Бугун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 февралдаги “Давлат хизматчилари ва мутахассисларни хорижда тайёрлаш ҳамда уларнинг салоҳиятини янада ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6168-сон Фармонига мувофиқ, Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан жорий 2021/2022 ўқув йили учун эълон қилинган 350 ўринли стипендия танловларида қатнашиш тартиби тўғрисида вебинар ташкил этилди.
Йиғилишда Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси Кадрлар бўлими бошлиғи К.Холматов, Илмий ташкилотлар фаолияти ва инновацияларни жорий этишни мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари М.Қосимов ва бошқалар иштирок этдилар.
Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки, “Эл-юрт умиди” жамғармаси
2021-2022 ўқув йили учун энг нуфузли хорижий давлатларда:
- бакалавриат таълим дастури учун 100 нафар,
- магистратура таълим дастури учун 150 нафар,
- докторантура таълим дастури учун 100 нафар стипендиялар ажратишини маълум қилади.
Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва унинг тизим ташкилотларида юқори интеллектуал салоҳиятга эга, замонавий ва креатив фикрлайдиган, мамлакат илм-фанига инновацион ғоялар ва технологиялар олиб кириш ҳамда уни рақамли асосда қайта шакллантириш асносида ривожлантиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган, хорижий тилни пухта ўзлаштирган(CEFR-B2) ходимлар бўлса– бу имконият айнан улар учун!
Номзодларнинг ҳужжатлари 2021 йил 1 апрелдан – 1 майга қадар, республиканинг барча ҳудудлари вакиллари учун ягона тартиб ва тенг имконият асосида, онлайн режимда ва электрон тарзда қабул қилинади.
Саралаш босқичлари 2021 йил 1 майдан – 20 майга қадар давом этади.
Саралаш танловига оид барча маълумотлар “Эл-юрт умиди” жамғармасининг www.eyuf.uz сайти орқали батафсил эълон қилиб борилади.