Шифобахш гиёҳлардан дори-дармон сифатида фойдаланиш жуда қадимий одат бўлиб, унинг тарихи инсоннинг шаклланиш давридан бошланади. Инсон яшаш ва ҳаёт кечириши учун ён-атрофдаги турли-туман ўсимликларнинг майсалари, новдалари, барглари, мевалари, уруғлари, пиёзлари, туганаклари, илдизлари озиқ-овқат ўрнида фойдаланилган ва улардан ҳар-хил мақсадларда баҳраманд бўлганлар. Шу тариқа, аста-секин ўсимликларнинг дори-дармонлик хусусияти тўғрисида маълумотларни тўплаганлар. Айниқса, қадимий Юнонистон, Хитой, Арабистон, Ўрта Осиё ҳамда Ғарбий Европа мамлакатлари халқлари шифобахш ўсимликлардан дори-дармон ўрнида фойдаланишган.
Буюк алломамиз, Европа давлатларида Авиценна номи билан танилган Абу Али Хусайн ибн Абдуллоҳ Ибн Сино “Тиб қонунларида” ўсимликларни шифобахш хусусиятларини айтиб ўтган, қолаверса беморларни даволаган.
Ҳозирги кунда Республикамизда 120 турдан ортиқ доривор ўсимликлар расмий табобатда фойдаланишга рухсат берилган бўлиб, ушбу ўсимликларни табиий ҳолда йиғиб олинади ва маданий ҳолда ўрмон фонди ерларида етиштирилади.
Қўмита тизимида фаолият юритаётган доривор ўсимликлари мутахассислари учун жорий йил 1-3 июнь кунлари Zoom платформаси орқали онлайн ўқув-машғулотлари ўтказилди.
Ўқув машғулотини А.Хамзаев – Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раиси ўринбосари очиб берди.
Мавзу Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил
26 ноябрдаги “Доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш, уларнинг уруғчилигини йўлга қўйишни ривожлантириш бўйича илмий тадқиқотлар кўламини кенгайтиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4901-сонли қарори ижросини таъминлаш тўғрисида бўлиб ўтди.
Шунингдек, М.Ғаниев – Тошкент давлат аграр университетининг Доривор ўсимликлар кафедраси профессори томонидан Табий ҳолда ўсувчи доривор ўсимликларни хом ашёсини тайёрлаш ҳолати ва муамоллари чуқур таҳлил қилинди.
Ўрмон хўжаликларида доривор ўсимликларини плантацион усулда барпо этиш ҳамда ер шароитига қараб уларни қаторлаб (линейный) экиш тартиби тўғрисида Х.М Мустанов – Доривор ўсимликларни етиштириш ва тайёрлаш бўлими бошлиғи хўжаликлар мисолида ва инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳаларни амалий натижалари билан гапириб ўтди.
Республикамизда инсон саломатлигини сақлаш ва уни муҳофаза қилишга катта эътибор берилмоқда. Инсонлар саломатлигини тиклашда шифобахш ўсимликларнинг роли беқиёсдир. Доривор ўсимликлар халқ табобатида қадимдан турли касалликларни даволашда кенг миқёсда қўлланиб келинган шифобахш воситадир. Ўсимлик хом-ашёларидан тайёрланган дори-дармонларга бўлган талаб йилдан-йилга ортиб бормоқда.
Корхона томонидан доривор ўсимликларни етиштириш, кадоқлаш, тайёр препаратлар чиқариб, дорихоналарни таъминлаш тўғрисида Б.Искандаров – “Гербофарм” хусусий корхонаси мутахассиси маъруза қилди.
Доривор ўсимликлар хом ашёсига ички ва ташқи бозорда бўлган талабини ўрганиш мониторинг қилиш борасида эътибор қаратилди. Доривор ўсимликларни касаллик ҳамда зараркунандалардан асраш ва уларга қарши профилактик ишларни олиб боришда ЎХИТИ директори ўринбосари, қишлоқ хўжалиги фанлар номзоди – Н.Муксимов маъруза қилиб, ўрмон хўжаликларида экилган доривор ўсимликларни зараркунандалардан асраш борасида тавсиялар берди.

Бундан ташқари, ноёб доривор ва зировор ўсимликлар ҳам етиштирилмоқда. Шулардан бири доривор маврак (Salvia officinalis L)дир. Айни пайтда мутахассислар тоғолди, текислик майдонларида ҳамда ўрмон хўжаликларида доривор маврак гиёҳини экиб келмоқдалар.
Бу ҳақда ЎХИТИ “Доривор ўсимликлар деҳқончилиги” лаборатория мудири, қ.ф.н, катта илмий ходим У.Рузметов доривор маврак (Salvia officinalis L) турли тупроқ иқлим шароитларида етиштириш агротехнологияси борасида ўз тавсияларини берди.

Ўрмон хўжаликларида доривор ўсимликларни етиштириш тайёрлаш қадоқлаш ишларини илмий асосда олиб бориш тўғрисида У.Идрисходжаев – Доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш илмий ишлаб чиқариш маркази бош мутахассиси маъруза қилди.
Ўқув машғулоти якунида тингловчиларнинг фикр ва мулоҳозалари, савол-жавоблари ҳамда таклифларига эътибор қаратилди.
