Давлат рамзлари
  • Ўзбек
  • English
  • Русский
  • Ўзбек
  • English
  • Русский

Ўрмон хўжалиги ҳақида

Республика Ўрмон хўжалиги Бош бошқармасига қарашли ерлар майдони 2007 йил 1 январ ҳолатига 8,7 млн гектарни ёки республика умумий майдонининг 18,1 % ини ташкил қилади. Шундан ўрмон билан қопланган майдон, 2,7 млн гектарни ва республиканинг умумий ер майдонига нисбатан 5,3 % ни ташкил қилади.

Республикада Ўрмон хўжалиги тизимида 7 та вилоят марказий ўрмон хўжаликлари ва уларнинг таркибида 54 та ўрмон хўжалиги, 8 та мустақил ўрмон хўжалиги, 8 та махсус ўрмон хўжалиги, 6 та қўриқхоналар, 5 та ов хўжалиги, 1 та миллий табиий боғ ва 21 ишлаб чиқариш участкалари мавжуд.

Охирги йилларда ўрмон хўжалигининг ривожланишига катта аҳамият берилмоқда. Натижада ўрмон фонди ер майдонлари 5,1 млн гектарни ташкил этиб, 2006 йилга 8,7 млн гектарга етказилди, шу билан бирга бу ерларда бир неча янги ўрмон хўжаликлари ташкил қилинди.

Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 2 январдаги 13-сонли қарори билан бошқа тизимларга қарашли бўлган ўрмон билан қопланган майдонларнинг 400 минг гектари хозирги кунга қадар Бош бошқарманинг қарамоғига ўтказилди.

2007 йилда Сурхондарё вилоятида фермер хўжаликларига айлантирилган ширкат хўжаликларига қарашли бўлган 27,1 минг гектар майдондаги ноёб игна баргли арчазорлар ўрмон хўжалиги таркибига ўтказилди.

Қашқадарё вилоятида хам ўрмон билан қопланган майдонларни ўрмон фонди ерларига ўтқазиш бўйича бир мунча ишлар амалга оширилмоқда.

Республикада ўрмонларнинг муҳимлиги ва уларни миқдори камлигини инобатга олиб, ҳаракатда бўлган меъёрий хужжатларга асосан ёппасига кесиш ишлари тўхтатилган ва фақат ўрмонларни санитария ҳолатларини яхшилаш мақсадида кесиш ишларига рухсат берилган.

Ҳар йили ҳар турдаги кесиш ишларидан 30-35 минг м3 ёғоч олиниб, маҳаллий қурилиш ишларида ва ўрмон хўжаликларида ташкил қилинган цехларда халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқаришда ишлатилмоқда.

Бундан ташқари ўрмон хўжалиги тизимида ҳар йили 65 тоннадан ортиқ ёнғоқ, 15 тоннадан ортиқ бодом, 30 тонна писта, 2500 тонна мева-сабзавот маҳсулотлари ва 300 тоннага яқинроқ доривор ва озуқабоп ўсимликлар тайёрланади. Охирги йилларда ушбу доривор ва озуқабоп ўсимликларини ва қисман қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қадоқлаш ва савдо шаҳобчаларига етказиш ишлари амалга оширилган.

Ҳар йили республика ўрмон фонди ерларида 42 минг гектар майдонида янги ўрмонзорлар барпо этилмоқда. Шундан 80 % Орол денгизининг қуриган тубида ва Орол бўйи минтақаларида чўл ўсимликларидан ўрмонзорлар барпо этилмоқда. Тоғли ҳудудларида 3 турдаги арча, ёнғоқ, бодом, писта ва бошқа турдаги дарахтлар водий ҳудудларда терак, чинор қайрағоч, мевали дарахтлар ва бошқа тез ўсувчи дарахтлар экилмоқда.

Кейинги йилларда уруғдан сепиб маданий ўрмонзорлар барпо этиш яхши самара бермаётганлиги сабабли кўчатдан экиш усули кенг кўламда қўлланилмоқда. Бу ўз навбатида ўрмон билан қопланган майдонга ўтказишни таъминлашда яхши натижа бермоқда.

Ўрмон хўжалиги Бош бошқармаси томонидан республика аҳолисининг ва халқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг ёғоч хом ашёсига бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида терак ва бошқа тез ўсувчи дарахтларни саноат плантациясини кўпайтиришга катта аҳамият берилмоқда. Ҳукумат томонидан қабул қилинган 1994 йил 8 февралдаги 62 сонли махсус қарори бўйича ўрмон хўжаликларида ҳар йили 400 гектардан жами 4,0 минг гектар саноатбоп плантациялар барпо этиш белгиланиб, ҳозирги кунгача ўрмон фонди ерларида 5,3 минг гектар майдонда теракзорлар ва бошқа тез ўсувчи саноатбоп дарахтлардан плантациялар барпо этилган. Дастлабки пайтдаги экилган кўчатлар бугунги кунга келиб саноатбоп ёғоч сифатида кесиб олиниб, ўрнига янги саноатбоп плантациялар барпо қилинмоқда. Ўртача ҳар бир гектардан 200 м3, жами 5-6 минг м3 ёғоч олинмоқда. Ушбу хом ашё хар бир хўжаликда ташкил қилинган цехларда ҳалқ истеъмол моллари ишлаб чиқарилмоқда. Ҳозирги кунларда маҳсулотларни турини купайтириб, уларнинг сифатига катта аҳамият бериш натижасида республика ички бозорида ўрмон хўжалиги маҳсулотлари ўз ўрнини топди.

Ҳозирги кунда ўрмон фонди ерларида 800 минг гектардан ортиқ сунъий ўрмонзорлар мавжуд. Шундан 1,4 минг гектарда игна баргли, 4,4 минг гектарда қаттиқ баргли, 6,4 минг гектар майдонда юмшоқ баргли, 24,8 минг гектарда ёнғоқ ва ёнғоқ мевали ҳамда бошқа турдаги ўрмонзорлардан иборат.

Экологик жиҳатдан ечими лозим бўлган муаммолардан бири Орол муаммосини ечиш мақсадида Орол денгизи тубида кўтариладиган қум ва зарарли туз заррачаларининг ҳавога кўтарилишининг олдини олиш мақсадида дастлабки йилларда йилига 3-4 минг гектардан экилган бўлса, 2000 йилдан бошлаб йили 15-20 минг гектардан химоя ўрмонзорлари барпо этиб, ҳозирги кунда ушбу майдон ҳажми 300 минг гектардан ортди.

Тупроқ ва иқлим шароит оғир бўлган ҳудудларда илмий асосланган, мослашган ва синовлардан ўтказилган дарахт ва бута кўчатлари экилмоқда. Масалан Қўқон ўрмон хўжалиги Шоберди ўрмон бўлимининг тошлоқ ерлари ўзлаштирилиб, шу ҳудудда олимларнинг маслаҳати билан писта, бодом ва ёнғоқ кўчатлари экилмоқда. Орол денгизининг қуриган тубида енгил холатдаги кучма кумликларни йўлини тухтатиш мақсадида механик тўсиқлар қуриш ва уларнинг химоясида янги урмонзорлар барпо этиш хамда олимлар томонидан ўрмонларни табиий ривожланишига нихоятда кам маблағ талаб этиладиган технологияларини ишлаб чиқаришка кенг тадбиқ этиш ишлари катта хажмда бажарилиб келмоқда.

Республика ўрмон хўжалиги тизимига хорижий давлатлар сармояларини жалб этилмоқда. Жумладан “Оролни қутқариш ҳалқаро фонди” агентлиги, Франциянинг “Кофутис” нодавлат ташкилоти, Германиянинг техник-ҳамкорлик маркази, Американинг “Сеcтион 416- (б)” дастури доирасидаги кўмаги ва Туркия Ўрмон хўжалиги ва атроф-муҳит вазирлигининг техник ёрдамлари билан катта ишлар қилинмоқда. Шу билан бирга 2006 йилдан бошлаб республика ўрмон хўжалигини янада ривожлантириш бўйича БМТ ФАО билан ҳамкорликда “Республика ўрмон хўжалигини ривожлантириш Миллий дастури” доирасида ишлар амалга оширилмоқда. Республика ўрмон хўжалиги мутахассислари чет эл ривожланган давалтларида халқаро учрашувларда ва ўқув курсларида иштирок этиб, тажриба алмашиб қайтдилар. Жумладан, АҚШ, Чехия, Италия, Россия, Словакия, Хитой, Филиппин, Туркия, Эрон, Австрия ва бошқа давлатларга бориб келишмоқда.

Шаҳарлар ва аҳоли яшаш масканларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлатириш мақсадида Бош бошқарма таркибида Манзарали боғдорчилик ва ўрмон хўжалиги республика илмий ишлаб чиқариш маркази ташкил этилиб, тизимда манзарали ўсимликлар кўчатларини ўстиришнинг асосларини ҳамда истиқболли технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, кўчатларни сертификатлаш ва стандартлаштиришнинг ягона тизимини ишлаб чиқиш, минтақаларнинг турпоқ ва иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда манзарали ўсимликларни раёнлаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш, кўчат экиш сервис ишларини амалга ошириш ишлари бошлаб юборилди.

Ўрмон хўжалиги бош бошқармаси ташаббуси билан жорий йилнинг баҳор ойларида республиканинг яшил бойликларини кўпайтириш мақсадида кўчат экиш ойлиги ташкил қилинди. Белгиланган 50,4 млн дона ўрнига 54,8 млн. дона турли хил манзарали дарахт кўчатлари экилди. Шундан ўрмон хўжаликлари томонидан 1,2 млн дона турли хил кўчатлар корхона ва ташкилотларга етказиб беради.

Ўрмон хўжалиги корхоналари Қарши шаҳрининг 2700 йиллиги, Марғилон шаҳрининг 2000 йиллиги, Самарқанд шаҳрининг 2750 йиллигини нишонлаш олдидан ўтказилган кенг миқиёсдаги ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларида ҳамда Имом ал – Бухорий мажмуасидаги, Хаким ат-Термизий, Жалолиддин Мангуберди мажмуасидаги ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларида фаол иштирок этиб, 2,2 млн дона турли хил кўчатларни хомийлик тариқасида етказиб берди. Бундан ташқари ҳар йили республикадаги барча меҳрибонлик уйларига, шифохоналарга, сиҳатгоҳларга, ўқув юртларига ва бошқа кўплаб масканларга 100 минг донадан зиёд ҳар хил кўчатлар бепул ажратилди, кам таъминланган, ногирон, ёрдамга мухтож оилаларга беғараз ёрдам тариқасида 170-200 млн сўмлик ҳомийлик ёрдамлари кўрсатилмоқда.

Республикада шамол ва сув эрозиясига қарши самарали кураш воситаларидан бири тоғ ён бағриларини зинапоя усулида кесиб, арчазорлар ва ёнғоқзорлар ташкил этишдир. Шу масалани амалга ошириш бўйича тегишли меъёрий хужжатлар қабул қилинган ва шуларга асосланиб ҳозирги кунларда арчаларнинг ниҳолларини етиштириш ва улардан ўрмонзорлар барпо этиш ишлари қизғин олиб борилмоқда. Шу жумладан, тоғ ва тоғ олди ҳудудларида жойлашган ўрмон хўжаликларида илмий асосланган ҳолда 50 минг дона арча кўчатлари ёпиқ илдиз усулида ҳамда ноёб, зангори ва оддий ел ниҳолларини юқори технологик асослар орқали етиштирилди.

Охирги йилларда республикамизда янги қурилиш ишлари ниҳоятда ривожланиб бораётганлиги, шу билан биргаликда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари кўпайиб кетаётганлиги натижасида манзарали ноёб, кимматбахо дарахтлар кўчатларига бўлган талабнинг йилдан йилга ўсиб боришини хисобга олиб ўрмон хўжаликларида бозорбоп, харидоргир кўчатларни етиштиришга катта ахамият берилмоқда. Хар йили република ўрмон хўжаликларида 32 млн. дона кўчат етиштирилар эди. Бу кўрсатгич ҳозирги кунда йилига 50 млн донага етказилди. Шу жумладан, 3 млн дона игна баргли, 15 млн дона маҳсулдор дарахтларни кўчатлари етиштирилмоқда.

Республикамизда Мустақилликка эришилгандан кейин халқ хўжалигини ривожлантириш мақсадида катта-катта махсус ихтисослашган ишлаб чиқариш марказлари барпо этилмоқда. Шу объектларнинг чет атрофларида яшил воҳа барпо этиш бўйича вазирлар Маҳкамасининг бир неча қарорлари қабул қилинди.ушбу қарорларга асосан Бухоро вилояти Қоравулбозор туманидаги нефтни қайта ишлаш заводининг четларида 10 минг гектар майдонда яшил воҳа барпо этилди. Шўртангаз кимё мажмуасининг ҳудудида 5 минг гектар майдонда ихота ўрмонзорлари барпо этилди. Қўнғрот сода заводининг ички қисмини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича ҳамда атрофида яшил воҳа барпо этиш бўйича ташкилий ишлар олиб борилмоқда.

Охирги йилларда доривор ва озуқабоп ўсимликларга бўлган талабнинг ўсишини ҳисобга олиб, республикада бир неча турдаги ўсимликларни плантация усулида етиштириш бўйича ҳам кўрсатмалар берилди. Шу масала бўйича республикада ҳар йили 50 гектардан ортиқ майдонда наматакзорлар барпо этилмоқда.

Республикада айрим кўчатларга талаб юқори бўлганлигини инобатга олиб, ушбу кўчатлар турларини кўпайтириш мақсадида тегишли кўрсатмалар берилган. Шу борасида республикада 2006-2011 йилларда япон сафорасини, элдар қарағайини, арча дарахтларини кўчатларини етиштириш ва улардан ўрмонзорлар барпо этиш ҳажмлари белгиланган. Бугунги ҳолатда белгиланган топшириқлар ортиғи билан бажарилиб, республикада жами 200 гектардан ортиқ майдонда ноёб ва маҳсулдор дарахтлардан ўрмонзорлар барпо этилди.

Ўтган даврда давлат корхоналари, миллий табиат боғи ва ўрмон-ов хўжаликларида Илмий-техник кенгаш томонидан тасдиқланган 21 та мавзуда илмий тадқиқот ишлари олиб борилган ва дастлабки натижалари бўйича республикамизнинг турли газета ва журналларида 23 та илмий мақолалар чот этилган.

Қўриқхона, миллий табиат боғи ва ўрмон-ов хўжаликлари бошқармаси таркибидаги қўриқхоналари волерларида 51 бош, эркин шароитда 412 бош Бухоро буғулари, волерида 11 бош эркин шароитда 1600 бош Қизилқум қўйлари, 180-200 бош Бурама шохли эчки (мархур) ва 23-30 бош Бухоро қўйлари муҳофаза қилинмоқда.

Ўрмон фонди ерларида ўрмон мониторинги ўрнатиш, шунингдек геодезия, картография ишларини бажариш учун талабга жавоб берадиган юқори даражадаги махсус компютерлар ўрнатилди. “Ўзгипроўрмонлойиҳа” давлат корхонаси геодезия ва картография ишларини амалга ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг лецензиясини олишга мувофиқ бўлди.

Ўрмон хўжаликлари иқтисодий аҳволи йилдан-йилга яхшиланиб бормоқда. 2000 йилда умумий даромад 1,8 млрд сўмни ташкил этган бўлса, 2006 йил якунига 4,3 млрд сўм ни ташкил этди.

Хозирги кунларда энг долзарб масалардан бири бу фермер хужаликларини ерларини шамол ва сув эрозиясидан химоя қилиш ва сизот сувларини пасайтириб ерларни шўрланишини олдини олиш деб ҳисобланади. Ерларни мелиоратив холатини яхшилаш масаларидан бири бу дала ва яйлов ихота ўрмонзорлар барпо этиш дир. Охирги йилларда шу масалага кам ахамият берилмоқда. 1992 йил холатига республика бўйича қишлоқ хўжалиги ерларида 40 минг гектарда ихота урмонзорлар барпо этилган эди. Хозирги кунга келиб шу урмонларни кўпи кесилиб кетган ёки биологик ёшини утаб, сийраклашиб ўз химоя вазифасини бажаришга яроқсиз холга келиб қолган. Шу холатларни этиборга олиб ихота ўрмонзорлар барпо этиш ишларини республика рахбарияти ўз қарамоғида қолдириш керак ва марказлашган холда ер майдонларини ва маблағларини ажратиб бериш зарур.