Ўзбекистонда коврак ўсимлигини муҳофаза қилиш ва кўпайтириш имкониятлари.
Табобатда таркибида киши организмига ижобий та’сир этувчи, биологик фа’ол моддаси мавжуд бўлган ўсимликлар органлари ишлатилади. Одатда доривор маҳсулотлар сифатида ўсимликларнинг илдизи, барги, пўстлоғи, гули, меваси ва бошқа қисмларидан фойдаланилади. Биз фикр юритмоқчи бўлган коврак (ферула) ўсимлигининг асосан елими-илдизидан олинадиган смоласи-шираси тиббиётда ишлатилади.
Коврак (Ферула) туркуми селдердошлар (соябонгулдошлар)-Апиаcеае (Умблиферае) оиласига мансуб бўлиб кўп йиллик ўт ўсимликлардан иборат. Ковракнинг ер юзида 160 дан зиёд турлари, Ўрта Осиё республикаларида 104 тури, Ўзбекистонда эса 50 дан зиёд турлари учрайди. Маҳаллий аҳоли коврак туркумининг ҳар хил турларига қараб сассиқ коврак, рова, равшак, камол, мўрча камол ва бошқа номлар билан аташади.
Смола-елим олиш учун асосан 10 тури ишлатилади, булар сассиқ коврак, рова, куҳистон кавраги ва бошқа номдаги ковраклар ҳисобланади, бу турлар, ташқи марфологик жиҳатдан бир-бирларига жуда ҳам ўхшаб кетади, аммо табиатда сассиқ коврак (Ферула асса-фоетида) кенг тарқалган бўлиб, республикамизда тайёрланиб исте’молчиларга етказиб берилаётган смола-елим асосан шу турдан олинади.
Ковракнинг бўйи 1.5-2 метргача етади, илдизи ё‘ғон 15-20 смгача етади, лавлагисимон чуқур жойлашган. Ўсимлик пояси 8-9 йилда бир маротаба ўсиб чиқади ва гуллайди-монокарп. Пояси тик ўсувчи, ё‘ғон, ичи ковак юқори қисми шохланган. Илдизолди барглари бандли, уч марта ажралган. Барг бўлаклари чўзинчоқ, ёки лансетсимон.Поядаги барглари майдароқ, ташқи томони жуда кўп туклар билан қопланган бўлиб, пояда қини билан кетма-кет ўрнашган. Гуллари мураккаб соябонга тўпланган. Гули оч сариқ, косачасиз, тожбарги 5 та, оталиги 5 та, оналик тугуни икки хонали, пастда жойлашган. Меваси икки бўлакли донача.
Март-апрел ойларида гуллайди, меваси апрел-майда пишиб етилади.Ўсимликнинг ер устки қисмлари ўсиш муҳити ва об-ҳаво шароитига қараб 1.5-2 ой яшайди.
Коврак туркумига мансуб турлар Кавказ, Ўрта Осиё республикалари, Ғарбий Сибирда, Ўрта ерденгизи минтақаларида, Эрон, Афғонистон, Покистон, Хитой ҳамда Ҳиндистонда кенг тарқалган.Тошкент, Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанд, Жиззах, Навоий, Бухоро ҳамда Қорақалпоғистон республикаси ҳудудларида қумли чўллар, адирлар, тоғлар ва тоғолди яланглиқларда, соф тупроқли ерларда ўсади.
Тиббиётда ишлатиладиган елим-смола таркиби эфир мойлари, унга саримсоқ ҳиди берувчи органик сулфидлар, пинен, кумаринлар ва бошқа бирикмалардан ташкил топган.
Ковракнинг елим-смоласи ҳалқ табобатида томир тортиши, ўпка сили, ўлат, захм, кўк ё‘тал, тиш оғриғи, асаб ва бошқа касалликларни даволаш учун, ҳамда қувват берувчи, балғам кўчирувчи ва гижжа ҳайдовчи дори сифатида қўлланилади.
Ковракнинг жуда ёш новдаларини янчиб, қатиқга қориб хавфли шишлар ва захмга даво қилинади. Елим-смоланинг спиртли тиндирмаси (настойкаси), эмулся ва ҳапдори ҳолида астма, томир тортиши ва асаб касалликларида ишлатилади. Илмий медитсинада коврак елим-смоласи- “асса фоетида” номи билан кукун, эмулсия ва спиртли тиндирма (настойка) ҳамда оғриқ қолдирувчи ва тинчлантирувчи восита сифатида ишлатилади ва кўпгина давлатлар фармакопеясига киритилган. Шарқ мамлакатларидан Эрон, Покистон, Ҳиндистон ва Афғонистонда коврак елими ва илдизи кулинарияда зиравор сифатида, косметика саноатида атторлик воситалари ишлаб чиқаришда ишлатилади.
Коврак илдизидан смола-елим олиш эрта баҳордан бошланиб кузгача давом этади, шунинг учун ҳам смола олиш даврлари баҳор ва ёз фаслларига бўлинади. Баҳорги босқич бу тайёргарлик кўриш даври ҳисобланиб, бу босқичда елим-смола олинадиган майдон белгиланиб, ковракнинг умумий захираси аниқланади ва елим-смола олинадиган ўсимликлар белгиланиб чиқилади. Коврак, эслатиб ўтканимиздек, монокарп ўсимлик бўганлиги учун барча тупида пояси бўлмайди, шунинг учун ҳам ўсимликни илдизини поя ва ер устки барглардан тозалаб, смола олишга тайёрлаш лозим. Бунинг учун коврак илдизи атрофини 5-10 см чуқурликда ва 20-25 см кенгликда ковлаб, илдизининг тепа қисми очилади. Коврак илдизини устки қисми очилгандан сўнг, елим-смола олиш учун кесиб қўйилади, 5-6 кун ўтгандан сўнг сифатли елим-смола “Донак” шираси йиғилади, ва тўпланган елим-смола йиғиштирилиб олинади, сўнг яна янги жойдан кесиб қўйилади, мавсум давомида, ўсимлик илдизининг катта кичиклигига қараб 15-20 маротаба кесик қилиш мумкин. Елим-смола йиғиш мавсуми тугагандан сўнг, ҳар бир тупни устини тупроқ билан ёпиб қўйиш керак, келгусида ўсимлик қуриб қолмаслиги учун.
Юқорида та’кидлаганимиздек, коврак елим-смоласи қадимдан Эрон, Афғонистон, Покистон ва Ҳиндистонда тайёрланиб, ишлатилиб келинади. Қўшни республикалар, хусусан Тожикистонда бир неча йиллардан бери тайёрланмоқда. Бизнинг республикамизда эса коврак елимини тайёрлаш расман 2006 йилдан бошланди. Бунда давлат ўрмон хўжаликлари билан
бир қаторда фермер хўжаликлари ва айрим хусусий тадбиркорлар фа’олият кўрсатиб келмоқдалар. Шуни та’кидлаш лозимки, ковракдан смола-елимини олиш учун биринчи навбатда ковракни табиий биологик ва эксплуататсион захираларини аниқлаб, катта масштабдаги харитасини тузиб, улардан табиатга зарар етказмасдан, ўсимлик табиий шароитда қайта тикланишига имконият яратиш керак, табиий майдонларни участкаларга бўлиб йилма-йил, навбатма-навбат елим-смола тайёрлашни амалга оширмоқ лозим. Елим-смола тайёрлашда қуйидаги қоидаларга риоя қилиш керак:
-елим-смола етилган, катта ёшдаги ўсимлик тупидан олиш тавсия этилади;
-биологик жиҳатдан етилмаган 2-3 ёшли ўсимликлардан елим-смола олиш тақиқланади;
-ҳар бир 10 м2 майдондаги 5 та етилган ўсимликлардан учтасидан елим-смола олиш мумкин;
-тайёрлаш даврида гуллаган ўсимликдан елим-смола тайёрлашга ё‘л қўймаслик керак;
-коврак ўсимлигини келаси йилларда кўпайтириш учун уруғ олиш мақсадида, ҳар бир 400-500 м2 майдонда 2-3 туп гуллаган ва уруғ боғлаган ўсимликларни қолдириш мақсадга мувофиқдир.
Ковракнинг табиий захираларини камайиб кетишини олдини олишнинг асосий ё‘лларидан бири бу, коврак ўсадиган табиий шароитда уларни экиб кўпайтиришдан иборат. Бунинг учун, ёзда пишиб етилган коврак уруғидан тайёрлаб, тозаланган уруғни кузда табиий шароитда коврак ўсадиган майдонда 5-10 см чуқурчалар ковлаб, ҳар бир чуқурчага 3-5 дона уруғ қадаб, устини тупроқ билан ёпиб чиқиш тавсия қилинади.
Бундай тавсия, ўрмон хўжалиги ходимлари, фермерлар ва хусусий тадбиркорлар учун, коврак ўсимлигини биологик хусусиятларидан келиб чиқган ҳолда таклиф қилинмоқда, зеро коврак, табиий шароитда етилган уруғидан кўпайиб, кенг майдонда ўсиб ривожланади.
Келажакда мутахассислар томонидан ковракнинг табиий шароитда био-екологик хусусиятларини ўрганиб, уларни маданий ҳолда кўпайтириш ва етиштириш муаммосини ҳал қилиш фанимиз олдидаги асосий вазифалардан ҳисобланади.
М.Аллаёров