Давлат рамзлари
  • Ўзбек
  • English
  • Русский
  • Ўзбек
  • English
  • Русский

“ЎЗБЕКИСТОННИНГ ШВЕЦАРИЯСИ”

Халқ орасида “Ўзбекистоннинг Швецарияси” деб номланадиган Зомин миллий табиат боғига бир гуруҳ журналистлар ва ёшлар ташриф буюрдик.
Бу ерда “Ёшлар ва экотуризм” форуми бўлиб унда “Янги Зомин ёшлар боғи”га кўчатлар ўтқазилди. Илк кўчатни Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раиси Низомиддин Бакиров экди.
Форумга ташриф буюрган республикамизнинг барча ҳудудларидаги миллий табиат боғларининг масъуллари ўзлари олиб келган кўргазмали қуроллар, доривор гиёҳлар, иш жараёнларининг альбомлари билан таништиришди.

— Зомин тоғли ҳудуд. Бу ҳудудда доривор гиёҳлар мўл. Зомин асали жуда машҳур. Гиёҳлардан дамламалар тайёрланган. Бемалол ичиб кўришингиз мумкин, — дея бизларни шифобахш дамламалар турган жойга таклиф қилди Зомин миллий табиат боғи бош мутахассиси Тўлқин Исмоилов.
Овчиларни қайси пайтда ов қилишлари, ноқонуний ов қилишнинг олдини олиш учун тарғибот ишларини олиб борилаётганини Нурота давлат ўрмон ов хўжалиги овшуноси Рустамжон Турсунов гапириб берди.
Дам олувчилар боққа боришганида уларга ўша ернинг тартиб қоидаси ҳақида тушунтирилишини, ов тақиқланган пайтда ов қилганларни жаримага тортилиши ҳақида эса Сирдарё тумани “Қолгансир давлат ўрмон ов хўжалиги” директорининг ўринбосари Камол Ўроқбоевдан билиб олдик.
Зомин миллий табиат боғида асосан Туркистон, Зарафшон ва ярим шарсимон каби ноёб арчалар мавжудлиги ҳақида боғнинг илмий ишлар бўйича директор ўринбосари Ҳусниддин Ҳазратқулов маълумот берди. Ҳаттоки биз боғда минг йиллик арчани ўз кўзимиз билан кўрдик.
Зомин миллий табиат боғининг Бобоёнғоқ, Ўрикли, Санатория, Шаршара, Шербулоқ ва Супа экотуристик сўқмоқлари бўйича саёҳатга чиқдик.
Боғнинг бетакрор табиат манзараси барчамизни ҳайратда қолдирди. Шохлари тарвақайлаб кетган бобоёнғоқ, баландликда тошдан тошга урилиб тушаётган шаршара, ичган сари ичгинг келадиган Шербулоқ, минг йиллик арча ҳаммани ўзига сеҳрлаб қўйди.
Шундай чиройли табиатимиз, бир-бирини такрорламайдиган боғларимиз борлигига шукр!
Хонбиби ҲИММАТ қизи.

Муносабат

Муносабат

Мажбурий меҳнатга йўл қўйилмайди Мажбурий меҳнатга йўл қўйилмаслиги миллий қонунчилик билан тартибга...