Давлат рамзлари
  • Ўзбек
  • English
  • Русский
  • Ўзбек
  • English
  • Русский

Ўрмон хўжалиги ва давлат тили:концепциялар ижросининг уйғунлиги

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятида 2018-2019 йилларда аграр соҳани ривожлантиришга қаратилган дастур ва лойиҳалар тақдимоти билан танишуви жараёнида “Вақти келиб, ўрмон хўжалиги алоҳида йирик соҳага айланиши зарур”, дея таъкидлаган эди.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда сўнгги 4 йил мобайнида ўрмон хўжалигига эътибор ортиб, фойдаланилмаётган ерлардан унумли фойдаланиш, соҳага инновацион ғояларни татбиқ этиш, даромад топишнинг энг қулай манбаи эканлигига жиддий эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, 2020 йил 6 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида ўрмон хўжалиги тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги                 ПҚ-4850-сон ҳамда 2021 йил 21 январдаги “Ўрмон хўжалиги соҳасида илм-фанни ривожлантириш ва илмий-тадқиқот ишларини рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4960-сонли қарорлари қабул қилинди.

Концепция қабул қилинишидан асосий мақсад – мамлакатимизда ўрмон фондини муҳофаза қилиш, кўпайтириш, ундан оқилона фойдаланиш, унинг моддий-техника базасини модернизация қилиш, соҳага бозор механизмларини ҳамда ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, кадрлар салоҳиятини ошириш ҳисобига илм-фан ютуқларидан самарали фойдаланиш, шунингдек, 2030 йилгача бўлган даврда ўрмон хўжалигини ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларини белгилашдан иборат.

Концепцияни амалга ошириш учун ўрмон хўжалигида илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаш, илмий-тадқиқот ишларини рағбатлантириш ҳамда халқаро стандартлар даражасига мос илғор хорижий тажрибага эга бўлган кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш зарур.

Бу борада Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти писта, бодом, ёнғоқ каби дарахтларнинг янги навларини яратишни,  шифобахш доривор ўсимликларни маданийлаштиришни ҳамда  соҳада кўплаб илмий-тадқиқот ишларини ишларини амалга ошириб келмоқда. Институт қошидаги кутубхонада соҳага оид 25 мингдан ортиқ илмий адабиётлар захираси мавжуд. Уларнинг аксарияти рус ва бошқа тилларда чоп этилган.

Маълумки, ўтган йили 20 октябрда яна бир концепция – “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6084-сонли Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони асосида                                   “2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси” тасдиқланди.

Мазкур концепциянинг 9-бандида “Ўзбек тили ўқув лексикография тармоғини ривожлантириш, янги авлод ўқув ва атамалар луғатларини яратиш, уларнинг электрон вариантларини ишга тушириш” чора-тадбирларини амалга ошириш бўйича бир қатор вазифалар белгиланган.

Мамлакатимизда илм-фаннинг тараққиёти натижасида ўзга тиллардан истеъмолга кириб келаётган тушунчаларнинг кўпайиб бораётгани сабабли уларнинг муқобил атамаларини излаш вақти-соати етди.

Ўзбек тилшунослигида илм-фан, техника, санъатга ёки бирон касб-ҳунарга хос сўзларни атамалар деб аталишини яхши биламиз. Бу сўзлар одатда бир маънони билдиради. Атамалар ҳам ўз навбатида 2 гуруҳга бўлинади: илмий атамалар ва  касбий атамалар.

 Маълум бир фан, санъат ёки техника соҳасида қўлланадиган атамаларга илмий атамалар; маълум бир касб-ҳунарга оид сўзларга касбий атамалар дейилади.

Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти олимлари тилшунос олимлар билан ҳамкорликда ушбу соҳага оид атамаларнинг янгиланган изоҳли луғатини нашр этишни режалаштирган.

Ўрмон хўжалиги соҳасига оид баъзи атамаларни қуйидагича изоҳлаш мумкин:

Арборетум – ботаникага оид атама бўлиб, лотинча arboretum сўздан олинган (русча – древесные насаждения). Ер шарининг турли минтақаларидан келтирилган дарахт-бута турларидан барпо этилган дендрологик боғ маносини билдиради.

Унда асосан маҳаллий шароитларга мослашган совуқлардан зарарлан­май­диган турлар экилади. Арборетумда дарахтларни иқлимлаштириш бўйича тадқиқотлар ўтказилади. Мазкур атамага ўзбек тилидаги муқобили этиб, иқлимлаштирилган боғ дейиш ҳам мумкин.

Агролесомелиорация –  (юнонча  agros — дала; русча лес – ўрмон; лотинча melioratio — такомиллаштириш) қурғоқчилик, қуруқ иссиқ шамол, гармсел, тупроқ дефляцияси ва қумларни кўчиши тоғларда тупроқ эрозияси, тоғ ёнбағирларида   кўчкилар  ва сел оқимларини олдини олиш ҳамда иқлимни ҳамда тупроқ шароитларини яхшилаш мақсадида амалга ошириладиган ўрмончилик, агротехник ва гидротехник чора-тадбирлар мажмуаси.

Зирк – форсча сўз бўлиб, қизил ва аччиқ мевали ўсимлик. Зиркни ўзбек тилида “қарақанд” ҳам  деб аташади. Рус тилида барбарис деб номланади.

Зирк – тоғларда ўсадиган кўп йиллик тиканли бута ва унинг ҳосили зиркдошлар оиласига мансуб доривор ва манзарали  ўсимликлар бўлиб, ер юзининг мўътадил иқлимли минтақаларда тарқалган.

 Зирк меваси ва илдизида қон босимини пасайтирувчи “берберин” алкалоиди мавжуд. Марказий Осиёда тарқалган 8 та зирк туридан 3 таси Ўзбекистон флорасида учрайди.

Зирк меваси шарбати қонни заҳарли моддалардан тозалайди, қон босимини пасайтиради ҳамда ўтни ҳайдайди.

 Қуритилган мевалари зиравор сифатида фойдаланилади ва кондитер саноатида ишлатилади. Бундан ташқари қизил зирк ва тангасимон зирк турлари мавжуд бўлиб, барча зирк турлари асосан тоғолди ва тоғли худудларда кенг тарқалган. Зирк турлари асосан уруғидан кўпайтиралади.

Бинар номенклатура – лотинча сўз бўлиб, binarius — қўш, қўшалоқ — ўсимлик ёки ҳайвоннинг қўш ном — туркум (ҳайвонларда уруғ) ва тур номи билан аталиши; қўш исмлилилик, ўсимликларни икки ном билан аташ тартиби.

Лотин тилида ўсимлик ва ҳайвонларни қўш ном (Бинар номенклатура) билан аташ қабул қилинган. Бунда биринчи ном туркум номини, иккинчиси ўсимликни морфологик белгиси, жой номи, буюк ботаник олимлар номлари бўлиши мумкин.

Бу тартиб К.Линней томонидан таклиф этилган. Macалан, Tulipaferganica (Фарғона лоласи): Tuli pa—туркум, ferganica — тур. Қўш ном ўзбек тилида ҳам қадимдан бор. Масалан, мас, мирза терак, бақа терак х.к. қўшма номлар кўплаб учрайди.

Рекреация(лотинча recreatio “тикланиш”) аҳолининг дам олиши учун  экологик шароитларни яратиш турлари. Рекреацион ўрмон деганда табиий ресурсларнинг бир қисми бўлган ва инсонларни меҳнатга қобилияти ва соғлиғини тикловчи, инсонларни дам олиши ва хордиқ чиқаришини таъминловчи ўрмон тушунилади. Уларнинг иқтисодий самарадорлиги жуда юқори. Мазкур атама ўзбек тилида дам олиш маъносини беради.

Боскет – (французча Bosquetиталянча. Boschetto — ўрмонча, дарахтзор) тўғри геометрик шакллга эга ёпиқ дарахтзорлардан иборат, тирик девор сифатида экилган дарахт ва буталардан иборат ландшафт композицияси ҳисобланади. Боскет ичкарисида фавворалар, гулзор, яшил театрлар жойлашиши мумкин.

Дренаж (французча drainage)  – ер захини қуритиш ва сизот сувлари сатҳини пасайтириш учун ишлатиладиган  зовурлар ва трубалар тизими.

Ерларни дренажлаш — қишлоқ хўжалиги мелиорациясининг муҳандислик усули; экинларнинг нормал ривожланишига халақит берадиган ортиқча тупроқ-грунт сувларини ва сувда эрувчан заҳарли тузларни тупроқ қатламларидан чиқариб ташлаш учун қуриладиган гидротехника иншоотлари тизими ҳисобланади.

 Грунт сувлари тўпланиб қоладиган ёки унинг оқиб кетиши қийин бўлган жойларда шўрланиш ва ботқоқланишга учраган тупроқларда дренаж барпо қилинади. Бундай ерларда дренаж қуриш грунт сувларининг оқиб кетишини ва натижада тупроқ қатламининг тадрижий шўрсизланишини, юза грунт сувлари сатҳини пасайтиришни таъминловчи мелиоратив комплекснинг асоси ҳисобланади.

Шўрланган қурғоқчил зонадаги районларда гидротехник дренаж грунт сувлари сатҳини шўр ювишни ўтказишга имкон берадиган чуқурликкача пасайтириш; дренажланадиган тупроқ-грунт қатламидан шўр ювишда сувда эрийдиган заҳарли тузларни чиқариб ташлаш; чучуклаштирилган грунт сувлари сатҳини илдиз тарқаладиган тупроқ қатламини шўрланишга олиб келмайдиган даражада сақлаш кабиларни таъминлайди.

Мульча – инглизча сўз бўлиб, mulch – “юмшоқ” маъносини билдирса-да, айрим адабиётларда “қоплаш” маъносида қўлланилади. Тупроқ юзасини беркитиш учун ишлатиладиган мульчалар асосан турли материаллар, жумладан майдаланган торф, органик ўғит, компост, ёғоч қириндиси ҳамда сомонлардан тайёрланади.

Мульча тупроқ намлигини узоқ вақт сақлаш ва уларнинг буғланишини олдини олишда хизмат қилади.

Мульчалаш ўсимликнинг ўсиши шароитига ижобий таъсир этади. Хусусан ер бетидан намнинг жадал буғланишини камайтиради, сутка давомида ҳароратнинг ўзгариш амплитудаси муқобил бўлишини таъминлайди, ер бетини сув ювиб кетиши ва шамол учириб кетишидан ҳимоя қилади, тупроқ структурасини саклаш ва яхшилаш имконини беради ҳамда тупрокда кечадиган биокимёвий фойдали жараёнларни кучайтиради.  Бунинг натижасида ўсимликнинг озиқланиши яхшиланади ва ер бетини қатқалоқ босишдан сақланади.

Улуғ бобокалонимиз Абу Райҳон Беруний ўз она тилидан ташқари араб, суғдий, форс, сурёний, юнон ва қадимий яҳудий, санскрит тилларини пухта ўрганган олимларимиздан ҳисобланади.

У бошқа тиллардан ўз тилига таржима қилиш жараёнида “Агар таржималаримизда ишлатган сўзларимиз одатда ишлатилганига тўғри келмаса, маъноларига эътибор берилсин, чунки мақсад маъноларни билишдир”1, дея таъкидлайди. Аллома айтганидек, мақолада келтирилган айрим атамаларга ишлатилган изоҳлар ўқувчилар фикри билан тафовут қилиши мумкин. Лекин берган изоҳларимиз илмий изланишларимиз асосида келтирилди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, қабул қилинаётган концепциялар соҳани янада изчил тараққий эттиришга, миллий ўзлигимизни англашимизга ва ҳаётимизни барқарорлашувига хизмат қилади.

Ҳозирги кунда тилимизнинг янада софлигини асраш, ёт тушунча ва атамаларининг ўз тилимиздаги муқобилини излаб топиш, уларни истеъмолга киритиш нафақат тилшунослар, балки ҳар бир соҳа вакиллари орасидаги муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси

раисининг маслаҳатчиси

Малика Абдуҳакимова


1 Ҳикматлар шодаси. – Т.: Ўзбекистон, 2019. 58-бет.

Муносабат

Муносабат

Мажбурий меҳнатга йўл қўйилмайди Мажбурий меҳнатга йўл қўйилмаслиги миллий қонунчилик билан тартибга...