Давлат рамзлари
  • Ўзбек
  • English
  • Русский
  • Ўзбек
  • English
  • Русский

17 – июнь – Бутунжаҳон чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш куни

 17 – июнь куни ҳар йили -“Бутунжаҳон чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш куни” сифатида нишонланади. Бу сана БМТнинг чўлланишга қарши курашиш Конвенцияси, 1994 йилда БМТнинг атроф муҳитни муҳофаза қилиш Конференциясида қабул қилинган бўлиб, бу 3 та Конвенциянинг биридир. (Булар чўлланишга қарши курашиш Конвенцияси, Иқлим ўзгариши Конвенцияси ва Биологик хилма хилликни асраш Конвенцияларидир).

 Ушбу куни муносабати билан, бугун Ўзбекистондаги ФАО Ваколатхонаси томонидан Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институтида, Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси билан биргаликда анжуман ташкил этилди. Унда, вазирлик ва идоралар, халқаро ва нодавлат ташкилотлар, шунингдек, илмий-тадқиқот институтлари вакиллари Ўзбекистон Республикасида чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш масалалари бўйича тақдимотлар билан иштирок этишди. Бундан ташқари, табиий ресурсларни комплекс бошқаришга қаратилган қишлоқ хўжалиги технологиялари бўйича ўқув-семинари ўтказилди.

            Ўзбекистон Осиё регионида биринчилардан бўлиб Конвенцияга аъзо бўлган давлатлардан ҳисобланади ва ушбу Конвенция 1995 йил 31 августда Ўзбекистон Парламенти томонидан ратификация қилинди. 1996 йилдан кучга кирди. Бугунги кунда мазкур Конвенцияга 196 та давлат аъзо.

Ҳозирги кунда Ўзбекистоннинг 70 % ёки 31,4 млн гектар ери қурғоқчил майдонлардан иборат бўлиб, улар асосан табиий шўрланган, кўчма бархан қумликлар ва қумликлар тарқалган ҳамда иссиқ гармсел шамоллари таъсиридаги ҳудудлардан иборатдир. Орол денгизи сув сатҳининг қуриши туфайли Ўзбекистонда яна қўшимча 3 млн гектардан ортиқ майдонда Оролқум пайдо бўлди. Натижада, ушбу регионда экологик муҳит ёмонлашиб, чўлланиш жараёнлари янада кучайди ва кўплаб ижтимоий муаммоларни юзага келтирди. Биргина Оролбўйи минтақасида жойлашган Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Навоий ва Хоразм вилоятларида 2000-2018 йиллар давомида 8 млн гектардан ортиқ ер майдонлари турли даражада шўрланди ва 1 млн га ер майдонларида эрозия холатлари кузатилди. Бу эса ушбу регионнинг 96 % ҳудудини ташкил этади. Чўлланиш таъсирида ушбу регион ҳудудларида етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳосилдорлиги қарийиб 40-45 % гача камайиб кетди. 

Чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши ишларни самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш бўйича ишлар самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги ПҚ-4204 – сонли қарори қабул қилинди.

Ушбу қарор билан Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасига бир қатор қўшимча функциялар юклатилди. Булар қуйидагилардан иборат:

  • Республикада чўлланишни олдини олиш, ўрмонларни қайта тиклаш ва ихота ўрмонларини кўпайтириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;
  • Ўзбекистон Республикасининг чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш бўйича ҳалқаро мажбуриятларини бажариш;
  • Чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш масалалари бўйича ҳалқаро ва минтақавий ташкилотлар билан самарали ўзаро хамкорликни таъминлаш;
  • Ўзбекистон Республикасида чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш бўйича дастур ва лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этадиган вазирлик, идора ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ишларини мувофиқлаштириш;
  • Конвенция талабларини бажариш доирасида Ўзбекистон Республикасининг миллий ваколатли органи вазифаларини амалга ошириш;

Республикамизда “Чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш” ишларини тизимли ташкил этиш мақсадида Қўмита томонидан 2019-2023 йилларга мўлжалланган “Йўл ҳаритаси” ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2019 йил 26 апрелда тасдиқланди ва ҳозирги кунда ишлар шу асосда ташкил этилмоқда. Йўл ҳаритаси 16 банддан иборат тадбирлар белгиланган бўлиб, республикамиз учун энг долзарб қайноқ ҳудудлар танлаб олинган ва қисқа муддат ичида бир қатор ишларни амалга оширишга эришилди.

Жумладан, Орол денгизининг суви қуриган ҳудудида 2019 йилда 501 минг гектарда, 2020 йил баҳорида 703 минг гектар майдонда кўчма қумларни мустаҳкамлаш мақсадида ўрмон барпо этиш тадбирлари амалга оширилди. Ушбу тадбирларни бажаришга жорий йилда 850 дан ортиқ техника ва механизмлар, 4 та АН-2 русумли самолёт, 2 та дельтаплан, 2500 дан ортиқ ишчи ва хизматчилар жалб этилди.  

Бундан ташқари Бухоро вилоятида Қизилқум чўлларига туташ ҳудудларидаги суғориладиган водий ерларни хамда инфраструктураларни қум босишидан сақлаш мақсадида 200 минг гектардан ортиқ майдонда Бухоро яшил қалқонини яратиш мақсадида саксовузорлар барпо этиш бўйича ишлар бошланган.

“Йўл харитаси” бўйича Навоий вилоятининг Нурота тоғ олди ерларидаги очиқ бўш майдонларда 10 минг гектар майдонда писта плантациялари ташкил этиш белгиланган бўлиб, бугунгача 2 минг гектарда ташкил этилди ва яқин 4-5 йил ичида тўлиқ бажарилиши таъминланади.

Шунингдек, Ўрмон фонди ерларидан ташқари қишлоқ хўжалигининг суғориладиган ерларини мелиоратив ҳолатини яхшилаш, сув хўжалиги объектларини қум босишдан ҳимоя қилиш мақсадида ихота дарахтзорлари барпо қилиш ишлари давлат Дастурига киритилди. Ушбу дастурга асосан 2018 йилда 500 гектар ва 2019 йил баҳорида 2495 гектар ва 2020 йил баҳоридан 2000 гектарга яқин майдонларда ихота дарахтзорлари барпо этилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 октябрдаги № ПҚ-4850-сонли қарори билан 2021 — 2030 йилларда мелиорация объектлари атрофида ҳамда қишлоқ хўжалиги ерларида ҳосилдорликни кўпайтиришга йўналтирилган шамол ва сув эрозияларидан ҳимоялаш учун иҳота дарахтзорлари барпо этишнинг прогноз кўрсаткичлари тасдиқланган бўлиб, 2030 йилгача 28700 гектар майдонда ихота дарахтзорлари барпо этиш давлат дастурига киритилган. Келгусида чўлланишга ва қурғоқчиликка қарши курашиш ишларини янада самаралироқ ташкил этиш мақсадида “Чўлланиш ва ерларни таназуллига (деградациясига) қарши актуал масалаларни муҳокама қилиш бўйича Ҳалқаро платформа ташкил этиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

Шу каби яна бир қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу масалалар бўйича қилинадиган ишлар жуда кўп. Бугунги семинарни ўтказишдан мақсад чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш бўйича инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқаришга кенг тадбиқ этиш, маҳаллий аҳолини чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш бўйича ҳабардорлигини ошириш, ерлардан барқарор фойдаланишни ташкил этишдир.

Биз зўравонликка қаршимиз!

Биз зўравонликка қаршимиз!

Аёл ожиза, бироқ кучли, аёл заифа, аммо иродали! Унинг иродаси олдида лозим бўлса буюклар бош эгади. Азалдан эркаклар...