Давлат рамзлари
  • Ўзбек
  • English
  • Русский
  • Ўзбек
  • English
  • Русский

Ўрмон хўжаликлари ўз олдига қўйилган вазифани қай даражада уддалаяпти?

Иқтисодиётнинг ресурс базасини кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш, экологияни яхшилашда ўрмон хўжалиги муҳим ўрин тутади.

Мамлакатимизда давлат ўрмон хўжаликлари томонидан қандай ишлар амалга оширилди? Қўмита фаолияти қониқарлими?

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раиси Низомиддин Бакиров ЎзА мухбирига шу ва соҳада амалга оширилаётган бошқа ишлар ҳақида сўзлаб берди.

– Сўнгги йилларда соҳани жадал ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, мамлакатимизда ўрмон фонди ерлари 12 миллион гектарга етказилди, – дейди Н.Бакиров. — Жумладан, Орол денгизининг 1,2 миллион гектар қуриган тубида ихота дарахтзорлари барпо этилди. Фойдаланишдан чиқиб кетган 10 минг гектар ўрмон хўжалиги ерлари ўзлаштирилди, 5,5 минг гектарда ёнғоқ, 4 минг гектарда озиқ-овқат экинлари ва доривор ўсимликлар плантациялари ташкил этилиб, 3 мингта янги иш ўрни яратилди. Ўрмон хўжаликларида биринчи маротаба 64 та биолаборатория ташкил этилди.

Бир нарсани алоҳида таъкидлашни истардимки, жорий йил ўрмон фонди ерларида жами 5 минг гектар майдондан доривор ва озиқ-овқатбоп ўсимликларнинг плантациясини барпо этиш режалаштирилган бўлиб, айни дамда бу вазифа 85 фоиз бажарилди.

Ҳозирги кунда ўрмон хўжаликлари томонидан ноёб турдаги лаванда, дамашқ атиргули, годжи, гуава каби доривор ўсимликларнинг оналик плантациялари барпо этилмоқда, келгуси йилда бу доривор ўсимликлар майдонини 935 гектарга етказиш режалаштирилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13 декабрдаги қарори билан тасдиқланган “Давлат ўрмон фонди участкаларини ижарага бериш тартиби тўғрисида”ги Низом асосида 2020 йил 1 январдан ўрмон фондининг фойдаланилмаётган ерлари жисмоний ва юридик шахсларга инвестиция шартномаси ёки давлат-хусусий шериклик асосида уч йилдан кам бўлмаган ва қирқ тўққиз йилдан ошмайдиган муддатга ижарага берилиши жорий қилинди.

2021 йил 1 апрель ҳолатига ўрмон фондининг ўзлаштирилмаган 42 минг 567 гектар ер участкасига 4 минг 14 та ижарага бериш шартномаси расмийлаштирилди. 18,7 миллион евро миқдорида инвестицион лойиҳалар амалга оширилмоқда ва шу билан бирга, 9 минг 602 та янги иш ўрни яратилди.

Давлатимиз раҳбарининг дориворчилик соҳасини ривожлантириш мақсадида 2020 йил 26 ноябрда қабул қилинган “Доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш, уларнинг уруғчилигини йўлга қўйишни ривожлантириш бўйича илмий тадқиқотлар кўламини кенгайтиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳузурида Доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш илмий ишлаб чиқариш маркази ташкил этилди.

Ўрмонлар сайёҳлар учун ҳам қизиқ. Ўтган йили экотуризм ва ов туризмидан жами 1 миллиард сўм тушган. Бўстонлиқ туманидаги янги тизим ўрмон ҳудудларида туризмни ривожлантириш бўйича жуда катта захиралар мавжудлигини кўрсатди. Мисол учун, «Бурчмулла» ўрмон хўжалигида хусусий шериклик асосида 300 ўринли экотуризм маскани барпо этилган.

Шу кунгача ўрмон фонди ерларида рекреация ва маданий дам олишлар ташкиллаштирилмаган ҳолда амалга оширилиб келиш ҳолатлари мавжуд эди. Экотуризмдан тушаётган даромад 2019 йилда 1 миллиард сўмни ташкил қилган бўлса, 2020 йилда бу кўрсаткич пандемия шароитига қарамасдан 50 фоизга кўпайди. Келгусида эса экотуризмдан тушаётган даромадни 10 миллиардга чиқариш режалаштирилган.

Ўрмон фонди ерларида бир қанча эко дам олиш масканлари, меҳмонхоналар, рекреация ҳудудлари барпо этилмоқда. Хусусан, Қўқон давлат ўрмон хўжалигида 2.5 гектарли илк эко лабиринт боғи, мини зоопарк, Бурчмулла давлат ўрмон хўжалигида 300 ўринли Хивинс Гарденс меҳмонхонаси, Севен Три дам олиш маскани, Европадан келтирилган Буғулар учун махсус парваришхона, Хоразм давлат ўрмон хўжалигида дам олиш масканлари барпо этилди.

Туризм ва спорт вазирлиги билан биргаликда жами 40 та салоҳиятли ўрмон ва ов хўжалиги танлаб олиниб, ҳар бири бўйича алоҳида драйверлар аниқланди. 2025 йилгача эко ва ов туризмидан тушадиган даромадларни ошириш режалаштирилди.

Жорий йилда 2,5 минг гектар майдонда ихота дарахтзорларини барпо қилиш белгиланган. Бугунги кунгача 1,8 минг гектар майдонда ихота дарахтзорлари барпо этилган.

Ҳали ишга солинмаган имкониятлар кўп. Масалан, пиллачиликда озуқа базасини кўпайтириш мақсадида фермер хўжаликларида 2 минг гектар, келгуси йилда 2,5 минг гектарга тут кўчатлари экиш режалаштирилган.

Маҳаллий пистанинг сувсизликка чидамли ва юқори ҳосил берадиган 13 турдаги янги нави рўйхатдан ўтказилиб, тоғли туманларда экилмоқда.


Муҳайё Тошқораева