“Орол денгизи минтақасида (Қозоғистон ва Ўзбекистон) ер ресурсларини тиклаш бўйича илғор технологиялар ва инновацион ёндашувларни аниқлаш” танлови натижалари эълон қилинди.
Қозоғистон ва Ўзбекистон давлатлари учун «2021 йилги жаҳон миқёсидаги илғор технологиялар танлови – Орол денгизи минтақасини тиклаш» халқаро лойиҳаси 2020 йилнинг август ойидан 2021 йилнинг июнигача давом этди. Танловнинг якуний босқичи 2021 йил 5–9 апрель кунлари Қозоғистоннинг Алмати шаҳрида ўтказилди ва натижалар эълон қилинди.
Танловнинг мақсади Орол денгизи минтақасида (Қозоғистон ва Ўзбекистон) ер ресурсларини тиклаш бўйича илғор технологиялар ва инновацион ёндашувларни аниқлашдан иборат эди.
Танлов 5 босқичда ўтказилди:
1-босқич. Орол денгизи минтақасида ерларни тиклаш бўйича мавжуд вазиятни баҳолаш.
2-босқич. Халқаро инновацион ғоялар танловида иштирок этиш учун аризалар тўплами.
3-босқич. Танлаб олинган иштирокчиларнинг кўникмаларини ривожлантириш (бизнесни режалаштириш асосларини ўргатиш, нотиқлик маҳоратини ривожлантириш ва бошқалар).
4-босқич. Танлов ғолибларини танлаш ва уларни Орол денгизи ҳавзасида ерларни тиклаш соҳасида тайёрланган лойиҳаларни амалга ошириш учун грантлар билан тақдирлаш.
5-босқич. Минтақадаги лойиҳаларни (тижорат кўникмалари, билим алмашинуви, менторлик дастури) янада ривожлантириш, молиялаштириш ва кенг жорий этиш мақсадида танлов ғолибларининг ваколатларини кенгайтириш, кўникмаларини ривожлантириш.
Мазкур лойиҳа Жаҳон банки кўмагида Европа Иттифоқи, Швейцария ва Буюк Британия томонидан молиялаштирилаётган Марказий Осиё сув ва энергетика дастури (CАWEP) томонидан қўллаб-қувватланди. Шунингдек, мазкур лойиҳа Жаҳон банкининг Марказий Осиёдаги барқарор ландшафт дастури RESILAND CA + нинг бир қисми ҳисобланади. Лойиҳа Қозоғистон–Германия университети (DKU) томонидан Global Landscape Forum (GLF) платформаси ва Windows нинг Plug and Play (P&P) тизими билан ҳамкорликда амалга оширилди.
Тақдим этилган жами 159 та лойиҳадан 24 таси 4 та йўналиш бўйича финал босқичида қатнашди. Улар орасида “Орол денгизи ҳавзасида барқарор ўрмон хўжалиги” йўналиши ҳам бор эди. Ушбу йўналишда 5 та тақдимот бўлди.
24 та тақдимот бўйича танлов натижалари 21 нафар ҳакам томонидан баҳоланди. Ҳакамлар ҳайъати таркибига Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг Чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари, биология фанлари номзоди Ҳожимурод Толипов ҳам кирган бўлиб, у ўрмон хўжалиги йўналиши бўйича тақдимотларни баҳолашда қатнашди.
Танлов якунларига кўра, 9 апрелда ғолиб ва совриндорлар эълон қилинди ҳамда тақдирлаш маросими ўтказилди. Унга кўра, Ўзбекистон миллий университети вакиллари Наталья Акиншина ва Азамат Азизовларнинг Ўрмонлардан қўшимча фойдаланишга доир “Асаларичиликни ривожлантириш” лойиҳаси ҳам танлов ғолиби деб топилди.
Тақдирлаш маросимида Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Олим Ҳакимов иштирок этиб, танлов ташкилотчилари ва ғолибларга табрик йўллади.
Мазкур танлов бўйича қўшимча маълумотлар берилади.