Давлат рамзлари
  • Ўзбек
  • English
  • Русский
  • Ўзбек
  • English
  • Русский

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва тизим ташкилотларида контрагентларни текширишга оид ЙЎРИҚНОМА

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Йўриқнома Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва унинг тизим ташкилотлари (кейинги ўринларда – Қўмита ва тизим ташкилотлари) томонидан харид қилиш тартиб-таомиллари, шу жумладан тўғридан-тўғри шартнома тузишда иштирокчиларни мажбурий текширишнинг (кейинги ўринларда Харид жараёнлари иштирокчиларини текшириш) асосий талаблари, тартиби ва усулларини белгилайди.

2. Харид жараёнлари иштирокчиларини текширишнинг мақсадлари қуйидагилардан иборат:

Қўмита ва тизим ташкилотлари ходимларининг манфаатлар тўқнашуви ва шахсий манфаатдорлиги билан боғлиқ бўлган коррупциявий хатарларни камайтириш; ноҳалол ижрочи билан шартнома тузиш хатарини камайтириш; харид жараёни иштирокчисининг шартномада белгиланган товарларни етказиб бериш ёки хизмат кўрсатиш, ишларни бажариш имкониятини баҳолаш; Контрагент билан шартнома тузиш тўғрисидаги қарорни тегишли даражада эҳтиёткорлик билан қабул қилиш.

3. Харид жараёнлари иштирокчиларини текшириш хариднинг барча иштирокчилари, шу жумладан, улар ўртасидаги алоқа мавжудлиги эҳтимоли нуқтаи назаридан ҳам амалга оширилади.

4. Текширув ушбу Йўриқноманинг 6 ва 7-бандида кўрсатилганлардан ташқари барча янги контрагентларга нисбатан, шунингдек амалдаги контрагентларга нисбатан камида бир йилда бир марта амалга оширилади.

5. Ушбу Йўриқноманинг 7 ва 8-бандида кўрсатилган ҳолатлардан ташқари, контрагент текшируви натижалари бўйича хулосани олмасдан туриб шартномани имзолаш ва (ёки) тўловларни амалга оширишга йўл қўйилмайди.

6. Электрон дўкон ва бошланғич нархни пасайтириш учун аукцион шаклида ўтказиладиган харидлар бўйича контрагентлар текширилмайди.

7. Шунингдек, текширув қуйидаги контрагентларга нисбатан амалга оширилмаслиги мумкин: Қўмита марказий аппарати билан ёки таркибий ва ҳудудий бўлинмалар ўзаро шартномавий муносабатга киришаётган бўлса; Коммунал ва бошқа шу каби хизматларни (шу жумладан, электр, газ, иссиқлик, муҳандислик-техника, сув таъминоти, сув чиқариш, оқава сувларни тозалаш, қаттиқ маиший чиқиндиларни утилизация қилиш (кўмиш) тармоқларига уланиш), шунингдек давлат томонидан тартибга солинадиган товарлар (ишларнинг, хизматларнинг) нархлар (тарифлар) бўйича етказиб берувчи ҳисобланган контрагентлар; Ўзбекистон Республикасининг табиий монополиялари ҳисобланган контрагентлар.

8. Ушбу Йўриқномада қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилган:

ижрочи – Қўмитада тузилган харид комиссияси аъзолари;

контрагент – Қўмитанинг харид жараёнлари доирасида шартномавий муносабатларга киришишни режалаштираётган ҳар қандай юридик ёки жисмоний шахс;

контрагент/контрагентнинг бенефициар эгаси (якуний бенефициар) – контрагентнинг хусусий эгаси бўлган ёки ушбу Контрагент учун мажбурий бўлган кўрсатмалар бериш, қабул қилинаётган қарорларга таъсир кўрсатиш ёки бошқача тарзда унинг харакатларини бевосита ёки билвосита назорат қилиш ҳуқуқи ёки имкониятига эга бўлган жисмоний шахс;

коррупциявий харакатлар – ходим томонидан бевосита ёки билвосита шахсан ёки учинчи шахслар орқали пора берувчи манфаатлари йўлида ҳаракат ёки ҳаракатсизлик учун моддий манфаатдор бўлиши, шу жумладан пул, қимматбаҳо қоғоз, бошқа кўринишдаги мулк ва мулкий ҳуқуқлар, мулкий ҳарактердаги хизматлар олиш, талаб қилиш, ундириш, таклиф қилиш ёки бериш, пора бериш ва/ёки олиш ёки бунда воситачилик қилишда, расмиятчиликларни соддалаштириш учун тўловлар ундириш (пора олиш) ва бошқа ноқонуний мақсадларда ўз хизмат вазифаларидан ноқонуний фойдаланиш;

манфаатлар тўқнашуви – Қўмита ва тизим ташкилотлари ходимининг шахсий манфаати (бевосита ёки билвосита) у томонидан хизмат вазифаларини тегишли тарзда бажаришига таъсир кўрсатаётган ёки кўрсатиши мумкин бўлган ва ходимнинг шахсий манфаати билан Қўмита манфаатлари ўртасида зиддият юзага келаётган ёки келиши мумкин бўлган вазият;

махфий ахборот – бу олиниши, ишланиши, узатилиши ёки фойдаланилиши Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ёки ахборот эгасининг ички ҳужжатларига мувофиқ чекланадиган ҳар қандай шаклдаги ахборот;

ташаббускор – Қўмитанинг таркибий бўлинмаси;

ходимнинг шахсий манфаатдорлиги – Қўмита ходими, унинг яқин қариндоши ёки ходим билан боғланган шахслар томонидан ходимнинг мансаб ёки хизмат вазифаларини тегишли тарзда бажаришига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган (шахсий, ижтимоий, молиявий, сиёсий ва бошқа тижорат ёки нотижорат манфаатлари) пул маблағлари, моддий ва номоддий қадриятлар, бошқа мулк, фойда, имтиёз ва афзалликлар кўринишидаги шахсий фойда олиш.

яқин қариндошлар – қариндош ёки қуда томондан қариндош бўлган шахслар, яъни ота-она, туғишган ва ўгай ака-ука ва опа-сингиллар, эр-хотин, фарзанд, шу жумладан фарзандликка олинганлар, бобо, буви, неваралар, шунингдек, эр-хотиннинг ота-онаси, туғишган ва ўгай ака-ука ва опа-сингиллари.

2-боб. Текширувни бошлаш тартиби, текширув учун талаб қилиб олинадиган ҳужжатлар ва ахборот манбалари

9. Харид жараёни доирасида унинг иштирокчиларини текшириш харид комиссияси томонидан иштирокчилар берган таклифлар солинган конвертларни баҳолаш учун очилганидан кейин, бироқ харид қилиш тартиб-таомиллари якунлари бўйича ғолиб бўлган таклифнинг акцепти тўғрисида қарор қабул қилингунига қадар амалга оширилади.

10. Харид жараёни доирасида қонунчилик ва Қўмитанинг ички ҳужжатларида ўрнатилган муддатларга риоя қилиниши устидан текширувни амалга ошириш учун маъсул – тегишли Харид комиссия раиси ёки шартнома ташаббускори ҳисобланади (агар харид тўғридан-тўғри шартнома бўйича амалга оширилаётган бўлса). Бунда ижрочи Харид комиссияси раиси томонидан тайинланади.

11. Контрагентлар текшируви ижрочи томонидан ҳужжатлар ташаббускоридан ушбу Йўриқноманинг 15-бандида кўрсатилган ҳужжатлар олинган санадан 5 кундан ортиқ бўлмаган муддатда амалга оширилади.

12. Текширувни белгиланган муддатларда ўтказиш имкони бўлмаган тақдирда унинг давомийлиги Харид комиссияси раиси билан келишилган ҳолда 3 кундан ортиқ бўлмаган муддатга ёзма шаклда узайтирилиши мумкин.

13. Контрагентларнинг текширувини шошилинч тартибда ўтказиш зарурияти мавжуд бўлган ҳолларда, ташаббускор шошилинч тартиби асосланган, текширувни ўтказишнинг зарур муддатлари кўрсатилган хизмат хати билан Харид комиссиясига мурожаат қилади. Шошилинч текширув ўтказиш тўғрисидаги қарор қабул қилишга Харид комиссияси қарори асосида йўл қўйилади.

14. Контрагентларни текшириш мақсадида ҳужжатларни тўплаш ва тақдим қилиш учун Харид комиссияси раиси ёки ташаббускор (агар харид тўғридан-тўғри шартнома бўйича амалга оширилаётган бўлса) масъул бўлади.

15. Контрагентни текшириш учун ижрочига қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади: контрагентнинг ўзи ушбу Йўриқноманинг 1-иловасига мувофиқ шаклда тўлдирган якуний бенефициарлари тўғрисидаги маълумотнома; контрагентдан олинган ҳужжатлар нусхаси (ушбу Йўриқноманинг 2-иловаси); контрагентнинг коррупцияга қарши курашиш бўйича ички ҳужжатлари (мавжуд бўлса) нусхаси (сиёсатлар, низомлар, одоб-аҳлоқ қоидалари, коррупцияга қарши дастурлар ва бошқалар).

16. Ушбу Йўриқноманинг 15-бандида кўрсатилган ҳужжатларни олиш Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ мажбурий ҳисобланади, коррупцияга қарши курашиш бўйича контрагентнинг ички ҳужжатлари ва якуний бенефициарлар тўғрисидаги маълумотнома бундан мустасно. Контрагент коррупцияга қарши курашиш бўйича ички ҳужжатлар ва якуний бенефициарлар тўғрисидаги маълумотномани тақдим этишни рад этган тақдирда, ташаббускор бу ҳақда Контрагент устидан тақдим этилган ҳужжатлар асосида текширувни амалга оширадиган ижрочига хабар беради.

17. Контрагентдан олинган барча ҳужжатлар нотариал тарзда ёки контрагентнинг ваколатли вакили томонидан тегишли тарзда тасдиқланган бўлиши лозим. Тақдим этиладиган ҳужжатлар амал қилаётган бўлиши, давлат реестрлари ҳужжатлари эса текширув санасига қадар 30 (ўттиз) кундан ортиқ бўлмаган  муддатда олинган бўлиши керак.

18. Контрагентни текшириш учун маълумотлар тўплаш ижрочи томонидан контрагент, унинг эгалари ва раҳбарлари, фаолияти тўғрисида яхлит ва холис фикрга эга бўлиш, шунингдек, ундан олинган ҳужжат ва маълумотларнинг ишончлилиги, шу жумладан, уларнинг ишончсизлиги бўйича белгилар йўқлигини (сохталаштириш аломатлари мавжуд эмаслигини) баҳолаш учун амалга оширилади. Контрагентларни текшириш доирасида ижрочи контрагент томонидан тақдим этилган ахборот ва ҳужжатларни таҳлил қилади. Ушбу Йўриқноманинг 2-иловасида кўрсатилган ҳужжатларни контрагентдан олиш имкони бўлмаганда ёки олинган ҳужжат ёки ахборотларнинг ишончли эмаслиги (сохталаштирилгани) белгилари мавжуд бўлган ҳолларда ижрочи контрагент текшируви натижалари тўғрисидаги хулосада тегишли белги қўяди. Ижрочи Йўриқноманинг 3-иловасида кўрсатилган ахборот манбаларидан фойдаланиши мумкин. Ушбу рўйхат тавсиявий бўлиб, зарурият туғилганда ижрочи бошқа манбалардан фойдаланиши мумкин. Шунингдек, Ижрочи тегишли ташкилотларга расмий сўровнома юбориш йўли билан олинган ҳужжатларни, Қўмитанинг ички ресурслари, шу жумладан, контрагентлар текширувлари реестри, ходимларнинг манфаатлар тўқнашуви реестри ва бошқаларни таҳлил қилади.

19. Контрагентни текшириш учун ишлатилган манбалар қонунийлик ва холислик талабларига жавоб бериши керак.

20. Зарурият бўлганда ижрочи текширув давомида контрагентларни жойига чиқиб, ўрганиши мумкин. Бу каби текширувларни ижрочи ўз бўлинмаси раҳбари билан келишилган ҳолда ўтказади. Сайёр текширув давомида ташкилот раҳбари (ваколатли вакили) билан учрашув баённомаси тузилиб, унда контрагентдан олинган, дастлаб ижрочи томонидан асл нусхалари билан таққосланган ҳужжатларнинг тасдиқланган нусхалари санаб ўтилади. Олинган ҳужжатлар нусхаларининг ва (ёки) контрагентнинг ваколатли вакили томонидан тақдим этилган изоҳлар рўйхати текширилаётган контрагентнинг ваколатли вакили ва ижрочи томонидан имзоланган алоҳида рўйхат кўринишида расмийлаштирилиши ва учрашув баённомасига илова қилиниши керак.

3-боб. Контрагентларни текшириш методологияси

21. Контрагентларни текшириш қуйидаги асосий йўналишлар бўйича амалга оширилади:

1) контрагентнинг ҳуқуқ лаёқати, молиявий барқарорлиги, ишончлилиги ва у билан бўлган ўзаро муносабатлар тарихини текшириш, шу жумладан:

а) шартномани бажариш учун зарур техник, молиявий, моддий, ходимлар ва бошқа ресурсларнинг мавжудлиги;

б) шартнома тузиш учун қонуний ҳуқуққа эгалик;

в) солиқлар ва йиғимларни тўлаш бўйича муддати ўтган қарздорликнинг мавжуд эмаслиги;

г) контрагентларга нисбатан жорий этилган банкротлик тартиб-таомилларининг мавжуд эмаслиги;

д) инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестрида қайд этилмаганлиги;

2) контрагентнинг иш соҳасидаги обрў-эътибори;

3) манфаатлар тўқнашуви мавжуд эмаслигини текшириш.

Кўрсатилган йўналишлар бўйича текширув ўтказиш мажбурий ҳисобланади. Текширув йўналишлари рўйхати ҳар бир алоҳида ҳолатда ижрочининг харид комиссияси қарори билан келишилган талабига кўра кенгайтирилиши мумкин. Бунда, текшириш йўналиши давлат харидларини тартибга солувчи қонунчиликка зид бўлиши ва (ёки) рақобат тамойилларини чеклашга олиб келишига йўл қўйилмаслиги лозим.

22. Ижрочи фойдаланиш мумкин бўлган ахборот манбаларининг таҳлилини амалга оширади ва 24-26-бандларда кўрсатилган ҳар бир йўналишга нисбатан қуйидаги контрагентнинг текширув натижалари тўғрисида хулосада кўрсатилган маълумотларнинг бор-йўқлигини белгилайди.

23. Ушбу Йўриқнома амалга киритилгунга қадар шартномавий муносабатларда бўлган Қўмитанинг амалдаги контрагентни текширишда ижрочи бундан аввалги шартномавий муносабатларнинг давомийлиги, ушбу контрагент билан ўзаро ҳаракат тажрибаси ва унинг Қўмита билан аввал тузилган шартномалар бўйича мажбуриятларни бажаришдаги ҳалоллигини текширади. Янги контрагентни текширишда ижрочи контрагент томонидан шу каби шартномаларнинг бажарилганлиги тўғрисидаги ахборот ва бошқа буюртмачилар (мижозлар) берган тавсияномаларни таҳлил қилади ҳамда имкон даражасида ушбу контрагентнинг бошқа мижозлар олдидаги шартномавий мажбуриятларини бажаришдаги ҳалоллигини текширади.

24. Контрагентнинг ҳуқуқий лаёқатини, молиявий барқарорлиги, ишончлилиги ва у билан бўлган муносабатлар тарихини текшириш доирасида ижрочи қуйидаги маълумотларни аниқлайди:

Тадбиркорлик субъектларининг Ягона реестрида контрагентнинг борлиги;

контрагентнинг юридик ва амалдаги манзили;

контрагент раҳбари ва таъсисчиларининг Ф.И.Ш.;

контрагент асосий фаолият турининг харид предметига мувофиқлиги;

контрагент фаолиятини тугатиш, қайта ташкил этиш, ўзига нисбатан жорий этилган банкротлик тартиб-таомилларининг мавжуд эмаслиги;

контрагентда Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ равишда лицензияланиши керак бўлган фаолият турларини амалга ошириш учун зарур лицензияларнинг (рухсатномалар) мавжудлиги;

Контрагентда очиқ ахборот, тақдим этилган ҳужжатлар ва бухгалтерия ҳисобдорлигига мувофиқ, асосий маблағлар, хусусий капитал, ходимлар ва бошқа техник, молиявий, моддий ва Қўмита олдидаги мажбуриятларни бажариш учун зарур бўлган бошқа ресурсларнинг мавжудлиги;

Контрагент номидан қўмита билан шартномавий муносабатларга киришаётган шахсда тегишли ваколатнинг мавжудлиги;

Контрагент махсус ахборот порталида инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестрига киритилмаганлиги;

Контрагентнинг сўнгги икки йил ичида Қўмита олдидаги шартномавий мажбуриятларини ўз вақтида бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги тўғрисида маълумотлар мавжуд эмаслиги;

Контрагентда солиқлар ва йиғимларни тўлаш бўйича муддати ўтган қарздорликнинг мавжуд эмаслиги.

25. Контрагентнинг иш соҳасидаги обрў-эътиборини текшириш доирасида ижрочи қуйидаги маълумотларни аниқлайди:

очиқ ахборот манбаларида контрагент, унинг мулкий эгалари, шу жумладан бенефициар мулкий эгалари ёки раҳбарларнинг фирибгарлик, сохталаштириш ва коррупция билан боғлиқ жиноятлар ёки бошқа ноқонуний фаолиятда иштирок этганлиги тўғрисидаги ахборот мавжуд эмаслиги;

контрагент раҳбарига нисбатан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ёки бошқа давлат органларида қораловчи маълумотлар ёки материалларнинг мавжуд эмаслиги;

контрагент, унинг мулкий эгалари ёки бош директор (бошқарув органлари аъзолари) ва бошқа раҳбарларнинг жиноий тузилмалар, экстремистик ва террористик ташкилотлар билан ўзаро алоқаси мавжуд эмаслиги;

контрагентнинг ишбилармонлик аҳлоқий меъёрлари ва коррупцияга қарши кураш масалаларини тартибга солувчи тартиб-таомил ва сиёсатларнинг мавжудлиги;

контрагентнинг мулк эгалари ёки раҳбарларига (бошқарув органлари аъзолари) нисбатан унинг молиявий-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлган жиноят ишлари мавжуд эмаслиги;

контрагент, унинг мулк эгалари ёки бошқа раҳбарлари тўғрисида бошқа салбий маълумотлар мавжуд эмаслиги;

26. Ўзбекистон Респуликаси “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонуннинг 14-моддасига мувофиқ, Давлат буюртмачисининг, давлат харидлари электрон тизими операторининг, ихтисослашган ташкилотнинг, эксперт ташкилотининг мансабдор шахслари ва бошқа ходимлари, шунингдек харид комиссиясининг аъзолари ҳамда экспертлар харид қилиш тартиб-таомилларини амалга оширишда ўз иштирокидаги давлат харидларига доир битимнинг натижаси бўлган ҳар қандай шахсий фойдани бевосита ёки билвосита олиш ҳуқуқига эга эмас. Шунга мувофиқ, ижрочи ушбу Йўриқноманинг 1-иловасига мувофиқ шаклда тўлдирилган контрагентнинг якуний бенефициарлари тўғрисидаги маълумотномада акс эттирилган маълумотларнинг тадбиркорлик субъектлари Ягона давлат реестри маълумотларига мувофиқлигини текширади. Ушбу текширув контрагентнинг раҳбарлари ва таъсисчиларига нисбатан ҳам амалга оширилади. Шунингдек, ижрочи манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги ёки йўқлигини қуйидаги мезонлар бўйича текширади: контрагентнинг ягона ёки мулкий эгаларидан бири, шу жумладан, бенефициар мулкий эгаси – бу Харид жараёнининг бошқа иштирокчиси раҳбари ёки унинг яқин қариндоши эмаслиги; контрагентни танлашда иштирок этувчи ташаббускор ёки Қўмитанинг бошқа ходимлари ёки уларнинг яқин қариндошлари унинг устав капиталидаги оммавий айланмада бўлмаган акциялари ёки ҳиссаларига, контрагентнинг Республика фонд биржасида ёки яна бошқа бир фонд биржасида оммавий айланмада бўлган 5% дан ортиқ қимматли қоғозларига эгалик қилмаслиги; контрагентни танлашда иштирок этувчи ташаббускор ёки Қўмитанинг бошқа ходимлари ёхуд уларнинг яқин қариндошлари контрагент бошқарув кенгаши таркибига кирмаслиги ёки унинг фаолияти натижаларидан шахсий манфаатдорликка (шу жумладан уларнинг инвестицияларини амалга оширишда) эга бўлмаслиги; контрагентни танлашда иштирок этувчи ташаббускор ёки Қўмитанинг бошқа ходимлари ёхуд уларнинг яқин қариндошлари контрагентда раҳбарлик лавозими ёки қарорлар қабул қилиш билан боғлиқ лавозимларда ишламаслиги; контрагент ва Харид комиссияси аъзолари ўртасида аффилланганлик алоқаларининг мавжуд эмаслиги; манфаатлар тўқнашувига олиб келадиган бошқа шароитлар.

Манфаатлар тўқнашуви мавжудлигини текширишни ижрочи контрагентлар томонидан тақдим этилган маълумотларни манфаатлар тўқнашувини декларациялаш доирасида Қўмита ходимлари томонидан акс эттирилган ва тегишли реестрга киритилган маълумотлар билан таққослаш орқали амалга оширади.

4-боб. Текширув натижаларини расмийлаштириш

27. Ўтказилган текширув натижалари бўйича ижрочи ушбу Йўриқноманинг 4-иловасида келтирилган шаклда ҳисобот тузади. Контрагент текшируви натижалари тўғрисидаги ҳисоботга ижрочи ўтказилган таҳлил ва таҳлилни тасдиқловчи бошқа ҳужжатларни илова қилади.

28. Реал ёки потенциал манфаатлар тўқнашуви аломатлари аниқланган тақдирда ижрочи уни тартибга солиш зарурияти тўғрисида чораларни кўриш бўйича Харид комиссияси раиси ёки ташаббускорга таклиф киритади. Агар манфаатлар тўқнашуви аломатлари Қўмита ходимларида аниқланган бўлса, бу ҳақида Коррупцияга қарши комплаенс-назорат хизматини хабардор қилади. Манфаатлар тўқнашуви мавжуд ёки мавжуд эмаслиги бўйича ўтказилган таҳлил якунлари ва уни тартибга солиш бўйича чоралар ҳам контрагент текшируви натижалари тўғрисидаги ҳисоботда акс эттирилади.

29. Хатар индикаторлари аниқланганда ижрочи контрагент текшируви натижалари тўғрисидаги ҳисоботда аниқланган хатарларни камайтиришга йўналтирилган контрагент билан ишлаш бўйича тавсияларни таклиф қилади ва акс эттиради (масалан, шартномага аванс тўловларга тақиқни киритиш ва бошқа).

30. Ижрочи контрагент текшируви натижалари тўғрисидаги хулосани Харид комиссияси раиси ёки ташаббускорга тақдим этади. Харид комиссияси раиси ёки ташаббускор олинган хулосани харид иштирокчисини танлаш тўғрисида қарорни қабул қилиш доирасида ҳисобга олади, бу ҳақда харид комиссияси ёки контрагент билан тўғридан-тўғри шартнома тузишдаги баённомада тегишли ёзув киритилади.

31. Контрагент ва Қўмита ходими ўртасида реал манфаатлар тўқнашуви мавжуд бўлган тақдирда, у Харид жараёнини давом эттиришдан олдин Қўмитада манфаатлар тўқнашувини бошқариш бўйича ички ҳужжатга асосан тартибга солиниши керак. Манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш имкони бўлмаган тақдирда контрагент харид жараёнида иштирок этишдан четлатилиши лозим.

32. Агар тўғридан-тўғри ҳаридлар доирасида контрагентни текшириш натижаларига кўра, коррупциявий хавф-хатарнинг мавжудлигини ёки коррупцияга қарши курашиш тизимининг йўқлигини кўрсатувчи маълумотлар аниқланса, у ҳолда контрагент билан шартнома тузиш эҳтимоли ҳақидаги қарор қўмита раиси томонидан қабул қилинади.

33. Контрагент текшируви натижалари тўғрисидаги хулоса мажбурий тартибда харид қилиш жараёнлари натижалари тўғрисидаги қарор қабул қилиш, шартнома бўйича келишиш ва тўловларни амалга ошириш учун талаб этилувчи ҳужжатлар пакетига қўшиб қўйилади.

34. Текширув натижалари тўғрисида ҳисобот чиққанидан бошлаб уч иш кунидан кечиктирмай комплаенс-назорат хизмати бу ҳақидаги маълумотни ушбу йўриқномага 5-иловага мувофиқ шаклда Контрагентларни текшириш реестрига киритади.

35. Контрагентларни текшириш реестри ва контрагентларни текшириш натижалари, шунингдек, текширув учун ариза, контрагентни текшириш натижалари тўғрисидаги ҳисобот, контрагентлар томонидан тақдим этилган ҳужжатлар ҳамда ижрочи томонидан тегишли манбалардан олинган маълумотлар контрагент билан шартнома муносабатлари тўхтатилган кундан бошлаб камида 3 (уч) йил комплаенс-назорат хизматида сақланади.

36. Контрагентларни текшириш реестри ва контрагентларни текшириш натижалари, шунингдек, текширув учун ариза, контрагентни текшириш натижалари тўғрисидаги ҳисобот, контрагентлар томонидан тақдим этилган ҳужжатлар ҳамда ижрочи томонидан тегишли манбалардан олинган маълумотлар конфиденциал бўлиб, Қўмита ходимларига ҳамда хизмат вазифалари ва ваколатлари бундай маълумотлардан фойдаланишни ўз ичига олмаган бошқа учинчи шахсларга ошкор қилинмайди.

5-боб. Якуний қоидалар

37. Контрагентларни текшириш жараёни доимий равишда комплаенс-назорат хизмати томонидан мониторинг қилиб борилади.

38. Давлат харидлари ва коррупцияга қарши қонунчиликнинг ушбу йўриқномага таъсир қиладиган нормалари ўзгарганда, Йўриқнома қайта кўриб чиқилади.

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва унинг
тизим ташкилотларида контрагентларни
текширишга оид йўриқномага
1-илова

Якуний бенефициарлар тўғрисида _______________________________

(ҳаридлар иштирокчиси) *

МАЪЛУМОТНОМА

Ф.И.Ш.Туғилган санасиШахснинг роли (раҳбар / таъсисчи / якуний бенефициар)Шахс раҳбар/ таъсисчи/ якуний бенефициар бўлган даврИштирок этиш улуши (фақат 5 фоиздан ортиқ улушга эга таъсисчилар учун), фоизда
1.     
2.     
3.     
4.     
5.     
6.     
7.     
     

*сўнгги икки йил учун тўлдирилади

Ваколатли шахснинг Ф.И.Ш._____________________________________________________________

Ҳарид иштирокчисидаги ваколатли шахснинг лавозими_____________________________________

Маълумотнома тузилган сана____________________________________________________________

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва унинг
тизим ташкилотларида контрагентларни
текширишга оид йўриқномага
2-илова

Контрагентдан текшириш учун сўраладиган ҳужжатлар

Ўзбекистон Республикасида юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтган контрагентлардан талаб қилинадиган ҳужжатлар:

т/рҲужжат номиЮридик шахс (ЮШ) / Якка тартибдаги тардбиркор (ЯТТ)Янги  контрагентЖорий контрагент
1Давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхасиЮШ / ЯТТМажбурийн/п
2Солиқ ҳисобига қўйиш, шу жумладан СТИР тўғрисида маълумотларЮШ / ЯТТМажбурийМажбурий
3Юридик шахсларнинг ягона Давлат реестрига киритиш тўғрисида маълумотЮШ / ЯТТМажбурийМажбурий
4Устав ва бошқа таъсис ҳужжатларининг нусхасиЮШМажбурийЎзгариш бўлганда сўраб олиш
5Паспорт нусхасиЯТТМажбурийЎзгариш бўлганда сўраб олиш
6ИшончномаЮШ / ЯТТМажбурийМажбурий
7Контрагент эгалиги тузилмаси, бунга бенефицар мулкий эгаларни ҳам ҳисобга олган ҳолда барча мулк эгалари киритиладиЮШМажбурийЎзгариш бўлганда сўраб олиш
8Сўнгги ҳисобот йили учун бухгалтерия ҳисоботи ёки сўнгги ҳисобот йили учун аудиторлик хулосасиЮШ / ЯТТМажбурийМажбурий
9Кўрсатилган иш/хизматларни бажариш учун малакали кадрларнинг мавжудлиги тўғрисида маълумот (хат ва / ёки тасдиқловчи ҳужжатлар шаклида тақдим этилиши мумкин)ЮШМажбурийЎзгариш бўлганда сўраб олиш
10Мувофиқлик лицензиялари ва сертификатлариЮШ / ЯТТСотиб олинган товарлар/ишлар/хизматлар турига қараб мажбурийСотиб олинган товарлар/ишлар/хизматлар турига қараб мажбурий

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва унинг тизим ташкилотларида контрагентларни текширишга оид йўриқномага 3-илова

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва унинг
тизим ташкилотларида контрагентларни
текширишга оид йўриқномага
4-илова

Контрагентни текшириш ҳақидаги ҳисобот

1.Иштирокчининг исми 
2.СТИР 
3.Рўйхатга олинган сана 
4.Юридик ва амалдаги манзили 
5.Раҳбарнинг ФИШ 
6.Таъсисчиларнинг ФИШ 
7.Якуний бенефициарларнинг ФИШ 
8.Иштирокчи тадбиркорлик субъектларининг Ягона Давлат реестрида бор  Ҳа    Йўқ       
9Иштирокчидан имзо чекувчи шартнома тузишга ҳақли Ҳа        Йўқ      
10Иштирокчининг асосий фаолияти харид предметига мос келадиҲа        Йўқ      
11.Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашда қарздорликларнинг йўқлигиҲа        Йўқ       
12.Иштирокчига нисбатан жорий этилган қайта ташкил этиш, тугатиш (ликвидация), банкротлик тартиб-таомилларининг йўқлигиҲа       Йўқ       
13.Инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестрида иштирокчи ҳақида ёзувнинг йўқлигиҲа      Йўқ     
14.Ташкилот тизимида иштирокчи билан ишлашнинг аввалги салбий тажрибасининг йўқлигиҲа        Йўқ      
15.Иштирокчи хариднинг бошқа иштирокчилари билан аффилланмаганҲа         Йўқ       
16.Манфаатлар тўқнашуви / иштирокчининг Ташкилот тизими ходимлари билан аффилланганлиги ҳақида маълумот йўқлигиҲа        Йўқ      
17.Аниқланган манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш чора-тадбирлариМанфаатлар тўқнашувларини тартибга солиш чора-тадбирлари тавсифи
18.  Коррупцияга оид қоидабузарликлар эҳтимоли ҳақида маълумотларМавжуд эмас / Манба: [ҳавола], [Ҳарид жараёнлари иштирокчисининг коррупцияга оди қоидабузарлиги/порахўрлиги тавсифи]
19.Иш соҳасидаги обрўсининг салбий омиллари эҳтимоли ҳақида маълумотлар  Мавжуд эмас / Манба: [ҳавола], [ишчанлик обрўсининг салбий омиллари тавсифи]
20.Коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳужжатларнинг мавжудлиги (веб-сайтда тақдим этилган ёки мавжуд)ҲаP   ЙўқP      
21.Иштирокчининг сайтиМавжуд эмас/ Сайтнинг манзили: [ҳавола], фаол / фаол эмас
22.Иштирокчи мавжудлиги муддати (йилларда) 
23.Иштирокчининг молиявий, моддий, техник, кадрлар ва бошқа ресурслари миқдори шартнома бўйича мажбуриятларни бажариш учун етарлиҲаP   ЙўқP      
24.Иштирокчи текшириш учун барча зарур ҳужжатларни тақдим этганҲаP  ЙўқP     
 Агар тақдим этмаган бўлса, тақдим этилмаганларини кўрсатинг:
25.Ҳисоботга илова қилинган бошқа материаллар
 а)[Ҳужжат / материалнинг қисқача тавсифи]
 б)Хатарлар аниқланганлигини (ҳа, йўқ) ва, агар шундай бўлса, қандай хатарлар ва уларни қандай камайтириш мумкинлигини кўрсатинг [Ҳужжат / материалнинг қисқача тавсифи]
 в)[Ҳужжат / материалнинг қисқача тавсифи]
 г)[Ҳужжат / материалнинг қисқача тавсифи] ва б.
   Текшириш натижалари асосида асосий хулосалар ва кузатишлар
     Харид жараёни иштирокчисини текширишни амалга оширган ходим ҳақида маълумотлар
 Ф.И.Ш. 
 Лавозими 
 Ҳисобот тузилган сана 
 Лотнинг рақами 
 Имзо 

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва унинг тизим
ташкилотларида контрагентларни
текширишга оид йўриқномага
5-илова

Харид жараёнлари иштирокчиларини/контрагентларни текшириш реестри

Т\рТекшириш сўрови олинган санаИжрочи Ташаббускор (ФИШ, лавозими ва бўлими)Контрагент номиКонтрагентнинг СТИРТақдим этилган ҳужжатларШартнома муносабатларини ўрнатишнинг мақсадиОлдинги текширувлар ҳақида маълумот (санаси, ижобий/ салбий хулоса / дастлабки текшириш)Аниқ-ланган хавфларХулоса санасиИзоҳлар
123456789101112
1      
2      
3      
4      
5      
       

Контрагентларни текшириш учун очиқ ахборот манбалари

  1. Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар тўғрисидаги маълумотларни текшириш Давлат хизматлари агентлиги платформаси – https://fo.birdarcha.uz/s/ru_landing
  2. Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси – http://registr.stat.uz/
  3. Солиқ органларининг электрон давлат хизматлари портали – https://my2.soliq.uz/main/info/debtors?lang=uz
  4. Ўзбекистон Республикаси очиқ маълумотлар портали – https://data.gov.uz/ru
  5. Тошкент шаҳар ер ресурслари ва Давлат кадастри бошқармаси – http://kadastr.uz/ru/
  6. Инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестри – http://xarid.uz/unfairexecutor
  7. Иқтисодий, маъмурий, жиноий ва фуқаролик судларининг суд ҳужжатлари – https://public.sud.uz/#!/sign/view
  8. Офшор зоналар рўйхати- http://www.fatf-gafi.org/publications/high-risk-and-other-monitored-jurisdictions/documents/call-for-action-february-2021.html
  9. АҚШ махсус тоифадаги ва тақиқланган шахслар рўйхати (ёки WorldCheck маълумотлар базаси)- https://sanctionssearch.ofac.treas.gov/

Ушбу рўйхат ижрочи томонидан текшириш учун тавсия этилган манбалар рўйхати бўлиб, зарур бўлганда кенгайтирилиши мумкин.