Давлат рамзлари

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва тизим ташкилотларига алоқа каналлари орқали коррупциявий хатти-ҳаракатлар тўғрисида келиб тушган хабарлар (мурожаатлар)ни қабул қилиш ва кўриб чиқиш тартиби

1-боб. Умумий коидалар

1. Мазкур Тартиб Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва унинг тизим ташкилотлари, ҳудудий бошқармалари ва хўжаликлари (кейинги ўринларда –Қўмита ва тизим ташкилотлари)да коррупцияга қарши курашиш, манфаатлар тўқнашувини аниқлаш ва тегишли таъсир чораларини кўришга қаратилган чора-тадбирларнинг самарадорлигини ошириш мақсадида ишлаб чиқилган.

2. Мазкур Тартиб Қўмита ва тизим ташкилотларидаги алоқа каналлари орқали коррупциявий хатти-ҳаракатлар ҳақида келиб тушган хабарлар билан ишлашнинг асосий тамойиллари, шунингдек, хабарларни қабул қилиш, уларни рўйхатдан ўтказиш ва кўриб чиқиш, шунингдек, Қўмита ва тизим ташкилотлари раҳбарларига ҳисобот тақдим этиш тартибини белгилайди.

3. Мазкур Тартиб мақсадларида қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

ишонч телефони – Қўмитага телефон орқали келиб тушадиган мурожаатларни марказлашган ҳолда қабул қилиш, таснифлаш ва тизимлаштириш, шунингдек, ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқилишини мониторинг қилиш имконини берувчи тизим;

мурожаатчи – алоқа каналлари орқали Қўмита ва тизим ташкилотларидаги коррупциявий хатти-ҳаракатлар тўғрисида ахборот бериш учун мурожаат қилган ҳар қандай жисмоний ва (ёки) юридик шахс, ходим;

манфаатлар тўқнашуви – шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлик шахснинг мансаб ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда шахсий манфаатдорлик билан фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган ёки юзага келиши мумкин бўлган вазият;

коррупция – шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиши;

коррупциявий ҳаракатлар – ходим томонидан бевосита ёки билвосита  шахсан ёки учинчи шахслар орқали пора берувчи манфаатлари йўлида ҳаракат ёки ҳаракатсизлик учун моддий манфаатдор бўлиши, шу жумладан пул, қимматбаҳо қоғоз, бошқа кўринишдаги мулк ва мулкий ҳуқуқлар, мулкий характердаги хизматлар олиш, талаб қилиш, ундириш, таклиф қилиш ёки бериш, пора бериш ва/ёки олиш ёки бунда воситачилик қилишда, расмиятчиликларни соддалаштириш учун тўловлар ундириш (пора олиш) ва бошқа ноқонуний мақсадларда ўз хизмат вазифаларидан ноқонуний фойдаланиши;

коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик – коррупция аломатларига эга бўлган, содир этилганлиги учун қонунчиликда жавобгарлик назарда тутилган қилмиш;

коррупцияга қарши курашиш тизими – амалдаги қонунчилик ва ички ҳужжатларни коррупциявий жиҳатдан бузилишини бартараф этиш, Қўмита ва тизим ташкилотлари ходимлари томонидан юқори даражада касбий ва ахлоқий фаолият олиб боришларини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар мажмуи;

коррупциявий хавфхатар – ходимлар ёки учинчи шахслар томонидан Қўмита ва тизим ташкилотлари номидан ва (ёки) уларнинг манфаатларини кўзлаб коррупциявий ҳаракатларни содир этиш хавфи;

таалуқли хабар – Қўмита ва тизим ташкилотларидаги коррупциявий ҳаракатлар ва (ёки) манфаатлар тўқнашуви ҳақидаги ахборотдан иборат бўлган хабар;

ходим – Қўмита билан меҳнат муносабатларига киришган шахс;

ходимнинг шахсий манфаатдорлиги – ходим томонидан ўз хизмат вазифаларини бажариши чоғида ўзи ёки учинчи шахсларнинг манфаатлари йўлида ходимнинг мансаб ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир қилиши мумкин бўлган пул маблағлари, моддий ёки номоддий бойликлар, бошқа мол-мулк ва имтиёзлар кўринишида шахсий наф олиш имконияти (шахсий, ижтимоий, молиявий, сиёсий ва бошқа тижорий ёки нотижорий манфаатлари).

4. Қўмита коррупциявий ҳаракатлар ҳақида ахборот беришга мўлжалланган алоқа каналларининг ишини қуйидаги тамойиллар асосида ташкил этади:

конфиденциаллик ва хавфсизлик – алоқа каналларидаги хабарлардан фойдаланишга рухсат берилган Қўмита ва тизим ташкилотларининг барча ваколатли шахслари ушбу хабарларни ваколатга эга бўлмаган шахсларга бериш (ошкор қилиш) га ҳаққи йўқ.

Агар мурожаатчи ўз хабарини юборганлиги хақида бошқа ходимларга ёки учинчи шахсларга ўз хоҳишига кўра, жумладан, эҳтиётсизлиги натижасида ошкор қилган бўлса, Қўмита ва тизим ташкилотлари унинг ошкор бўлишига жавобгар бўлмайди;

қонунийлик – Қўмита алоқа каналларига келиб тушадиган хабарларни қабул қилиш, рўйхатга олиш, қайта ишлаш ва кўриб чиқиш қатъий равишда Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги талаблари ва ушбу Тартибга мувофиқ амалга оширилади;

мурожаатчининг таъқиб қилинмаслиги – алоқа каналлари орқали коррупциявий ҳаракатлар ҳақида ўз хоҳишига кўра хабар берган жисмоний ва юридик шахс, хусусан Қўмита ходими хабарнинг мазмунидан қатъи назар бирон-бир жавобгарликка тортилмайди;

мурожаатчи билан мажбурий тартибдаги қайта алоқа – агар хабар аноним бўлмаса, уни кўриб чиқиш натижалари Қўмита ва тизим ташкилотлари томонидан мурожаатчига етказилиши лозим;

таъсир чораларини қўллашнинг мажбурийлиги – коррупция факти тасдиқланган тақдирда, Қўмита айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш учун Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ ҳаракат қилади.

2-боб. Коррупцияга оид ҳаракатлар ҳақида ахборот бериш учун алоқа каналлари

5. Таалуқли хабар қуйидаги алоқа каналларидан юборилиши мумкин:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси (https://pm.gov.uz/) орқали;

Қўмитанинг электрон почтаси орқали – antikor@urmon.uz,

Қўмитанинг ижтимоий тармоқлардаги расмий канал ва саҳифалари (мисол учун Facebookдаги расмий саҳифаси (https://www.facebook.com/Urmon-News-2424914581061376) орқали;

Қўмитанинг телефон рақамлари (71-263-03-58-ишонч ва бошқа иш телефон рақамлари) орқали;

Қўмитанинг телеграм боти (@urmon_bot) орқали;

Қўмитага оғзаки (шахсан) мурожаат қилиш орқали;

ҳуқуқни маҳофаза қилувчи органлар орқали;

мазкур Тартибда кўрсатилмаган бошқа алоқа каналлари орқали.

6. Қўмита ва тизим ташкилотлари алоқа каналлари тўғрисидаги ахборотни расмий веб-сайт ва ижтимоий тармоқдаги саҳифа ҳамда каналларига жойлаштиради, шунингдек, ходимларга даврий равишда юбориладиган электрон хатлар тарқатмаларига ва ўқув материалларига киритади, Қўмита ва тизим ташкилотлари биноларида жойлаштириладиган тематик плакатлар ва ҳоказоларда акс эттиради.

3-боб. Алоқа каналлари орқали келиб тушаётган таалуқли хабарларни қабул қилиш

7. Қўмитанинг Коррупцияга қарши комплаенс-назорат хизмати Қўмита ва тизим ташкилотларининг алоқа каналларидан келиб тушган таалуқли хабарларни кўриб чиқишга масъул ҳисобланади.

8. Қўмита ва тизим ташкилотларининг қуйидаги алоқа каналларидан келиб тушган таалуқли хабарлар Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 майдаги 341-сон қарори билан тасдиқланган Давлат органларида, давлат муассасаларида ва давлат иштирокидаги ташкилотларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисидаги намунавий низом ва Қўмитанинг жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисидаги низом талабларида назарда тутилган тартибда рўйхатга олинади ва резолюция учун Қўмита раисига ёки унинг ўринбосарига чиқарилади:

Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонаси орқали;

Қўмита ва тизим ташкилотларининг расмий веб-сайти ёки электрон почтаси орқали;

Қўмита ва тизим ташкилотларининг телефон рақамлари орқали (ишонч ва бошқа иш телефон рақамлари орқали);

Қўмита ва тизим ташкилотларига оғзаки (шахсан) мурожаат қилиш;

ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар орқали.

9. Қўмита ва тизим ташкилотларининг ижтимоий тармоқлардаги расмий канал ва саҳифалари, телеграм боти орқали келиб тушадиган хабарларни қабул қилиш учун Комплаенс-назорат хизмати масъул ходими тайинланади. Бунда, таалуқли хабар келиб тушганда Комплаенс-назорат хизмати масъул ходими мурожаатчи билан электрон ёзишма йўли билан ёки телефон орқали боғланиб зарур ахборотни аниқлаштиради, хабарни Реестрда рўйхатга олади ва маълумотни Қўмита раиси ёки унинг ўринбосарига киритади. Комплаенс-назорат хизмати масъул ходими келиб тушадиган хабарларни душанбадан жумагача соат 09:00 дан 18:00 га қадар таҳлил қилади. Агар хабар иш вақтидан ташқари пайтда келиб тушса, бу хабар навбатдаги иш кунида аниқлаштириш учун сақланади.

10. Агар мурожаатчи ўз хабарини тасдиқлаш учун қўшимча материалларга, масалан, фотоматериаллар, ҳужжатлар, аудио ва видеоёзувларга эга бўлса, мурожаатни қабул қилишга масъул ходим уларни тақдим этиш бўйича фойдаланиладиган алоқа каналлари (телеграм боти ёки электрон почтаси)ни кўрсатади ва тақдим этиладиган маълумотни конфеденциаллигини билдиради. Мазкур маълумотлар таалуқли хабарга илова сифатида расмийлаштирилади.

11. Қўмита раиси ёки унинг ўринбосари таалуқли хабарни тезкорлик билан таҳлил қилиш ва кўриб чиқиш учун Қўмита Комплаенс-назорат хизматига топшириқ туширади.

12. Қўмитанинг Комплаенс-назорат хизмати таалуқли хабарни олгандан кейин 1 (бир) соат ичида уни иловага мувофиқ шаклда Қўмитада коррупцияга оид ҳаракатлар ҳақидаги хабарларни қабул қилиш реестрида (кейинги ўринларда – Реестр) рўйхатга олиши ва ушбу Тартибнинг 4-бобига мувофиқ кўриб чиқиши лозим.

13. Қўмита ва тизим ташкилотлари мурожаатчиларга ходим томонидан содир этилган коррупциявий харакатлар тўғрисида аноним хабарлар қолдириш имкониятини беради. Аноним хабар келиб тушган тақдирда Қўмитанинг маъсул ходими, имкон мавжуд бўлган тақдирда, қуйидагиларни амалга ошириши лозим:

Қўмитага келиб тушган хабарга жавоб бериш учун мурожаатчи билан боғлана олмасликлари мумкинлиги ҳақида маълум қилиши; қўшимча зарур маълумот олиш имконияти бўлмаган тақдирда хабарни тўлиқ ва ҳар томонлама ўргана олмасликларини билдириши; мурожаатчига у билан боғланиш учун аноним алоқа канали ташкил қилишни таклиф қилади (шахс кўрсатилмаган электрон почта манзили, Telegramдаги махфий чат ва.б.); Мурожаатчи ўз аризасидан воз кечмаган тақдирда, мазкур Тартибда назарда тутилган тартибда хабарни қабул қилиши шарт.

14. Қўмита ва тизим ташкилотлари ходимлари томонидан олинган хабарларни кўриб чиқиш жараёнида коррупциявий ҳуқуқбузарликларни содир этишнинг сабаб ва шароитлари ҳам таҳлил қилинади ва келгусида уларнинг олдини олиш ҳамда коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича тадбирлар амалга оширилади.

15. Олинган хабарлар бўйича барча таалуқли материаллар, ҳужжатлар ва маълумотлар (шу жумладан, қабул қилинган қарорлар ва мурожаатчиларга юборилган жавоблар) Мурожаатлар билан ишлаш тузилмасида Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган муддатга, шу билан бирга 10 йилдан кам бўлмаган муддатга сақланиши керак.

16. Таалуқли хабар қўмитанинг ҳудудий ва таркибий бўлинмаларга келиб тушган тақдирда, уни қабул қилган масъул ходимлар зудлик билан ёзма шаклда ҳудудий (таркибий) бўлинма раҳбари ва коррупцияга қарши курашиш бўйича масъулни келиб тушган хабар тўғрисида хабардор қилади, улар ўз навбатида ушбу хабарни Қўмитанинг марказий аппаратидаги Комплаенс-назорат хизматига юборади. Комплаенс-назорат хизмати олинган хабарни 1-бандда баён этилган тартибга мувофиқ кўриб чиқади.

17. Қўмитанинг ҳудудий ва таркибий бўлинмалари ўзларининг Реестрини юритади.

4-боб. Коррупциявий ҳаракатлар ҳақидаги хабарларни кўриб чиқиш

18. Комплаенс-назорат хизматига келиб тушган барча таалуқли хабарлар хизматнинг масъул ходимлари ёки Қўмита раиси (ёки унинг ўринбосари) топшириғига асосан бошқа бўлинмалар томонидан кўриб чиқилади.

19. Коррупциявий харакатлари тўғрисидаги хабарларни кўриб чиқиш жараёнига, ҳаракатлари устидан таалуқли хабар келиб тушган ёки кўриб чиқиш жараёнида манфаатлар тўқнашуви юзага келиши мумкин бўлган ходимларни жалб қилиш ман этилади.

20. Таалуқли хабар келиб тушганда Комплаенс-назорат хизмати ходими дастлабки текширувни ўтказиб, унинг таалуқлилигини таҳлил қилади, яъни хабарда кўрсатилган маълумотнинг Қўмита тизимига таалуқли коррупцияга оид ҳуқуқбузарликка ва (ёки) манфаатлар тўқнашувига тегишлилигини текширади. Дастлабки текширув таалуқли хабар Комплаенс-назорат хизматига келиб тушган кундан бошлаб 5 (беш) иш куни ичида амалга оширилади.

21. Мазкур Тартибнинг 20-бандида назарда тутилган дастлабки текширув натижаларидан қатъи назар, бу ҳақдаги ахборот Реестрга киритилади.

22. Агар Комплаенс-назорат хизмати ходими хабар таалуқли эмас, деган хулосага келса, бу хабар бир иш куни ичида Қўмитанинг тегишли тузилмасига билдирги асосида ўтказилиши лозим.

23. Агар хабарда коррупциявий ҳаракатлар ва (ёки) манфаатлар тўқнашуви ҳақида маълумот ҳамда хизмат текширувини ўтказиш учун етарли асослар мавжуд бўлса, Комплаенс-назорат хизмати ходими ички идоравий ҳужжатда белгиланган тартибда хизмат текширувини ўтказиш ташаббуси билан чиқади.

24. Таалуқли хабарларни мазмунан кўриб чиқиш Қўмитага келиб тушган кундан эътиборан бир ой ичида, текшириш ўтказиш, қўшимча материалларни сўраб олиш ёхуд бошқа чора-тадбирлар кўриш зарур бўлган ҳолларда, уларни кўриб чиқиш муддатлари, қўмита раиси томонидан истисно тариқасида узоғи билан бир ойга узайтирилиши мумкин, бу ҳақда мурожаат этувчига (аноним мурожаатлардан ташқари) хабар қилинади.

25. Мурожаатга жавоб Комплаенс-назорат хизмати томонидан тайёрланиб, қўмита раиси ёки унинг ўринбосарининг имзоси билан расмийлаштирилади.

26. Таалуқли хабарларни кўриб чиқиш якунларига кўра, ўрганиш натижалари ва қўлланилган таъсир чоралари кўрсатилган жавоб хати тайёрланади ва белгиланган тартибда мурожаатчига юборилади.

27. Ижтимоий тармоқдаги канал ва саҳифалар ёки телеграм-бот орқали келиб тушган таалуқли хабарга жавоб мурожаатчига электрон шаклда ижтимоий тармоқдаги канал ва саҳифалар ёки телеграм-бот орқали юборилади.

5-боб. Ҳисобдорлик

28. Реестрдан Комплаенс-назорат хизмати ходимлари, хабарларни кўриб чиқишда иштирок этган тегишли бошқа давлат органлари ва ташкилотларининг ходимлари (фақат шундай хабарларга доир), Қўмита раиси ёки раиснинг коррупцияга қарши курашиш йўналишини назорат қилувчи ўринбосари фойдаланиши мумкин.

29. Реестр маълумотлари асосида Комплаенс-назорат хизмати ҳар чоракда Қўмита раисига қабул қилинган коррупциявий харакатлар тўғрисидаги хабарларга тааллуқли бўлган ҳисоботни тақдим этади ва унда қуйидагилар кўрсатилади:

келиб тушган таалуқли хабарлар ва кўриб чиқилган таалуқли хабарлар сони;

коррупциявий харакатлар, манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари тасдиқланган таалуқли хабарлар сони;

кўриб чиқиш муддатлари бузилган таалуқли хабарлар сони;

таалуқли хабарларни кўриб чиқишнинг ўртача муддати;

мурожаатчилар томонидан энг кўп фойдаланиладиган алоқа каналлари ва бошқа статистик маълумотлар.

30. Мазкур Тартиб талабларини бузиш белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади.

31. Мазкур Тартиб, мурожаатлар ва коррупцияга қарши курашиш соҳасида Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги ўзгарганда қайта кўриб чиқилиши лозим.