Ўсимликнинг тавсифи. Бўйи 80 смгача (баъзан 100 смгача) етадиган бута. Илдизи бақувват, ёғочланган, 4-тартибгача тармоқланган, сертармоқ, илдизининг асосий қисми тупроқнинг 10-15 см қатламида жойлашган, 60 см чуқурликкача етиб боради.
Поялари тўрт қиррали, қуйи қисми ёғочланган, кулранг тусда, юқори қисми тукли, яшил. Барглари қарама-қарши жойлашган, узунчоқ, бандли, майда кунгурали, узунлиги 2-8, кенглиги 0,8-2,5 см, буришган, тукли, кулранг-яшил. Тўпгули – поянинг энг юқори қисмидаги бошоқсимон қисмдир, у якка ёки шохланган, сохта ҳалқалардан таркиб топган.
Гуллари икки лабли, кўк-бинафшаранг.
Меваси 4 дона ёнғоқчадан иборат. Уруғлари куррасимон бўлиб, катталиги 2,2-3 мм. 1000 дона уруғ вазни 7-8 гр.
Ўсимликнинг тарқалиши. Ўрта ер денгиз бўйи мамлакатларининг тоғли худудларида табиий холда ўсади. Ўзбекистонда доривор маврак унча катта бўлмаган майдонларда хом-ашё олиш мақсадида етиштирилади.
Агротехник тадбирлар. Ўзбекистон шароитида қиш ўта совуқ бўлганда доривор мавракнинг ёғочланмаган новдаларини совуқ уради. Ўсимлик иссиқсевар, ёруғликни яхши кўради, қурғоқчиликка чидамли. Экинзорлардан 13-15 йил давомида яхши хосил олинади. Биологик хусусиятларини ҳисобга олиб, уни экиш учун бегона ўтлардан тозаланган, унумдор, суғориладиган, сув узоқ туриб қолмайдиган, сизот сувлар чуқур, автомобиль ўтиш йўлларидан узоқ бўлган майдонлар танланади.
Кузги шудгор вақтида гектарига 30-50 тонна гўнг, 100 кг.дан фосфор солинади. Ноябрь-декабрь ойларида 30 см.гача чуқурликда шудгор қилинади. Ўсимлик уруғидан кеч кузда ёки баҳорда экилади. Экишдан олдин майдон молаланиб, текисланади. Уруғ сабзавот экадиган ускуналарда 60-70 см қатор оралиғида ва 2 см чуқурликка экилади. Гектари хисобига 8-10 кг уруғ сарфланади.
Баҳорда уруғ экилганидан кейин 18-22 давомида униб чиқади. Униб чиққан уруғлар қатқалоққа чидамсиз. Шунинг учун ёмғирдан кейин бундай экинзорга игнали ғалтаксимон мослама билан ишлов бериш ёки тупроқ юзасини то майса ўсиб чиққунига қадар нам ҳолатда сақлаб туриш керак. Уруғ кўп экилганида, бегона ўтлар кўпайиб кетганида ёки бахор серёмғир келганида ўсимликларда кулсимон замбуруғлар кўпайиб кетади.
Ўсимликда иккинчи жуфт чинбарглар ҳосил бўлганида, 15 см оралиқдаги уячаларда 2 донадан ўсимлик қолдириб ягона қилинади.
Маврак мавсум давомида 8 марта суғорилади, 3-4 марта культивация қилинади ва қўлда ўтаб парваришланади.
Ҳар йили баҳорда, мавсум бошланиши олдидан ўсимликнинг ер устки қисми 5-8 см қолдириб қирқилади ва даладан олиб чиқиб кетилади. Бунинг учун КИР-15 ёки КИР-1,2 маркали роторли ўроқ- майдалагич машинаси ишлатилади. Гектарига 10 тонна махаллий гўнг, 50 кг фосфор ва шунча миқдорда калий солиб озиклантирилади. Калийли ўғитлар мавракнинг совуққа чидамлилигини оширади. Ана шундай тартибда ўғитлангач, эгатлар чуқур ҳайдалиб, қатор оралари юмшатилади.
Барг ҳосили биринчи йили – сентябрда йиғилади, кейинги йиллари эса мавсум давомида икки марта: шоналай бошлаганда – май ўрталарида ва сентябрь охири – октябрь бошларида йиғилади.
Барг йигишни кечиктириб юбормаслик керак. Шунинг учун ёш новдалар бўйи 5-8 сантиметрга етиши биланоқ барглар йиғилаверади. Барглар қуритгичларда ёки шийпонларда 35-40 даражали ҳароратда қуритилади. Қуритишда хом-ашё вазнининг 25-35 %и қолади, 50 кг.дан тойланади ва қуруқ ерда 1 йил давомида сақланади.
Мавракнинг уруғларини йиғиш. Ўсимлик гуллагандан сўнг, уруғ тахминан бир ойлардан кейин етилади ва тўп уруғ рўваклар йиғиб олинади. Йиғиб олинган уруғ рўваклар хирмонда қуритилади. Уруғи ғалла янчиш машиналарида янчилиб, дон совургич-сархиллаш машинасида тозаланади. Қопларга 10-20 кг.дан жойлаб сақланади. Уруғларнинг сакланиш муддати 3 йил.
Барг хосили гектар хисобига ўртача 800 кг олинади.
Ўсимликнинг ер устки қисми хом-ашёси гектар ҳисобига 15 центнерни ташкил этади.
Хом-ашё тайёрланиши ва унинг сифати. Ўсимликдан кўп миқдорда барг йиғиш учун иккинчи йилдан бошлаб ҳар йили эрта баҳорда, шира ажралишидан олдин маврак поялари илдиз бўғзидан кесиб олинади. Вегетациянинг иккинчи йилида ҳосилни йиғиш уруғ пишиш даврида(июлнинг бошида) бошланади. Бу вақтда баргларда эфир мойининг миқдори энг кўп бўлади (1,4-1,6%). Иккинчи ўримни эса октябрь ойидан кечиктирмаслик зарур. Маврак хом-ашёси 10-20 см ёйилган ҳолда салқин жойда қуритилади. Таркибидаги эфир мойини йўқотмаслик учун сунъий усулда қуритиш 600С дан ошмаган ҳароратда амалга оширилади. Қуритилган барглари майдаланиб 25-50 кг ли қопларга солинади ва 1,5 йил давомида қуруқ жойда сақланади.
XI ДФ талабларига кўра доривор маврак маҳсулоти бутун барглар ва 1 мм дан 35 мм атрофидаги барг бўлакчалари, унча кўп бўлмаган ўсимлик бошқа қисмларидан иборат бўлиши шарт. Маҳсулот таркибида эфир мойининг миқдори 0,8% дан кам бўлмаслиги, умумий кул 12% дан, қорайиб, қўнғир тусдаги барглари 5% дан, мавракнинг бошқа қисмлари 13% дан, органик аралашмалар 3% дан, минерал аралашма 0,5% дан ошмаслиги керак.
Тиббиётда қўлланилиши ва кимёвий таркиби. Мавракнинг барглари дориворлик хусусиятига эга. Доривор мавракнинг баргларидан тайёрланган дамлама дезинфекцияловчи ва шамоллашга қарши восита сифатида стоматит бўлганда, оғиз бўшлиғи ва томоқни чайишда, юқори нафас олиш йўлларини тозалашда қўлланилади. Мавракнинг гуллари антибактериал прерарат – сальвин олиш учун ишлатилади. Халқ табобатида маврак барглари ошқозон яраси, колит, жигар, буйрак хасталикларини даволашда, бронхитда балғам кўчирувчи, юмшатувчи ва сийдик ҳайдовчи восита сифатида ишлатилади.
Маврак баргларидан тайёрланадиган дамлама. 10 г (2 ош қошиқ миқдорида маҳсулот олиниб сирланган идишга солинади, устидан 200 мл (1 стакан) қайнаган иссиқ сув қуйиб сув ҳаммомида 15 дақиқа давомида қиздирилади. Сўнгра 45 дақиқа совутилади, докадан ўтказилади, қолган масса сиқилади. Олинган дамламанинг устига дастлабки ҳажми 200 мл бўлгунича қайнаган сув солинади. Дамламани салқин жойда 2 кун мобайнида сақлаш мумкин.
Дамламани терининг шамоллаш касалликларида, тери жароҳатланганида, куйганида ва совуқ урганида ишлатилади; бунда дамламага ботирилган докали сальфеткалардан фойдаланилади, шунингдек, доривор маврак дамламаси билан ванна қилиш ҳам мумкин.
Ўсимликнинг барча органларида эфир мойи (баргларида 0,5-2,5%) мавжуд. Ундан ташқари барглар таркибида алкалоидлар, ошловчи моддалар, уваол, парадифенол ва В гуруҳи витаминлари бўлади. Илдизида юқори фаол табиий антиоксидант ва дитерпеноидли хинонлар, гулларида эса – сальвин ва унинг монометил эфир моддаси бўлади.
Тавсиялар. Катта плантацияларда етиштириш мумкин. Плантацияларга кўчатидан ўтқазилади. Плантацияларни ўрмон тоғолди адирликларидаги суғориладиган майдонларда, асосий қишлоқ хўжалиги экиладиган суғориладиган майдонларда ташкил этиш мумкин.
ЎРМОН ХЎЖАЛИГИ ИЛМИЙ-ТАДҚИҚОТ ИНСТИТУТИ
Эрта баҳорда униб чиқадиган ҳамда чой дамламалари тайёрланадиган доривор ўсимликлар бўйича
МАЪЛУМОТИ