Ўрмон хўжалигида экотуризмни ривожлантириш мақсадида ўрмон фонди ерларида экотуризм лойиҳаларини амалга оширувчи жисмоний ёки юридик шахслар тўғрисидаги маълумотларни ўзаро алмашиш тизимини жорий этиш ва ўрмон фонди ерларида ташкил этилган туристик масканлар ҳамда хизматларни кенгайтириш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 11 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида ўрмон хўжалиги соҳасини янада ривожлантириш ва инновацион технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда “2019–2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси ўрмон фонди ерларида экотуризм инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари режаси” ишлаб чиқилган. Унинг ижросини таъминлаш бўйича тегишли вазирлик ва идора вакилларидан иборат ишчи гуруҳи тузилган.
Чора-тадбирлар режасини амалга ошириш мақсадида Боботоғ, Бахмал ва Зомин давлат ўрмон хўжаликларида рекреация ҳудудлари ажратилиб тегишли туман ҳокимликлари томонидан бу борадаги қарорлар чиқарилди. Ҳозирги кунда Поп ихтисослаштирилган давлат ўрмон хўжалиги, Саксонота давлат ўрмон хўжалиги, Бекобод ва Фориш давлат ўрмон хўжаликлари рекреацион ҳудудларга ажратилиб, маҳаллий ҳокимият қарорларини чиқариш учун тақдимномалар юборилган.
Кейинги пайтда мамлакатимизда туризмни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 январдаги “Ўзбекистон Республикасида туризмни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ва 2020 йил 6 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида ўрмон хўжалиги тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорида белгилаб берилган топшириқ асосида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ўртасида ўрмон фонди ерларида экотуризм лойиҳаларини амалга оширувчи жисмоний ёки юридик шахслар тўғрисидаги маълумотларни ўзаро алмашиш тизими жорий этилди.
Бугунги кунда экотуризм йўналишида етарлича салоҳиятга эга бўлган қўмита тасарруфидаги 40 та ўрмон хўжалиги танлаб олинди. Мазкур хўжалик раҳбарлари, шаҳар ва туман ҳокимликлари вакилларидан иборат гуруҳ 2020 йилнинг сентябрь ойида Бурчмулла давлат ўрмон хўжалигида ташкил этилган инфотурда иштирок этишди ҳамда Бўстонлиқ туманидаги намунавий экотуристик объектлар билан танишишди.
Ўрмон хўжаликлари ва маҳаллий ҳокимликлар ҳамкорлигида 2021–2023 йилларга мўлжалланган экотуризм ва овчиликни ривожлантириш дастурлари ишлаб чиқилиши ҳам соҳа ривожида муҳим қадамдир.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, 2020 йилда экотуристик объектлар сони 250 тага, эко маршрутлар сони 25 тага етказилди. Бугунги кунга келиб, ўрмон фонди ерларида 200 дан ортиқ экотуристик лойиҳалар амалга оширилмоқда. 2020 йилдан ўрмон фонди ерларини ижарага бериш муддати 49 йилгача узайтирилди, шу сабабли соҳага маҳаллий ва хорижий инвесторларнинг қизиқиши янада ортиб бормоқда. Пандемияга қарамасдан, Россия Федерациясининг “Узуралимпекс” компанияси томонидан Поп ихтисослаштирилган давлат ўрмон хўжалигида экотуризм масканларини барпо этиш бўйича ҳамкорлик лойиҳалари усттида иш олиб борилди.
Бурчмулла давлат ўрмон хўжалигида маҳаллий инвестор томонидан қиймати 5 миллион доллар бўлган “Хивинс Гарден” меҳмонхонаси ўз фаолиятини бошлаган бўлса, йил якунида яна бир янги “Севен Три” экотуризм маскани ўз фаолиятини бошлаш арафасида турибди. Қўқон давлат ўрмон хўжалигида Марказий Осиёда илк бор игнабаргли дарахтлардан иборат 2,5 гектарли лабиринт эко-боғ ҳамда 25 га яқин ноёб ҳайвонлар жамланган кичик ҳайвонот боғи барпо этилди. Шунингдек, Зарафшон миллий табиат боғида ҳам аҳолида табиатга меҳр ҳиссини ошириш ҳамда уларнинг маданий ҳордиқ олишига кўмаклашиш мақсадида кўчма зоопарк ташкил этилди.
Хоразм давлат ўрмон хўжалигида маҳаллий инвесторларни жалб қилган ҳолда Хоразм маданиятига хос бўлган 20 га яқин чодирдан иборат экотуризм маскани сайёҳларга хизмат кўрсатишни бошлади. Мазкур лойиҳалар асосида 420 га яқин мавсумий, 340 ўринли доимий иш жойлари яратилди.
Экотуризм йўналиши бўйича ўрмон фонди ерларида 2030 йилгача экологик объектлар сони 600 тага, экомаршрутлар сони эса 120 тага, рекреация ҳудудлари сони 40 тага, экотуризм лойиҳалари сони эса 1500 тага етказилиб, рекреация ва туризм соҳасидан тушадиган тушум 5 миллиард сўмга етказилиши режалаштирилган.
Ўрмон хўжаликларининг экотуризм бўйича мутахассислари малакасини ошириш ҳам асосий масалалардан бири ҳисобланади. Шу сабабли, Наманган, Бухоро, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида ўтказилган семинар-тренинглар, халқаро экспертларнинг жалб қилиниши, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва Америка Ўрмон хизмати ўртасида 2019 йил 9 апрелда имзоланган “Йўл харитаси”га мувофиқ жорий йилнинг 27 март – 5 апрель кунлари Саксонота ўрмон ишлаб чиқариш корхонасининг Сўқоқ бўлимида ҳамда Зарафшон миллий табиат боғида Америка Ўрмон хизмати мутахассислари иштирокида вебинар ташкил этилиши кадрлар салоҳиятни оширишга қаратилган муҳим қадам дейиш мумкин.
Шу билан бирга, Кореянинг КОИКА ташкилоти ҳамкорлигида эксперт сифатида ўрмон мутахассиси, доктор Ли Дак Су, Туркия давлати Сув ва ўрмон хўжалиги вазирлигининг кўкаламзорлаштириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари жаноб Ахмед Ялвачнинг юртимизга ташрифи, Ўрмон фонди ерларида ташкил этилган туристик масканлар ҳамда хизматлар тўғрисида ахборот берувчи материалларни тайёрлаш, кенг кўламли тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш, янги экологик объектлар ва маршрутларни аниқлаш мақсадида туроператорларини жалб этган ҳолда, Сурхондарё, Қашқадарё, Жиззах ва Тошкент вилоятларида жами 6 та инфотур ўтказилиши ҳам амалий аҳамият касб этди.
Экотуризмни ривожлантиришга қаратилган ишларда Ўзбекистон телерадикомпанияси билан ҳамкорликдаги фаолиятимизни алоҳида қайд этиш лозим. Компания билан ҳамкорликда Зарафшон ва Зомин миллий табиат боғларида, Зомин, Бахмал, Бурчмулла, Оҳангарон, Поп ва Саксонота давлат ўрмон хўжаликларида олиб борилаётган тадбирлар ва экотуризм масканлари тўғрисида лавҳалар тайёрланиб, эфирга узатилди.
Хулоса ўрнида қайд этиш жоизки, юқорида келтирилган чора-тадбирларнинг келгусида ҳам ўз вақтида самарали амалга оширилиши мамлакатимизда экотуризм ривожига қўшилаётган муносиб ҳисса бўлади.
Дилрабо БОБОЕВА, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси