Хоразм вилоятида яшовчи фуқаролар И.Қўчқаров, Ш.Исмаилов, Ж.Машарипов, Ш.Қурбанбаев, Ф.Абдурахмонов ва Б.Авезовларнинг“You Tube” ижтимоий тармоқлари орқали эълон қилинган мурожаатлари юзасидан Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси масъуллари томонидан қуйидаги муносабат билдирилди.
(https://www.facebook.com/100011445603008/videos/1574031249655047)
Ушбу видео мурожаатни Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси назоратга олиб, Хоразм вилоятида яшовчи фуқаролар, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, Хоразм давлат ўрмон хўжалиги мутахассислари ва мурожаат муаллифлари иштирокида жойига бориб белгиланган тартибда ўрганилди.
Мурожаатни ўрганиш жараёнида Хоразм давлат ўрмон хўжалиги директори И.Файзуллаевдан, Хоразм давлат ўрмон хўжалиги ҳуқуқшуноси Б.Раззақовдан, Хоразм давлат ўрмон хўжалиги Қорақум ўрмон бўлими ўрмонбегиси Қ.Ҳайдаровдан тушунтириш хатлари олинди.
Шунингдек, мурожаат муаллифларидан И.Қўчқаров мурожаати ўрганилганлиги ва ҳеч қандай эътирози йўқлиги тўғрисида тушунтриш хати орқали маълум қилган.
Муаллиф Ж.Машариповнинг мурожаати Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси мутахассислари томонидан ўрганилганлиги ва у билан тузилган шартнома Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13 декабрдаги “Давлат ўрмон фонди участкаларини ижарага бериш тартиби тўғрисида”ги 993-сонли қарори билан тасдиқланган Низом талаблари асосида белгиланган тартибда махсус бланкада тузилмаганлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасидан рўйхатдан ўтказилмаганлиги сабабли ҳақиқий ҳисобланмаслиги ҳамда сарфлаган ҳаражатларини ўрмон хўжалигидан ундириш учун хуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиши тўғрисида тушунтириш хати билан маълум қилинган.
Мурожаат муаллифларидан Ш.Қурбанбаев мурожаати юзасидан Хоразм давлат ўрмон хўжалиги ўртасида 2017 йил 1 августда 6-2017-сонли шартнома имзоланган бўлиб, шартноманинг амал қилиш муддати 2021 йил 31 декабрь қилиб белгиланган, шартномага асосан 2019 йил 26 ноябрда 5 млн сўм, 2021 йил 17 мартда 10 млн сўм миқдорида тўлов амалга оширилган, унга огоҳлантириш хати берилган, Хоразм давлат ўрмон хўжалиги томонидан 2021 йил 1 апрелда Ш.Қурбанбаев томонидан шартнома шартлари бажарилмасдан келганлиги сабабли судга даъво аризаси киритилган.
Мурожаат муаллифларидан Б.Авезов мурожаати бўйича у билан ҳеч қандай кўринишда шартнома тузилмаган, Б.Авезовга кўрган зарарини суд тартибида ундириб олиши мумкинлиги тунунтирилди.
Мурожаат муаллифи Ф.Абдурахмонов 2021 йил 26 апрелда хўжаликка Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 993-сонли ва 50-сонли қарорлари асосида ижарага ер майдонлари ажратиб беришликни сўраб мурожаат қилган, бироқ ер майдонларидан ўзбошимчалик билан фойдаланиш ҳолатлари аниқланиб, далолатнома тузилган ва белгиланган тартибда аризасига жавоб хати берилган. Унга Хоразм давлат ўрмон хўжалиги томонидан 2021 йил 5 майда 207-сонли огоҳлантириш хати берилган ва вилоят прокуратурасига ва вилоят ИИБ бошлиғи номига 2021 йил 8 майда 219- ва 220-сонли хатлар билан мурожаат қилинган.
Мурожаат муаллифларидан Ш.Қурбанбаев, Б.Авезов, Ф.Абдурахмоновларга шартномалар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13 декабрдаги “Давлат ўрмон фонди участкаларини ижарага бериш тартиби тўғрисида”ги 993-сонли қарори билан тасдиқланган Низом талаблари асосида белгиланган тартибда махсус бланкада тузилмаганлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасидан рўйхатдан ўтказилмаганлиги сабабли ҳақиқий ҳисобланмаслиги, кўрган зарарларини суд тартибида ундириб олиши мумкинлиги, ҳозирда мазкур масалалар билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари шуғулланаётганликлари тунунтирилди ва бу ҳақда далолатнома тузилди, лекин мурожаат муаллифлари далолатномага имзо қўйишдан бош тортдилар.Далолатнома маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари томонидан имзо ва мухр билан тасдиқланди.