўжалиги илмий тадқиқот институти директори профессор Абдушукур Ҳамзаев. – Бу йўналишдаги ишлар жуда муҳим. Сабаби, чўлланиш ва қурғоқчиликнинг олдини олиш учун ўрмонлар майдонини кенгайтириш, ўрмон барпо этиш, уларни назорат қилиш ва муҳофазалаш шарт.

Анжуманда қурғоқчиликка қарши курашишда ўрмонларнинг аҳамияти муҳим эканлиги таъкидланди, ўрмон неъматлари ва уларнинг барқарор экологик мувозанатни, озиқ-овқат хавфсизлигини сақлашдаги ўрни алоҳида қайд этилди. Бу борада БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар ҳам диққатга сазовордир.

– Ўзбекистонда 2017 йилдан буён ФАО томонидан амалга ошириб келинаётган CADI (Central Asian Desert Initiative) – “Марказий Осиёдаги чўллар бўйича ташаббус” лойиҳаси глобал аҳамиятга эга бўлган ноёб экотизимли мўътадил чўлларни сақлаш ва улардан оқилона фойдаланишга қаратилган бўлиб, Германиянинг Табиат муҳофаза қилувчи Михаэл Зукков жамғармаси томонидан молиялаштирилмоқда, – деди ФАОнинг Ўзбекистондаги Вакили муовини Шерзод Умаров. – Чунки минтақадаги чўллар қушлар, шунингдек, ҳайвонот оламининг ёввойи вакиллари ҳисобланган айрим жуфттуёқлилар учун энг муҳим миграция йўлларидир. Ўзбекистон ҳудудининг асосий қисми чўллардан иборат эканлиги чўл экотизимларининг мамлакат учун муҳим аҳамият касб этишини тасдиқлайди.

ФАОнинг “Ўрта Осиё ва Туркиянинг қурғоқчиликка мойил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ландшафтларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш” лойиҳаси доирасида қурғоқчилик хавфидан барвақт огоҳлантириш, унинг хавфини камайтириш учун инновацион ёндашувлар ва технологияларни намойиш этиш, қурғоқчилик ва шўрланишга чидамли янги экин турларини яратиш ҳамда фермерларнинг мазкур технологияларни ўзлаштиришини таъминлаш бўйича асосий тамойиллар ишлаб чиқилмоқда.

Анжуманда кўплаб халқаро ташкилотларнинг вакиллари, шунингдек, хорижий мамлакатлардан келган ўрмон соҳаси мутахассислари ҳам бевосита иштирок этдилар.

Туркия Қишлоқ хўжалиги ва ўрмон вазирлиги (T.C. Tarim ve Orman Bakanliği) Ўрмон хўжалиги бошқармаси (Orman Genel Müdürluğu) бошлиғининг ўринбосари жаноб Аҳмет Ялвач (Ahmet Yalvaç) Туркиянинг ўрмончилик соҳасидаги ўзига хос жиҳатларига урғу берди.

– Албатта, Туркия ва Ўзбекистон иқлим шароити, рельефига кўра бир-биридан ўзаро фарқ қилади. Бу ўрмончилик йўналишидаги фаолиятимизда ҳам ўзига яраша фарқли жиҳатларни ажратади. Гарчи Туркия чор атрофи денгизлар, сув ҳавзалари билан ўралган мамлакат бўлса-да, бироқ, чўлланиш ва қурғоқчилик хавфи, таҳдиди мавжуд, – деди ўз тақдимотида жаноб Аҳмет Ялвач (Ahmet Yalvaç). – Шу боис ҳам биз айни шу таҳдидларга қарши ҳаракатларимизни ўзаро бирлаштиришимиз, бу борада ўзаро тажрибаларимиз билан ўртоқлашишимиз зарур.

Бундан ташқари, Туркиянинг доривор ва хушбўй ифорли ўсимликлардан оқилона фойдаланиш бўйича тажрибалари намойиш қилинди. Тиббиётда ва пардоз саноатида муҳим хомашё бўлган бу ўсимликлар, асосан, ўрмон маҳсулотлари ҳисобланади.

– Мамлакатимизда 3649 турдаги эндемик, 11466 турдаги табиий ўсимликлар мавжуд бўлиб, уларнинг 80 фоизи ўрмонларда ўсади, – деди ўзининг онлайн тақдимотида Туркия қишлоқ хўжалиги ва ўрмон вазирлиги (T.C. Tarim ve Orman Bakanliği) Ўрмон хўжалиги бошқармаси(Orman Genel Müdürluğu)нинг «Ноёғоч маҳсулотлар ва хизматлар бўлими» бошлиғининг муовини – жаноб Ғолиб Чағтай Тўфонўғли (Galip Çağtay Tufanoğlu). – Туркия ўлка ўсимлик оламининг ўзига хос биохилма-хиллиги бўйича 32 фоиз кўрсаткич билан дунёда етакчи ўринлардан бирини эгаллайди, – дея қайд этди Тошкентдаги анжуманга Анқарадан туриб масофавий боғланган Ғолиббей. Шунингдек, тақдимотда Туркия Ўрмон хўжалиги соҳаси ҳамда доривор ўсимликлар тайёрлаш саноатига доир кўплаб қизиқарли маълумотлар берилди.

Анжуман доирасида табиий ресурсларни комплекс бошқаришга қаратилган қишлоқ хўжалиги технологиялари бўйича ўқув семинари ҳамда ўрмон маҳсулотлари кўргазмаси ҳам ташкил қилинди.

Нодира АБДУЛЛАЕВА,

“Экология хабарномаси – Экологический вестник” журнали

Бош муҳаррири

P/S. Мақолани тайёрлаш жараёнида Туркия Ўрмон хўжалиги бошқармаси(Orman Genel Müdürluğu)нинг расмий вебсайти билан танишдим. Сайтнинг асосий ғояси сифатида танланган бир гўзал мисра эътиборимни тортди: “Ўрмонлар фақат дарахт эмасдир: Соғликдир, Бахтдир, Ҳузурдир… Ҳаётдир!” Айнан шу сермазмун ҳақиқат мақоланинг сарлавҳаси сифатида танланди.

Муносабат

Муносабат

Мажбурий меҳнатга йўл қўйилмайди Мажбурий меҳнатга йўл қўйилмаслиги миллий қонунчилик билан тартибга...