Давлат рамзлари
  • Ўзбек
  • English
  • Русский
  • Ўзбек
  • English
  • Русский

Яшил бойлигимизни ўрмон ёнғинларидан асрайлик

 

Инсоният ҳаёти минг йиллар оша ўсимлик ва ҳайвонат олами билан бевосита боғлиқ бўлиб келган. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, ер, сув, табиат ва ундаги ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини инсон ҳаётидан ажратиб тасаввур этиш мумкин эмас. Яратганнинг бизга меҳр-муруввати шунчалар беқиёски, артофимизни ўраб турган бутун борлиқ тириклик манбаигина бўлиб қолмай, бизга гўзаллик, яшаш ва ҳузурланиш завқини ҳам беради. Биргина ўсимликлар дунёсининг умримизга умр қўшаётганлиги табиат ва жамият ҳаётининг бир-бири билан узвий боғлиқлигидан далолатдир. Ана шу боғлиқликларни сақлаб қолиш ва абадийлигини таъминлаш йўлида инсоният қўлидан келгунича яхши, эзгу ишларни амалга оширмоғи керак.

Одамзот табиатни қанчалик севмасин, уни эъзозлаб асрамасин, баъзан ўзидан ҳам фавқулодда озор чекади. Масалан, курраи заминимизнинг турли минтақаларида ўрмонларга чақмоқ сабабли яшин тушиши ёки иқлимнинг ниҳоятда қурғоқчилиги туфайли ўрмонларда ўрмон ёнғини келиб чиқаётганлиги кузатилмоқда. Баъзан одамларнинг эътиборсизлиги ҳамда эҳтиётсизлиги оқибатида минглаб гектар ўрмонзорларда, яйловзорларда ёнғин чиқиб, улардаги мавжуд ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг йўқ бўлиб кетишига сабаб бўлмоқда. Ўрмон ёнғини келиб чиқиши табиатга ва инсониятга жуда катта зарар келтириш барчамизга маълум. Бунда фақат ўрмоннинг гўзаллигига доғ тушибгина қолмасдан, балки ундан ажралиб чиқадиган кислород миқдорининг кескин камайишига, тупроқ таркибининг бузилишига, фойдали ҳашорат ва микроорганизмларнинг йўқолиб кетишига олиб келади. Олимларнинг таъкидлашига қараганда дунё бўйича ҳар йили ўрмонлар ёнғини оқибатида 2 миллион тоннадан ортиқ органик модда йўқ бўлиб кетиши аниқланган.

Статистика маълумотларига кўра 99 фоиз ҳолатларда бевосита инсоният туфайли, қолган 1 фоиз ҳолатда табиий офатлар сабабли ўрмонларда ўрмон ёнғинининг келиб чиқиши қайд қилинган.

 

Ўрмон хўжаликларига қўйиладиган талаблар

 

Ўрмон хўжаликлари:

а)ўрмонда ёнғинга қарши оралик жойлар, йўллар, ёнғинга қарши минераллаштирилган ҳимоя полосалари, зовурлар, сув хавзаларини қуришга, ўрмонларни ёғоч қолдиқларидан ва бошқа тез ёнадиган материаллардан тозалашга ва ўрмонларнинг ёнғин хавфсизлигини оширишга йўналтирилган бошқа ўрмон хўжалиги тадбирларини ўтказишга;

б) аҳоли, ўқувчилар, ўрмонда ишлар олибборувчи ёки объектларга эга бўлган корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар ходимлари ўртасида олов билан эхтиёт бўлиб муомила қилиш ва ўрмонлардаги ёнғинларни ўчириш қоидалари бўйича тушунтириш ишлари олиб боришга;
в) кенг фойдаланиладиган ўрмон йўллари бўйлаб ўрмонда олов билан эҳтиёт бўлиб муомила қилиш зарурлиги ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик ҳақида огоҳлантирувчи эълонлар ва плакатларни ўрнатишга;
г) ўрмон йўллари бўйлаб дам олиш ва чекиш учун умумий фойдаланиладиган жойларни жихозлашга;
д) ўрмон хўжаликлари худудларида пайдо бўладиган ёнғинларни ўз вақтида аниқлаш ва тугатишини таъминлаш чора-тадбирларини кўришга мажбурдирлар.

 

Ўрмонлардаги ёнғинларни ўчириш бўйича юридик ва жисмоний шахсларга қўйиладиган талаблар

 

Ўрмонларда ишлар бажарувчи ёки қўрғонлар, йўллар, омборлар, иншоотлар ва бошқа объектларга эга бўлган ўрмон хўжаликлари ва бошқа корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар ишлаш жойларида, қўрғонлар яқинида, йўллар, омборлар ва бошқа объектларда ўрмонлардаги ёнғинлар пайдо бўлган тақдирда дарҳол ўз кучлари билан ушбу ёнғинларни ўчириш чораларини кўришган ва ёнғин тўғрисида ёнғин мухофазаси органига ва тегишли ўрмон хўжалигига ёки жойлардаги давлат ҳокимияти органларига хабар беришга мажбурдирлар.
Жисмоний шахслар ўрмонлардаги ёнғинни пайқаганда дарҳол уни ўчириш чораларини кўришга, ўз кучи билан ёнғинни ўчириш иложи бўлмаганда ёнғинни мухофазаси органига, ўрмон хўжалиги ва милиция ходимларига ёки жойлардаги ҳокимият органларига хабар беришга мажбурдирлар.
Корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар раҳбари, ўрмон хўжаликларининг ўрмонни мухофаза қилиш ходимлари талабига кўра жойлардаги давлат ҳокимияти органлари қарорларига мувофиқ ўрмонлардаги ёнғинларни ўчириш учун техника воситаларини тезда жўнатишга мажбурдир.
Ўрмонлардаги ёнғинларни ўчириш учун жалб қилинадиган жисмоний шахслар туманлар ҳокимликлари қарорларига мувофиқ ушбу ишларни ўрмон хўжликларининг ўрмоннни мухофаза қилиш ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Давлат ёнғин назорати органлари ва мансабдор шахслари раҳбарлигида бажаради.

 

Ўрмонларда ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик

 

Юқорида санаб ўтилган юридик ва жисмоний шахслар, корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар ўрмондан фойдаланишда ва ўрмонларда ишларни бажаришда мазкур Қоидаларнинг умумий талабларига риоя қилишлари керак.

Ўрмонда ёнғин пайдо бўлиши билан дарҳол ишларни ташкил этишга ва уни ўчириш чораларини кўришга мажбурлар.

Ўрмонларда ёнғин хавфсизлиги қоидалари бузилишида айбдор бўлган шахслар ўрмон хўжалигига етказилган зарар учун Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

 

Ёнғин етказган зарарни аниқлаш

 

Ўрмонларда ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш натижасида ўрмон хўжалигига етказилган зарарни ундириш миқдорини ҳисоблаб чиқариш ва ёнғин пайдо бўлишининг турли сабаблари ва дарахтлар ҳамда бошқа ўсимликларнинг зарарланиш даражасига кўра, дарахтлар қуриши ёки ёғоч нобуд бўлишига оид даъво суммаларининг ҳисоб-китоби Вазирлар Маҳкамасининг Биологик ресурслардан фойдаланишни тартибга солиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисида

2014 йил 20 октябрдаги 290-сонли қарорига мувофиқ белгиланади.

 

Ёнғинни ўчиришнинг дастлабки воситалари

 

Ўрмон хўжалиги юритувчи корхоналар, ташкилотлар ва муассасалархар бир участка (ўрмон участкаси)да ёнғинни ўчиришнинг дастлабки воситаларини сақлаши, зарур бўлганда ўрмонлардаги айрим ёнғинларни бошланғич босқичда ўчиришни мустақил равишда ташкил этишлари керак.

Бунда қуйидагиларга эга бўлишлари зарур:

а) миниш ва юк ортиш эгарлари бўлган отлар;
б) кўчма ёнғин мотопомпаси ёки кичик кўчма ўрмон мотопомпалари;
в) ранецли (сафархалтаси) ўрмон ўт ўчиргичлари – сув пуркагичлар;
г) бензин билан ишлайдиган арра;
д) ёнғин белкураклари, болталар, мотигалар, хаскашлар;
э) зарур суюқликларни ташиш учун сиғими 20 литрли канистралар;
ж) иш кийимлари ва махсус поябзал, ичимлик суви учун сиғими 20 литргача бўлган бидонлар ёки канистралар, сув учун кружкалар;
з) биринчи ёрдам кўрсатиш учун тиббий дори қутичалари.

Кўрсатиб ўтилган барча воситалар ёнғин хавфи мавсуми бошланишидан бир ой олдин ўрмонлардаги ёнғинларга қарши кураш ишларига тўлиқ тайёр ҳолга келтирилган бўлиши керак.

Участкалар (ўрмон хўжалиги участкалари)да ўт ўчириш анжомлари ва воситаларини сақлаш учун ўрмон участкаси бошлиқлари (ўрмончилар)га бириктирилган бинолар, шунингдек майда таъмирлаш учун асбоб-ускуналар ва анжомлар бўлиши керак.
Ўрмон хўжалиги корхоналарининг мансабдор шахслари ёнғин анжомларининг сақланиши ва уларнинг ўрмонлардаги ёнғинларни ўчиришда тўғри ишлатилиши учун тўлиқ жавоб беради.

Анжомлар ишдан чиқганлиги ёки улардан бошқа мақсадларда фойдаланилганлиги, шунингдек ўрмонларда ёнғин хавфсизлиги қоидалари бузилганлиги, шу сабабларга кўра ўрмонларда ёнғин чиққанлиги учун ўрмон хўжалиги корхоналарининг мансабдор шахслари амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ маъмурий ёки жиноий жавоб берадилар, ёки ўрмон хўжалигига етказилган зарар учун мулкий жавоб берадилар.