1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Тартиб Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва унинг тизим ташкилотлари (кейинги ўринларда – Қўмита ва тизим ташкилотлари)да коррупцияга қарши курашиш тизимининг фаолият юритиши ва коррупцияга қарши тадбирларни амалга ошириши тўғрисидаги ҳисобдорликни шакллантириш тартибини белгилайди.
2. Қўмита ва тизим ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш тизимининг фаолият юритиши ва ривожланиши масалалари бўйича ҳисоботларни (кейинги ўринларда – Ҳисоботлар) шакллантириш ва тақдим этиш учун масъулият Қўмитанинг Коррупцияга қарши комплаенс-назорат хизмати ёки масъул ходимлари зиммасида бўлади.
3. Қўмитанинг тизим ташкилотлари ҳисоботларини тақдим қилиш учун масъулият ҳудудий ва таркибий бўлинмалардаги коррупцияга қарши ички назорат учун тайинланган масъул ходим (кейинги ўринларда – Масъул ходим) зиммасида бўлади.
2-боб. Ҳисобот турлари ва уни тузиш даврийлиги
4. Қўмита ва тизим ташкилотларида қуйидаги ҳисобот турлари назарда тутилади:
а) Қўмита ва тизим ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш тизимининг фаолият кўрсатиши тўғрисидаги, шу жумладан, Қўмитанинг коррупцияга қарши дастури ёки йўл харитаси тадбирларини амалга оширилиши бўйича ҳисобот ҳар чоракда Комплаенс-назорат хизмати томонидан мазкур Тартибнинг 3-бобида белгиланган тартибда тузилади;
б) Коррупцияга қарши курашишга оид давлат дастурида режалаштирилган тадбирларни амалга ошириш тўғрисидаги ҳисобот ҳар чоракда Комплаенс-назорат хизмати томонидан мазкур Тартибнинг 4-бобида белгиланган тартибда тузилади.
5. Ҳисобот мунтазам равишда ушбу Тартибда белгиланган қоидалар ва муддатларда, Қўмита ва тизим ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш тизимининг ҳолатидан, шунингдек, ҳисобот даврида коррупцияга қарши тадбирлар ўтказилган ёки йўқлигидан қатъий назар, тузилади.
Йилнинг IV чораги учун йиллик ҳисобот тайёрланади.
6.Ҳар чораклик ва йиллик ҳисоботлар Қўмита раисига (Қўмита ҳайъатига) топширилади.
Қўмитанинг марказий аппаратидаги Комплаенс-назорат хизмати ҳар чоракда, кейинги чорак биринчи ойининг 25-санасидан кечиктирмай Қўмитанинг умумий ҳисоботини Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигига (кейинги ўринларда – Агентлик) кўриб чиқиши учун киритиб боради.
7.Қўмитанинг йиллик ҳисоботидаги умумий ахборот Интернет тармоғидаги расмий веб-сайтида эълон қилинади. Мазкур ахборот Қўмитанинг Комплаенс-назорат хизмати томонидан тайёрланади.
3-боб. Коррупцияга қарши курашиш тизимининг фаолият кўрсатиши тўғрисида ҳисоботни шакллантириш тартиби
8. Қўмита ва тизим ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш тизимининг фаолият кўрсатиши тўғрисидаги ҳисобот коррупцияга қарши курашиш тизимини мониторинг ва назорат қилиш, шунингдек, Қўмитанинг коррупцияга қарши дастур ёки йўл харитаси тадбирларини амалга оширилишини мониторинг қилиш мақсадида тузилади.
9.Ҳисобот ҳар чоракда Комплаенс-назорат хизмати томонидан ҳисобот давридан кейинги ойнинг 20-санасидан кечиктирмай тузилади ва Қўмита раҳбарига (Қўмита ҳайъатига) кўриб чиқиш учун топширилади.
10.Ҳисоботни шакллантириш қуйидаги тартибда амалга оширилади:
а) ҳисобот давридан кейинги ойнинг 2-санасидан кечиктирмай, Қўмитанинг марказий аппартидаги Комплаенс-назорат хизмати масъул ходимларга ушбу ойнинг 10-санасигача тегишли раҳбарлар томонидан тасдиқланган мазкур Тартибнинг 1-иловасига мувофиқ шаклда ҳисобот тақдим этиши тўғрисида хабарнома юборади;
б) Қўмитанинг марказий аппарати бўлинмаларининг ҳисоботи Қўмитанинг марказий аппаратидаги Комплаенс-назорат хизмати томонидан тузилади ва Қўмитанинг коррупцияга қарши курашиш йўналишига масъул бўлган раҳбар ўринбосари томонидан тасдиқланади;
Коррупцияга қарши курашиш фаолияти тўғрисидаги ҳисоботнинг бирон-бир бўлими бўйича тадбирлар ўтказилмаган тақдирда, тадбирлар амалга оширилмаганлиги сабабини кўрсатиш лозим;
в) ҳисоботларга киритилган ахборот тегишли ҳужжатлар нусхалари ва бошқа маълумотларга асосланган бўлиши керак;
г) Қўмитанинг марказий аппаратидаги Комплаенс-назорат хизмати ушбу Тартибга 2-иловада кўрсатилган шаклда Қўмита тизимида коррупцияга қарши курашиш бўйича тизимнинг фаолият кўрсатиши тўғрисидаги умумий ҳисоботни тузади ҳамда қўшимча равишда унга ушбу Тартибга 1-иловадаги шакл бўйича Қўмита ва тизим ташкилотлари бўйича тузилган ҳисоботдаги маълумотларни киритади.
Ҳисоботда асосий ахборотни ўзида акс эттирган қисқача маълумотнома ва таклифлар бўлиши керак. Йиллик ҳисобот ўз ичига ўтган йилнинг худди шундай кўрсаткичларига эга бўлган солиштирма таҳлилни ҳам қамраб олиши керак.
11. Қўмита ва тизим ташкилотлари тизимида коррупцияга қарши курашиш тизимининг фаолият кўрсатиши тўғрисидаги ҳисоботлар ва Қўмита тизимида коррупцияга қарши курашиш тизимининг фаолият кўрсатиши тўғрисидаги умумий ҳисоботни тузишда Комплаенс-назорат хизмати тегишли бўлинма ходимларидан зарур ҳужжатлар, тушунтириш ва статистикани сўраш ва олиш ҳуқуқига эга. Комплаенс-назорат хизмати қисқа маълумотнома бириктирилган коррупцияга қарши курашиш тизимининг фаолият кўрсатиши тўғрисидаги умумий ҳисоботини ҳисобот давридан кейинги ойнинг 21-санасигача Қўмита раисига тақдим этади.
4-боб. Коррупцияга қарши курашга оид давлат дастурларида режалаштирилган тадбирларни амалга ошириш тўғрисидаги ҳисоботни шакллантириш тартиби
12.Коррупцияга қарши курашишга оид давлат дастурида режалаштирилган тадбирларни амалга ошириш тўғрисидаги ҳисобот ушбу Тартибнинг 3-иловасига мувофиқ шаклда тузилади.
13. Коррупцияга қарши курашишга оид давлат дастурида режалаштирилган тадбирларни амалга ошириш тўғрисидаги ҳисобот Комплаенс-назорат хизмати томонидан Қўмитада коррупцияга қарши курашиш тизимининг фаолият кўрсатиши тўғрисидаги умумий ҳисобот билан бир вақтда тузилади.
14.Коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастурида режалаштирилган тадбирларнинг амалга оширилгани тўғрисидаги ҳисобот раҳбар томонидан кўриб чиқилгандан кейин Агентликка юборилади.
5-боб. Якуний қоидалар
15.Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ва Қўмитанинг ички идоравий ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшичалар киритилган тақдирда ушбу Низом қайта кўриб чиқилиши лозим.
16.Низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга Қўмитанинг марказий аппаратидаги Комплаенс-назорат хизмати маъсул ҳисобланади.
Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва тизим ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш тизимининг фаолият кўрсатиши тўғрисида умумий ҳисобот
I. Қўмитанинг коррупцияга қарши чора-тадбирлар дастури бажарилгани тўғрисида умумий ахборот
Қўмита томонидан коррупцияга қарши курашиш тадбирларининг амалга оширилгани тўғрисидаги қисқа маълумот, шу жумладан марказий аппарат, ҳудудий ва таркибий бўлинмалар кесимида коррупцияга қарши курашиш тадбирларини амалга оширган бўлинмалар сонини кўрсатиш зарур; Ҳудудий ва таркибий бўлинмалар кесимида коррупцияга қарши курашиш тадбирларини амалга оширмаган бўлинмалар кўрсатилади, шунингдек, ҳисоботга иловада уларнинг номи, амалга оширилмаган тадбирлар ва қисқача-асосий сабабларини алоҳида кўрсатиш лозим.
II. Сиёсат ва тартиб-таомиллар
Коррупцияга қарши курашиш бўйича соҳаларни тартибга солувчи ва ҳисобот даврида марказий аппарат, ҳудудий ва таркибий бўлинмалар кесимида татбиқ этилган коррупцияга қарши курашиш соҳасига тааллуқли бўлган норматив-ҳуқуқий ва ички ҳужжатлар (сиёсатлар, регламентлар, стандартлар, тартиблар, йўриқномалар ва шу кабилар)ни кўрсатиш лозим.
III. Хавф-хатарларни баҳолаш
Қўмита томонидан хавф-хатарларни баҳолаш амалга оширилганлиги тўғрисидаги ахборот, шу жумладан, коррупциявий хавф-хатарларни баҳолашни амалга оширган ва ўзларининг коррупциявий хавф-хатарлар харитасини янгилаган марказий аппарат, ҳудудий ва таркибий бўлинмалар кесимида кўрсатиш керак;
Коррупциявий хавф-хатарларни баҳолашни амалга оширмаган ҳудудий ва таркибий бўлинмалар сони вилоятлар, ташкилотнинг ҳудудий ва таркибий бўлинмалари кесимида кўрсатилади, шунингдек ҳисоботга иловада уларнинг номи ва кўрсаткичларни бажарилмаганлиги сабаблари қисқача кўрсатилади;
Баҳолаш жараёнида янги аниқланган коррупциявий хавф-хатарлар марказий аппарат, ҳудудий ва таркибий бўлинмалар кесимида кўрсатилади. Шунингдек, ҳисобот даврида аниқланган коррупциявий хавф-хатарларни бошқариш бўйича таклиф этилган ва амалга оширилган тадбирлар қайд этилади;
Коррупциявий хавф-хатарларнинг тоифалар бўйича нисбати (юқори, ўрта, паст) ҳудудий ва таркибий бўлинмалари кесимида кўрсатилади;
Ҳудудий ва таркибий бўлинмалар кесимида Қўмита учун юқори бўлган қолдиқ коррупциявий хавф-хатарлар, шунингдек, кўрсатилган коррупциявий хавф-хатарларни камайтириш учун таклиф этилаётган тадбирларни кўрсатиш лозим (мавжуд бўлган тақдирда).
Бўлим фақат ҳар йиллик ҳисобот даврида тўлдирилади. Мазкур бўлимда ташкилот тизимида коррупциявий хавф-хатарни баҳолашни ўтказиш тартибига мувофиқ амалга оширилган хавф-хатарларни баҳолаш натижалари бўйича таҳлилий ахборот акс эттирилади.
IV. Амалга ошириладиган коррупцияга қарши курашиш тартиб-таомиллар
Манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш
Манфаатлар тўқнашуви декларацияланган ва тартибга солинган ҳолатлар сони, шу жумладан, ишга қабул қилиш, ҳар йиллик декларациялаш жараёнида (мавжуд бўлган тақдирда), марказий аппарат, ҳудудий ва таркибий бўлинмалар кесимида кўрсатилади;
Ташкилотда манфаатлар тўқнашувини марказий аппарат, ҳудудий ва таркибий бўлинмалар кесимида манфаатлар тўқнашувининг йиллик декларацияси тартиб-таомилларидан ўтган ходимларнинг умумий ходимлар сонига фоизлардаги нисбати, шунингдек, декларацияланган ва тартибга солинган манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари қайд этилади;
Ташкилот бўйича режалаштирилган манфаатлар тўқнашувининг ҳар йиллик деклацияланадиган манфаатлар тўқнашувига нисбатан кўрсаткичлари бажарилмаган ҳудудий ва таркибий бўлинмалар кесимида таҳлилий маълумотларни келтириш керак (масалан, манфаатлар тўқнашувини барча раҳбарлар декларациялаши лозим, амалда эса фақат 50% гина раҳбар буни бажарган);
Ҳудудий ва таркибий бўлинмалар кесимида Қўмита тизимида аниқланган манфаатлар тўқнашуви ва қабул қилинган чоралар бўйича, шу жумладан, умумий сони ва тоифалар кесимида (масалан, харид процедураларидаги, иш бўйича бевосита бўйсуниш натижасида ва шу кабиларда) таҳлилий маълумотларни келтириш лозим.
Коррупцияга қарши қоидаларни Қўмита шарномаларига киритиш
Коррупцияга қарши қоидаларни Қўмитанинг хўжалик шартномаларига (шартномаларнинг фоизли нисбати) киритиш бўйича, шу жумладан марказий аппарат, ҳудудий ва таркибий бўлинмалар кесимидаги контрагентлар таҳририда таҳлилий маълумотларни келтириш, контрагентларнинг коррупцияга қарши қоидаларни шартномаларга киритишни рад этиш сабабларини кўрсатиш;
Марказий аппарат, ҳудудий ва таркибий бўлинмалар кесимида Қўмита тизимида контрагент томонидан коррупцияга қарши қоидалар бузилиши сабабли шартномаларни бекор қилиш бўйича таҳлилий маълумотларни кўрсатиш.
Контрагентларни текшириш
Ҳисобот даврида контрагентлар бўйича ўтказилган текширувлар сони, ижобий ва салбий хулосаларнинг фоизлардаги нисбати марказий аппарат, ҳудудий ва таркибий бўлинмалар кесимида кўрсатилади.
Ишга номзодларни текшириш
Марказий аппарат, ҳудудий ва таркибий бўлинмалар кесимида Қўмита тизимига ишга кириш учун номзодлар устидан ўтказилган текширувлар сони кўрсатилади.
Манфаатлар тўқнашувини декларация қилиш ҳисобот даврида бажарилган бўлсагина ахборот тўлдирилади.
Ахборот фақат йиллик ҳисоботда тўлдирилади.
V. Таълим ва коммуникация
Қўмитада коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича ўқитишнинг натижаларини марказий аппарат, ҳудудий ва таркибий бўлинмалар кесимида: ўқитилган ходимларнинг фоиздаги нисбати, таълим шакли (бевосита/онлайн) кўрсатилади;
Марказий аппарат, ҳудудий ва таркибий бўлинмалари кесимида Қўмита тизими бўйича ўқитиш даражаси паст бўлган коррупцияга қарши кўникмаларга оид ахборот кўрсатилади (режалаштирилган кўрсаткичларга таққосланган ҳолда);
Қўмитада коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича коммуникация турлари ва сонини ҳудудий ва таркибий бўлинмалари кесимида (масалан, тарқатмалар, коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича сўровномалар ўтказиш) кўрсатилади;
Бўлимда шунингдек, Қўмита тизимида ўтказилган кенг кўламли алоҳида тадбирларни ажратиб кўрсатиш мумкин.
VI. Коррупциявий хатти-харакатлар ва ҳуқуқбузарликлар тўрисидаги хабарлар
Ҳисобот даврида ходимларнинг коррупциявий хатти-харакатлари, манфаатлар тўқнашуви, коррупцияга қарши бошқа қонунбузарликлар билан боғлиқ масалалар тўғрисидаги алоқа каналлари орқали келиб тушган хабарлар марказий аппарат, ҳудудий ва таркибий бўлинмалар кесимида кўрсатилади;
Мансаб вазифалари ва тартиб-таомиллар кесимида олинган таҳлилий маълумотлар (масалан, харидлар жараёнида, кадрларни ишга қабул қилиш билан боғлиқ тартиб-таомилларда) келтирилади;
Олинган хабарлар бўйича таҳлилий маълумотлар қоидабузарликлар кесимида келтирилади (масалан, коррупциявий хатти-харакатлар, манфаатлар тўқнашуви, келишув тартиб-таомилларини процедураларини бузиш ва бошқалар); Олинган хабарлар бўйича таҳлилий маълумотлар алоқа каналлари кесимида келтирилади (масалан, ишонч телефони, бевосита хабар бериш ва бошқалар).
VII. Мониторинг ва назорат[1]
Марказий аппарат, ҳудудий ва таркибий бўлинмалар кесимида ҳисобот даврида Қўмита тизими томонидан мавжуд коррупцияга қарши талаблар, назорат тадбирлари ва тартиб-таомилларнинг бажарилгани тўғрисидаги таҳлилий маълумотлар келтирилади, шу жумладан, текширувлар ўтказилган тизим ташкилотлари сони, шунингдек, текширув ўтказилган вазифалар ва тартиб-таомилларининг даврийлиги ва характери тўғрисидаги таҳлилий маълумотлар (режадаги, режадан ташқари) кўрсатилади;
Ҳудудий ва таркибий бўлинмалар кесимида текширувлар ўтказилмаган бўлинмалар сони алоҳида кўрсатилади, иловада уларнинг номи ҳамда текширувлар ўтказилмаганлигининг асосий сабаблари қисқача қайд этилади;
Ўтказилган текширувлар натижалари тўғрисидаги умумий ахборот кўрсатилади, шу жумладан, ижобий ва салбий хулосаларнинг фоизлардаги нисбати қайд этилади. Қоидабузарликлар мавжуд бўлса, мазкур ҳисоботнинг VIII-бўлимига ҳавола берилади.
VIII. Аниқланган қоидабузарликлар ва таъсир чоралари
Қўмитада коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги талабларнинг бузилганлиги тўғрисида марказий аппарат, ҳудудий ва таркибий бўлинмалар кесимида таҳлилий маълумотлар кўрсатилади, шу жумладан:
қоидабузарликларнинг умумий сони;
қоидабузарликларнинг қоидабузарликлар тўғрисидаги ахборот манбалари бўйича тузилмаси (“ишонч телефони”, бевосита хабар бериш, мониторинг ва назорат натижалари ва бошқалар);
Қўмита ички ҳужжатларида назарда тутилган вазифалар ва тартиб-таомиллар бўйича (харидлар, кадрларга оид масалалар ва б.) қоидабузарликлар тузилмаси;
Қўмитада қабул қилинган таъсир чоралари тўғрисида таҳлилий маълумотларни ҳудудий ва таркибий бўлинмалар кесимида кўрсатиш, шу жумладан:
ўтказилган умумий тадбирлар сони ва аниқланган барча қоидабузарликлар бўйича таъсир чоралари кўрилганлиги ёки кўрилмаганлиги; таъсир чораларининг турлари бўйича таҳлилий маълумотлар (айбдорларни жавобгарликка тортиш, шу жумладан, жавобгарлик турлари кесимида; ташкилот тизими жараён ва ички ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш ва бошқалар), шу жумладан, зарур бўлган ҳолда қоидабузарликка йўл қўймаслик бўйича қандай тадбирларни татбиқ этиш таклиф этилмоқда ва ҳисобот даврида қандай тадбирлар татбиқ этилганлиги кўрсатилади.
Ташкилотда ҳисобот даврида Коррупцияга қарши процедураларига риоя қилинишини мониторинг ва назорат қилиш методикасига мувофиқ ўтказилган тадбирлар якунлари бўйча умумий таҳлилий ахборот акс эттирилади.
IX. Хулосалар
Қўмита тизимида ҳудудий ва таркибий бўлинмалар кесимида коррупцияга қарши курашиш чораларини амалга оширишнинг асосий натижалари кўрсатилади, коррупцияга қарши курашиш тизимининг ҳолатига умумий баҳо берилади. Заруриятга кўра аввалги даврлардаги кўрсаткичлар билан таққослама таҳлил ўтказилади, қониқарли натижаларга эришганлик ёки эришмаганлик сабаблари қайд этилади.
X. Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада ривожлантириш
бўйича таклифлар ва тадбирлар режаси
Кейинги ҳисобот даврида ташкилот тизимида коррупцияга қарши курашиш тизимининг алоҳида кўрсаткичларни марказий аппарат, ҳудудий ва таркибий бўлинмалар кесимида яхшилаш имконини берувчи асосий тадбирлар кўрсатилади.