Ўсимликнинг тарқалиши. Ўзбекистонда қалампир ялпиз “Шифобахш” илмий ишлаб-чиқариш хўжалигида ва махаллий аҳоли томонидан томорқаларда етиштирилади.
Агротехник тадбирлар. Ялпиз ўстириш учун мўлжалланган майдон кузда 25 см чуқурликда ҳайдалади. Ҳайдашдан олдин ерга гектарига 20 тонна чириган гўнг ва 100 кг фосфор солинади. Ялпиз илдизпоя-қаламчадан кўпайтирилади. Экишдан олдин 8-10 см узунликда қаламчалар тайёрланади. Қаламчалар март-апрель ойларида 10 см чуқурликда тайёрланган жўякларга бир-биридан 20-25 см масофада экилади.
Қатор оралари 60 см бўлганда бир гектар ерга 7-8 мингта илдизпоя-қаламчалари зарур бўлади. Экилгандан сўнг суғориш эгатлари олинади ва тупроқ сувга тўйингунга қадар суғорилади. Ялпизнинг ривожланиб яхши ҳосил бериши мунтазам суғориб ва ўғитлаб туришга боғлиқ. Қалампир ялпиз органик ва минерал ўғитларга жуда талабчан. Ўсимлик экилгандан 17-20 кун ўтгач ёки ён шохлари пайдо бўлиши билан гектар ҳисобига 40 кг дан азот, 20 кг дан калий ўғитлари билан озиқлантирилади. Иккинчи озиқлантириш шоналаш фазасида 40 кг азот ва 30 кг дан фосфор ўғитларини бериш билан амалга оширилади. Қалампир ялпиз гуллаш фазасида минерал ўғитларни жуда кўп талаб қилишини ҳисобга олиб, азотли ва калийли ўғитлардан гектарига 30 кг дан солиб, озиқлантириш тўхтатилади. Вегетация давомида биринчи ва кейинги йиллар гектар ҳисобига 100-120 кг азот, 80 кг фосфор ва 60 кг калий ўғитлари билан озиқлантирилади. Тупроқ доим нам ҳолатда бўлиши керак. Вақти-вақти билан тупроқни юмшатиб туруш ва бегона ўтлардан тозалаш ҳам муҳум аҳамият касб этади. Етарли даражада суғорилмаса, ўсимлик бўйи калта бўлиб, кам ҳосил беради. Ўсимлик экилган биринчи йили 8 марта суғорилади, 5 марта ер юмшатилиб ўтоқ қилинади. Иккинчи йили суғориш сони ўзгармайди, ўсимлик бўш ерларнинг деярли ҳаммасини эгаллаб, юқори вегетатив масса ҳосил қилади, шунинг учун қатор оралари фақат баҳорда юмшатилади. Учинчи йили экинзор юмшатилмайди. Заруратга қараб қўлда ўтоқ қилинади. Тўртинчи йили баҳорда дала культиваторлар ёрдамида ағдарилади ва илдизпоялари йиғиб олиниб, бошқа майдонга экилади.
Ҳосилдорлик гектар ҳисобига дастлабки 1-2 йилларда 4-5 центнер, 3-4 йиллардан 15-17 центнерни ташкил этади.
Хом-ашё тайёрланиши ва унинг сифати. Табобатда қалампир ялпизнинг барги, эфир мойлари ва ментолдан фойдаланилади. Дорихоналар учун ўсимликнинг барги 50-75% гулга кирганда махсус асбоблар орқали йиғиб олинади. Юқори эфир мойлари сақловчи навлари август-сентябр ойларида йиғиб олинади. Ўсимлик баргларини қуритиш махсус қуритгичларда 30-350С дан юқори бўлмаган ҳароратларда олиб борилади. Давлат формакопеяси бўйича қалампир ялпиз барглари учун қуйидаги талаблар қўйилади: намлик 14% дан; кул 14% дан; 10% хлорид кислотада эрувчан кулнинг миқдори 6% дан; қорайган барглар 5% дан ошмаслиги зарур.
Қирқилган ва майдаланган хом-ашёга бўлган талаблар: 10 мм катта бўлган қисмлар 10% дан; 0,5 мм элакдан ўтадиган қисмлар 8% дан ортмаслиги керак. Эфир мойларининг миқдори ҳар иккала холатлар учун хам 1% дан кам бўлмаслиги лозим.
Ўсимликнинг барглари 30-50 кг қопларда омборхоналарда сақланади.
Тиббиётда қўлланилиши ва кимёвий таркиби. Қалампир ялпиз барглари таркибидаги эфир мойларининг миқдори жанубий районларда 3%, шимолий районларда 2-2,5% ни; эфир мойидаги ментолнинг миқдори эса 50-55% ташкил этади. Ўсимликнинг эфир мойи ментол, ментон, метилацетат, ментафуран, ценеол ва бошқа биоген моддалар сақлайди.
Эфир мойлари парфюмерия, озиқ-овқат саноатида, алькоголли махсулотлар ишлаб чиқаришда фойдаланилади.
Ўсимликнинг барглари эфир мойларидан ташқари каротинга, органик кислоталарга ва бошқа бирикмаларга бойдир. Ўсимлик баргларидан қон-томирларни кенгайтирувчи ва тетиклаштирувчи хушбўй чойлар, дамламалар тайёрланади.
Ўсимликнинг асосий таъсир этувчи моддаси ментол бўлиб, у невралгия, миалгия, артралгия касалликларида оғриқ қолдирувчи сифатида, яна бошқа дорилар билан қон-томирларни кенгайтирувчи, тинчлантирувчи восита сифатида қўлланилади. Ментол валидол, валокардин препаратлари таркибига киради.
Тавсиялар. Ҳар бир иқлим шароитларида ўсимликни кўпайтиришни ўзига хос томонлари мавжуд. Ўсимлик механик таркиби оғир, шўр, қумли ва органик моддаларга камбағал тупроқларда ёмон ривожланади ва илдизпоялари яхши шаклланмайди. Илдизпояли ўсимлик сифатида катта плантацияларда ҳосилдор ва қумоқ тупроқларда етиштириш мумкин. Экологик ва иқлим шароитлари ўсимликдаги эфир мойларининг миқдори ва сифатига таъсир этади. Ўсимликда юқори миқдордаги эфир мойлари намлиги пастроқ бўлган тупроқларда, энг юқори вегетатив масса эса намлиги юқори бўлган тупроқларда олинади. Ялпиз узун кун ўсимлиги сифатида қаралади: узун кун шароитида ўсимлик қисқа кун шароитига қараганда ўзининг яхши ўсганлиги, таркибидаги эфир мойининг кўплиги билан фарқланади. Қуёш радиацияси кўп бўлган шароитда ҳам эфир мойининг миқдори ошади. Шимолий минтақаларда ўстирилган ўсимликда эфир мойларининг миқдори кам бўлсада, таркибидаги асосий ментол моддасининг миқдори ортади.