Давлат рамзлари
  • Ўзбек
  • English
  • Русский
  • Ўзбек
  • English
  • Русский

Аҳмаджон Мелибоев билан қизғин ижодий суҳбат

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасида академик Аҳмаджон Мелибоев билан қизғин ижодий суҳбат  бўлиб ўтди.

Маълумки, жорий йилнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 19 январь куни маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтган эди. Унда Юртбошимиз “Агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир, биз янги Ўзбекистонни барпо этишга қарор қилган эканмиз, иккита мустаҳкам устунга таянамиз. Биринчиси – бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт. Иккинчиси – аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавият”, дея таъкидлаган  эди.

Бугун Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасида ана шу фикрнинг мазмун-моҳиятига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири, таниқли давлат арбоби, “Шуҳрат”, “Дўстлик” медали соҳиби, академик Аҳмаджон Мелибоев иштирок этди. 

Қўмита раиси Низомиддин Бакиров ўрмон хўжалиги соҳаси ва бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапириб, тадбирни бошлаб берди.

Аҳмаджон Мелибоев ҳозирги инсоният эришган ҳам ютуғи ҳам фожиаси  – унинг онгу тафаккури маҳсули эканлиги, башарият ҳаётини остин-устун қилаётгани, пандемия балосини келтириб чиқариб, қанча-қанча давлатлар таназзулга учраётгани ҳақида гапирди.

Мамлакатимизда Президентимиз бошчилигида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда, хусусан, аввало коррупцияни бартараф этиш, ўткинчи нафсу ҳавони жиловлаш, ижтимоий адолатни ўрнатиш орқали халқ розилигига эришиш. Бундан қарийб беш асрдан зиёд яшаб, ижод этган Ҳазрати Алишер Навоий ҳам ўз рубоийсида айнан шулар ҳақида таъкидлаган:

То ҳирсу ҳавас хирмани барбод ўлмас,

То нафсу ҳаво қасри барафтод ўлмас,

То зулму ситам жониға бедод ўлмас,

Эл шод ўлмас, мамлакат обод ўлмас.

(Яъни, тараққиётга тўсиқ бўладиган турли иллатлардан бири – таъмагирлик тугамагунча, нафсу ҳаво қасри қуламагунча, жамиятда адолат устун бўлмагунча – эл шод бўлмайди, мамлакат обод бўлмайди). Ана шу фикрларнинг ўзи ҳам кўрсатиб турибдики, ҳазрат Алишер Навоийнинг адолат мезони юксак бўлган. 

Академик куни кеча нишонланган Хотира ва қадрлаш куни ҳақида гапириб, шу кунгача қанчадан-қанча даҳо зотлардан бевақт жудо бўлганлигимиз, уларнинг юрт тараққиётига қўшган ҳиссалари, қолдирган бой маънавий мероси ҳақида мушоҳада юритди. Хусусан, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидовнинг ўзбек халқининг айрим иллатлари ҳақида ёзилган оддий бир тўртлигини  хотирлади:

Мева берма болангга,

Асра меҳмон холангга.

Маҳкам беркит, яшавор,

Қорайтириб ташавор.

Аҳмаджон Мелибоев улуғ шоир ва ёзувчимиз Эркин Воҳидов ҳақида “Эркин Воҳидов имзоси” номли китобни нашрга тайёрлаганлигини маълум қилди.

“Тарихдан яхши маълумки, ҳар соҳада илмга таяниб иш тутган кам бўлмайди. Боболаримизнинг кўп минг йиллик маънавий мерослари негизида ҳам катта илм, илмий асослар мужассам. Маърифатли, зиёли кишиларнинг ибратли ҳаёти, илмий хазинаси дунё тамаддуни саҳифаларини ҳамон машъала янглиғ ёритиб келади. Халқимизнинг табиати ва тарихий тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, маънавий тарбия ва маънавий комиллик миллий истиқлол ғоясининг муҳим талабига айланди”, – дейди тадбир меҳмони.

Давра суҳбати якунида қўмита раиси Низомиддин Бакиров академик Аҳмаджон Мелибоевга бугунги тадбирдаги иштироки учун миннатдорлик билдириб,  Устознинг 75 ёшга тўлиши муносабати билан жамоа номидан тўн ва бошқа совғалар берилди.

Муносабат

Муносабат

Мажбурий меҳнатга йўл қўйилмайди Мажбурий меҳнатга йўл қўйилмаслиги миллий қонунчилик билан тартибга...