Давлат рамзлари
  • Ўзбек
  • English
  • Русский
  • Ўзбек
  • English
  • Русский

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасида 2021 йилда коррупцияга қарши курашиш йўналишида бажарилган ишлари юзасидан хисобот

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 21 январдаги “Ўрмон хўжалиги соҳасида илм-фанни ривожлантириш ва илмий-тадқиқот ишларини рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4960-сон қарорига асосан Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси марказий аппаратида 2 та штат бирлигидан иборат Коррупцияга қарши комплаенс-назорат хизмати ташкил этилган.

Хисобот даврида хизмат томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг коррупцияга қарши курашиш соҳасига оид Фармон ва Қарорлари ижросини таъминлаш борасида, ушбу хужжатлар асосида Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасида тегишли буйруқ ва бошқа меъёрий хужжатлар қабул қилинган.

Жумладан, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг Коррупцияга қарши курашиш ишларини ташкил этиш бўйича Қўмита раисининг тегишли буйруғлари билан ушбу йўналишдаги Сиёсати, Дастури, “Хизмат текширувларини ўтказиш тартиби”, “Манфаатлар тўқнашувини бошқариш тўғрисида”ги ҳамда “Коррупцияга қарши комплаенс-назорат хизмати тўғрисида”ги Низомлари, “Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва тизим ташкилотлари ходимларининг этика ва коррупцияга қарши курашиш соҳасида ўқишини ташкил қилиш бўйича Йўриқнома”, “Контрагентларни текширишга оид Йўриқнома”, “Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва тизим ташкилотларига алоқа каналлари орқали коррупциявий ҳатти-ҳаракатлар тўғрисида келиб тушган хабарлар (мурожаатлар)ни қабул қилиш ва кўриб чиқиш Тартиби”, “Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва тизим ташкилотларига ишга қабул қилинаётган номзодларни ўрганиш бўйича Тартиб”, “Коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш Тартиби” тасдиқланиб, мазкур меъёрий хужжатлар асосида чора тадбирлар амалга оширилмоқда.

Комплаенс-назорат хизмати ташаббуси билан хисобот даврида Қўмита раиси ва ўринбосари раисилигида қўмита марказий аппарати, ҳудудий бошқармалар ва тизим ташкилотлари раҳбарлари иштирокида “Коррупцияга қарши курашиш бўйича олиб борилаётган ишларни ташкил этиш тўғрисида” видеоселектор йиғилишлари ўтказилди. Қўмита комплаенс-назорат хизматининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун муносабати билан  2021 йил 7-декабрь куни “Ёшлар” радиосида чиқиши бўлди.

Бюджет маблағлари сарфланиши жараёнининг очиқлигини таъминлаш мақсадида Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси томонидан амалга оширилган давлат харидлари ҳақидаги маълумотлар расмий веб-сайтларга жойлаштирилиб борилди.

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси марказий аппаратига 2021 йил давомида жисмоний ва юридик шахслардан жами 836 та мурожаат келиб тушган бўлиб, 2020 йилга нисбатан 56 фоизга кўпайган. Ушбу мурожаатларнинг коррупцияга оид қисми, 36 таси  комплаенс назорат хизмати томонидан кўриб чиқилди. Мазкур аризаларни кўриб чиқиш натижалари бўйича, маблағларни ноқонуний сарфланиши ва х.к. холатларга оид тўпланган материаллар хуқуқий бахо хамда тегишли чора кўриш учун прокуратура идораларига, тизим ташкилотларидаги мавжуд камчиликлар ва хатоликлар юзасидан аниқланган холатлар бўйича Кўмита рахбариятига маълумотлар тақдим этилди.

Шунингдек, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг тизимига кирувчи  бир қанча хўжаликларнинг раҳбарлари ҳамда моддий жавобгар шахсларининг ўз мансабини суиистеъмол қилиши, давлат мулкини талон-торж қилиш ва дарахтларни ноқонуний кесиш ҳолатлари юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан жами 7 та жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов харакатлари олиб борилмоқда.  

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 22-октябрдаги “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5263-сонли қарори ижроси бўйича Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг амалдаги 5 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари (“Ўрмон тўғрисида”ги Қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 11.05.2017 йилдаги ПФ-5041-сон Фармони, 10.04.2020 йилдаги ПҚ-4670-сон Қарори, ВМнинг 05.06.2000 йилдаги 215-сон қарори, Қўмитанинг 07.07.2019 йилдаги 3165-рўйхат рақамли ҳужжати) белгиланган тартибда коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилиб, тегишли таклифлар Адлия вазирлигига тақдим этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 июлдаги “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6257-сонли Фармони ижросини таъминлаш борасида, Қўмитанинг 2021 йил 29 декабрдаги 219-сонли буйруғи билан “Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва тизим ташкилотларига алоқа каналлари орқали коррупциявий хатти-ҳаракатлар тўғрисида жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган хабарлар (мурожаатлар)ни қабул қилиш ва кўриб чиқиш Тартиби жорий этилди. Унга кўра, коррупцияга оид ҳаракатлар ҳақида ахборот бериш учун хабарлар Қўмитанинг марказий аппаратига қуйидаги алоқа каналлари орқали: Президент виртуал қабулхонаси (https://pm.gov.uz/) орқали; Қўмитанинг электрон почтаси орқали – antikor@urmon.uz, ижтимоий тармоқлардаги расмий канал ва саҳифалари (мисол учун Facebookдаги расмий саҳифаси (https://www.facebook.com/Urmon-News-2424914581061376) орқали; хизмат телефон рақамлари (71-263-03-58, 71-207-88-77) орқали; телеграм боти (@urmon_bot) орқали; Қўмитага оғзаки (шахсан) мурожаат қилиш орқали; ҳуқуқни маҳофаза қилувчи органлар орқали ва мазкур Тартибда кўрсатилмаган бошқа алоқа каналлари орқали юборилиши мумкин.

Шунингдек, бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш мақсадида Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси томонидан амалга оширилган давлат харидлари ҳақидаги маълумотлар расмий веб-сайтларга жойлаштириб борилмоқда. Шунингдек, Қўмита ва тизим ташкилотлари ходимларини ҳуқуқий онгини ва маданиятини ўстириш мақсадида жорий йилда коррупцияга қарши курашиш, манфаатлар тўқнашуви ва одоб-ахлоқ қоидалари бўйича ўқув-семинарлар ўтказиш йўлга қўйилди. Шу кунга қадар деярли барча тизим ташкилотлари ва хўжаликларда, шунингдек, марказий аппаратда мазкур мавзуда ўқув-семинарлар ўтказилди.