22 май Халқаро биохилма-хилликни сақлаш кунига бағишланган тадбирлар доирасида бугун (21 май куни) Тошкент шаҳрининг “Пойтахт” бизнес марказида Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳамкорлигида брифинг ташкил этилди.
Брифингда, Олий мажлис қонунчилик палатаси депутатлари, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамда Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раис ўринбосарлари, мутасаддилар, журналист ва блогерлар иштирок этишди.
Тадбирда иштирок этган Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раис ўринбосари Абдушукур Хамзаев, Республикада ўрмон хўжаликларида биохилма-хилликни сақлаш, бойитиш мақсадида олиб борилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Ўз нутқида сўнгги 3-4 йилда ўрмончилик соҳасида олиб борилаётган жуда катта амалий ишлар ҳақида, Орол бўйи ҳудудларидаги кенг кўламли “яшил қалқон” барпо этиш тадбирлари, доривор ўсимлик турларини маданийлаштириш, етиштириш ҳажмини ошириш бўйича берилган топшириқлар ижроси борасида тўхталди.
Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тизимидаги миллий табиат боғларида ўсимликларнинг 1400 дан ортиқ турлари мавжудлиги, уларнинг 18 таси “Қизил китоб”га киритилганлиги, ҳайвонларнинг эса 300 дан ортиқ турлари яшаши, уларнинг эса 20 тури “қизил китоб”га киритилганлиги, флора ва фаунани асраш ҳамда бойитиш йўлидаги сайъи-ҳаракатлар ҳақида ҳамда амалга оширилаётган ишлар бўйича маълумот берди.
А.Хамзаевнинг таъкидлашича, Республикамиздаги флора ва фаунани, айниқса ноёб турларни аниқ кадастрини юритишда янги технологиялар (ГИС, Арокосмик тадқиқотлар ўтказиш, дронлар орқали ҳисобини юритиш ва ҳ.к.з), шунингдек, ўрмон флорасини сақлашда касаллик ва зараркунандаларга қарши самарали ва интеграл кураш чораларини ишлаб чиқиш, овбоп ҳайвонларни такрор ва интенсив кўпайтириш усулларини жорий этиш каби йўналишларда олимлар жамоаларини бирлаштириш, масалаларни илмий асосланган ва чуқур ўрганган ҳолда аниқ ечимларини ишлаб чиқишни таклиф этди.
Ўрмон қўмитаси томонидан билдирилган таклифлар бир овоздан маъқулланди.


