Наманган ва Фарғона вилоятларида Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси томонидан «Доривор ўсимликларни етиштириш, тайёрлаш ва бирламчи қайта ишлаш, кластерлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда соҳага ёшларни жалб этиш» мавзусида кўргазмали-амалий семинар ўтказилди.
Унда мамлакатимизнинг турли вилоятларидаги ўрмон хўжаликлари вакиллари, ишлаб чиқарувчилар, доривор ўсимликлар соҳасида изланишлар олиб бораётган олимлар ва тадқиқотчилар, тиббиёт мутахассислари ҳамда журналистлар иштирок этдилар.
Маълумки, ҳозиргача мамлакатимиз ҳудудида 4,3 мингдан ортиқ ўсимлик турлари ўсиши аниқланган. Уларнинг 750 тури доривор ўсимликлар сирасига киради. 112 тури илмий тиббиётда фойдаланиш учун рўйхатга олинган, бу рўйхатга кирган 70 турдаги доривор ўсимликдан фармацевтика саноатида фойдаланилмоқда.

Республикамизда сўнгги йилларда доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, доривор ўсимликлар етиштириладиган плантациялар ташкил этиш ва уларни қайта ишлаш борасида кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Соҳани ривожлантиришга қаратилган юқори даражадаги ҳужжатлар имзоланмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 апрелда қабул қилинган “Ёввойи ҳолда ўсувчи доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш, маданий ҳолда етиштириш, қайта ишлаш ва мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори айниқса, бу соҳадаги ислоҳотларни янада жадаллаштиришга муҳим туртки берди.
Доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш, уларнинг плантацияларини ташкил этиш, қайта ишлаш орқали соҳанинг иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, бу борада ишлаб чиқарувчилар учун қулай муҳит яратиш, соҳанинг экспорт салоҳиятини ошириш, шунингдек, ишлаб чиқариш жараёнини таълим, илм-фан ва ишлаб чиқаришга интеграциялаш мақсадлари белгилаб олинди.

Кўргазмали семинарни ўтказишдан кўзланган мақсад ҳам айнан шу йўналишда амалга оширилаётган ишларни намойиш этиш орқали ўрмон хўжаликлари ўртасида ўзаро тажриба алмашишни йўлга қўйиш, эришилган ютуқлар ва юзага келган муаммоларни бартараф этиш чораларини муҳокама этишдан иборат эди.
Пойтахтдан водийга томон элтувчи довон йўлида ҳаракатланар эканмиз, Тошкент вилоятининг чегаралари ниҳояланиб, Наманган вилояти ҳудудига кириб келамиз. Ғарбий Тянь-Шань тоғлари Қурама тизмаларининг жанубий ён бағрига туташ Қамчиқ довонидан бошланувчи Поп тумани, Поп давлат ўрмон хўжалиги ҳудуди йўловчиларга бирма-бир ўз тароватини намоён эта бошлайди. Салқин тоғ ҳавоси йўлнинг икки тарафидаги табиат манзараларига янада улуғворлик ва нафислик бахш этади.

Семинар қатнашчилари дастлаб Наманган вилоятининг Поп туманидаги доривор ўсимликлар етиштириш ва қайта ишлашга ихтисослашган Поп давлат ўрмон хўжалигида кутиб олинди. Бу ерда Поп ихтисослашган давлат ўрмон хўжалиги мисолида доривор ўсимликлари етиштириш, тайёрлаш, плантацияларни кенгайтириш, хомашё ҳажмини ошириш, кластерлар билан ҳамкорликда ишлаш, ёшларни соҳага жалб этиш борасида амалга оширилган ишлар бўйича кўргазмали-амалий машғулот ўтказилди.
– Давлатимиз раҳбари томонидан 2020 йил 6 октябрда “Ўзбекистон Республикасида Ўрмон хўжалиги тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси” тасдиқланди, – дейди Наманган вилояти Ўрмон хўжалиги бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Аюбхон Муллабоев. – Ўзбекистон Республикасида ўрмон фондини муҳофаза қилиш, кўпайтириш, ундан оқилона фойдаланиш, ўрмон фондининг ўзлаштирилмаган ер участкаларида янгидан барпо этилган ва ижарага берилган ёнғоқ мевали боғлар (писта, бодом, ёнғоқ) ва тез ўсувчи дарахтлар (павловния, терак) плантацияларини барпо этиш, сув билан таъминланмаган ва ўрмон билан қопланмаган ерларни ўзлаштириб, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат экинлари (дуккакли, мойли, бошоқли экинлар, сабзавот, полиз) ва доривор ўсимликлар плантациялари барпо этиш вазифалари белгилаб берилди ҳамда бу чора-тадбирларни амалга оширишга турли даражадаги енгилликлар ва имтиёзлар берилди.

Ана шулардан фойдаланилган ҳолда, Наманган вилоятида 2000 гектар ер майдонлари ўзлаштирилиши режалаштирилган, бундан ташқари 850 гектар майдонда ёнғоқ мевали боғлар (писта, бодом, ёнғоқ), тез ўсувчи дарахтлар (павловния, терак) плантацияларини барпо этиш белгиланган. Ҳозиргача 600 гектар майдонда плантациялар барпо этилди. Шунингдек, тупроқ эрозиясининг олдини олиш мақсадида 140 гектар майдонда иҳота ўрмонзорлари барпо этилди. Айнан Поп ихтисослашган давлат ўрмон хўжалигига тўхталадиган бўлсак, майдони 118 минг гектардан иборат бўлиб, асосан, доривор ўсимликлар етиштиришга ихтисослашган. Йилига 150-200 гектар майдондан табиий ва маданий ҳолда ўсувчи 30 турдаги доривор ўсимликлар ўстирилиб, ҳар йили 150 тоннадан ортиқ ҳажмдаги тайёр маҳсулот етиштирилади, – дея маълумот берди А. Муллабоев.
Поп ихтисослашган давлат ўрмон хўжалигининг катта қисми Чодак қишлоғи ҳамда унга ёндош тоғли ҳудудлар бўйлаб чўзилган. Чодак икки тарафдан тоғлар билан ўралган баҳаво, сўлим маскан. Қишлоқнинг қоқ ўртасидан Чодаксой оқиб ўтади. Чодаксойда “маринка”, маҳаллий халқ тилида эса “ширмоҳи” деб аталадиган бошқа жойларда топилмайдиган митти балиқлар яшайди. Улар 20 йилгача умр кўриб, узунлиги 30 – 60 сантиметр бўлади. Айтишларича, маринка (ширмоҳи) балиқлари жуда нозиктаъб бўлиб, энг тоза сувдагина яшаркан, сув остидаги тошлар ковакларига, сув ўтлари орасига уруғ қўйиб кўпаяркан. Демак, Чодаксой бу турдаги балиқларнинг яшаши ва кўпайиши учун энг муносиб сув ҳавзаси бўлиб қолмоқда. Чодакка келган меҳмонлар эса, албатта, қуритилган ширмоҳи балиғидан татиб кўришлари мумкин. Чодак қишлоғида кўплаб табиат ёдгорликлари, зиёратгоҳ гўшалар борлигидан бу ерга ташриф буюрувчи сайёҳлар оқими тинмайди. Ёз ойларида, айниқса, дам олувчилар билан гавжум бу гўшада ўрмончиларнинг ишлари ҳам кўпаяди. Ахир табиатга зиён-заҳмат етмаслиги учун улар бу пайтда ҳар доимгидан-да сергак ва ҳушёр бўлишлари керак.

Тўрт минг йиллик тарихга эга Чодак қишлоғининг аҳолиси бугунги кунда 32 мингдан ортиқ. Қишлоқда аҳоли жуда зич жойлашган. Улар учун керакли инфратузилма яратилган. Қишлоқ марказида йирик шаҳарларга хос савдо дўконларидан тортиб, замонавий боғча ва мактаблар, тиббиёт муассасалари барпо этилган. Энг асосийси, бу ерда замонавий дам олиш масканлари, меҳмонхоналар ва экотуризм объектлари бунёд этилган. Аҳоли даромади ҳам, асосан, ўрмон хўжалиги ҳудудида фаолият юритаётган кичик ишлаб чиқариш корхоналари ва дам олиш масканлари ҳисобига ортиб бормоқда. Биргина ўрмон хўжалигининг ўзида 200 дан ортиқ киши доимий иш билан таъминланган, доривор ўсимликлар етиштириш ишларига жалб этилган хотин-қизлар сони 25 нафар, йиғим-терим мавсумида эса яна кўплаб ёшлар иш билан таъминланади.
– “Ўзбекистон Республикасида Ўрмон хўжалиги тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси”да Ўрмон хўжаликларининг доривор ўсимликлар етиштириш, овчилик ва экотуризм йўналишларидаги қўшимча даромадларини ошириш вазифалари ҳам назарда тутилган, – дейди Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси Ўрмонларни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Алижон Маматкаримов биз билан суҳбатда. – Шу мақсадда ўрмон хўжалиги ерларини тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган маҳаллий аҳоли вакилларига имтиёзли асосда ижарага бериш ҳамда экотуризмни ривожлантириш йўлга қўйилган. Поп ўрмон хўжалиги ҳудудида жойлашган Чодак қишлоғи мўътадил иқлими, тоғ этагида, сой бўйида жойлашганлиги билан дам олувчиларни жалб этади. Шу боисдан ҳам бу ерда экотуризмни ривожлантиришга жуда кенг имкониятлар мавжуд. Биргина қишлоқ ҳудудида ўрмон хўжалиги ерларини ижарага олиб фолият юритаётган 70 нафардан ортиқ тадбиркорлик субъектлари мавжуд. Улар экотуризм йўналишидаги дам олиш масканларини ташкил этиб, даромад олибгина қолмай, балки теварак-атрофни кўкаламзорлаштириш, дарахтлар, гуллар экиш орқали мазкур ҳудуд мусаффолиги, тозалигини сақлаб қолишга ҳисса қўшмоқдалар.
Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, ўрмон хўжалигида кичик ишлаб чиқариш корхоналари ҳам ташкил этилган. Масалан, доривор ўсимликларни етиштириш, қуритиш, қадоқлаб, тайёр маҳсулот ҳолига келтиришдан ташқари, улардан эфир мойи олиш ҳам ўзлаштирилган. “Тоғ лавандаси” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ўткиржон Исмоиловнинг сўзларига кўра, доривор ўсимликлардан олинадиган эфир мойлари жаҳон бозорида жуда қадрланар экан. – Корхонамизда 22 нафар ходим меҳнат қилади. Чоғроққина цехимизда доривор майса-гиёҳларни ювиб-тозалаб, хомашёни фильтрлаб, то мой олишгача бўлган мураккаб жараёнга хизмат қилувчи ускуналар ўрнатганмиз. Маҳсулотимиз жуда харидоргир, нархи ҳам жаҳон бозорида жуда қиммат. Ҳатто Туркия, Жанубий Корея, Саудия Арабистонидан келувчи доимий йирик буюртмачиларимиз бор. Яқинда Германиядан ҳам мижозлар келиб, ҳар икки томон учун манфаатли шартномалар тузиш истагини билдиришди. Хуллас, талаб жуда юқори, ахир маҳсулотимиз фармацевтика саноатида, косметика ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари тайёрлашда жуда кенг қўлланилади. Айниқса, лаванда ўсимлигидан оладиган эфир мойига талаб жуда катта.

Лаванда мойи ўзининг фармакологик хусусиятларига кўра кучли антиоксидант ҳисобланади, у теварак-атрофни дезинфекциялашдан ташқари, мия ва юрак иш фаолиятини, улардаги қон айланишини яхшилайди, мушаклардаги оғриқлар ва яллиғланишларни даволайди, асаб хасталиклари ва уйқусизликка даво бўлади, иммунитетни мустаҳкамлаб, сурункали чарчоқни бартараф этади. Унинг яна кўплаб шифобахш хоссалари борки, улар табиатнинг бу неъмати инсоният учун нечоғли қадр-қимматга эга эканлиги, муҳим аҳамият касб этишини исботлайди. Биласизми, Ўткир аканинг айтишларига қараганда, 1 тонна лавандадан бор-йўғи 2 литр эфир мойи олинар экан. Бу унинг қийматини янада оширади албатта. Persistence Market тадқиқот марказининг прогнозларига таянадиган бўлсак, лаванда мойининг дунё бўйича молиявий қиймати 2024 йилгача 63 фоизгача ортиши кутилмоқда. Бу кўрсаткич 76 млн доллардан 124 млн 200 минг долларгача кўтарилиши айтилмоқда (манба – agromedia.com.ua).
Поп ихтисослашган давлат ўрмон хўжалигида бошланган семинар Фарғона вилоятининг Учкўприк туманидаги “Меҳригиё” хусусий корхонасида давом этди. Қўқон шаҳрига жуда яқин жойлашган корхона ҳудудида лаванда плантацияси, розмарин майдонларидан ташқари, кўплаб экзотик мевалар етиштирилар экан. Иссиқхонада банан, киви, папаядан тортиб кофе дарахтигача ўсаркан. Бу ерга келган одам мовий-сиёҳранг тусдаги лавандазорлар қаршисида ҳайратдан бир муддат ўзининг қаерда эканини унутиши, эртакнамо мамлакатга ёки бирор субтропик ўлкага тушиб қолгандай ҳис қилиши турган гап. Бу ерда доривор ўсимликлардан ишлаб чиқарилаётган тайёр маҳсулотларнинг турини санаб, саноқда адашиб кетиш мумкин. Гожи меваси қўшилган доривор асалдан тортиб лаванда гулларидан тайёрланган оромбахш ёстиқчагача, барчаси чиройли қадоқланган, экспортбоп маҳсулот кўринишига келтирилган. Энг асосийси, айни дамда корхона ҳудудида тиббий ва экологик туризм тарғиботига йўналтирилган “Лаванда фестивали” ўтказилаётган экан. Фестиваль доирасида лавандазорлар қучоғида ҳордиқ чиқариш, фотосессия ташкил этиш, корхонада тайёрланган шифобахш маҳсулотлардан баҳраманд бўлиш мумкин.
Семинардан олинган таассуротлар бир олам. Журналистларни қўяверинг, семинар қатнашчиларининг аксарияти, яъни ўрмончиларнинг ўзлари Поп ихтисослашган давлат ўрмон хўжалиги ҳамда “Меҳригиё” хусусий корхонасида амалга оширилган ишлардан олам-олам таассурот олишди, кўп нарсалар ўрганишди.

– Семинарда қатнашиб, доривор ўсимликлар етиштириш бўйича ўзимизнинг ўрмон хўжалигимизда ҳали кўп нарсалар қилишимиз кераклигига амин бўлдим, – дейди Самарқанд давлат ўрмон хўжалиги ходимаси Дилнавоз Эшмуродова. – Доривор ўсимликларни тайёрлашда эътибор қаратиш зарур бўлган энг муҳим жиҳат – маҳсулотни тўғри шароитда қуритиш экан. Офтоб нури тик тушмайдиган салқин жойда, очиқ ҳавода ўрнатилган стелажларда қуритилган маҳсулот ўзининг доривор хусусиятларини ҳамда товар кўринишини ҳам тўла сақлаб қолар экан. Мен Поп давлат ўрмон хўжалиги мисолида бунга гувоҳ бўлдим. Ҳамкасбларимнинг тажрибаларини ўрганиб, ўзимизнинг хўжалигимизда қўллашни мақсад қилдим.

Тадбир давомида Ўрмон фонди ерларида наъматак, чаканда (облепиха) каби доривор, ертут, қорағат (смородина) қулупнай, малина, смородина, голубика сингари резавор ўрмон ўсимликларини ривожлантириш, доривор ковул ўсимлигини етиштириш ва қайта ишлаш ҳамда экспортини йўлга қўйиш бўйича кластер ташкил этиш бўйича лойиҳалар тақдим этилди. Ўрмон хўжаликларининг нафақат доривор ўсимликлар етиштириш соҳасидаги, балки қишлоқ хўжалиги, боғдорчилик, асаларичилик, шунингдек, экотуризм йўналишидаги имкониятлари ҳам кўрсатилди. Бир сўз билан баён этсак, ўрмон хўжалигининг серқирра салоҳияти намойиш этилди.
Чодак – Учкўприк – Қўқон – Тошкент
Нодира АБДУЛЛАЕВА,
“Экология хабарномаси – Экологический вестник” журнали Бош муҳаррири