(Экологик вазият ва Оролбўйини обод қилиш)
Айни дамда олиму зиёлилар коронавирус падемиясидан ҳам жиддийроқ бир муаммони ҳал этиш устида бош қотирмоқдалар. У ҳам бўлса – Ер сайёрасининг экологик инқирози. Бу борада ўтган йили миллиардер Билл Гейтс ўз блогида “Ер яқин бир неча ўн йилликлардаги иқлим ўзгариши натижасида глобал инқирозга дуч келади. Пандемия қанчалик ёмон бўлса, иқлим ўзгариши бундан ҳам ёмонроқ бўлиши мумкин”, – деб ёзган. Яқинда БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш 22 май – Халқаро биохилма-хиллик куни муносабати билан сўзлаган нутқида “кўз ўнгимизда бутун бошли экотизимлар йўқ бўлиб бормоқда, набобат ва ҳайвонат олами йўқ бўлиш ёқасида турибди, сув-ботқоқлик майдонлари қуримоқда, чўл ҳудудлари эса тобора кенгаймоқда. Ҳар йил 10 млн гектар ўрмон йўқотилмоқда, океанлар пластик чиқиндига тўлиб-тошмоқда ва инсоният атроф-муҳитга чиқараётган карбонат ангидридни тобора кўпроқ ютиши оқибатида оксидланмоқда. Шу билан бирга, табиатни муҳофаза қилишга уни йўқ қилаётган соҳаларга қараганда камроқ пул сарфланмоқда”, – дейди. Унинг таъкидлашича, табиат-ҳаёт манбаи бўлиб, у инсониятни нафақат зарур ресурслар билан таъминлайди, балки кўплаб муаммоларни ҳал қилишда ёрдам беради.
Дарҳақиқат, иқлим ўзгариши ниҳоятда катта фожиаларга сабаб бўлади. Сайёрада ҳаво ҳароратининг ҳар йили ортиб бориши, улкан музликларнинг эриб кетиши, ичимлик сувининг камайиб кетиши, атмосферада парник газлари ҳаддан ташқари кўп миқдорда тўпланиши, кўплаб мамлакатларда қурғоқчилик юз бериши, ҳашаротлар ҳужуми, ўрмонларнинг ёниб кетиши, озиқ-овқат тақчиллиги, кислород танқислиги, камбағаллик ва бошқа юқумли касалликларнинг ортиши, кутилмаган турли табиий офатларни юзага келишига олиб келмоқда. Албатта бундан нафақат одамлар азият чекяпти, ҳайвоноту набототга ҳам жиддий хавф туғдирмоқда. Иқлим ўзгариши шубҳасиз заминимизни одамзод тасаввур қила олмайдиган кўплаб фалокатлар майдонига айлантиряпти.
Ўз-ўзидан табиий савол туғилади: экологик ўзгаришига ким ёки нима сабаб? Жавоб аниқ: курраи заминдаги барча иқлим ва экологик ўзгаришлар, ҳалокатларга – инсон сабабчи. Чунки одамзоднинг онгли равишда табиатга салбий ёндашуви ва зарари ҳосиласидир. Статистик маълумотларга кўра, бир кунда дунёда 9 миллиард литр нефть ёқилади. Бунинг натижасида ҳаводаги СО2нинг миқдори йилига 30 фоизга ортиб бормоқда. Ёки иссиқхона газларининг атмосферага чиқиши ҳам иқлим исишига сабаб бўлувчи омил ҳисобланади. Шу билан бирга ўрмон ёнғинлари ҳам иқлимга салбий таъсир кўрсатмай қолмайди.
Орол денгизининг қуриши нафақат Ўзбекистон табиатига, мазкур минтақада яшовчи кишиларнинг саломатлиги, ҳайвонот ва ўсимликлар дунёсига, мамлакатлар иқтисодиётига ҳам катта путур етказди. Эндиликда бу талафотнинг салбий оқибатларини бартараф этишга қаратилган катта давлат дастурлари, хорижий ҳамкорлик лойиҳалари бир неча йиллардан бери амалга оширилмоқда. Оролбўйи муаммоларини ҳал этиш – мамлакатимизнинг давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Ўтган йили Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси Сенатида янги қўмита – Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси ташкил этилди. Ушбу қўмитанинг асосий мақсади Оролбўйи минтақасини ривожлантиришда парламент иштироки ва назоратини кучайтиришдир.
Президентимиз Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалаларига оид қатор ташаббусларни илгари сурди. Оролбўйи минтақаси аҳолисининг турмуш шароитлари ва сифатини яхшилашга йўналтирилган 2017–2021 йилларда Оролбўйи минтақасини ривожлантириш Давлат дастури тасдиқланди. БМТнинг Оролбўйи ҳудуди учун инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик Траст фонди тузилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Оролбўйи халқаро инновация маркази ташкил этилди. Ўтган йили 23 сентябрь куни бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида иштирокчилар диққатини Ш.Мирзиёев ўз маърузасида глобал иқлим ўзгариши ва Орол муаммосига тўхталди. Сўнгги маълумотларга кўра, Орол денгизининг қуриган тубидаги ўрмон плантацияларининг умумий майдони 1,2 миллион гектарга етганлиги ҳамда жами 800 миллион долларлик 67 та катта лойиҳа амалга оширилганини таъкидлади. БМТ Бош Ассамблеяси томонидан жорий йилнинг 18 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Оролбўйини экологик инновация ва технологиялар зонаси, деб эълон қилиш ташаббусини бир овоздан маъқулланганини хорижий ҳамжамият вакиллари ҳам мумнуният билан қаршиламоқда.
Юртбошимиз томонидан илгари сурилган ташаббус барча вазирлик ва идоралар томонидан кенг қўллаб-қувватланиб, амалиётга татбиқ этилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг 21 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси, Туризм ва спорт вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Маданият вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда Оролбўйи минтақаси учун, Орол фожиасидан жабр кўрган аҳолига амалий ёрдам кўрсатиш учун мадад карвони йўлга чиқди. Жумладан, Орол денгизининг қуриган майдонларидан кўтарилаётган тузли қумлар учун “яшил қопламалар” – ҳимоя ўрмонзорларини барпо этишда ўрмончилар ва Мўйноқ тумани аҳолиси томонидан саксовул уруғлари, ундан ташқари қандим, черкез, қорабарақ ҳамда чўлга чидамли бошқа ўсимликлар уруғлари тайёрланди. Оролбўйи ҳудудида ўрмонзорлар барпо этишга кўмаклашиш, шунингдек, долзарб экологик муаммоларни ҳал қилишга кенг жамоатчиликнинг эътиборини қаратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси томонидан Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманига уруғлар юборилди.
Ўзбекистон Республикасида ўрмон хўжалиги тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида ҳам чўлланишга қарши курашиш, Орол ва Оролбўйи минтақаси чўлланишининг олдини олиш мақсадида ўрмонзорлар барпо этишга алоҳида аҳамият қаратилган. Шунингдек, Концепцияда белгиланган муддатларда “чўлланишга қарши курашиш мақсадида ўрмонлаштиришни ривожлантириш бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи давлат дастурлари ишлаб чиқилади:
1) чўл майдонларида, жумладан Орол денгизининг қуриган тубида:
тупроқ типлари харитасидан фойдаланган ҳолда ўрмон барпо этиш учун яроқли бўлган майдонлар аниқланади;
тупроқлари турли типдаги майдонларга мос дарахтлардан ҳимоя ўрмонзорларини барпо этиш дастури ишлаб чиқилади;
2) суғориладиган ва лалмикор ер майдонларида:
эрозияга қарши курашишда ўрмон дарахтзорларини барпо этиш ва агротехник тадбирларни лойиҳалаштириш бўйича йўриқнома ишлаб чиқилади;
манзарали ва мевали дарахтлардан иборат ўрмон плантациялари ташкил этилади;
3) иҳота дарахтзорларини кўпайтириш учун:
мавжуд инфратузилмалар (барпо этилган йўллар, каналлар, суғориш тизимлари) атрофида мос равишда иҳота дарахтзорлари яратилади;
қишлоқ хўжалиги ерларидаги мавжуд иҳота дарахтзорлари хатловдан ўтказилади ҳамда далалар учун иҳота дарахтзорларининг энг кам меъёри белгиланади;
фойдали қазилмаларни қазиш жараёнида ёки бошқа ҳолатда бузилган ерларни ўрмон экиш йўли билан қайта тиклаш (рекультивация қилиш) ишлари амалга оширилади;
экологик оғир шароитда жойлашган шаҳарлар, аҳоли пунктлари, халқ хўжалиги объектлари атрофида яшил ҳудудлар барпо этиш режаси ишлаб чиқилади ва амалга оширилади”.
Мазкур Концепциянинг ижроси юзасидан Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманидаги Орол денгизининг суви қуриган ҳудудларида 2021 йилда 375 минг гектар майдонда “яшил қоплама”лар барпо этиш белгиланган бўлиб, амалда бугунги кунгача жами 446 минг гектар, шундан авиация ва техника ёрдамида чўл ўсимликларининг уруғидан 437,2 минг гектар, кўчатидан 8,5 минг гектар майдонда “яшил қопламалар” барпо этиш ва тўлиқлаштириш ишлари амалга оширилди. Ўрмон хўжаликлари ва маҳаллий аҳоли томонидан жами 1511 минг тонна чўл ўсимликларининиг уруғлари тайёрланди. Ушбу ўрмон-мелиоратив тадбирларни амалга ошириш учун 700 нафар ишчи-ходимлар, 600 дона техника ва механизмлар, шундан 4 дона АН-2 самолётлари ва дельтаплан жалб этилди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Оролбўйида амалга оширилаётган барча саъй-ҳаракатлар Орол денгизини қайтаришга эмас, балки юзага келган экологик инқирознинг салбий оқибатларини камайтиришга, чўлланишга қарши курашиш, мазкур ҳудудда истиқомат қилаётган аҳолига шароитлар яратиш, қуриган денгиздан кўтарилаётган қум ва туз кўчкиларининг олдини олишга қаратилган. Орол денгизининг қуриган тубида ўрмонзорлар барпо қилиш орқали намликни сақлаб қолиш, қум кўчкиларининг олдини олиш, экологик вазиятни яхшилаш ва барқарорлаштириш ва бу орқали ҳудудни экологик инновация ва технологиялар зонасига айлантириш – мамлакатимизнинг ижтимоий, сиёсий, иқтисодий жиҳатдан янада тараққий этишига олиб келади.
Ватанни авайлаб-асраш, унинг табиий ва маънавий бойлигини эъзозлаш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз бўлгани каби курраи Замин – Ер сайёрамизни ҳам авайлаб-асрашга, унинг барча бойлигини: табиати, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, мусаффо осмонини ва бошқаларни келгуси авлодларга қолдириш – унда яшаётган ҳар бир халқнинг муқаддас бурчи.



Малика Абдухакимова
Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раисининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси