Ўсимликнинг тарқалиши. Ўсимлик МДҲнинг Европа қисми жанубида, Кавказ, Қрим, Украина, Сибирнинг жанубий районлари ва Ўрта Осиёда тарқалган.
Ўзбекистонда доривор мойчечак интродукцияланган тур сифатида бир қанча фермер хўжаликларида кўпайтирилиб, фармацевтика саноатига хом-ашё етказиб берилади.
Агротехник тадбирлар. Кўп йиллик тажрибалардан маълумки, мойчечак ўсимлиги ёруғликни яхши кўради, тупроқ унумдорлигига унчалик талабчан эмас, азотли ўғитларни ёқтиради, бегона ўтлар билан кучли рақобатлаша олмайди.
Мойчечак уруғидан кўпаяди. Республикамиздаги тоза, бегона ўт босмаган, ўртача механик таркибли суғорма ва лалми тупроқлар мойчечак етиштириш учун мақбулдир.
Мойчечак экишга ажратилган майдоннинг ҳар гектарига кузда 30-40 тоннадан гўнг ёки 80 кг.дан суперфосфат солинади, 20-25 см чуқурликда шудгор қилинади.
Экишнинг мақбул мавсуми куздир, шунингдек қиш олдидан ва баҳорда ҳам экиш мумкин. Кузги экиш лалми ерларда биринчи куз ёмғиридан кейин, октябрь охири-ноябрь бошларида ўтказилади. Бундан мақсад, экинни тўпбарг ҳолатида қишдан чикаришдир. Қиш олдидан экиш эса барқарор совуқлар бошланишига, яъни ноябрь охирлари декабрь бошларига тўғри келиши лозим. Лалми ерда баҳорги экиш яхши натижа бермайди. Бироқ, мойчечак ўсиб ривожланиш даври қисқалиги туфайли, суғориш шароитида ҳатто май ойининг бошларида экилганида ҳам яхшигина тўпгул ҳосили олиш мумкин.
Май ойи бошларида экилганида мойчечак ўз мавсумини сентябрь охири-октябрь бошларида тугатади. Бу вақтда уруғдан униб чиққан ниҳолларнинг айримлари гуллаши мумкин. Ўз-ўзидан кўкариб чиққан ниҳолларнинг аксарияти қишни тўпбарг ҳолатида ўтказади, улардан келаси йили экини сифатида фойдаланилади. Айни бир далада 2-3 йил узлуксиз мойчечак етиштириш мумкин, лекин унинг асосий душмани бегона ўтлардир. Уларга қарши мунтазам равишда кураш олиб бориш талаб этилади. Бегона ўт босган мойчечак майдонидан бегона ўтли хом-ашё олинади, асосий экин сиқилиб қолиб, ҳосилдорлик кескин пасайиб кетади.
Мойчечакнинг майда уруғлари яхши унишининг асосий омили, уруғ тушадиган тупроқ юқори қавати ҳолатидир. Бу қават нам бўлиб, уруғ униб чиққунига қадар ҳарорати 5 даражадан юқори бўлиши керак.
Мойчечак сабзавот экиш мосламасида қатор оралари 50-60 см қилиб экилади. Уруғи ниҳоятда майда, уни бир текис экиш учун аввал уруғ 1/10 нисбатда қум ёки гўнгга аралаштирилади. Уруғларини шамол осонгина учириб кетади, шу сабабли уруғ сепилган ер енгилгина ғалтак машинада босиб ўтилади. Ҳар гектарига 2-2,5 кг. уруғ сарфланади. Уруғ 8- 10 кунда униб чиқади.
Уруғ униб 2-3 та барг ҳосил бўлгач, эгат олинади. Бунда майсалар жуда майда бўлганлигидан унинг тупроқ остида қолиб кетиши мумкинлигини назарда тутиш керак. Шунинг ҳаво қуруқ вақтда кичик-кичик эгатлар олинади. Суғорганда экинни ювиб кетмасилиги учун охиста жилдиратиб сув берилади. Баҳорда майса кўриниши биланоқ бегона ўтлар мотига ёки кетмонда, қатор ораларидагиси эса культиваторларда ўтаб чиқилади. Мавсумда 12 марта суғорилади ва шох-шаббаси туташиб кетгунича ҳap 2-3 марта суғорилгандан кейин ер юмшатиб турилади. Ўсимлик ўсиб ривожланиши давомида икки марта: биринчиси майса ҳосил бўлганининг 10-15- кунларида, иккинчиси – шоналаш даврида гектарига 30-40 кг ҳисобида азот билан озиқлантирилади.
Экин униб чиққанидан 30-40 кун ўтгач гуллайди. Мойчечак тўпгуллари махсус ясалган темир мослама ёки мойчечак йиғгич ускуналарда йиғилади. Ҳосилни неча бор йиғиб олиш ўсимлик ҳолатига боғлиқ бўлиб, 11 мартадан то 20 мартагача етиши мумкин. Бир гектар даладаги тўпгулни йиғиш, бир киши учун 180 кунлик иш ҳисобланади.
Мойчечак уруғи махсус ажратилган майдонда, уруғ тўлиқ пишиб етилган даврда саватчаларга йиғилади. Уруғнинг пишиб етилганлик даражаси – саватчасининг узунчоқ, конуссимон шаклда бўлиши билан аниқланади.
Ўсимликнинг гул саватчалари пишиб етилган юқори қисми тонгда, ҳали шудринг кўтарилмасидан ўроқда ўриб олинади ва унча зичламасдан боғ-боғ қилиб брезентга жойланиб, шийпонда сақланади. Бу ерда поясини ичкарига қаратиб 2 қатор жойланади ва боғлар қизиб кетмаслиги назорат қилиб турилади. Қуриган боғлар янчилади, уруғлари турли аралашмалардан тозаланиб, совурилади ва қопларга жойланади. Уруғ икки йилгача сақланиши мумкин.
Йиғиб олинган тўпгулларни тезда қуритиш учун яхши шамол айланадиган шийпонга олиб борилади. Бу ерда жовонларга ҳар бир квадрат метрга 1-1,5 кг. ҳисобида ёйиб қуйилади.
Хом-ашё етилганининг ташқи белгилари: ярим куррасимон ёки конус шаклидаги бутун ёки қисман ёрилиб тўкила бошлаган гул саватчалари, улар гулбандсиз ёки 3 см.дан узун бўлмаган гулбанд қолдиғидир. Саватчалари теварак-атрофдаги тилсимон ёки кўплаб ўрта найсимон гуллардан иборат бўлади. Гул ўрни тақир, майда-майда чуқурчали, ичи бўш, гуллаш аввалида ярим куррасимон, охирида конуссимон; саватча ўрами черепицасимон, кўпқаторли бўлиб, кўплаб узунчоқ, учи тўмтоқ ва чеккалари кенг барглардан ташкил топган. Саватчанинг (тилсимон гуллардан ташқари) кенглиги 4-8 мм., тилсимон гуллар ранги оқ, найсимонлариники сариқ, саватча ўрами сарғиш-яшил, хушбўй, таъми ўткир.
Ер устки қисми октябрь ойида ўриб олинади ва даладан олиб чиқилади. Ер устки қисми даладан олиб кетилганидан кейин эгатларда гектар ҳисобига 80 кг.дан фосфор берилади ва ер юмшатилади, бунда пушталар тепасидаги уруғдан чиққан экин келгуси йил учун сақлаб қолиниши керак.
Ҳосилдорлик гектар ҳисобига 7-8 центнерни ташкил этади.
Хом-ашё тайёрланиши ва унинг сифати. Доривор мойчечак гуллари териш ўсимлик гуллаш даври бошидан бошланади. Бунда тўпгулдаги тилсимон гуллар тўлиқ очилганлигига эътибор қаратиш лозим.
Агар тўпгулни териш кечиктирилса, улар қуритилганида сочилиб кетади ва маҳсулот сифатини йўқотади. Хом-ашёни териш қуруқ об-хаво шароитида олиб борилади. Доривор мойчечак тўпгуллари йиғиш 3 см гул бандини қолдириб, қўл ёрдамида ёки махсус тергич орқали амалга оширилади. Терилган гуллар босилмайди ва тезроқ қуритишга юборилади. Хом-ашёни қуритиш бостирмалар остида 2-3 см қалинликда тоза ерга ёйилиб, вақти-вақти билан аралаштирилган холда қуритилади.
Қуруқ масса 25-27% ни ташкил этади. Сақлаш муддати 1 йилни ташкил этади.
Талаб бўйича хом-ашё саватчага тўпланган гуллардан иборат бўлиб, тилсимон гуллари 12-18 та, улар оқ рангада, ўртасида эса сариқ, икки жинсли, найчасимон, гулкосачаси бўлмайди, гултожиси 5 тишли, оталиги 5 та, оналик тугуни 1 хонали, пастда жойлашган.
Тиббиётда қўлланилиши ва кимёвий таркиби. Доривор мойчечак тўпгулларининг тиндирмаси терлатувчи, антисептик ва оғриқ қолдирувчи восита сифатида стоматит, гангвинит, тонзилит ва ангиналарда қўлланилади. Уни яна меъда ва ичак, гинекологик касалликларни даволашда фойдаланилади. Жигар ва ўт йўли касалликларида унинг тиндирмаси ўт хайдовчи, оғриқ қолдирувчи ва тинчлантирувчи восита сифатида ишлатилади.
Доривор мойчечак таркибида 0,2-0,8% эфир мойи, гвайянолид группа лактонлардан, прохамазулен, кумаринлар, каротин, витамин С ва шиллиқ моддалар, сесквитерпен углеводлардан ва спиртлардан (безаболол, кетоспирт) ва каприл кислотаси учрайди. ДФ талаби бўйича мойчечак эфир мойи 0,3% дан кам бўлмаслиги керак.
Тавсиялар. Ўзбекистоннинг исталган ҳудудида катта плантациялар ташкил этиш ва юқори ҳосил олиш мумкин.
ЎРМОН ХЎЖАЛИГИ ИЛМИЙ-ТАДҚИҚОТ ИНСТИТУТИ Эрта баҳорда униб чиқадиган ҳамда чой дамламалари тайёрланадиган доривор ўсимликлар бўйича маълумоти