Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси томонидан Ёшлар ишлари агентлиги билан ҳамкорликда Жиззах вилоятининг Зомин туманида “Ўрмон ва ёшлар” лойиҳаси доирасида “Ёшлар ва экотуризм” форуми ўтказилди. Форумда қўмитанинг Миллий табиат боғлари ва овчилик хўжаликлари бошқармаси тасарруфидаги миллий боғлар, ўрмон хўжаликлари мутахассисларидан иборат ёшлар жамоалари, тегишли вазирлик ва идораларнинг вакиллари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

Иштирокчилар сўлим тоғлар қўйнида жойлашган “Зомин” болалар оромгоҳида кутиб олинди. Анжуманнинг очилиш маросимида Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг раиси Низомиддин Бакиров, Миллий табиат боғлари ва овчилик хўжаликлари бошқармаси бошлиғи Фаррух Фазлиев ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги директори ўринбосари Фаррух Омонов сўз олиб, иштирокчиларни қизғин қутладилар.
– Бугунги тадбирдан кўзланган асосий мақсад, ёшларимизда экологик онг, экологик маданият тушунчаларини янада камол топтириш, уларнинг табиатга бўлган меҳрини янада кучайтириш, табиат билан ҳамнафас яшамоқ ва ишламоқ учун рағбат беришдан иборат, – дейди Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раиси Низомиддин Бакиров. – Шу боисдан ўрмон хўжаликлари ҳудудларида амалга оширилаётган қўшма лойиҳаларимизда ҳам ёшларга кенг имкониятлар берилмоқда. Мисол учун, Ўрмон фонди ерларидан 43 минг гектар ер майдони ажратилиб, қишлоқ хўжалиги ва ўрмон маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича бир нечта лойиҳа амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳалар доирасида 32 минг ишчи ўрни ташкил этилган бўлиб, уларнинг 60 фоиз қисми ёшлар вакилларига ажратилган. Ёшларни иш билан банд қилиш, уларнинг ўзлари танлаган йўналишларда яхши даромадга эга бўлишларини таъминлаш мақсад қилинган. “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”га бағишланган чора-тадбирлар доирасида ташкил этилган мазкур форумда ёшларни соғломлаштириш, уларни спорт мусобақаларига ҳамда экотуристик маршрутларга жалб этиш орқали ёшларнинг экологик билимларини мустаҳкамлаш ҳам назарда тутилган.

Айнан шу эзгу мақсад йўлида “Яхшидан боғ қолади” эзгу ғояси асосида Зомин миллий табиат боғи ҳудудида янги “Зомин ёшлар боғи”га асос солинди ҳамда ёшлар вакиллари иштирокида 0,5 гектар майдонга Қрим қарағайи ва можжевельник арчаси сингари манзарали кўчатлар экилди.
Анжуман доирасида ўрмон ҳудудларида сайёҳларга қулай шарт-шароитлар яратиш, зарур инфратузилмаларни ташкил этиш, қизиқарли туристик маршрутларни ишлаб чиқишга илмий ёндошиш мақсадида бир гуруҳ олимлар, ёшлар ва соҳа вакиллари иштирокида “Экотуризмни ривожлантириш” мавзусида илмий-амалий семинар ўтказилди.
Семинарда ёш олимлар ўрмон хўжалиги ва экотуризм йўналишида олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлари тақдимоти билан иштирок этдилар. Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти негизида фаолият юритаётган ёш тадқиқотчиларнинг ишланмалари юзасидан қизғин муҳокамалар, савол-жавоблар бўлди.
Шунингдек, Миллий табиат боғлари ва овчилик хўжаликлари бошқармаси тасарруфидаги ташкилотлар томонидан амалга оширилиши режалаштирилаётган истиқболдаги лойиҳалар тақдимоти ҳам иштирокчилар эътиборини тортди.

– Миллий табиат боғлари ва овчилик хўжаликлари бошқармаси таркибида 4 та миллий табиат боғи ва 10 та ўрмон-овчилик хўжалиги мавжуд бўлиб, форумда улар томонидан 2021ؘ–2022 йилларда амалга оширилиши режалаштирилаётган турли лойиҳалар тақдимоти намойиш қилинмоқда, – дейди Бошқарма бошлиғи Фаррух Фазлиев. – Ҳар бир миллий боғ ва ўрмон-ов хўжалиги ҳудудида маҳаллий шароитлардан келиб чиққан ҳолда экотуризмни ривожлантириш лойиҳалари амалга оширилиши кўзда тутилган.

Зомин миллий табиат боғи тоғли минтақада жойлашган. У ўзининг сўлим табиати, ноёб флора ва фауна олами, тоғ арчазор ўрмонлари билан донг таратган. Шу боис бу ерда тоғ минтақасига хос экотуризм ривожлантирилмоқда. Шу мақсадда меҳмонхона ва кемпинг майдончалари ташкил қилинмоқда.
Орол минтақасида жойлашган Оролбўйи миллий табиат боғида эса экотуризмнинг чўл ҳудудларига хос йўналишлари шакллантирилмоқда. Миллий ўтовлардан иборат меҳмонхоналар барпо этиш, саксовул ўрмонлари майдонларини кенгайтириш, қизилмия етиштириш, сунъий кўллар ташкил этиш ҳамда ўрдакчилик, куркачиликни ривожлантириш лойиҳалари, айниқса, диққатга сазовордир.
Зарафшон миллий табиат боғида атиргул плантациялари барпо этилган бўлиб, бу ерга ташриф буюрган табиат ихлосмандлари она табиатнинг ўзгача бир жозибага эга неъмати ҳисобланган атиргулнинг халқ хўжалигидаги аҳамияти беқиёс эканига ҳам гувоҳ бўладилар. Чунки Зарафшон миллий табиат боғида атиргулдан эфир мойини олиш лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Форумда, шунингдек, ўрмон хўжалиги салоҳиятини кенг оммага намойиш қилиш мақсадида “Ўрмон маҳсулотлари кўргазмаси” ҳам ташкил қилинди. Кўргазма экспонатлари билан танишар эканмиз, мамлакатимизда барқарор экологик мувозанатни сақлашда ўрмонларнинг аҳамияти нечоғли муҳим эканлигига яна бир карра ишонч ҳосил қилдик.
Форум доирасида ёшлар иштирокида “Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раиси кубоги” учун мини-футбол, волейбол, стол тенниси, шахмат, шашка сингари бир қанча спорт турлари бўйича мусобақалар ўтказилди. Мамлакатимизнинг турли ҳудудларидаги миллий табиат боғлари ва ўрмон-ов хўжаликларининг ёшларидан иборат жамоалар ўзаро беллашган спорт мусобақалари ёшларни спортга фаол жалб этиш, соғлом турмуш тарзига ўргатиш ғоясини ўзида мужассам этган бўлиб, ҳар бир спорт тури бўйича ғолиблар аниқланди ва муносиб тақдирланди.
Форумнинг иккинчи куни Зомин миллий табиат боғида ташкил қилинган экотуристик маршрутлар билан бевосита танишиш имкониятига эга бўлдик.
“Ўзбекистон Швейцарияси” дея таърифланувчи Зомин туманида – Туркистон тизмаси ёнбағирларида жойлашган Зомин миллий табиат боғининг умумий майдони 23 894 гектардан иборат бўлиб, ўрмон билан қопланган ҳудудлар 12 169 гектарни ташкил этади. Миллий боғнинг ўзига хос жиҳати шундаки, бу тоғ ёнбағирлари табиий арчазор ўрмонлар билан қопланган.
Зомин миллий табиат боғи илмий ишлар бўйича директор ўринбосари Ҳусниддин Ҳазратқулов берган маълумотларга кўра, бу ерда арчанинг уч тури кенг тарқалган экан. “Биринчи минтақада Зарафшон арчаси, иккинчи минтақада эса ярим шарсимон – Саур арчаси ва Туркистон арчаси формациялари тарқалган”, – дейди Ҳ. Ҳазратқулов. Шу боис ҳам бу ҳудудда бир қанча соғломлаштириш оромгоҳлари ва дам олиш масканлари жойлаштирилган. Арча дарахти ўзидан фитонцид моддалари ажратиб чиқаради, микробларни зарарсизлантириш хусусиятига эга бўлади ва шу орқали атмосфера ҳавоси таркибини тозалайди. Бу эса дам олувчилар, даволанувчилар учун айни муддао бўлиб, астма, бронхит сингари юқори нафас йўллари касалликларига шифо топиш мумкин.

Дарҳақиқат, Зомин миллий табиат боғи бўйлаб сайр этар эканмиз, арчазор ўрмонлар ифоридан ўзгача фароғат туйдик, асл ҳолида сақланган табиат бағрида бир муддат бўлса-да барча ташвишларимизни унутдик. Экотуристик сўқмоқлар бўйлаб ҳаракатланар эканмиз, табиат қудрати ва гўзаллигига яна бир бор тан бердик.
Айни пайтда Зомин миллий табиат боғига ташриф буюрувчи маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун 12 та экотуристик маршрут ташкил этилган.
Антиқавор табиат ёдгорликлари, бетакрор тоғ ландшафтлари бўйлаб чўзилган экотуризм манзилгоҳларининг бири “Бобоёнғоқ экомаршрути” бўлиб, бу маршрутнинг диққатга сазовор жиҳати шуки, бу ерда табиий ҳолда ўсувчи улкан ва кекса ёнғоқ (Juglans regia) дарахти сақланади. Ёнғоқнинг ёши тахминан 700 йилга тенг, баландлиги – 20 метр, шохларининг кенглиги энига – 28 метр, асосининг диаметри – 2,7 метр. Мазкур табиат ёдгорлиги муҳофаза этиладиган объект сифатида ҳимояга олинган. “Минг йиллик арча”, “Шербулоқ”, “Шаршара” экотуристик маршрутлари ҳам сайёҳлар орасида жуда оммалашган йўналишлар ҳисобланади.

Табиийки, миллий боғ тасарруфидаги ўрмонлар миллий бойлигимиз ҳисобланади. Табиий ландшафтларни ҳимоялаш, катта майдондаги арчазор ўрмонларни, алоҳида аҳамиятга эга бўлган табиат ёдгорликларини, ноёб ўсимлик ва ҳайвонот олами вакилларини сақлаб қолиш муҳофаза этиладиган табиий ҳудуд мақомига эга бўлган миллий боғнинг асосий мақсад ва вазифаларидан ҳисобланади. Бу ўрмончилар зиммасига катта масъулият юклайди, албатта.

– Ўрмончи жуда сезгир, зийрак, ўта кузатувчан ва ҳамиша ҳар қандай фавқулодда вазиятга тайёр туриши керак, – дейди Зомин миллий табиат боғи бош мутахассиси Тўлқин ака Исмоилов. – Хавф қайси томондан келишини, қайси пайт рўпарангдан чиқишини билмасанг, ўрмон ичида оғир аҳволда қолиб кетиш мумкин. Ўрмонларимизнинг энг хавфли душмани бу – ёнғиндир. Шу боис биз ҳар доим огоҳ бўлишимиз, ташриф буюрувчиларга ҳам бу ҳудудда қатъий амал қилиниши лозим бўлган тартиб-қоидаларни тушунтиришимиз, керакли йўл-йўриқларни беришимиз жуда муҳим, – дея таъкидлайди Тўлқин ака.
Мазкур форум доирасида ўтказилган тадбирлар ёшларни табиатни асраш, унинг неъматларига шукрона келтириш ва улардан оқилона фойдаланиш сингари эзгу амаллар, экологик ғоялар остида бирлаштирди. Уларнинг табиат ҳақидаги ва экологик билимларини мустаҳкамлашга ҳисса қўшди, деб хулоса қилсак, асло муболаға қилмаган бўламиз.
Нодира АБДУЛЛАЕВА,
“Экология хабарномаси – Экологический вестник” журнали бош муҳаррири
Зомин – Тошкент