Давлат рамзлари

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва тизим ташкилотларида коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш тартиби

1боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Тартиб ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва унинг тизим ташкилотларига (кейинги ўринларда Қўмита ва тизим ташкилотлари) юкланган вазифа ва мажбуриятларни бажаришда юзага келиб чиқадиган коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш бўйича қоидаларни белгилаб беради ҳамда Қўмитада коррупциявий хавф-хатарларни баҳолашга ягона ёндашувни шакллантиришга қаратилган.

2. Қуйидагилар Қўмита ва тизим ташкилотларидаги коррупциявий-хавф-хатарларни баҳолашнинг мақсади ҳисобланади:

– Қўмита ва тизим ташкилотларининг фаолиятини комплекс таҳлил қилиш орқали коррупция хавф-хатарига энг кўп мойил бўлган функция ва лавозимларини белгилаш;

– коррупциявий хавф-хатарларни минималлаштириш бўйича самарали чора-тадбирларни ишлаб чиқиш.

3. Қўмита ва тизим ташкилотларидаги коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш қуйдагиларни ишлаб чиқилишини назарда тутади:

– коррупциявий хавф-хатарлар харитаси;

– Қўмита ва тизим ташкилотларида, коррупцияга қарши курашиш чора-тадбирларини, масъул шахсларни, амалга ошириш механизми ва муддатларини ўз ичига белгилаб олган коррупцияга қарши курашиш бўйича дастур.

4. Қўмита ва тизим ташкилотларидаги коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш ҳар йили ёки қуйидаги ҳолатлар юзага келганда амалга оширилади:

– коррупциявий хавф-хатарларни бирламчи баҳолаш зарурияти;

– Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик талабларининг ўзгариши;

– функция ёки тартиб-таомилнинг амалга оширилишига сезиларли равишда таъсир кўрсатувчи – Қўмитанинг ички ҳужжатларининг ўзгариши;

– Қўмита ва тизим ташкилотлари тузилмасининг, функцияларини амалга оширишида ўзига хос жиҳатларининг ўзгариши, янги функцияларнинг юкланиши;

– Қўмита ва тизим ташкилотлари функцияларининг коррупциявий хавф-хатар даражасига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган бошқа шарт-шароитларнинг келиб чиқиши.

5.Мазкур Тартибда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

қолдиқ хавф-хатар – коррупциявий хавф-хатарни минималлаштиришга қаратилган чора-тадбирлар кўрилгандан сўнг қолувчи хавф-хатар (яъни, амалдаги коррупцияга қарши курашиш сиёсатини ва тартиб-таомилларни, хавф-хатарларни минималлаштириш бўйича чора-тадбирларни ва жорий этилган назоратларни ҳисобга олган ҳолда);

коррупциявий хавф-хатар – ходимлар ёки учинчи шахслар томонидан Қўмита номидан ва (ёки) унинг манфаатларини кўзлаб коррупциявий ҳатти-ҳаракатларни содир этиш хавфи;

коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш – Қўмита ва тизим ташкилотлари томонидан амалга ошириладиган функцияларни таҳлил қилиш, уларнинг коррупциявий хавф-хатарга мойиллик даражасини аниқлаш, шунингдек функциялар доирасида амалга ошириладиган тегишли тартиб-таомиллар учун ўзига хос ва қолдиқ коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш фаолияти;

коррупциявий хавф-хатарларнинг бирлашган харитаси – Қўмита ва тизим ташкилотларидаги коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш натижалари бўйича тузиладиган ҳамда Қўмита функциялари ва тартиб-таомилларининг умумий рўйхати, тегишли функцияларни амалга ошириш билан боғлиқ эҳтимолий коррупциявий хавф-хатар (схемалар) таснифи, ўзига хос ва қолдиқ коррупциявий хавф-хатарлар даражаси, уларни минималлаштириш чоралари, аниқланган коррупциявий хавф-хатарни минималлаштириш чора-тадбирларини амалга ошириш учун масъул бўлган ходимлар лавозимларини ўз ичига олувчи бирлашган ҳужжат;

коррупциявий ҳаракатлар – ходим томонидан бевосита ёки билвосита шахсан ёки учинчи шахслар орқали пора берувчи манфаатлари йўлида ҳаракат ёки ҳаракатсизлик учун моддий манфаатдор бўлиши, шу жумладан пул, қимматбаҳо қоғоз, бошқа кўринишдаги мулк ва мулкий ҳуқуқлар, мулкий характердаги хизматлар олиш, талаб қилиш, ундириш, таклиф қилиш ёки бериш, пора бериш ва/ёки олиш ёки бунда воситачилик қилишда, расмиятчиликларни соддалаштириш учун тўловлар ундириш (пора олиш) ва бошқа ноқонуний мақсадларда ўз хизмат вазифаларидан ноқонуний фойдаланиш;

коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик – коррупция аломатларига эга бўлган, содир этилганлиги учун қонунчиликда жавобгарлик назарда тутилган қилмиш;

тартиб-таомил – Қўмита ва тизим ташкилотлари функцияларини амалга ошириш доирасидаги ходимлар, бўлинмалар томонидан бажариладиган ёки битта натижага қаратилган, ёхуд маълум бир функциянинг ажралмас элементи ҳисобланган, аломатлар бўйича бир гуруҳга бирлаштириш мумкин бўлган ҳаракатлар йиғиндиси;

функция – Қўмита ва тизим ташкилотларининг бир нечта тартиб-таомилни ўз ичига олиши мумкин бўлган ички жараёнлари (фаолият йўналишлари)дан бири;

эксперт фикри – аниқ факт ёки ҳодиса бўйича ходим ёки бўлинманинг субъектив қараши ёки фикрига асосланган қарори.

ўзига хос хавф-хатар – Қўмита ва тизим ташкилотлари фаолияти ва амалга ошираётган функциялари спецификасидан келиб чиқадиган хавф-хатар, шу билан бирга уни камайтиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширилиши ҳисобга олинмаган ҳолда (яъни, амалдаги коррупцияга қарши курашиш сиёсати ва тартиб-таомиллари, хавф-хатарларни минималлаштиришга қаратилган чора-тадбирлар ва жорий этилган назоратлар ҳисобга олинмаган ҳолда);

ҳудудий ёки таркибий бўлинманинг коррупциявий хавф-хатарлари харитаси – Қўмитанинг марказий аппарати ва тизим ташкилотларидаги коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш натижалари бўйича тузиладиган ҳамда орган ёки муассаса функциялари ва тартиб-таомилларининг умумий рўйхати, тегишли функцияларни амалга ошириш билан боғлиқ эҳтимолий коррупциявий хавф-хатар (схемалар) таснифи, ўзига хос ва қолдиқ коррупциявий хавф-хатарлар даражаси, уларни минималлаштириш чоралари ва аниқланган коррупциявий хавф-хатарни минималлаштириш чора-тадбирларини амалга ошириш учун масъул бўлган ходимлар лавозимларини ўз ичига олувчи ҳужжат.

6. Қўмита ва тизим ташкилотларидаги коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш Коррупцияга қарши комплаенс-назорат хизмати томонидан Қўмита раиси ёки раиснинг коррупцияга қарши курашиш йўналишини назорат қилувчи ўринбосарининг топшириғи асосида амалга оширилади.

7. Коррупциявий хавф-хатарларни баҳолашда комплаенс-назорат хизмати қуйидаги вазифаларни амалга оширади:

– коррупцияга қарши курашиш бўйича масъулларни жалб қилган ҳолда Қўмита ва тизим ташкилотларида хавф-хатарларни баҳолаш жараёнини ташкиллаштиради;

– Қўмита ва тизим ташкилотларида коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш жараёни устидан умумий назоратни амалга оширади;

– Қўмита ва тизим ташкилотларидаги коррупцияга қарши курашиш бўйича масъулларга мазкур Тартибда кўзда тутилган тартиб-қоидаларга риоя қилиш бўйича маслаҳатлар беради;

– Қўмита марказий аппарати бўлинмаларининг коррупциявий хавф-хатарлар харитасини тузади ва Қўмитанинг коррупцияга қарши курашиш йўналишига масъул раҳбар ўринбосари билан келишади;

– Қўмита марказий аппарати, ҳудудий ва таркибий бўлинмаларнинг коррупциявий хавф-хатарлари харитасини Қўмитанинг коррупциявий хавф-хатарларнинг бирлашган харитасига умумлаштиради;

– Қўмита раиси ва тизим ташкилотлари раҳбарларига хавф-хатарларни баҳолаш натижалари ва коррупциявий хавф-хатарларнинг бирлашган харитасини тақдим этади;

– тасдиқланган хавф-хатарлар харитаси асосида ҳудудий ва таркибий бўлинмалар томонидан ишлаб чиқилган коррупцияга қарши курашиш бўйича

дастурлар лойиҳаларини кўриб чиқади ва уларни қабул қилиш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида хулоса беради;

– Қўмита марказий аппарати бўлинмаларининг коррупцияга қарши курашиш бўйича дастурини ишлаб чиқади ва Қўмитанинг коррупцияга қарши курашиш йўналишига масъул раҳбар ўринбосари билан келишади;

– Қўмита марказий аппарати ҳамда тизим ташкилотларининг коррупцияга қарши курашиш бўйича дастурлари асосида Қўмитанинг коррупцияга қарши курашиш дастурини ишлаб чиқади;

– Қўмита ва тизим ташкилотларида коррупциявий хавф-хатарларни минималлаштириш бўйича чора-тадбирларини мувофиқлаштиради ва уларни назорат қилади;

– ушбу Тартибда кўзда тутилган бошқа вазифаларни амалга оширади.

Комплаенс-назорат хизмати зарур ҳолларда марказий аппаратнинг таркибий бўлинма раҳбарлари ва коррупцияга қарши курашиш бўйича масъуллардан қўшимча ахборот ва ҳужжатларни талаб қилиб олади.

8. Коррупцияга қарши курашиш бўйича масъул шахслар қуйидаги вазифаларни амалга оширади:

– Қўмита ва тизим ташкилотларида коррупциявий хавф-хатарлар баҳоланишини ташкил қилади ва ўтказади;

– Қўмита ва тизим ташкилотларида коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш жараёни устидан назоратни амалга оширади;

– Қўмита ва тизим ташкилотларининг коррупциявий хавф-хатарлар харитасини тузади ва ушбу Тартибда кўзда тутилган тартибда келишилишини таъминлайди;

– Қўмита ва тизим ташкилотларининг коррупцияга қарши курашиш бўйича дастурларини ишлаб чиқади ва ушбу Тартибда кўзда тутилган тартибда келишилишини таъминлайди;

– Қўмита ва тизим ташкилотларида коррупциявий хавф-хатарларни минималлаштириш бўйича чора-тадбирларини амалга оширишни мувофиқлаштиради ва назорат қилади;

– ушбу Тартибда кўзда тутилган бошқа вазифаларни амалга оширади.

Коррупцияга қарши курашиш бўйича масъул шахслар зарур ҳолларда тегишли ҳудудий ва таркибий бўлинма ходимларидан қўшимча ахборот ва ҳужжатларни талаб қилиб олади.

2боб. Коррупциявий хавф-хатарларни дастлабки баҳолаш

9. Қўмита ва тизим ташкилотларида коррупциявий хавф-хатарларни дастлабки баҳолаш жараёни тегишли буйруқлар ва уларда кўрсатилган муддатлар асосида амалга оширилади.

Коррупциявий хавф-хатарларни дастлабки баҳолашнинг умумий муддати 3 (уч) ойдан ошмаслиги лозим.

10. Коррупциявий хавф-хатарларни дастлабки баҳолаш функцияларнинг коррупциявий хавф-хатарга мойиллик даражасини дастлабки баҳолаш ва тегишли функциялар доирасида Қўмита ва тизим ташкилотлари ходимлари томонидан амалга ошириладиган айрим тартиб-таомилларнинг коррупциявий хавф-хатар даражасини баҳолашни ўз ичига олади.

11. Коррупциявий хавф-хатарларни дастлабки баҳолаш, қуйидан (тегишли марказий, ҳудудий ва таркибий бўлинмалардан) юқорига (қўмита даражасигача), мазкур бобнинг 12-21 бандларида кўрсатилган тартиб ва кетма-кетликда амалга оширилади.

12. Комплаенс-назорат хизмати ушбу Тартибга 1-иловада келтирилган коррупциявий хавф-хатарлар харитасини ишлаб чиқиш бўйича Қўмитанинг марказий аппарати, тизим ташкилотларига кўрсатмалар юборилишини таъминлайди.

Кўрсатмада тасдиқланган коррупциявий хавф-хатарлар харитасини Комплаенс-назорат хизматига тақдим этиш муддатлари кўрсатилиб, бу муддат 25 (йигирма беш) иш кунидан кам бўлмаслиги керак.

13. Қўмитанинг марказий аппарат таркибий бўлинмаларининг коррупциявий хавф-хатарлар харитаси тегишли бўлинмалар томонидан ишлаб чиқилиб, Комплаенс-назорат хизматига марказий аппарат учун ягона коррупциявий хавф-хатарлар харитасини тузиш мақсадида киритилади. Марказий аппарат таркибий бўлинмаларининг коррупциявий хавф-хатарлар харитаси Комплаенс-назорат хизмати томонидан Қўмитанинг коррупцияга қарши курашиш йўналишига масъул раис ўринбосари билан келишилади.

14. Қўмита тизим ташкилотларининг коррупциявий хавф-хатарлар харитаси тегишли ҳудудий бўлинмаларнинг коррупцияга қарши курашиш бўйича масъул ходимлари томонидан ишлаб чиқилади ва мазкур ҳудудий бўлинмаларнинг раҳбарлари билан келишилади. Шундан сўнг, коррупциявий хавф-хатарлар харитаси Комплаенс-назорат хизматига кўриб чиқиш учун киритилади.

15. Қўмитанинг марказий аппарати, тизим ташкилотлари томонидан ишлаб чиқилган коррупциявий хавф-хатарлар харитасига оид саволлар юзага келган тақдирда, Комплаенс-назорат хизмати ходимлари тегишли таркибий бўлинмага изоҳ бериш ёки харитага тузатиш киритиш учун сўров юборади. Бунда, сўровга жавоб сўров олинган кундан бошлаб 5 (беш) иш кунидан ошмаган муддатда юборилиши лозим.

16. Комплаенс-назорат хизмати ходимлари ўз экспертлик фикрига таянган ҳолда коррупциявий хавф-хатарлар харитасига ўзгартиришлар киритишлари мумкин.

17. Марказий аппарат, ҳудудий ва таркибий бўлинмаларнинг коррупциявий хавф-хатарлар хариталари асосида Комплаенс-назорат хизмати Қўмитанинг коррупциявий хавф-хатарларнинг бирлашган харитасини ишлаб чиқади.

18. Коррупциявий хавф-хатарларнинг бирлашган харитасини тузиш муддати, марказий аппарат, тизим ташкилотларининг коррупциявий хавф-хатарлари харитаси тасдиқланган санадан бошлаб, 10 (ўн) иш кунидан ошмаслиги керак.

19. Коррупциявий хавф-хатарларнинг бирлашган харитаси қўмита Комплаенс-назорат хизмати тақдимномасига асосан Қўмита раиси томонидан

тасдиқланади.

20. Қолдик коррупциявий хавф-хатарнинг юқори даражаси билан ифодаланадиган тартиб-таомиллар учун Комплаенс-назорат хизмати ва коррупцияга қарши курашиш учун масъул ходимлар ушбу Тартибнинг 2-иловасига мувофиқ коррупциявий хавф-хатарларга энг кўп мойил бўлган лавозимлар рўйхатини ишлаб чиқади.

21. Қўмитанинг коррупциявий хавф-хатарларга энг кўп мойил бўлган лавозимлар рўйхати Комплаенс-назорат хизмати ва коррупцияга қарши курашиш учун масъул ходимлар тақдимномасига асосан Қўмита раиси ва тегишли тизим ташкилотларининг раҳбарлари томонидан тасдиқланади.

22. Коррупцияга қарши курашиш бўйича масъул ходимлар томонидан тасдиқланган коррупциявий хавф-хатарларнинг харитасида белгиланган чора-тадбирларга асосан тизим ташкилотларининг коррупцияга қарши курашиш бўйича дастури мазкур Тартибнинг 3-иловасига мувофиқ коррупциявий хавф-хатарларнинг харитаси тасдиқланган санадан кейин 10 (ўн) иш куни ичида ишлаб чиқилиб тасдиқланади.

Қўмита тизим ташкилотларининг коррупцияга қарши курашиш бўйича дастури Комплаенс-назорат хизмати билан келишилгандан сўнг тегишли тизим ташкилотларининг раҳбарлари томонидан тасдиқланади.

23. Қўмитанинг коррупцияга қарши курашиш дастури марказий аппарат бўлинмаларининг коррупциявий хавф-хатарларни минималлаштириш бўйича чора-тадбирларини инобатга олган ҳолда Комплаенс-назорат хизмати томонидан ишлаб чиқилади ва Қўмита раиси томонидан тасдиқланади.

3-боб. Коррупциявий хавф-хатарларнинг кейинги (ҳар йиллик) баҳоланиши

24. Қўмита ва тизим ташкилотларида коррупциявий хавф-хатарларнинг кейинги баҳоланиши доимий равишда, бир йилда камида бир марта, қоида тариқасида йил бошида Қўмита раисининг тегишли буйруғи асосида ўтказилади.

Кейинги (ҳар йиллик) коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш муддати 2 ойдан ошмаслиги лозим.

25. Йиллик коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш ушбу Тартибнинг 2-бобида кўрсатилган коррупциявий хавф-хатарларни дастлабки баҳолаш тартибида амалга оширилади.

26. Ҳар йиллик коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш бошланишидан олдин Комплаенс-назорат хизмати қўмитанинг марказий аппарати, тизим ташкилотлари раҳбарларига олдинги баҳолаш даврига нисбатан қонунчиликда ёки ички идоравий ҳужжатларга киритилган ўзгаришларни аниқлаш мақсадида ушбу Тартибга 4-иловага мос шаклда сўровнома юборади.

27. Комплаенс-назорат хизмати марказий аппарат бўлинмалари, тизим ташкилотлари раҳбарлари томонидан тўлдирилган сўровномаларни йиғади, таҳлил қилади.

4-боб. Қўмита ва тизим ташкилотларида амалга ошириладиган функциялар ва тартиб-таомилларнинг коррупциявий хавф-хатар даражасини баҳолаш тартиби

28. Коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш ташқи ва ички ахборот манбаларидаги маълумотлар таҳлили асосида амалга оширилади, жумладан:

– Қўмита ва тизим ташкилотларининг функцияларини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва қўмитанинг ички ҳужжатлари (мисол учун, таркибий бўлинмалар, ходимларнинг лавозим йўриқномалари тўғрисидаги низомлар ва ҳ.к.);

– ички текширувлар материаллари, шу билан бирга хизмат текширувлари материаллари;

– ички аудит ва коррупцияга қарши курашиш бўйича мониторинг натижалари;

– одоб-аҳлоқ комиссияси йиғилишлари натижалари;

– манфаатдор томонлар, давлат хизматидан фойдаланувчилар, экспертлар ва бошқа манфаатдор шахслар орасида ўтказилган сўров, жумладан ижтимоий тадқиқотлар натижалари бўйича ташкилотнинг ходимлари томонидан содир этилган коррупциявий ҳаракатларга оид мурожаатлар;

– Қўмита фаолиятидаги ҳуқуқбузарликларга оид статистик маълумотлар;

– коррупциявий ҳаракатлар тўғрисида хабар беришга мўлжалланган алоқа каналларига келиб тушган жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари;

– Қўмита ходимлари томонидан содир этилган коррупциявий ҳаракатлар ёки одоб-аҳлоқ қоидаларига риоя қилмаслик тўғрисида ОАВдаги маълуомотлар;

– ижтимоий тармоқларда қолдирилган изоҳлар;

– ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тақдим этилган материаллар, жумладан жиноят ишларига доир ахборотлар ва бошқалар.

29. Коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш жараёнида Қўмита ва тизим ташкилотларининг ҳар бир функцияси ва тартиб-таомили бўйича коррупциявий ҳаракатларни содир этилиш имкониятлари борлиги бўйича таҳлил қилиш лозим.

30. Ҳар бир функция қуйидаги шкала бўйича баҳоланади:

– коррупциявий хавф-хатарларга энг кўп мойил бўлган функция;

– коррупциявий хавф-хатарларга энг кам мойил бўлган функция.

31. Ўрганилаётган функция доирасида амалга оширилаётган тартиб- таомилларнинг ўзига хос хавф-хатарини баҳолаш қуйидаги мезонларга кўра амалга оширилади:

– ўзига хос юқори хавф-хатар коррупциявий хавф-хатарларга энг кўп мойил бўлган функциялар доирасида амалга ошириладиган тартиб-таомилларга берилади;

– ўзига хос ўрта хавф-хатар коррупциявий хавф-хатарларга энг кам мойил бўлган функциялар доирасида амалга ошириладиган тартиб-таомилларга берилади;

– ўзига хос паст хавф-хатар хавф-хатарлар кўзда тутилмаган ва қўмитанинг Комплаенс-назорат хизматининг асосли хулосаси асосида истисно тариқасида қўлланилиши мумкин.

32. Қолдиқ коррупциявий хавф-хатар даражасини баҳолаш хавф-хатарли ҳодисани амалга ошишининг эҳтимоли (мазкур Тартибнинг 5-иловаси 5.1-жадвалдаги мезонларга қаранг) ва коррупциявий хавф-хатарнинг оқибат даражаси (мазкур Тартибнинг 5-иловаси 5.2-жадвалдаги мезонларга қаранг)ни ҳисобга олган ҳолда хавф-хатарлар аҳамиятлилик шаклидан фойдаланиб амалга оширилади (мазкур Тартибнинг 5-иловасидаги 5.1-расм).

5-боб. Коррупциявий хавф-хатарнинг қолдиқ даражасини минималлаштириш чоралари

33. Коррупциявий хавф-хатарларни минималлаштириш чора-тадбирларини белгилашда:

– ҳар бир чора, Қўмита ва тизим ташкилотларининг ходимлари унинг мақсадлари, пировард натижаси ва маълум бир коррупциявий хавф-хатарни минималлаштириш билан алоқасини тушуниши учун аниқ ва равшан ифода этилиши;

– ҳар бир чора учун уни амалга ошириш муддати ёки даврийлиги белгиланиши, уни амалга ошириш учун масъул шахслар, амалга оширилишини мониторинг қилиш ва самарадорлигини баҳолаш механизмлари аниқлаб олиниши зарур.

34. Қўмита ва тизим ташкилотларининг коррупциявий хавф-хатарлар харитасига киритилган, аниқланган коррупциявий хавф-хатарларни минималлаштириш чора-тадбирлари Қўмитанинг коррупцияга қарши курашиш дастурларига ҳам киритилади (мазкур Тартибнинг 6-иловаси).

35. Қўмитада коррупциявий хавф-хатарларни минималлаштириш чора-тадбирларини амалга ошириш устидан назорат Комплаенс-назорат хизмати томонидан амалга оширилади.

6боб. Якуний қоидалар

36. Зарурат бўлганда, Қўмита ва тизим ташкилотларининг коррупциявий хавф-хатарлар харитаси ва коррупцияга қарши курашиш дастурига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш билан боғлиқ масалалар бўйича Комплаенс-назорат хизмати томонидан Қўмита раисига таклифлар киритилади.