Давлат рамзлари
  • Ўзбек
  • English
  • Русский
  • Ўзбек
  • English
  • Русский

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва тизим ташкилотлари ходимларининг этика ва коррупцияга қарши курашиш соҳасида ўқишини ташкил қилиш бўйича ЙЎРИҚНОМА

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Йўриқнома Ўзбекистон Республикаси ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, унинг тизим ташкилотлари ва таркибий бўлинмалари (кейинги ўринларда қўмита ва тизим ташкилотлари) ходимларининг этика ва коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича ўқишини ташкил қилиш бўйича тартибини белгилаб беради.

2. Ушбу Йўриқнома коррупциявий ҳаракатларнинг олдини олиш ва уларни содир этилишига хизмат қиладиган сабабларни бартараф этиш, ходимларнинг ҳуқуқий онгини ошириш ва уларни Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ва Қўмитанинг бошқа ички норматив ҳужжатларига қатъий риоя қилиш руҳида тарбиялашга қаратилган.

3. Қўмита ва тизим ташкилотлари ходимларини этика ва коррупцияга қарши курашиш соҳасида ўқитиш (кейинги ўринларда – ўқитиш) дастурлари ва материаллари Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ва ушбу Йўриқномага мувофиқ ишлаб чиқилади.

4. Қўмита ва тизим ташкилотлари ходимларини ўқитиш қуйидаги тамойилларга асосланади:

холислик ва илмийлик – этика ва коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ўқув материалларни тайёрлаш учун масъул шахслар уларнинг Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги талаблари, халқаро стандартлар ҳамда этика ва коррупцияга қарши курашиш назарияси ҳамда амалиётига доир илмий тадқиқотлар натижаларига мувофиқлигини таъминлайди;

амалий жиҳатдан қулайлик – Қўмита ва тизим ташкилотлари ходимларини ўқитиш шакллари, усуллари ва материаллари амалий аҳамиятга эга бўлиши, реал вазиятларга асосланиши, ходимлар томонидан олинган билимларни тушуниш даражаси ва уларни аниқ амалий вазифаларни ҳал этишда қўллаш имкониятини назорат қилинишини ўз ичига олиши лозим;

кетма-кетлилик ва тизимлилик – этика ва коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ўқув материаллари, шунингдек Қўмита ва тизим ташкилотлари ходимларини ўқитиш тартиби изчил ва тузилмавий-мантиқий тизимни ифодалайди. Ўқитиш умумий тушунчалар ва воқеликлардан жузъийларига, оддийдан мураккабга, бошланғичдан мукаммалга ва ҳ.к ўтиш асосида амалга оширилади;

ҳаммабоплик – Қўмита ва тизим ташкилотлари ходимларининг жорий билимлари ва кўникмаларини ҳисобга олиш, улар учун тушунарли бўлган ўқув материалларини шакллантириш;

дифференциалланган ёндашув – Қўмита ва тизим ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш соҳасида ўқитиш аниқ функциялар ва тартиб-таомиллардаги коррупциявий хавф-хатар натижаларини ҳисобга олади. Коррупциявий хавф-хатарларга энг кўп мойил бўлган лавозимларни эгаллаб турган ходимлар коррупцияга қарши қўшимча равишда махсус ўқитилади;

ўқитиш усуллари ва шаклларини доимий равишда такомиллаштириш – Қўмита ва тизим ташкилотлари ўқув материалларини ишлаб чиқиш, ўқитиш, шунингдек Қўмита ва тизим ташкилотлари ходимлари томонидан билимлар ўзлаштирилганини текшириш вақтида техник ва илмий тараққиётнинг инновацион ютуқларидан фойдаланишга ҳаракат қилади.

2-боб. Ўқитишнинг устувор вазифалари

5. Ўқитиш шакллари ва усулларини аниқлашда, шунингдек этика ва коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ўқув материалларини шакллантиришда Қўмита ва тизим ташкилотлари ходимларини этика ва коррупцияга қарши курашиш соҳасида ўқитиш учун масъул шахслар қуйидаги устувор вазифаларга таяниши лозим:

коррупция моҳияти, унинг жамият ҳаётининг турли соҳалари, Қўмита ва тизим ташкилотларининг функция ва тартиб-таомилларида пайдо бўлиш шакллари ва ўзига хос жиҳатлари, сабаблари, ижтимоий жиҳатдан хавфли ва зарарли оқибатлари тўғрисида умумий тасаввурни шакллантириш;

Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги, Қўмита ва тизим ташкилотларининг коррупцияга қарши кураш сиёсати билан белгиланган этика ва коррупцияга қарши хулқ-атворнинг ахлоқий қадриятлари ва Қўмита ва тизим ташкилотларининг бошқа ички ҳужжатларига қатъий ва сўзсиз риоя қилишга асосланган хулқ-атвор моделини шакллантириш;

Қўмита ва тизим ташкилотлари ходимларини қўмитада амал қилувчи коррупцияга қарши кураш тамойиллари, талаблари ва тартиб-таомиллари билан таништириш; коррупциявий хавф-хатарларни келиб чиқишига хизмат қилувчи шарт-шароитларни аниқлаш ва уларнинг олдини олиш қобилиятини шакллантириш, коррупциявий хулқ-атвор, Қўмита ва тизим ташкилотлари ходимларида хулқ-атвор қоидалари бузилишига нисбатан тоқатсизликни намоён этиш.

3-боб. Ўқитишни ташкил этиш тартиби

6. Қўмитанинг Кадрлар бўлими қўмита ва тизим ташкилотларининг ходимларини ўқитиш режаларини тайёрлаш, тегишли ўқув материалларини ишлаб чиқиш, ўқитиш, шунингдек қўмитада бундай ўқитишни мониторинг ва назорат қилиш учун масъулдир.

7. Қўмитанинг Коррупцияга қарши комплаенс-назорат хизмати қўмита ходимларини ўқитиш режаларини тайёрлашда иштирок этади, коррупцияга қарши кураш соҳасидаги ўқув материалларни ишлаб чиқади, ўқитиш ўтказилишини мувофиқлаштиради.

8. Қўмитанинг Кадрлар бўлими ўқитиш интизоми ва унга доир ахборотлар йиғилишини назорат қилади.

9. Қўмита Комплаенс-назорат хизмати ва Кадрлар бўлими тегишли тажрибага эга халқаро ёки маҳаллий ташкилотлар билан тузилган шартномалар (Қўмитада белгиланган тартибда) асосида ўқув материалларини тайёрлаш ҳамда ўқитишни амалга ошириш учун учинчи шахсларни жалб қилиши мумкин.

10. Ўқитиш қуйидаги ўқув дастурларини кўзда тутиши лозим: барча ходимлар учун коррупцияга қарши умумий ўқитиш;

Қўмита ходимларининг хулқ-атвор қоидалари бўйича умумий ўқитиш; коррупциявий хавф-хатарга энг кўп мойил бўлган лавозимлар учун коррупцияга қарши махсус ўқитиш;

Қўмитада коррупцияга қарши курашиш тизимининг амал қилиши ва ривожланиши учун масъул бўлган ходимлар учун коррупцияга қарши махсус ўқитиш.

11. Умумий коррупцияга қарши ўқитиш ва қўмита тизими ходимларининг хулқ-атвор қоидалари бўйича умумий ўқитиш Қўмитанинг барча ходимлари учун мажбурий ҳисобланади.

12. Қўмитанинг барча ходимлари учун коррупцияга қарши умумий ўқитиш амалий йўналтирилган бўлиши ва қуйидаги янги билимларга эга бўлиш ёки мавжуд билимларни такрорлаш имкониятини яратиши лозим:

Ўзбекистон Республикасининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги қонунчилиги, Қўмитанинг коррупцияга қарши курашиш масалалари, жумладан ўрнатилган тақиқлар, чекловлар, ҳуқуқ ва мажбуриятлар, хизмат хулқ-атворига қўйилган талаблар, Қўмита ходимларининг коррупциявий ҳаракатлари аниқланганда ҳаракатлар кетма-кетлигига доир ички ҳужжатларни билиш;

коррупцияга қарши курашиш, манфаатлар тўқнашуви ва коррупцияга қарши бошқа талаблар соҳасидаги ҳуқуқни қўллаш амалиётига доир билимлар;

олинган билимларни қўллаш кўникмалари, жумладан Қўмитанинг турли фаолият соҳаларидаги коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш қобилияти, Қўмитада ўрнатилган коррупцияга қарши кураш чораларини амалиётда қўллай билиш.

13. Қўмита ходимларининг хулқ-атвор қоидалари бўйича умумий ўқитиш Қўмитанинг барча ходимлари учун амалий йўналтирилган бўлиши ва Қўмитада қабул қилинган этика тамойиллари ва қоидаларига доир янги билимларга эга бўлиш ёки бор билимлар такрорланишини таъминлаши лозим.

14. Қўмита ходимлари умумий коррупцияга қарши ўқитиш ва ходимларинг хулқ-атвор қоидалари натижалари бўйича ўрганилган материал қанчалик ўзлаштирилгани ва тушунилганлиги ҳамда олинган билим ва кўникмаларни амалиётда қўллаш имкониятини текширишга қаратилган тест синовлари топшириши лозим.

15. Қўмита ходимлари саволларнинг камида 70 фоизига тўғри жавоб берган тақдирда коррупцияга қарши умумий ўқитиш ва Ташкилот ходимларининг хулқ-атвор қоидаларини муваффақиятли ўзлаштирган ҳисобланади. Агар ходим саволларнинг 70 фоизидан камига тўғри жавоб берган бўлса, у такрорий тест синовларини тест топширган кундан бошлаб     5 иш куни ичида топшириши мумкин.

16. Коррупциявий хавф-хатарга энг кўп мойил бўлган лавозимлар учун махсус коррупцияга қарши ўқитиш коррупцияга қарши умумий ўқитишдан мустақил (қўшимча) равишда ўтказилади.

17. Коррупциявий хавф-хатарга энг кўп мойил бўлган лавозимлар рўйхати Қўмита ва тизим ташкилотларида коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш услубиётига мувофиқ шакллантирилади.

18. Коррупциявий хавф-хатарга энг кўп мойил бўлган лавозимлар учун коррупцияга қарши махсус ўқитиш қуйидагилар тўғрисидаги маълумотни ўз ичига олиши лозим:

коррупциявий хавф-хатарга энг кўп мойил бўлган аниқ функция ва тартиб-таомиллардаги коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва минималлаштириш усуллари;

коррупциявий хавф-хатарга энг кўп мойил бўлган аниқ функция ва тартиб-таомиллардаги коррупциянинг намоён бўлиш шакллари ва турлари;

учинчи шахслар билан ўзаро алоқа қилишда коррупциявий хавф-хатарга энг кўп мойил бўлган аниқ функция ва тартиб-таомилларга хос бўлган коррупцияга қарши талаблар;

коррупциявий хавф-хатарга энг кўп мойил бўлган аниқ функцияларни амалга оширишда қўлланиладиган қўшимча талаб ва тартиб-таомилларни ўз ичига олувчи ички ҳужжатлар.

19. Қўмитада коррупцияга қарши курашиш тизимининг амал қилиши ва ривожланиши учун масъул ходимларни коррупцияга қарши махсус ўқитиш йилига камида бир марта, малака ошириш шаклида (семинар, тренинг ва бошқа) коррупцияга қарши кураш соҳасидаги экспертларни жалб қилиш, шунингдек бундай ўқишларга ихтисослашган ваколатли учинчи шахслар (ташкилотлар) томонидан ташкил этиладиган тренингларда иштирок этиш орқали ўтказилади.

20. Қўмитада коррупцияга қарши курашиш тизимининг амал қилиши ва ривожланиши учун масъул ходимларни коррупцияга қарши махсус ўқитиш Ўзбекистон Республикасининг коррупцияга қарши курашиш бўйича қонунчилигидаги ўзгаришлар, коррупцияга қарши тизимларни шакллантириш ва давлат органларида коррупциянинг олдини олиш тадбирларини амалга ошириш борасидаги илғор халқаро методикаларни ўрганишни ўз ичига олиши лозим.

21. Ушбу Йўриқноманинг 19-бандида кўрсатиб ўтилган малака ошириш ва тренинглардан ўтиш муддати йилига камида 10 (ўн) соатни ўз ичига олиши лозим.

4-боб. Ўқитиш муддатлари ва даврийлиги

22. Ўқитиш Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ва Қўмитанинг ички ҳужжатларида кўзда тутилган мажбурий малака ошириш доирасида ўқитиш, учинчи шахслар билан қўшма конференциялар, йиғилишлар, симпозиумлар ўтказилишидан қатъий назар амалга оширилади.

23. Қўмита ходимлари этика ва коррупцияга қарши кураш соҳасида йилига камида бир марта ўқитилиши лозим.

24. Қўмита ходимлари қуйидаги ҳолларда коррупцияга қарши курашиш бўйича йилига бир мартадан кўп ўқитилиши лозим:

ходим коррупциявий хавф-хатарга энг кўп мойил бўлган лавозимни эгаллаб турган бўлса;

лавозимга тайинланганда ва ротация қилинганда, агар шахснинг янги лавозими коррупциявий хавф-хатарга энг кўп мойил бўлган лавозимлар рўйхатига кирса;

Қўмитада коррупциявий ҳаракатлар билан боғлиқ ҳолатлар аниқланганда ёки амалга оширилаётган функция/тартиб-таомилнинг коррупциявий хавф-хатар даражаси ортганда;

Қўмита раисининг қарорига мувофиқ.

25. Қўмитага ишга қабул қилинган ёки янги лавозимга ўтказилган ходимлар ишга кирган ёки янги лавозимга ўтган вақтдан бошлаб 30 кун ичида коррупцияга қарши ва Қўмита ходимларини хулқ-атвор қоидалари бўйича умумий ўқитилиши шарт.

Ўқув санасини белгилашда этика ва коррупцияга қарши курашиш соҳасида ўқитишнинг тасдиқланган йиллик жадвали, гуруҳда бўш ўринлар борлиги (кундузги ўқув шакли учун) ва мазкур бобнинг 22-23-бандларида кўзда тутилган ўқитиш муддатлари ва даврийлигига амал қилиш зарурати ҳисобга олинади.

Кейинги коррупцияга қарши умумий ўқитиш ва Қўмита ходимларини хулқ-атвор қоидалари бўйича умумий ўқитиш барча ходимлар учун Кадрлар бўлими томонидан йилига бир мартадан кам бўлмаган даврийликда белгиланади.

26. Ходим коррупциявий хавф-хатарга энг кўп мойил бўлган лавозимни эгаллаб тургани билан боғлиқ ҳолатларда ёки ходим шундай лавозимга тайинланганда махсус коррупцияга қарши ўқитиш этика ва коррупцияга қарши кураш соҳасида ўқитишнинг йиллик жадвалида белгиланган муддатларда амалга оширилади.

27. Қўмитанинг Кадрлар бўлими ҳар йили ўқитиш жадвалини кейинги йил учун тузади ва 31 декабргача уни Қўмита раисига тасдиқлаш учун тақдим этади.

Ўқитиш жадвалини тузишда ходимлар томонидан олдинги ўқитиш муддатлари ҳисобга олинади.

Ўқитиш жадвалида албатта ўқитиш курси номи, санаси, шунингдек ўқитиш тайинланган лавозимлар кўрсатилади.

Тасдиқланган жадвалга мувофиқ Кадрлар бўлимининг масъул ходимлари ўқитиш бошланишидан 10 иш кун олдин ходимларни хабардор қилади. Белгиланган муддатда ўқиш имконияти бўлмаса (кундузги ўқув шакли учун, масалан юқори мавсумий юклама, касаллик варақаси, режалаштирилган таътил сингари асосли сабаблар), ходим ўқиш бошланишидан 5 (беш) иш кунидан кечиктирмай ўқишни бошқа санага кўчириш мақсадида Кадрлар бўлимини огоҳлантириб қўйиши лозим.

5-боб. Ўқитиш интизомини назорат қилиш ва ҳужжатларни сақлаш

28. Кадрлар бўлими Қўмита ходимларининг этика ва коррупцияга қарши кураш соҳасида ўқитилишига доир маълумотларни йиғиб боради ва уларни ҳар чоракда Қўмитанинг Комплаенс-назорат хизматига тақдим этади.

Қўмитанинг Комплаенс-назорат хизмати олинган маълумотларни таҳлил қилади (жумладан, ўқув интизоми, ходимлар учун қийинчилик туғдираётган мавзулар ва тест саволлари) ва таҳлил натижаларини коррупцияга қарши тизимнинг амал қилиши ва ривожланиши масалалари бўйича доимий ҳисоботларга киритилишини, шунингдек ўқув материалларига тузатишлар киритилишини (зарурат туғилганда) таъминлайди.

29. Ходим унга тайинланган ўқув ёки унинг натижалари бўйича тест синовларини белгиланган муддатларда ўтмаса, Кадрлар бўлими бошлиғи бундай ходимнинг раҳбарини унга нисбатан тегишли қарор қабул қилиш мақсадида огоҳлантиради.

30. Ўқитиш жадвали, йўқлама варақалари, тест натижалари, ходим ўқиганлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар Қўмитанинг Кадрлар бўлимида сақланади.

6-боб. Якуний қоидалар

31. Ушбу Йўриқнома Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ва Қўмитанинг ички ҳужжатларига ўзгаришлар киритилганда, коррупцияга қарши ўқитишни ташкил этиш соҳасидаги илғор халқаро амалиёт ўзгарган тақдирда қайта кўриб чиқилади. Қўмитанинг Комплаенс-назорат хизмати мазкур Йўриқномага ўзгартириш киритиш учун масъул ҳисобланади.

32. Қўмита ходими эгаллаб турган лавозими, иш стажи, мавқеи ва бошқа омиллардан қатъий назар мазкур Йўриқноманинг тамойиллари ва талабларига риоя қилиш учун шахсан жавобгар ҳисобланади.